Ҳаётда инсоннинг ўз ўрнини топишида устозларнинг алоҳида ўрни ва роли бор. Улар, аввало, ўз шахсияти билан шогирдларга ўрнак бўлади.
Филология фанлари доктори Иброҳим Ҳаққулов ҳақида сўз кетганда ҳам шогирдларга ўрнак бўларли устоз эканликларини алоҳида эътироф этиш лозим.
Мен домлани мактаб пайтларимдан биламан. 90-йилларда телевидение орқали “Ғазал гулшани” кўрсатуви намойиш этилар эди. Мен мазкур кўрсатувнинг барча сонларини кузатиб борувчи мухлислардан эдим. Кейинроқ домлага шогирд бўлиш ҳам насиб этди. 2021 йилда ўзбек мумтоз адабиётининг билимдони, тасаввуфшунос, навоийшунос олим Иброҳим Ҳаққулов маслаҳатлари остида “Бадиий ижодда таъсир ва издошлик (Амирий ижоди мисолида)” мавзусидаги докторлик ишимни ҳимоя қилдим.
Ўтган йиллар орасида мен домладан кучли иродага эга бўлишни, шахс сифатида бутунликка эришишни, мумтоз адабиётга ва Ҳазрат Навоий даҳосига катта муҳаббат ва ҳайрат билан қарашни ўргандим. Ҳар гал домла билан суҳбатлашар эканман, олам-олам таассуротга, маърифатга тўлиб бордим. Домладаги мумтоз адабиёт ва замонавий адабиётга бирдай, зукколик ва синчковлик билан муносабатни кўриб ҳайратланганман. Жаҳон адабиётининг дурдона асралари ҳақидаги мулоҳазалари, айниқса, “Ҳамлет” асари таҳлилидаги “Ҳар бир зиёли инсонда Ҳамлет яшаши керак. У шундай дейди: Дунё издан чиққан. Мен уни тўғриламоқ учун келдим!”, деган фикрлари ҳақиқий виждонли зиёлини ўйлашга чақиради. Ҳазрат Навоий ҳақида гап кетганида домланинг кўзларида доимо ҳайрат ва ҳаёжонни кўрганман. Домла Ҳазратни ҳар доим “Навоий бобо” деб гапирадилар. Домла билан суҳбатларда бировнинг ғийбати бўлмаган. Суҳбатлар чин маънодаги маърифий суҳбатлар эди.
Устоз Иброҳим Ҳаққул Алишер Навоий ижоди ҳақида кўп ва хўб айтганлар. Домла ҳаётликларида “Навоийга қайтиш” деб номланган китобларнинг 4 жилди нашрдан чиққан эди. Устоз умр вафо қилса, мазкур нашрни амалга оширишни, яъни Ҳазрат Навоий “Хамса”сига монанд 5 та китоб қилишни ният қилган эдилар. Устоз таваллудининг 75 йиллигига биз, шогирдлар “Навоийга қайтиш”нинг 5 жилдини нашрдан чиқардик. Шунингдек, Иброҳим Ҳаққул мушоҳадаларидан иборат “Мушоҳада ёғдуси”нинг 3 жилдини, турли китобларга ёзган сўзбошилари жамланган “Сўзбоши: ирфон ва ишонч” китоблари ҳам шогирдлари томонидан тартиб берилиб, нашр этилди.
Иш столим устида доим бўладиган ва тез-тез мутолаа қиладиган китобларимидан бири усозим Иброҳим Ҳаққулнинг “Навоийга қайтиш” деб номланган туркум китобларидир. Китобнинг ҳар бир нашрини ўқиган китобхон шеърият мулкининг султони ижод олами ва шахсиятини англашга қаратилган суҳбатлар, буюк сўз санъаткорининг “ўтлуғ бағр”идан тўкилган ғазал, рубоий, қитъа, фардлар шарҳи билан танишиб боради ва, ҳақиқатан ҳам, Навоийга қайтади, устозимиз таъбири билан айтганда, “олам ва одам ҳодисотларидан хабардор бўлади”.
“Навоийга қайтиш”нинг биринчи китоби 2007 йилда, иккинчиси 2011 йилда, учинчиси 2016 йилда, тўртинчиси 2021 йилда, 2024 йилда эса бешинчи жилд нашрдан чиқди. Мазкур китоблар улгуржи маданият таъсирига тушиб, мумтоз адабиёт чашмаларидан бебаҳра қолаётган, шу тахлит давом этилса, ўтмиш адабиётига мутлақо эҳтиёж сезмайдиган, басирати кўр, гўзаллик туйғусидан маҳрум, моддий дунё ташвишидан бошқасини тан олмайдиган авлоднинг пайдо бўлишидан ташвишланиб битилган. Домланинг таъбири билан айтганда: “мумтоз адабиёт – миллатнинг дунёқараши, ахлоқи, маънавияти ва бадиий дидига чуқур таъсир ўтказиб, уларни доимий равишда муҳофаза қила оладиган ижод намуналаридир. Мумтоз адабиёт вакилларининг ҳар бири ўз эътиқоди, ғоявий-бадиий нуқтаи назарини ҳимоя қила оладиган кучли ва жасур шахслардир”.
Ўзбек мумтоз адабиётининг улуғ намояндаси Алишер Навоий сўзларини тўтидек такрорлаш билан маърифатга эришиб бўлмаслигини, Навоийни билиш – бошқа, уни англай олиш – бошқа ҳодисалар эканлигини “Навоийга қайтиш”дан кейин яна бир карра англайсиз.
Биринчи китоб айнан “Навоийга қайтиш” деб номланган каттагина мақола билан бошланади. Мақоладаги: “Навоий сабоқларига амал қилган киши ўз-ўзидан халқ дарду ташвишларини енгиллатишга бел боғлайди. Навоийни етарли даражада билиш – адолат, диёнат ва иймон-эътиқоднинг кучига ишонч демак. Кўнглида шу ишонч ғолиб бўлган одамлар сони жамиятимизда қанча кўпайса, инсоний муаммолар ҳар қалай камайиб боради” каби сатрларни ўқиган китобхонда, шубҳасиз, мазкур китобни ўқишга иштиёқ янада ортади.
Китобда неча ўнлаб ғазаллар, рубойилар, қитъалар ва байтлар таҳлил қилинганки, бу таҳлил ва талқинлар Ҳазрат Навоий шахсияти ва ижодини англашга ёрдам беради.
Замона аҳлиға гарчи ўюнчилиқдур иш,
Енгар ҳам охир аларни замонанинг ўюни.
Устоз ушбу байтда замонасозлик найранги, шахсий ғараз ва иддаоларни кўзлаб замонга мослашиш ҳолати қораланганлиги, бу ҳолатни Навоий бобо ўз номи билан “ўюнчилиғ” деб аташи, бироқ бундай “ўюнчи”ларни забун этадиган бошқа бир катта ўйин – замонанинг ўйини борлиги эслатилганлигини ёзади. Беихтиёр домланинг фикрларига “ҳаққаст рост” деб юборасан: “Инсон шуни билиш, шу шафқатсиз ўйиндан ўзини четга олишга ожизлик қилади”.
Мен кўпинча Навоийнинг “ўтиб кетган ва етиб келмаганингдан камроқ гапир, чунки сен бу дамдасан” мазмунини берувчи “Мозию мустақбал аҳволин такаллум айла кам, Не учунким, дам бу дамдур, дам бу дамдур, дам бу дам” байтини такрорлаб юраман. “Навоийга қайтиш”да домла мазкур фикрга монанд мазмундаги қуйидаги байтларни шарҳлайди:
Чу мозий ўттию мустақбал ўртада эрмас,
Сенгаки ҳол эрмас муғтанам не ҳол ўлғай.
Бу дамни ориф эрсанг яхши тутки, жоҳил иши,
Етишмагангаву ўтганга қийлу қол ўлғай.
Яъни: “Mозий ўтди. Келажак ҳали илгарида. Айни фурсатдаги ҳолингни ғанимат билмасанг, бу қандай ҳол бўлади? Агар ориф эрсанг ҳар бир лаҳза ва нафасингни яхши қадрла, яхши ўтказ. Етиб келмагану ўтиб кетган ҳақида сўзлаш жоҳилнинг ишидир”. Байтлар талқинида устоз инсоннинг ўтмишидан ажралиб яшай олмаслигини, бироқ ўтган даврга муносабат чуқур илм, кенг мушоҳада ва маърифат зиёсидан юзага келиши лозимлигини, акс ҳолда, нафақат шахс камолотига, балки, умум тараққиётига таъсир етказиши ҳам мумкинлигини, аҳли ҳақиқат қарашларига кўра эса, бесамар орзуга айланган мозий ва келажак андишасини Оллоҳ билан ориф алоқасига бир ҳижоб эканлигини, бу парда барҳам топмас экан, на қалб, на руҳ олий мақомларга юксала олмаганидек, ишқ ва ҳақиқат завқ-шавқларини ҳам тўлиқ эгаллай олмаслигини таъкидлайди.
Китобдан ўрин олган шарҳу талқинлар орасида илмнинг фойдаси ҳақидаги қуйидаги рубоий ҳам бор:
Илми дин касб қилки, суд эрмас,
Чарх мушкилларини ҳал қилмоқ.
Лекин ул илм доғи нафъ этмас,
Билибон бўлмаса амал қилмоқ.
Қитъа шарҳи аввалида “Оллоҳ таолодан фойдали илм сўрангиз ва бефойдасидан сақланингиз” дейилган ҳадис келтирилиб, “чарх мушкулларини” ҳал қилмоққа ёрдам бермайдиган илмларни Навоий ҳазрат бефойда илм деб ҳисоблаганликлари, шунингдек, қитъада ҳаёт ва онг тараққиётига хизмат қилмайдиган илм – илмсизликдан ўзга нарса эмаслиги, тараққиёт учун билишнинг ўзигина кифоя қилмаслиги, билимга яраша амал ҳам керак, деган мазмун англашилиши айтилади. Хулоса ўрнида эса билган нарсани биламан, билмаганни билмайман дея олиш мана шу – ҳақиқий билим. Билим даражасига мувофиқ амал ва ҳаракат бу, чин олимга хос фазилат саналади, дейилади.
Навоийга қайтган ҳар бир инсон кучли иродага эга бўлишни, шахс сифатида бутунликка эришишни, мумтоз адабиётга ва Ҳазрат Навоий даҳосига катта муҳаббат ва ҳайрат билан қарашни ўрганишига сира шубҳа йўқ.
Китобни ёпар эканман, қуйидаги сатрлар онгу шууримда акс садо бериб жаранглайверади: “Етти ёшдан етмиш ёшгача ҳар бир ўзбек билиши керакки, Навоийнинг бетимсол шахсиятини севмасдан, Навоийнинг муҳташам ижодиётини етарли даражада ўрганмасдан, буюк шоир шеъриятини дунёга танитган порлоқ ҳақиқатларга таянмасдан, миллат сифатида биз олий мақомларга кўтарила олмаймиз”.
Иброҳим Ҳаққулов номи ва асарларини бугун бутун Ўзбекистон олимлари ва зиёлилари, талаба ёшлари яхши танийди. Домланинг “Занжирбанд шер қошида”, “Абадият фарзандлари”, “Ким нимага таянади?”, “Эътиқод ва ижод”, “Ижод иқлими”, “Мерос ва моҳият”, “Тақдир ва тафаккур”, “Талант – жасорат жавҳари”, “Ишқ ва ҳайрат олами” каби катор китоблари Мазкур китобга жойланган тадқиқотлар бугунги кунда республикамиз олий ўқув юртларида муҳим манба сифатида қўлланиб келинмоқда. Домланинг ҳар бир сатри фикр уйғотади, мушоҳадага чорлайди. Фикрлайдиган инсон борки, у тирикдир, уйғоқдир. Дарё каби уйғоқ ёшларимиз сафи кенгайишида устоз Иброҳим Ҳаққул сабоқлари жуда-жуда зарур.
Зебо ҚОБИЛОВА,
Қўқон давлат педагогика институти профессори,
филология фанлари доктори
Жараён
Тарих
Тарих
Адабиёт
Санъат
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ