Инсонпарварлик ва мардликни Аллоҳ ҳам, халқ ҳам улуғлайди – Амир Темурнинг ҳаёт дастури


Сақлаш
17:11 / 04.04.2024 503 0

Биз ким малики Турон, амири Туркистонмиз.

Биз ким – миллатларнинг энг қадими ва улуғи,

Туркнинг бош бўғинимиз.

Амир ТЕМУР

 

Буюк давлат арбоби ва юксак маърифат соҳиби Амир Темур ибн Тарағай Муҳаммад Баҳодир моҳир саркарда, одил подшо, энг асосийси, маърифатпарварлиги билан нафақат Марказий Осиё халқлари тарихида, балки жаҳон тарихида салмоқли ўрин эгаллаган. Темурийлар сулоласининг XIV-XV асрлардаги ҳукмронлиги жаҳон тарихида алоҳида ўчмас из қолдирди. Ўтган олти юз йил мобайнида Амир Темурга бағишлаб Европада 500 дан зиёд, Шарқ тилларида эса 900 га яқин асарлар яритлган. Тарихда бирорта давлат бошлиғи ёки саркардага бағишлаб бунчалик кўп асарлар битилмаган.

 

Амир Темур ўз давлати дунёга юз тутиши учун даставвал ҳарбий ва давлатчилик соҳасида чуқур билим ва тажрибага асосланган муҳим ислоҳотларни амалга оширишга эришди, ўз замонасига нисбатан, қолаверса, келгуси авлодга дастуриламал бўла оладиган давлат бошқарув тизимини яратди. Бунинг натижасида Марказий Осиёда бир ярим аср ҳукмронлик қилган мўғиулларнинг бебошлиги натижасида босқинчилик, зўравонлик, адолатсизлик ва вайронагарчилик ҳукм сурган феодал тарқоқликка барҳам берилди. Халқ иқтисодий, маданий, маърифий турғунлик гирдобидан олиб чиқилди. Унинг буюк ишлари ва салобатли давлати ўз даврида ҳам Шарқ, ҳам Ғарб давлатларида тан олинди.

 

Амир Темур Иккинчи Ренессансни бошлаб берди ва темурийлар ҳукмронлигида бу давр гуллаб-яшнади.

 

Амир Темур маънавиятининг юксаклигига қуйидаги омиллар сабаб бўлганини кўришимиз мумкин:

 

Биринчи. Амир Темурнинг ота авлоди ва она авлоди илм-маърифатли инсонлар бўлган ва соҳибқирон зиёли оилада тарбия топган. Амир Темур 1336 йил 9 апрелда Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) шаҳри яқинидаги Хожа Илғор қишлоғи (ҳозирги Яккабоғ тумани)да туғилган бўлиб, у ёшлик йилларини Кешда ўтказган.

 

Темур ёшлик чоғлариданоқ махсус мураббийлар назорати остида чавандозлик, овчилик, камондан нишонга ўқ узиш, бошқа турли машқ ва ҳарбий ўйинлар билан машғул этилган. Шу аснода Темур тулпорларни саралаб ажрата оладиган моҳир чавандоз ва довюрак баҳодир бўлиб вояга етган. У табиатан оғир-босиқ, теран фикрловчи, юксак идрокли ҳамда ниҳоятда зийрак, кишилардаги қобилият, фазилат, айниқса, самимиятни тезда фаҳмлаб оладиган инсон бўлган.

 

Отаси амир Баҳодир Тарағай барлос уруғининг оқсоқолларидан ҳамда Чиғатой улусининг эътиборли бекларидан ҳисобланган. Унинг аждодлари Кеш вилоятида ҳокимлик қилишган. Амир Темурнинг отаси йилда бир маротаба Или дарёси бўйида хон томонидан чақириладиган эл-юрт бекларининг қурултойига таклиф этиларди. Унинг бундай йиғинларга муттасил қатнашиб келганини муаррих Шарафуддин Али Яздий қуйидагича таъкидлаб ўтади: “уламо ва сулаҳо ва муттақийларга мушфиқ ва меҳрибон эрди ва буларнинг мажлисига борур эрди...”. Тарағайбек пири Шамсиддин Кулолни айниқса чуқур эҳтиром қилган. Кейинчалик Шайх Кулол Амир Темурнинг ҳам пири бўлган. Тарағайбек 1360 йилда вафот этган.

 

Амир Темурнинг онаси Такинахотун бухоролик машҳур фақиҳ Тож аш-шариа (шариат тожи) тахаллуси билан машҳур бўлган Убайдулла ибн Масъуднинг авлоди (1350 йил вафот этган) эди. Соҳибқирон Амир Темурнинг онаси ва отаси Шаҳрисабзда дафн этилган. Амир Темур онасининг хотирасига бағишлаб баландлиги 71 метр келадиган дунёга машҳур Оқсарой ёдгорлигини бунёд эттирган.

 

Иккинчи. Амир Темур улуғ устозлардан тарбия олган. Француз темуршуносларидан бири, профессор Марсель Брионнинг “Менким, Соҳибқирон-жаҳонгир Темур” асарида Амир Темурга устозлик қилган улуғ зотларга ўрин ажратилган бўлиб, у Алибек исмли ўқитувчисидан дастлабки сабоқни олганлиги айтилади. У етти ёшга тўлганидан сўнг Алибек мактабини тарк этиб, Шайх Шамсиддин деган устозидан Калом илмини олгани ва Қуръон оятларини ёд олгани қайд этилади. Амир Темур Шайх Шамсиддин мактабини муваффақиятли якунлагач, отаси уни илмда беназир инсон бўлган Абдулла Қутб мударрислик қиладиган мадрасага олиб бориб қўйгани айтилади.

 

Амир Темур ўн олти ёшга тўлганида ҳаётида аҳамиятга молик воқеалардан бири рўй беради: у Самарқандга сафари чоғида Амир Кулол билан танишади. Шамсиддин Кулолни Темурнинг отаси, кейинчалик Амир Темурнинг ўзи ҳам пири деб билган ва у зотга чуқур эҳтиром кўрсатган. Соҳибқирон Темур улкан зафарларга эришишини Амир Кулолнинг дуолари шарофати билан, дея эътироф этгани тарихдан маълум.

 

Баҳоуддин Нақшбандийни Мовароуннаҳрда тасаввуф илмининг йирик намояндаси, каромат кўрсатувчи мўъжизакор, нақшбандия тариқати асосчиси ва раҳнамоси сифатида бутун мусулмон дунёси яхши танийди. Амир Темурнинг пирларидан бири ана шу улуғ зот бўлиб, у 1318 йилда Бухорода туғилган. Баҳоуддин ўн саккиз ёшга етганда Амир Темур дунёга келган. У етук давлат арбоби сифатида ўз салтанатини мустаҳкамлаётган бир даврда (1389 йилда) Нақшбанд бу дунёни тарк этади. Амир Темур катта давлатни идора қилишда ўз пиру комили ғояларига таянган.

 

XIV асрнинг бошларида Мовароуннаҳрда мўғул истибдодидан қутулиш ҳаракати тобора кенг қулоч ёзаётган эди. Юрт ва миллатни хонавайрон қилган босқинчиларга қарши курашга бел боғлаган Темур мамлакатнинг турли воҳаларида қасоскорона бошланаётган кураш жараёнларини диққат билан кузатади. Унинг ўткир нигоҳи доирасига Бухорода халқни озодлик курашига ундаётган Баҳоуддин Нақшбанднинг ватанпарварона чиқишлари ҳам кирганлиги тарихий ҳақиқатдир.

 

Соҳибқирон ўз ўгитларининг бирида шундай дейди: “Пиру комил шайх Баҳоуддин Нақшбанднинг: “Кам егин, кам ухла, кам гапир”, деган панду насиҳатларига амал қилдим. Аркону давлатга, барча мулозимларимга ҳам айтар сўзим шу бўлди, кам енглар – очарчилик кўрмасдан бой-бадавлат яшайсизлар, кам ухланглар – мукаммалликка эришасизлар, кам гапиринглар, доно бўласизлар”.

 

Амир Темурнинг улуғ пирларидан бири бўлган Мир Сайид Барака 1320 йилда ҳозирги Афғонистоннинг Андхой деган жойида туғилган. У ислом динини кенг тарғиб қилиш мобайнида турли ўлкаларга борган Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) авлодларидан эди. У дастлаб Балхга Амир Ҳусаин ҳузурига боради, лекин Амир Ҳусаин у зотга яхши муносабатда бўлмагани учун Термизга келади ва шу ерда ислом динининг кўзга кўринган пешволаридан бирига айланади.

 

1370 йил баҳорида Амир Темур амир Ҳусаинга қарши йўлга чиқади. Қўшин Термиз яқинидаги Биё қишлоғига етганда маккалик шарифлардан Саййид Барака Амир Темур фаолиятини қўллаб-қувватлаб, унга олий ҳокимият рамзи катта ноғора-табл билан ялов-байроқ тортиқ қилади. Амир Темур салтанат ноғораси ва байроғининг ўзига тортиқ қилинишини чуқур англаб етган ва тарихий манбаларга кўра, мазкур рамзларни умрининг охиригача ардоқлаган. Саййид Баракани эса ўзига пир деб билган.

 

Учинчи. Амир Темур ислом илми ва маънавиятини мукаммал эгаллаган. Юқорида зикр этилганидек, Амир Темур кичиклигидаёқ Қуръони каримни ёд олган. “Темурийлар шажараси” номли асарда муаллиф Турғун Файзиев Амир Темурнинг ихлос, эътиқоди ҳақида, жумладан, қуйидагиларни келтиради: “Амир Муҳаммад Тарағай аввало комил мусулмон ва баҳодир жангчи бўлган. Шунингдек, уламо фузалога ихлосманд, илм аҳлига ҳомий ва иштиёқманд киши эди”. Тарихчи Ҳельда Ҳукҳэм ўзининг “Етти иқлим султони” асарида ёзишича: “Темур беш вақт намозни канда қилмас, рамазон ойида, албатта, рўза тутарди. Ийд Рамзон ҳам Темур саройида катта тантана билан нишонланарди”. Яна мазкур асарда Соҳибқироннинг хайру саховати ҳақида ҳам илиқ сўзлар келтирилган.

 

Амир Темур марказлашган давлатга асос солиш жараёнида динга бўлган эътибори кучли бўлганлигини кўришимиз мумкин. Амир Темур бир ҳақиқатни яхши англаган – жамият эътиқодсиз яшай олмайди. Одамларга дин керак, иймон керак, ишонч керак. У ўз “Тузуклари”да шундай дейди: “Ҳар ерда ва ҳар вақт ислом динини қувватладим”. Темур инсонпарварлик ва мардликни Аллоҳ ҳам, халқ ҳам улуғлайди, деган гапни кўп такрорлар эди. Шунинг учун ўз муҳрига “адолат” ва “озодлик” деган сўзларни ёздирган эди. У ана шу икки сўзга умрининг охиригача содиқ қолган.

 

Амир Темур ўзининг кундалик ҳаётида ва олиб борган сиёсатида Қуръон ва Ҳадисларда илгари сурилган камтарлик, адолат, поклик, дунёвий ва исломий қонун-қоидаларга доимо амал қилиш, меҳнаткаш халқ аҳволидан хабардор бўлиш, давлат қудрати ва шон-шуҳратини ошириш, юртни обод қилишга эътибор бериш, олиму фузалоларни эъзозлаш каби ҳаётий қоидаларга асосланиб иш тутди.

 

Тўртинчи. Амир Темурнинг оила ва фарзандлар тарбиясидаги ўрни. Амир Темур хотинлари орасида энг машҳури Сароймулкxоним номи билан танилган Бибихоним бўлган. Бибихоним Чингизхоннинг набираси бўлгани учун, соҳибқирон унга уйланганидан кейин Кўрагон унвонига сазовор бўлган. Сарой Мулк Хоним фарзанд кўрмаган. Соҳибқироннинг хотини Турмуш оғадан ўғли Умаршайх Мирзо туғилган, набиралари Али Мирзо, Рустам Мирзо, Искандар Султон Мирзо, Бойқаро Мирзо ва бошқалар бўлган. Дилшод оғадан ўғли Шохрух Мирзо, набираси Улуғбек, Султон Муҳаммад ва бошқалар дунёга келган. Менглик Қурбон оғадан ўғли Мироншоҳ, набиралари Муҳаммад Султон, Оға бегим, ва бошқалар туғилган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам Менглик Қурбон оға авлодидан бўлган. Амир Темур бўлажак келинларининг насл-насабига ҳам алоҳида эътибор қаратган.

 

Адиб Хуршид Давроннинг “Самарқанд хаёли” номли китобида ёзилишича, Амир Темур Ҳиндистондан зафар билан қайтганида, соҳибқиронни Термизда Сароймулкхоним билан суюкли набираси Улуғбек тантанавор кутиб олишади. Ғалаба муносабати билан Ҳиндистондан олиб келинган ўлжанинг намойиши ўтказилади. Амир Темур Улуғбекни қўлидан ушлаб, ўлжалар намойишини айланаркан, Деҳли шаҳридан келтирилган қилични унга совға қилмоқчи бўлади, аммо набира бобосидан қилични эмас, осмон жисмларини ўлчайдиган асбобни, яъни устурлобни совға қилишини сўрайди. Темурнинг ушбу саъй-ҳаракатида бир тарафдан биргина Мирзо Улуғбек мисолида нафақат фарзандларига, балки набираларига бўлган эътиборини кўриш мумкин бўлса, бошқа тарафдан соҳибқироннинг ҳамда темурий шаҳзодаларнинг моҳир жангчи бўлишларига қарамай, вазият тақозо этгандагина қиличга мурожаат этиши, имкон қадар дунё сир-синоатларини илм-маърифат билан забт этишга интилишини кузатасиз.

     

Амир Темур давлат бошқарувида “Рости русти”, яъни “Куч адолатдадир” тамойилига асосланиб бошқарган. У ушбу шиорни ҳамиша ўзи билан бирга эканлиги рамзи сифатида узугига ёздирган. У давлатнинг обрўси, шарафи, халқ манфаати йўлида ғоят адолатли бўлган. Темур қаттиққўлликда ўзини ҳам, ўғиллари ва набираларини ҳам, қариндош-уруғларини ҳам аямаган ва давлат ишларида ғоят мустаҳкам турганлиги тарихдан яхши маълум. Унинг оилапарвар, юртпарвар эканлигини фарзанд ва невараларига аталган қуйидаги дил сўзларидан ҳам билишимиз мумкин: “Ҳар неким мамлакат маслаҳати учун айтдим, қулоғингизда тутинглар… Агар менинг васиятимга амал қилиб адлу эҳсон билан оламни обод қилсангиз, кўп йиллар давлат ва мамлакат сизларда қолғусидир”. Амир Темур мамлакатни ситам ва зулм билан эмас, балки юксак маънавият билан, тафаккур билан бошқарган инсонгина узоққа бориши мумкинлигини ҳис этган.

 

Бешинчи. Амир Темурнинг ўз юртига ва халқига бўлган чексиз муҳаббати. Амир Темурда ватанпарварлик, эркинлик ва миллий ифтихор туйғуси ниҳоятда юқори бўлгани сабабли ҳам Моварауннаҳрни мўғулларнинг бир ярим асрлик асоратидан халос этди, қудратли давлат тузиб, ўлкани дунёнинг маънавияти, иқтисодиёти, маданияти энг юксалган минтақасига айлантирди. Манбаларда соҳибқирон Амир Темур – ёрқин хислатларга эга, хотираси ўткир, шижоатли ва қатъиятли, бир сўзли, зўр руҳий қудрат эгаси, салобатли инсон сифатида таърифланади.

 

Амир Темур ўз даврига хос бўлган турли сабабларга биноан бошқа мамлакатларга юришлар қилди ва Европа мамлакатлари ривожланишининг тезлашишига ўз ҳиссасини қўшди. Росcияни Олтин Ўрда зулмидан, Европани Туркия тажаввузидан сақлаб қолди ва ўз сиёсатида маданият, ободончилик, ҳунармандчилик ҳомийси бўлиб танилди. Давлат бошқарувида маданий юксалишга ва туркий тилнинг ривожига кенг йўл очди. Амир Темур қатор Шарқ мамлакатлари ва айниқса, Европа мамлакатлари билан дипломатик алоқалар ўрнатиб, улар билан маданий ва савдо-сотиқ соҳасида кенг ҳамкорлик қилди.

 

Соҳибқироннинг хислатларидан бири шу эдики, у бирор масалани ҳал этишдан олдин шу соҳанинг билимдон олимлари билан маслаҳатлашар, сўнг қарор қабул қилар эди. Амир Темур давлатни ақл-заковат ва ҳуқуқий асос билан идора этган. Унинг …давлат ишларининг тўққиз улушини кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улушини қилич билан амалга оширдим, деган сўзлари бунинг ёрқин далилидир.

 

Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, Амир Темур Самарқанд атрофида қад кўтарган бир қанча янги қишлоқларни Шарқнинг машҳур шаҳарлари Димишқ (Дамашқ), Миср, Бағдод, Султония ва Шероз номлари билан атади. Амир Темурнинг фикрича, Самарқанд катталиги, гўзаллиги ҳамда теварак-атрофининг обод этилганлиги жиҳатидан дунёдаги энг йирик шаҳарлардан ҳам устунроқ турмоғи лозим эди. Ҳофизи Абрўнинг ёзишича, Амир Темур турк, араб ва эронликлар тарихини чуқур билган. У давлат аҳамиятига молик бўлган ҳар бир масалани ҳал этишда, шу соҳанинг билимдонлари ва уламолари билан маслаҳатлашарди. Одатда, у тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, тарих, адабиёт, тилшунослик илми намояндалари, шунингдек, илоҳиёт ва дин соҳасидаги машҳур уламолар билан суҳбатлар ўтказарди. Амир Темур саройида уламолардан мавлоно Абдужаббор Хоразмий, мавлоно Шамсуддин Мунши, мавлоно Абдулло Лисон, мавлоно Баҳруддин Аҳмад, мавлоно Нуъмонуддин Хоразмий, Хўжа Афзал, мавлоно Алоуддин Коший, Жалол Хокий ва бошқалар хизмат қиларди.

 

Марказий Осиё халқлари орасида етишиб чиққан буюк тафаккур эгаларининг бутун бир авлоди Амир Темур асос солган ҳудудда шаклланди ва ижод қилди. Бутун дунёга номлари машҳур тарихчилар Шарафиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир, Давлатшоҳ Самарқандий; олимлардан Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Қозизода Румий; файласуф-шоирлардан Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Лутфий, Саккокий, Атоий; мусаввирлардан Камолиддин Беҳзод, Қосим Али, Мирак Наққош; хаттотлардан Султон Али Машҳадий, Султон Муҳаммад Хандон, Муҳаммад Нур ва бошқалар шулар жумласидандир. Уларнинг барчаси ўша давр ва ўзларигача бўлган инсоният маънавияти, маърифати ва маданияти ютуғининг барча соҳаларини мукаммал билиб, ўзлаштириб олган, ўзлари танлаган соҳаларининг ҳали ҳеч ким томонидан забт этилмаган чўққиларини эгаллаган улуғ сиймолар, қомусий илм эгалари бўлганлар.

 

Амир Темур маънавиятининг мустаҳкам пойдевори асрларга юз тутиб келаётгани, йиллар ушбу пойдевор тўзонида тўзимасдан, аксинча, янада сайқал топаётгани сири ҳам, шубҳасиз, шундадир.

 

Бўри ҚОДИРОВ,

Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//