Чиқмаган суҳбатдан чиққан ҳикмат


Сақлаш
11:11 / 01.11.2021 990 0

1990 йиллар эди. Юртимизда мустақилликнинг майин нафаси кезган, ҳурлик ҳавосидан эмин-эркин нафас ола бошланган дамлар. Мен шоир, журналист Норқобил Жалил билан таниқли шоирамиз Замира Эгамбердиева орқали танишдим. Ўшанда “Ўзбекистон овози” газетаси таҳририятида ўзига хос ижодий муҳит ҳукм сурарди. Эсимда, Норқобил, Замира ва журналист Қурбон Эшматов бир хонада ишлашарди. Бу ижодкорларнинг ўзаро самимий муносабати, ҳазил-мутойибалари ҳануз ёдимда.

 

Бир куни Норқобил мендан Тоғаймурод ака билан суҳбат қилсам, деб сўради. Мен ўйланиб қолдим. Чунки ёзувчини бундай таклифларга кўндириш амри маҳол эди. “Мени асарларим орқали танишсин. Ўзимни ўзим афиша қилишга ҳожат йўқ”, деган принципида қатъий турарди. Бир йўлини қилиб, Норқобилнинг истагини айтдим.

 

– Ўша бола... суҳбат қилмоқчи бўлган йигит ким? – сўради бироз сукутдан сўнг Тоғаймурод ака.

 

Мен хурсанд бўлиб кетдим. Унинг гап оҳангидан таклифга рози бўлиши мумкинлигини илғагандим.

 

– Шоир, – дедим шошилиб. – Ажойиб...

 

Гапимни тугатолмай қолдим:

 

– Шоир бўлса, шеърларидан опке! – деди Тоғаймурод ака.

 

Норқобил бир қанча шеърларини мендан бериб юборди. Ўзим ҳам ўшанда ёниқ қалбли шоирни кашф этган эдим.

 

– Манави мисраларни қара, қуйма! Жуда тиниқ туйғулар! – деди завқланиб Тоғаймурод ака. – Барини тўплаб, китоб қилиш керак!

 

Кейин ушбу шеърлар китоб бўлиб, дунё юзини кўрди. Халқ Норқобил Жалилни яқиндан таниди, шеърларини севиб ўқиди.

 

Бу орада суҳбатга розилик берилди. Адиб саволларга жавобини ёзиб бўлди. Бир жиҳатни назардан қочирмаслик керак: у киши ҳеч қачон журналист билан бирга ўтириб, анъанавий тартибда интервью бермаган. Бу ҳолнинг сабаби ёзувчи табиатининг ўзига хослиги, айтажак ҳар бир сўзига ниҳоятда талабчанлигидан эди.

 

Кунлар ўтиб, “Ўзбекистон овози” газетасида суҳбат эълон қилинадиган бўлди. Таҳрирдан чиққан варианти танишиш учун ёзувчига келтирилади. Материалнинг газета талқини ўқилади. Ана ундан кейинги ҳолатни кўринг! Ҳеч ким Тоғаймурод акани кайфияти бузуқ, дарғазаб пайтида кўрмасин!

 

 

– Бўлди, чиқмайди! – кескин ҳукм ўқилади.

 

 

– Ахир, газетанинг ўз қонун-қоидалари бор, таҳрирсиз чиқариб бўлмайди! – ўзимча вазиятни юмшатишга уринаман.

 

– Ёзувчи сўзи... ёзувчи сўзи-я... – жаҳлланиб уқтиришга уринади Тоғаймурод ака.

 

Бари ҳаракатларим бесамар кетади. Мен суҳбатни Норқобилдан қайтариб олиб келаман. Газетада эълон қилинмайди. Орадан вақтлар ўтади. Шу ерда адибни қойил қолдирган ҳолни айтай. Одатдагидай, унинг тажрибасида кузатилганидай, десак тўғрироқ бўлади, Норқобил ёзувчи акасидан узилиб кетмади. Вақт-вақти билан қўнғироқ қилиб турди. Ички сезгимга кўра, яъни Тоғаймурод аканинг кўнглини бироз билганим сабаб бир нарсага амин эдим: суҳбатнинг газетага чиқишини кескин рад этиб, Норқобилни ранжитиб қўйган бўлсам-да, у мендан қайтмади, дея ичида қойил қолган ва шу боис Норқобилга бир укасидай меҳр қўйган эди.

 

Ёзувчига “Отамдан қолган далалар” романи учун давлат мукофоти берилганида ҳам “Норқобил келмади-я”, дея уни эслади. Эртаси эса хурсанд бўлиб гапирди:

 

– Норқобил телефон қилди, кеча навбатчиликда экан!

 

Газетада эълон қилинмаган ўша суҳбат туфайли икки кўнгли яқин инсон бир-бирини топди. Юзма-юз кўришмай туриб, шунчалик биродарга айланиш мумкинлигига уларнинг самимий ака-укалиги, дўстлиги мисол бўла олади. Норқобил ўша суҳбатни муаллифнинг ижозати билан 2001 йили “Мен ер билан борди-келди қиламан” сарлавҳаси остида “Қуёшга тик қараб бўлмас” тўпламига киритди.

 

Кейинчалик адиб хотирасига бағишлаб ўтказилган аксарият эзгу ишлар, тадбирларда чин ука Норқобил белини боғлаб хизмат қилди. Ёзувчининг 60 йиллик юбилейи тантаналарини ўтказиш, қабрига ёдгорлик ўрнатиш, “Мен қайтиб келаман” (Тоғай Мурод замондошлари хотирасида) китобини чиқартиришга бош-қош бўлди. Ўрни келганда мана шу хайрли ишларга матбуот фидойиси, саховатпеша инсон Рустам Қосимовнинг ҳам ҳиссасини эслаб ўтмасам, инсофдан бўлмас.

 

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Давлат мукофоти совриндори Тоғай Муроднинг 70 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланди. Норқобил Жалил Сурхондарё вилоятининг ўша вақтдаги зиёли ҳокими Эркинжон Турдимовга мактуб битиши ортидан бир қанча хайрли ишлар амалга ошганини ҳамма ҳам билавермаса керак. Ҳозир Олтинсой туманида Тоғай Мурод номи билан аталадиган маҳалла бор, унинг марказида замонавий гузар қад ростлаган бўлиб, кутубхона ва чоғроқ музей ҳам ташкил этилган.

 

Бугунга келиб, Норқобил Жалил ўз ижодий имкониятларини намоён қила билган етук шоир, катта публицист, ажойиб журналист, ташкилотчи раҳбар. Мен укамиз Норқобилни қутлуғ 60 ёши билан табриклайман! Умрингиз узун, парвозингиз бундан-да баланд бўлсин, доим эл ардоғида юринг, укажон!

 

Маъсума АҲМЕДОВА

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2021 йил 29 октябрь,

44 (4651)-сон. “Ажиб яқинлик” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси