Халқ зиёлилардан сўрашга ҳаққи бор: Маънавий бўшлиқларимизга ким жавобгар?


Сақлаш
23:33 / 29.12.2023 726 0

Хиёбондаги ўриндиққа ўтирдим. Ўсмир йигит телефонидан кўз узмай, бироз силжиб жой берди. Унинг телефонида ижтимоий тармоқларда машҳур бўлган аёл эр-хотин муносабатлари ҳақида бепарда гаплар билан фикр билдирарди. Ўсмир йигит ёнида ўтирганимга, йўлакдан хотинлар, қизлар ўтиб қайтаётганига парво ҳам қилмай баланд овоздаги бу гапларни бемалол тингларди. Мен эса нафақат ўзбекларга, балки Шарқ халқларига хос уят, андиша қаерга йўқолди дея ўйладим. «Мана шундай туйғуларга дарз кетиши аслида ўзликдан узоқлашиш, инсонийликни йўқотиш эмасми?», «Бугунги шиддатли, глобал дунёда асл қадриятларни қандай асрашимиз керак?», «Йўқотилган туйғуларимизни қандай тиклаймиз?» каби саволларга жавоб топиш, миллат ўзлигини асраш борасида фикр алмашиш учун адабиётшунос, филология фанлари номзоди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зуҳриддин Исомиддинов ва филология фанлари номзоди, адабиётшунос Раҳмон Қўчқор домлаларни суҳбатга чорладик.

 

 

Боборавшан Ғозиддинов:

– Зуҳриддин ака, сиз тенги авлод – Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Омон Матжон, қолаверса, сиздан катта авлод – Одил Ёқубов, Озод Шарафиддиновлар тенги бир гуруҳ зиёлилар халқни ўзликни танишга чақирди. Ваҳоланки, ўша пайтлар ҳали совет тузумининг динсизлик, ўзликни йўқотишга қаратилган қаттол сиёсати ўз кучида эди. Улар ўзининг ғоясини мажбуран тиқиштираётган бир вақтда қандай куч, нима сабаб туфайли ўша даврнинг ёш йигит-қизлари ўзликка қайтиш, мустақил бўлиш деган ғоя атрофида бирлаша олди?

 

Шу ўринда қизиқ зиддият бор. Бугун ҳукумат ўзликни таниш, жамиятни бир бутун миллат сифатида юксалтириш керак деган сиёсатни юритмоқда. Қолаверса, илдизи, қадриятлари бир бўлган туркий халқлар орасида ҳамжиҳатлик ғояси илгари сурилмоқда. Яъни бизга керак бўлган, бир замонлар орзу қилинган мурод йўли очиқ. Аммо ёшлар орасида бошқа халқлар маданиятига маҳлиёлик, уларга ўхшашга қизиқиш кучайиб бораяпти. Оломон маданияти, «фақат мен» деган ғоя кучаймоқда. Бунинг сабаблари нимада деб ўйлайсиз?

 

 

Зуҳриддин Исомиддинов:

– Аввало мавзуга бироз кенгроқ қарайдиган бўлсак, ҳамма замонларда катта авлод ёшлар айниб бораяпти деб ёзғирган. Лекин сиз таъкидлаган маънода, 1960-йилларга назар ташласак, истибдод даври, мустабидлар ўрислашиш сиёсатини юргизаётган эди. Ҳатто ўзбекларни «гроб»га солиб, жанозасиз кўмганларини кўрдик. Бу коммунистча дафн этиш дейиларди. Лекин унинг коммунизмга алоқаси йўқлигини яхши билардик. Ўша вақтлардан бошлаб ёшларда ички бир исён шаклланди. Уйғониш бошланди. Тўғри, улар бирдан байроқ кўтариб кўчага чиқмаган. Бу хатарли ҳам эди. Чунки ўн беш йил олдин, 1950-йиллар бошидаги репрессия сиёсатининг даҳшати, совуқ шамоли узоқлашиб улгурмаганди. Энди улар қандай юрак ютиб, репрессиядан 10-15 йил ўтмасдан ўзликка қайтиш ғояси атрофида бирлашди?! Менинг битта жавобим бор, ўша авлод маърифатли авлод эди!

 

Ўзбек халқи тарихида бир неча бор маданий кўтарилиш бўлган. Ҳеч шубҳасиз, ўтган асрнинг 60-йилларида халқимизнинг миллийлиги барқ уриб гуллади. Улар биз бугун эриша олмаётган миллийлик даражасига ҳам чиқа олган. Биз номини тилга олганимиз Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовлар кўзга кўринган байроқдорлар эди. Уларнинг атрофида турли соҳа кишиларидан иборат жуда катта зиёлилар гуруҳи бор эди. Улар тинимсиз китоб ўқирди. Умуман бутун халқ китобхон эди. «Фан ва турмуш» деган журнал ўша пайтда ўзбек халқининг ўқитувчисига айланган эди. Кейинроқ «Гулистон» журнали чоп этила бошлади. Ёки «Тошкент оқшоми» газетаси юз минглаб нусхада босиларди. Бундай нашрлар ҳар бир хонадонга кириб борарди. Демоқчиманки, 1960-йиллар авлодининг уйғонишига сабаб улардаги маърифат кучи эди. Ҳозир ҳам айрим қишлоқларга борганимда гоҳида ёши саксондан ошиб ҳам мутолаадан тўхтамаган ўша авлод вакилларига дуч келаман. Суҳбатлашгандаёқ сезилади, улар билимли одамлар. Фақат билимлигина эмас, маърифатли, ниҳоятда зиёли одамлар.

 

Назаримда, улар ўзбек халқи ҳали келажакда юксак чўққиларни забт этишига ишонарди. Афсуски, мен бугун яна икки юз йилдан кейин халқимизнинг қандай қиёфада бўлишини тасаввур қила олмайман. Шу ҳақида ўйлаб, жамиятимизни кузатганимда ичимда бир ҳадик пайдо бўлади.

 

 

Раҳмон Қўчқор:

 

– Устоз, (Зуҳриддин Исомиддиновга юзланиб) яхши биласиз, тарих айланади. Хоҳлайсизми-йўқми, жамият ҳаётида Ҳегелдан қолган ўша диалектика амал қилади. Энди мавзунинг илдизига теранроқ назар ташласак...

 

Шу мавзуда ўйлаб келаётган фикрларимни савол шаклида ўртага ташладингиз. Дарҳақиқат, етмиш уч йил худосизликни тарғиб қилган, ўзбекнинг жисми-жони қолса ҳам, маънавиятини илдизи билан йўқ қилиб юбораман деган империя даврида ҳам халқ ўзини сақлаб қолди. Шунга томирлари дош берди. Зуҳриддин ака, илмий ишим сабаб архивда «Туркестанские ведомости» газетасини ўрганганман. Ўша газетанинг 1905 йилги 28-сонида миссионер, ўша машҳур Ликошиннинг мақоласи эълон қилинган. Биласиз, ўша даврда Туркистон болаларига ўрис тилини ўргатиш сиёсати юритилган. Ликошин ана шу тил ўқитиш жараёнини ўзича таҳлил қилиб, ўзбек болалари ўрис тилини ўрганишга қийналаётганини баён этади ва бунинг сабабини ўзбеклар асли лаёқатсиз халқ бўлса керак деган қўпол ва бемаъни фикр билан ифодалайди. Худога шукурки, ўша газетада оз-моз бўлса ҳам тарихни биладиган зиёли одамлар ишлаган экан. Улар айнан шу фикрни белгилаб, қуйида изоҳ беради. Бу изоҳ аслида бизнинг ким эканимизни очиб берган, халқимизга четдан туриб холис берилган баҳо эди. Унда муаллиф хато фикрда эканига урғу берилиб, ўзбекларнинг яшаш шароитига мос узоқ тарихга эга маънавий, маданий бойлиги борлиги, у тўла-тўкис халқнинг хоҳиш-истакларига жавоб бериши, шу боис ўзбекларга бошқа миллатларнинг маданияти қизиқ эмаслиги таъкидланади. Шу билан бирга ўзбекни мавҳ этиш осон эмаслиги, унинг маънавиятини шариат илмининг олимлари (бу албатта, жоҳил муллалар эмас!), зиёлилар қўриқлаши айтилади.

 

Бу изоҳни ўқиб мустабидлар 1980-йилларда халқимизни ўғридан олиб ўғрига солаётган бир пайтда буюк адиб Чингиз Айтматов «Правда» газетасида эълон қилган «Ҳаёт дарахти» мақоласи ёдимга тушган эди. Ўша мақолада Чингиз оға ўзбек халқига ҳақли равишда катта баҳо бериб, «ўрис маданиятининг шаклланишига кўҳна Византия цивилизацияси қанчалар кучли таъсир кўрсатган бўлса, Ўрта Осиё халқларининг маданий жиҳатдан оёққа туришида ўзбек халқи маданияти шунчалар катта рол ўйнаган» деган эди.

 

Яна ўша «Туркестанские ведомости» газетасидаги мақолага берилган изоҳга қайтсак... Эътибор қилинг, бу Қодирий бобо эслатган тарихимизнинг энг кир ва қора кунларида бўлаётган воқелик! Лекин ўшанда ҳам бу интеллигенция қанчалик кучини сақлаган-а?! Устоз, бу ҳозир сиз айтган зиёли қатламнинг қудрати. Чўлпон, Фитрат, Қодирий домла яшаган 1930-йилларга қадар ҳам ўзбек халқининг «мен»и бор эди. Уларни-ку қўя туринг, ҳатто ёш шоир Ғафур Ғулом 1920-йилларнинг охирида «Тилларда “Оҳ урингянги турмуш-чун”, / Зеҳн окуркадай оёқ остида» деб ёзган эди (окурка – тамаки қолдиғи).

 

Эътибор беринг, «тилларда янги турмуш қиламиз дея бонг ураяпмиз. Шу пайтда зеҳн, тафаккур, иймон-эътиқод, маърифат, ҳамма-ҳаммаси сигарет қолдиғидай оёқ остида эзилиб ётибди» дейди. Мана ўша даврга берилган баҳо, даҳшат! Демоқчиманки, 1930-йиллардан то 1960-йилларгача бўлган оралиқда катта бўшлиқ пайдо бўлди. Барибир сиёсий муҳитнинг ҳам таъсирини тан олишимиз керак. Худога шукур, 1950-йилларга келиб Сталиннинг ўлими билан қатағон сиёсати бироз юмшади ва сиз айтаётган зиёлилар майдонга чиқишига имкон туғилди. Умуман, муҳит мана шундай вазиятга етилиб келган эди. Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Саид Аҳмад домлалар авлодида фикр эркинлиги, уйғониш бошланди. Кейин уни Абдулла ака, Эркин ака, Омон Матжон, Ҳалима опалар кенг кўламда ёя билди. Шу нуқтаи назардан саволингиз ўзагига келсак, бугун қандай?

 

Бугун давлат сиёсати ўзликни англаш, миллий маданиятни гуркиратишни мақсад қилаётган пайтда, «оммавий маданият»ни енгишга қийналаётганимиз... Демак, ҳамма гап зиёлиларимизнинг аҳволига келиб тақалаяпти. Зиёли дегани фақат шоир-ёзувчи эмас. Биз ҳозир фақат шоир-ёзувчиларимизни эслаяпмиз. Зуҳриддин ака, ёдингизда бўлса, ўшанда қандай тарихчиларимиз, аниқ фанлардан юқори натижаларга эришган олимларимиз бор эди. Улардаги аҳиллик, жипсликка ҳавас қилса арзир эди. Демоқчиманки, яловбардор бўлиши керак. Энг катта кема ҳам маёқни мўлжал олиб манзилга етади. Шу маънода ялов кимнинг қўлида?! Бугунги куннинг яловни баланд кўтара оладиган Абдулла Орипови ёки Эркин Воҳидови борми? Бўлса, қани?!

 

Афсуски, аксаримиз озгина ижодимизни таъма, бачки бир нарсалар йўлида хароб қилаяпмиз. Ана энди айтинг-чи, сиз айтаётган бугунги авлод кимга эргашсин, кимнинг этагига намоз ўқисин?! Ўша қатлам тўшагининг бир четида ўтирган одам сифатида ўзимга ҳам мана шу саволни бераман. Биз халқ интилаётган идеалларни бераяпмизми? Йўқ! Бўшлиқ эса нафақат табиатда, мафкурада ҳам, маданиятда ҳам бўлмайди.

 

 

Боборавшан Ғозиддинов:

 

– Раҳмон ака, ҳозир яловбардор йўқ дедингиз. Сиз 1990-йилларда тайёрлаган кўрсатувларингизда туйғулар ҳақида гапиргансиз. Ўшанда уят ҳақида айтиб, ҳамманинг ҳам олдида айтиб бўлмайдиган гаплар борлиги ҳақида фикр юритгансиз. Кечирасиз, аммо ўша кўрсатувдаги фикрларни бугунги авлод қабул қила олмайди. Негаки, фақат эр-хотин ўртасида бўладиган гапларни ҳам ижтимоий тармоқларда бемалол айтаяпмиз. Бундай гаплар қандайдир маслаҳат бериш ёки билмаган нарсани сўраш учун эмас. Шунчаки ҳазил тариқасида ҳам бемалол айтилаяпти. Айтмоқчи бўлганим, туйғулар ҳам, сиз айтган маёқ ҳам ўзгарди. Бугун маёқ фақат ёзувчи-шоир, умуман зиёли бўлиши шарт эмас деган қараш шаклланди. Масалан, АҚШни олинг, у ерда мафкура борасида анча эркинлик бор. Биз уят деб биладиган баъзи ғоялар билан ҳам улар бемалол яшамоқда. Ёшларимиз маънавий жиҳатдан мутлақ эркин бўлса ҳам ўшандай иқтисодий жиҳатдан ривожланган мамлакат барпо этишни истайди. Тасаввур қилинг, кимлардадир ўша маёқни баланд кўтариш учун истак ҳам, куч ва шижоат ҳам етарли бўлса, мана шундай дунёқарашга эга ёшларни қандай қилиб ортидан эргаштира олади?

 

 

Раҳмон Қўчқор:

 

– Аввало туйғулар ўзгарди деган гапларга мутлақо қўшилмайман! Одам боласи яралгандан то қиёмат қадар унинг туйғулари ўзгармайди. Дейлик, Одам Ато Момо Ҳавонинг қўлини илк бор ушлаганида юрагида қандай ҳодиса рўй берган бўлса, XXI асрдаги балоғат ёшига етган йигитнинг қўли суйган қизининг бармоғига тегиб кетганида ҳам худди ўша туйғуни ҳис этади. Инсониятга берилган туйғулар ўзгармайди ҳам, йўқолмайди ҳам. Гап ўша туйғуларнинг қўзғатувчисида. Яхши биласиз, инсоннинг жисму жонида ҳам шайтон, ҳам раҳмон яшайди. Таълим-тарбия, маърифат орқали раҳмоний туйғулар кучайса, акси бўлганида шайтоний туйғулар марказга чиқади.

 

Ғарб, умуман ривожланган мамлакатлар ҳаётидан бирмунча хабардор инсон сифатида айтишим мумкинки, уларда сиз айтаётган «оммавий маданият»га эргашган оломон биз ўйлагандан анча кам. Масалан, уч миллион аҳоли яшайдиган шаҳарида нари борса ўнта хонадонда ўшаларнинг байроғи бор, холос. Ва бу нарса уларнинг асрий анъаналарига, мумтоз маданиятига дахл қила олмайди. Ўша жамиятларда йўлдан адашганларга шусиз ўлиб бораётган бўлсанг яшайвер қабилида иш тутилади. Ҳеч қачон улар доминант ролга чиқа олмайди. Худди шу Ғарбнинг кутубхоналари, биз юриш мумкин эмас деган ёзув осиб қўядиган ўтлоқлари китобхон ёшлар билан тўла. Истаган одам исталган вақтда бемалол кириб китоб, сиёҳи қуримаган газета-журналларни ўқиши мумкин. Уларда маънавият, маърифат, ўзининг ички «мен»ини асраш биз ўйлагандан анча кучли. Битта мисол, бутун дунё инглиз тилини жаҳон тили деб билади. Лекин Францияга бориб инглизча савол бериб кўринг, биров жавоб берар эканми?! Улар инглизчани билади, лекин французча гапир дейди. Агар шу айниш бўлса, улар тилидан тониши, ўзлигини унутиши керак эди.

 

Шу маънода, биродар, сиз битта гапни тўғри айтдингиз, маёқлар ўзгариб кетди. Суҳбатимиз бошида эслаганимиз миллий истиқлол ғояси Ориповни, Воҳидовни, Омон Матжонни туғдирди. Худога шукур, бугун миллий истиқлолга эришдик. Очиғи, 32 йил мобайнида ўзбек халқи лайлак ҳайдаб юргани йўқ, жуда кўп ютуқларга эришдик. Энди бизга янги манзиллар керак. Бу манзилларни кимлар белгилайди-ю, кимлар унга олиб боради? Шубҳасиз, зиёлилар! Улар ўз миссиясини бажариши керак. Кечирасиз-у, газ етишмаса, ток ўчиб қолса ёки йўллардаги носозликларни кўрсак, унга жавобгар бўлган мутасаддини қидириб қолмаймизми?! Бунга ким жавоб беради демаймизми? Биз муҳокама қилаётган мавзунинг эгаси борми? Маънавий бўшлиқларимизнинг сабабларини сўрашга, сизлар дарс ўтаяпсизлар-ку, газеталар чиқараяпсизлар, яна қандай ишлар қилаяпсизлар дейишга халқнинг ҳаққи борми? Халқ зиёлилардан нега бу саволларига жавоб сўрамаслиги керак?! 

 

 

Зуҳриддин Исомиддинов:

 

– Фалсафада миқдор-сифат ўзгариши деган тушунча бор. Томчи тошни тешгани каби халқнинг менталитети ўзгармас нарса эмас. Бир жиҳатдан қараганда ўзгаришнинг ўзи тараққиёт ҳам. Бугун ўзбек халқининг менталитети ўзгараяпти деб ўйлаяпман. Бу бир томондан яхши, бошқа жиҳатдан хатарли ҳам. Негаки, янгилик, тараққиёт йўқотишларсиз бўлмайди. Ҳаётий мисол қарайдиган бўлсак, мактаб ўқувчиларининг 90 фоизида асосий мақсад олий ўқув юртига кириш бўлиб қолган. Мактабларнинг рейтинги нима учундир қанча ўқувчиси олий ўқув юртига киргани билан белгиланади. Ҳолбуки, у мактабда яхши ўқигани учун эмас, репетиторга боргани учун талаба бўлган бўлиши мумкин. Биз мактабда ўқиганимизда билим оламиз деб ўқирдик. Олий ўқув юртига кириш учун эмас. Яшашдан мақсад фақат институтга кириш деган қараш бўлиб қолмаслиги керак.

 

Қайси мактаб ўқувчилари институтга камроқ қабул қилинган бўлса, ўша ўқув юрти маломатга қолади. Бошқалар олқиш олади. Чунки мезон олий таълимга кириш. Ҳатто шу даражадаки, мактаб ўқувчисига бешдан бошқа баҳо қўйилмайди. Ўқувчи бир кунда битта фандан иккита-учта беш олади. Негаки, ўқитувчи бечора шунга мажбур. Агар ўқитувчи икки, уч баҳо қўйса, у дарсни яхши ўта олмаган ҳисобланар экан. Бундай пайтда у баҳони «кўтариши» табиий. Ўқитувчи ҳам ойлик, мукофот олиши керак. Ноилож сунъий баҳо қўяди. Билса-билмаса беш баҳо олган ўқувчи саводли бўладими?! Ёки олий ўқув юртини олиб қаранг. Баъзи ҳолларда ярим балл кам тўплагани учун бир талаба тўрт йил контракт тўлаб ўқийди, бошқаси тасодифан тўғри жавобни белгилаб бюджетда, стипендия олиб университетни тамомлайди. Аслида биринчи семестрдан кейинги натижага қараб стипендия бериб ўқитса бўлмайдими?! Буни ҳозир тийинигача ҳисоблаб берадиган техник имконият бор-ку! Талабалар орасида оммавий равишда ўқишга, билим олишга интилиш йўқ. Чунки тўрт йил стипендия олиши ёки олмаслиги аниқ. Бир амаллаб дипломни қўлга киритса бўлди. Энг катта мақсад шу.

 

Одам доим ғояга интилиб яшайди. Худди художўй жаннатга интилгани каби. У жаннат сабаб ўз ахлоқини сақлайди, тўғри яшашга интилади. Баъзи одамларимизда ҳозир яхши яшаш, бировнинг ҳисобига бўлса ҳам фаровон турмуш кечириш мақсад бўлиб қолди. Бутун жамиятни тўғри йўлга бошлайдиган ғоя муҳим. Бу озчиликнинг иши эмас, шу боис ғояни зиёлилар ўртага ташласин. Яна бир масала, яқинда АҚШнинг самолётида Туркияга учдим. Нега биз улар ясаган самолётда учаяпмиз? Чунки, Раҳмонжон айтганидай, интеллект юқори. Ўша сафар чоғида амин бўлдимки, ўзбек стюардессалари ўзбек тилини яхши билмайди. Ўзбекистондан кетиб, яна шу ерга қайтган самолётда ҳамма эълонлар турк ва инглиз тилларида бўлди. Ваҳоланки, самолётда биронта инглиз йўқ. Биз миллий ғурурни шиор қилиб олганмиз. Аслида у кундалик амалимиз бўлиши керак. Бунинг барчасига билим, маориф орқали эришиш мумкин.

 

 

Боборавшан Ғозиддинов:

 

– Биз томонда дара бор. Эски карвон йўли. У ўша замонлардан бери синов йўли ҳисобланган. Яқин-яқингача йўловчилар, айниқса ҳайдовчилар ёлғиз ўзи бу йўлдан юрмас эди. Юришдан аввал эса у ёқ-бу ёғига қараб, ўзини ўнглаб оларди. Ўн йиллик танаффусдан сўнг ўша йўлдан юрдим. Даранинг аввалги ҳайбати, у юракка соладиган ҳадик йўқ эди. Дара бошқа тоғ йўллари каби оддий эди. Ҳатто ундан оқиб ўтадиган бир ариқ сувдан ҳам барака қочибди. Аввалига йиллар ўтгач ёшим бироз улғайиб, менга шундай кўринаяпти деб ўйладим. Даранинг нариги бошига етганимда билдимки, у ерда катта завод қурилаётган экан. Юзлаб техника ва минглаб одамлар ишлаяпти. Билдимки, ўша техниканинг нуқси даранинг нариги бошигача урган, унинг сеҳрини йўқотган экан.

 

Дарадан чиқиб ўйладим. Техник тараққиёт, зарарли ахборотнинг кучли босимда берилаётгани ўша даранинг нариги бошигача нуқсини урдирган бўлса, сизлар таъкидлаётган маърифатсизликни енгиб чиқиш учун нима қилиш керак? Тиктокер деган тоифа пайдо бўлди. Уларда ҳатто университетда ўқиш деган мақсад ҳам йўқ. Уларни қандай ўзгартириш мумкин?

 

 

Раҳмон Қўчқор:

 

– Боборавшан, ҳозир сиз эслаган, болалигингиз ўтган, ота-боболарингизни кўрган, болалигингизга, характерингизга, дидингизга таъсир қилган дарани йўқотиб қўйганингиз учун техникани айбдор деяпсиз.

 

 

Боборавшан Ғозиддинов:

 

– Йўқ... 

 

 

Раҳмон Қўчқор:

 

– Сизни тушундим, ҳозир айтаман... Техника керак. Ҳатто ундан кучлироқ булдозер ҳам бўлиши керак. Гап ўшани ишлатаётган одамларда, гап ўша дарадан қандайдир коммуникатив нарсани олиб ўтмоқчи бўлган кишиларнинг маърифатида, даражасида, инсофи, иймони ва эстетик дидида қолаяпти. Худди шу нуқтаи назарда Европага, Америкага боринг. Нуй-Йоркдаги боғнинг бир метр жойига биров эгалик қилсин-чи! Уни ҳукумат ҳам, халқ ҳам бутун Нуй-Йоркнинг ўпкаси деб билади. Биронта миллиардер битта ҳам дарахт кесолмайди. Германияга бир неча бор бориб билдим. Аввало жуда зарур, масалан, шифохона учун ҳам ер олиш азоб. Ўшани бир амаллаб олгандан кейин ҳам қазиш вақтида битта кўза топилса қурилиш батамом тўхтайди. У ер тарихий жой сифатида рўйхатга олинади ва археологлар чақирилади. Японияга ҳавас қилаяпмиз-а?! Уларда ер ости, ер усти бойликлари тугул нафас олишга ҳавоси етишмайди. Лекин улар шунча тараққиётга қарамай, уйига вагон эшигидай очиладиган миллий эшик ўрнатган. Ҳатто миллиардер бўлса ҳам. Ҳали ҳамон япониялик аёллар эрини кимоносида кутиб олади. Хорижнинг ялтир-юлтур халатида эмас. Тараққиётни тўхтатиб бўлмайди. Фақат гап ўша техникани ишлатадиган одамларда.

 

 

Боборавшан Ғозиддинов:

 

– Мен ҳам шу ҳақида айтаяпман. Дара деганда мафкурани назарда тутаяпман. Улар дарахтни кестирмаслиги учун ватансеварлик туйғуси бўлиши керак. Мана шу нарсани бугунги тиктокерга қандай сингдирасиз?

 

 

Раҳмон Қўчқор:

 

– Ўша тиктокчи қаерда туғилди? Оилада! Унинг қулоғига кимдир азон айтди. Шунга ўхшаб ҳаммаси оилада бошланди. Мен олий ўқув юртида ишлайман. У ерга ҳар хил оилаларнинг фарзандлари ўқишга қабул қилинади. Айрим домлаларимиз бор эди, ҳозир улар нафақага чиқди. Улар биринчи курсларга дарсга киради-да, оғриниб чиқади, «фалончилар одам бўлмайди, биттаси амалдорнинг, бошқаси пулдорнинг боласи» деб. Дарс ўтишнинг фойдаси йўқ, бир бало қилиб вақтни ўтказсам бўлди деган гапни айтарди. Уларнинг гапини бир-икки марта индамай эшитдим. Охири айтдим. Улар боғчага борганида мудир тарбиячини чақириб, бу фалончи аканинг боласи деб махсус гуруҳга қабул қилган. Оддий одамларнинг боласи сокин юрганида ҳам шаппат еганда, у айб қилса ҳам боши силанган. Кейин мактабда ҳам шу жараён давом этган. Кейин олий ўқув юртига келди. Энди мен ҳам одам бўлмайди десам, аниқ одам бўлмайди. Чунки у таълимга қайтиб келмайди. Шунинг учун юқорида ўқитувчилар дарс ўтаяпти-ю дедим. Боғча опалар, ўқитувчилар озми-кўпми ойлик олаяпти. Ўша жойни банд қилиб яхшидир-ёмондир, ишлаяптими, вазифасини сидқидилдан бажарсин. Бола олий ўқув юртигача камида эллик ўқитувчидан дарс олади. Наҳотки шунча таълимчи, тарбиячи битта тирмизакнинг қалбини, туйғусини, ақлини уйғота олмаса?!

 

Ҳа, яна бир гап, биласизми, жамиятга ҳатто ўша тиктокчи ҳам керак. Гап пичоқни нима мақсадда ишлатишда. Тиктокчи бўлиб ҳам одамларга дарс берадиган лавҳалар олаётганлар, ибрат кўрсатаётганлар бор.

 

 

Зуҳриддин Исомиддинов:

 

– Қандай қилсак ўнгланамиз деб сўрадингиз. Биз бозор иқтисодиётига ўтдик дедик. Халқимизда бир томонга оғиш бўлса охиригача ўша тарафга ўтиб олиш одати бор. Феълимиз шунақа. Ҳозир бозор иқтисодиётига ўтдик деб уни идеаллаштириб юбордик. У ҳеч ҳам идеал бўлиши керак эмас. У иқтисодий механизм холос. У бизга хизмат қилиши керак. Аксинча, биз унга хизматкор бўлиб қолдик. Нимаики соҳа бўлса, у маънавият бўладими, таълимми ёки иқтисодми, бозор иқтисодиётига ўтказиб, уни идеаллаштирдик. Мана шу, менимча, муаммоларимиз сабабчиси. Маънавият соҳасида бозор иқтисодиётига ўтилмайди. Умуман, маънавият бозорга чиқарилмайди.

 

Боборавшан, дара ҳақидаги мисолингиз яхши бўлди. Ҳайбат деган сўз бор. Ўша ҳайбат деган нарса бўлиши керак. Адашмасам, 1977 йилда шоир Миртермир домла институтимизга учрашувга келди. Қўпол қилиб айтганда, бўйи менинг елкамдан сал баландроқ одам экан. Лекин ҳайбати бўлган. Миртемир домла таржимасидаги «Манас» достонини илмий иш учун танлаб олгандим. Учрашувдан сўнг шу ҳақида домлага айтиб, фикр алмашмоқчи эдим. Миртермир домла Иззат Султон каби катта олимлар билан суҳбатлашиб турганини кўриб ёнига боришга журъатимиз етмаган. Ҳозир исталган тирранча ҳар қанча катта олим билан ҳам тап тортмасдан гаплашади. Ийманиш, тортиниш, ҳайиқиш деган тушунчалар эскирди. Бу ҳақида Асқад Мухтор «Чинор» романида ёзган. Асарда Сумбилтомчи деган қишлоқ аҳолиси бошқа жойларни ўзлаштириш учун кўчирилади. Сумбилтомчи эса қаровсизликдан харобага айланиб қолади. Асар мазмунида битта қишлоқни эмас, ўзликни сақлаб қолиш маъноси бор эди. Ўзликни йўқотиш қандай оқибатга олиб келади деган саволга янги қишлоқ тасвири билан жавоб беради. Улар кўчиб борган янги қишлоқни чексиз-чексиз кетган уйлар, бир иморат, бир бадрафхона, яъни ҳожатхона, ҳаммаси бир хил деб таърифлайди. Асқад ака ўша вақтдаёқ бозор иқтисодиётига ўтишни ифодалагандай гўё... Ана шундай бир хиллик халқнинг дидини ўтмаслаштиради.

 

Ўзимизда идеал йўқлиги учун болаларимизга ҳам бера олмаяпмиз. Биз энди кенг маънода ўзбек халқининг келажагини ўйлаб топишимиз керак. Битта мисол айтаман. Бизда «Ёр-ёр» деган кино бўларди. Уни халқимиз севиб томоша қилган. Ваҳоланки, аслида у бўлмағур кино. Унда биринчи марта ичкилик реклама қилинган. Келин билан куёвни саҳнага чиқариб қўшиқ айттирган. Қайси ўзбек отаси ўғли билан кўчама-кўча санғиб келин қарайди? Бу бизнинг менталитетни бузиш учун атайлаб олинган кино. Мана шу кинодан кейин бизда комсомол тўйи модага айланди. Келин-куёвлар худди ўша кинодаги қилиқларни қиладиган бўлди... Лекин мана, мустақил бўлганимизга 30 йилдан ошиб кетди. Шу вақт мобайнида маҳалла, нуронийлар каби мутасадди ташкилотлар ўзбек тўйининг биронта моделини ишлаб чиқа олдими? Йўқ! Ўзбекона тўй қандай бўлишини кўрсатиб берадиган, «Ёр-ёр»нинг хато эканини исботлайдиган кино олиндими? Ахир кино санъатидаги кишилар ҳам ўзини зиёли ҳисоблайди-ку! Улар зиёли сифатида ҳеч бўлмаганда тўйларимиз қандай бўлишини жамиятга кўрсатиб бера олдими? ...Кўрсатиб берди. «Осмондаги болалар – 2» деган кинони озгина томоша қилдим. Саҳнада тўйи бўлаётган қиз, унинг отаси ва синфдошлари ўтирибди. Синфдош йигит қадаҳ кўтариб қизга «сен тезда бу эрингдан ажрашиб менга тег» дейди. Қайси ўзбек шундай тилак айтади? Уни эшитган ота қандай чидаб ўтирибди?!

 

 

Боборавшан Ғозиддинов:

 

– Ғоясизлик ҳақида гапирилди. Ғоя қандай бўлиши керак?

 

 

Раҳмон Қўчқор:

 

– Боборавшан, ҳозир устоз жавобни айтди. Ғояни зиёлилар берсин деди. Абдулла Орипов «Биринчи муҳаббатим» деган ғояни берди. Мумкин эканми?! Эркин Воҳидов «Ўзбегим» деди. Омон Матжон «Нуй-Йоркда мендан бир зот, – Ўзиям сал меровми, “Ўзбек қандай халқ? – деб қолди, Тошкентинг бу Масковми?» деб бошланадиган шеърида ўзбек ким деган ғояни берди. Демоқчиманки, битта сўз, ибора билан ифода этиладиган ғояни сиёсатчи олимларга қўйиб берсак-да, ўзбек халқ сифатида интилиши лозим бўлган ғояларни зиёлилар ўртага ташласа. Ўқитувчи бугун миллатга, ватанга бўлган меҳрни битта ҳаракати, биргина лутфи билан болаларга юқтирсин. Ўн бир йил дарс ўтадиган элликта ўқитувчи элликта туйғуни сингдирсин. Шоир-ёзувчи, санъаткорлар ҳам юқорида таъкидлаганимиз ўз вазифаларини бажарсин...  

 

Сўзимни улуғ Абдулла Қодирийнинг Юсуфбек ҳожининг тилига солган гаплари билан тугатмоқчиман. Тошкентнинг зиёлилари, беклари, катта хонадон соҳибларининг эгалари олдидаги суҳбатда Юсуфбек ҳожи «сиз билан мен, Туркистон боёнлари, сен қорачопон, сен қипчоқ деб бир-биримизнинг тегимизга сув қуядурғон бўлсак, узоқмаски, шундоқ остонамизда турган кофирнинг ҳаром оёқлари муқаддас туфроғимизни тўнғизхонага айлантириб юборади. Келажак авлодлар бизни лаънатлайди» деган мазмунда гапиради. Шу маънода миллатни асрайдиган, унга умумий муаммо, савол қилмасдан ечим берадиган куч – зиёлилар. Юсуфбек ҳожи биз туркистонлик оталар деганда зиёлиларни назарда тутган. Зиёли қатлам ўзини ўнглаб олмас экан, мен нима вазифани бажаришим керак эди-ю, нима қилдим деган саволга ҳар биримиз жавоб топмас эканмиз, келажак олдида айбдор бўлиб қоламиз.

 

 

Зуҳриддин Исомиддинов:

 

– Кўчаларда, ижтимоий тармоқларда одамларни кузатинг, бир-биримизга тоқатсизлик кучайган. Юқорида Туркияга борганимни айтдим. Ўша қисқа сафарим давомида уларда толерантлик борлигини билдим. Уларда иккита рўмолни юзига ўраган ҳам, ярим-яланғочлар ҳам бир-бирига қўлини бигиз қилмай бемалол юрибди. Уларнинг ҳар иккисини ҳам оқламоқчи эмасман. Фақат ҳаммани битта қолипга солишга қаршиман. Бу худди ҳамманинг қон гуруҳи бир хил бўлсин дегандай бемаъни. Демоқчиманки, уларда бир-бирини тушуниш бор. Бизда ҳам мана шундай аҳиллик шаклланиши керак. Яъни ички, бемаъни, майда-чуйда нарсалар билан андармон бўлиб қолмаслигимиз лозим. Айнан шундай вазиятда бошқалар ишини битириб олади. Шу боис халқимизнинг савияси қай даражада бўлишидан қатъи назар аҳил бўлишимиз шарт. Қолаверса, маърифат бўлмаса ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Анқарада битта туман мэри билан суҳбатда бўлдик. У меҳмондорчилик вақтида ҳеч қандай қоғозга қарамасдан иккита туркий достонни қиёслаб таҳлил қилиб берди. Унинг бошида иқтисод, бошқа соҳалардаги ташвишлар, ҳужжатлар бор. Шунга қарамай у достонларни қиёслай оладиган даражада маърифатли. Демоқчиманки, маҳалла оқсоқолидан тортиб, ҳокимларгача раҳбарлар зиёли бўлмагунча авом зиёли бўлмайди. Жамиятда илм-маърифат қанча кенг қулоч ёйса, ўзликни таниш, асрий қадриятлар шунчалик чуқур илдиз отаверади.

 

Субҳатни Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ уюштирди.

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2023 йил 4-сон.
Маънавият бозорга чиқарилмайди!” суҳбфти

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10340
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//