Унинг фикрларида асримиз яралари ловиллаб турарди – Иброҳим Ҳаққул феномени


Сақлаш
15:03 / 28.03.2024 277 0

Евгений Евтушенконинг совет қўшини Чехословакияга киритилганига бағишланган шеърида бир фикр бор: “Бас, дод солманг! “Рус ёзувчиси рус танки остида мажақланди”, деб ёзиб қўйинг, вассалом”.

 

Жавобгарлик, дахлдорлик юкини кўтариб яшаш миллатнинг ҳамма ойдинига ҳам буюрилмаган. Иброҳим Ҳаққул ҳаётини долғали қилган, унинг сўзларига жон ато этган, илмига ижтимоий руҳ берган, зиддиятлар оловига отган ва олимни жамият ичига олиб кирган сир ҳам шу эди, назаримда.

 

Ҳа, айнан ижтимоий бурч туйғуси, айбдорлик ҳисси уни сиёсатнинг савдоларига олиб кирганди. Улар мағлуб бўлишди, чекинди, бироқ барибир, ижтимоий бедор одам олимни ҳеч қачон тарк этмади. У хоҳ Яссавий, хоҳ Боқирғоний ёки Навоий ҳақида гапирсин, фикрларида асримиз яралари ловиллаб турарди.

 

У бир эр йигит бошидан ўтказиши керак бўлган ҳамма ҳиссиётларни яшади, бир бандаси кўтара олиши мумкин бўлган айрилиғу азобларни чекди. Иброҳим ака шундай ҳаётни яшадики, файласуф бўлмасликнинг, донишманд бўлмасликнинг иложи йўқ эди. Раҳматли Баҳодир Йўлдошев “шахсни ШАХС қиладиган боши берк кўчалардир” деб кўп айтардилар. Олим боши берк кўчаларга кўп бор тушди, йўқотадиганини йўқотди, топиши керак бўлганини топди. Ҳаётнинг ҳамма бурчагида, ҳар қиррасида ўтиришига тўғри келди.

 

Кўҳинур тоши мисоли жилвалари бисёр, қиррадор шахс эди. Унинг шахсияти ҳаммага ўзи ҳақида нимадир айтиш ҳуқуқини берарди. Ҳар бир кимса ўзининг даражасида Иброҳим ака ҳақида недир айта олади. Ҳатто умрида китоб варaқламаган, тўрт синф маълумотга эга одам ҳам нимадир дея оларди. Майли, ким нима деса десин, пасту баланд муносабатлар сизники, меники, лекин олимнинг ШУҲРАТИ ўзиники эди, у ўта камёб бўлган ҲАЛОЛ шуҳратга сазовор бўлганди.

 

Иқбол ҚЎШШАЕВА,

санъатшунос журналист

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси