“Илон дунёда ўзидан-да йиртқич жонзотлар борлиги учун ҳам заҳар тўплайди” – Фармон Тошевдан “Тафаккур манзаралари”


Сақлаш
11:11 / 09.11.2021 852 0

Нега фикримизнинг қаймоғини кўпинча мақол қўшиш орқали ифодалаймиз? Чунки мақоллар йилларни, асрларни енгиб келаётган жангчига ўхшайди. Шунинг учун ҳам мақол ва маталларнинг тоши оғир, ҳикмати теран.

Шоир, ёзувчи, публицист Фармон Тошевнинг “Тафаккур манзаралари” тўпламида унинг ҳаётий хулосалари – жамият, табиат, инсонларнинг эврилиши, феъл-атвори, ўзига хослиги акс эттирилган. Бу қайсидир жиҳати билан мақолу афоризмларни эслатади. Вақт ва тажриба чиғириғидан ўтиб дунёга келган теран фикрлар, хулосалар ўқувчининг маънавий дунёси бойишига хизмат қилиши шубҳасиз. Қуйида мазкур китобдан ўрин олган ҳикматона битикларнинг айримларини келтирамиз:

 

***

Виждони қийналмаган одам ватанпарвар бўлолмайди.

 

***

Одамлар ҳавас қиладиган ёхуд ибрат оладиган ҳар бир ҳолат комиллик белгисидир.

 

***

Зиёли деган фақат илмли эмас, ўз фаолияти билан бошқаларга ибрат бўлиш ҳамдир.

 

***

Ҳақиқий донишманд ўзининг донишмандлигини билмайди, ҳар бир аъмолини фарз деб ўйлайди.

 

***

“Кўрмаганнинг кўргани қурсин!” Бу ибора назаримда кўрмаганларга эмас, уларни юзага келтирадиганларга сабоқ бўлиши зарур.

 

***

Қорни оч одам тўйгунча ейди, кўзи оч одам эса ўлгунча.

 

***

Ҳамма ҳам нурга интилмайди, чунки қоронғуда умр кечирадиган жонзодлар ҳам бор.

 

***

Уни дард шоир қилди. Шоирлиги эса дард бўлди.

 

***

Иқтидорли инсоннинг ҳурматини жойига қўйишни ўрганинг.

 

***

Талаба ўзи пора берган ўқитувчини устоз сифатида тан олмайди.

 

***

Фаросат илм эмас, ота-онадан фарзандлари ўтадиган маънавий меросдир.

 

***

Муҳаббат математикаси бор гап. Лекин унда айирув, кўпайтирув ва қўшув белгиларини ҳар ким ўзича қўллайди.

 

***

Илон дунёда ўзидан-да йиртқич жонзотлар борлиги учун ҳам заҳар тўплайди.

 

***

Муҳаббатнинг абадийлиги унда доимо садоқатнинг борлигидадир.

 

***

Кўнгил оғримайди, аслида уни оғритадилар.

 

***

Ишдаги муаммо режанинг йўқлиги ва хомлигидан келиб чиқади.

 

***

Кўзи очлик – тузалмайдиган иллат, уни фарзандларга ўтишидан асрайлик.

 

***

Ўзингиз китоб ўқимай туриб, болангизга “Нега китоб ўқимаяпсан?” деманг.

 

***

Бировга маслаҳат бериш учун ҳам уни аввало ҳурмат қила билиш керак.

 

***

Ақлли бўлиш виждонли бўлдим, дегани эмас.

 

Китобнинг тўлиқ варианти билан танишиш учун: Тафаккур манзаралари”.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси