Абдулла Қодирий исломга қарши бўлганми? Ижтимоий тармоқда жамоатчиликни ғазаблантираётган, бирлаштираётган мавзу таҳлили


Сақлаш
21:12 / 12.12.2023 652 0

Бир неча кун аввал фейсбук ижтимоий тармоғида ижодкор Акром Маликнинг ёзувчи Абдулла Қодирий ва унинг «Ўткан кунлар» ҳамда «Меҳробдан чаён» асарлари ҳақидаги танқидий пости тарқалди. Мулоҳазада Акром Малик Қодирийнинг ёзувчилиги ҳақида гапираркан, «ҳаваскордан юқори, профессионалдан қуйи», «Ўткан кунлар» – ўртача асар, «Меҳробдан чаён» эса ислом динига қарши ёзилгандек, деган фикрларни беради. Ушбу мулоҳазага ижтимоий тармоқ фаоллари, зиёлилар тез орада ўз муносабатларини билдиришди. Уларда Акром Малик танқидининг ўта бирёқлама экани, адабиётга диний ракурсдан қараш нотўғрилиги ва айни шундай ёндашув сабаб Қодирий ўтган асрда сиқувга олингани, асарлари тақиқлангани ҳақида ёзилади. Шундан сўнг Акром Малик постни ёпиқ телеграм каналидан ўчириб юборди, кейинчалик каналнинг ўзи ҳам бутунлай ўчирилди. Oyina.uz ушбу танқидий мулоҳазанинг сақланган варианти ва унга жамоатчилик билдирган фикрларни бир жойга тўплади.

 

«Ўткан кунлар» ўртача асар. Қаҳрамонлар савияси паст, маиший фикрга мойил. Айрим исбот:

 

1. Юсуфбек ҳожи: оиласи бошқарувни хотинига топшириб қўйган бўшанг эркак.

2. Отабек икки хотин орасида адолат қила олмаган ландавур.

 

Халқ қалбида ўзига ишонч уйғотмайдиган асар. Халқ онгига сен шу қадар хорсан деган ғояни қуяди. Халқни ўз миллий давлатига қарши фикрлашга ундаган ва ўша давлатлардан қўрқиб, советга қул бўлишга ундаган асар. Чунки Қодирий даврида ўтмишни кирлик ва қора деб кўрсатиш жорий бўлиб турган совет ҳукуматига симпатия уйғотиш учун хизмат қилган. Отабекнинг икки хотинни эплолмаган эсипаст қилиб тасвирлаш одамлар Аллоҳ берган рухсатга нисбатан антипатия уйғотган.

 

Бизда «Ўткан кунлар»ни кўр-кўрона улуғлаш у ёзилган даврдан қолиб келаётган традиция. Халқ ўша вақтда бундай услубдаги асарни ўқимагани учун берилиб ўқиган ва шу сабабли бу асар гард юқмас олийшон матндек кўрилиб қолди. Жадидларга келса, улар миллий ҳаракатчи эмас, Ғарб ғояларига эргашган тоифа эди. Қодирийда ҳам шунга ишора бор, масалан, Отабек айнан Шамайга бориб келгани учун фикри очиқ деб тасвирланган, гўё ўлкамизда умуман фикрли одам йўқдек, умуман халқ ғамини ўйлаган ва халқни инқироздан олиб чиқишга уринган одам йўқдек кўрсатилган. Ва ҳоказо. Фикрлар борми?

 

ДИНИНИ СEВГАН ОДАМ «МEҲРОБДАН ЧАЁН» РОМАНИНИ ЁЗМАСДИ

Қодирийнинг динга, хоссатан, Исломга фобияси ёки нафрати бўлган бўлса керак. Худо гуноҳларини кечирган бўлсин. Чунки мусулмонлар сажда қиладиган меҳробдан чаён чиқди деб ёзиш учун одамнинг табиати қандай бўлиш керак, билмадим. Бу романда мусулмон жамияти қолоқ ва паст деб тасвирланган. Илмсизлар улуғланган, илмлилар хор кўрилган, масалан, илм тарқатувчи Солиҳ махдум салбий бўёқларда берилган, лекин Анварнинг ўртоқлари, илмсиз сўконғир ва жоҳиллар мақталган. Давлат раҳбари хотинбоз кўрсатилган. Бу ҳеч бир тўғри мафкурага мос эмас. Ҳаёт қонунияти шуки, бўзчининг боласи бўзчи, олимнинг боласи олим, деҳқонники деҳқон бўлган.

Аммо Қодирий бўзчининг боласидан салкам инқилобчи ясаган, яъни Анвардан. Инсонларнинг салоҳиятлари уларнинг зотига яширинган бўлади, шу боис улуғ ва олийнасаб инсонлар ҳамиша юксак тарбияли бўлганлар ва улар миллатни тамсил этадилар. Бироқ Қодирий бу қоидани писанд қилмаган. У советлар ғояси – паст табақаларни улуғлаш йўлидан борган. Албатта, буни онгли қилмаган. 24 ёшида илк романни ёзган йигитча эди у. Демак, дунёқараши ҳам шунга яраша бўлган. Ўзбек халқ оғзаки ижодига мансуб биргина «Алпомиш»данинг бир бетига бу одам ёзган икки роман тенг эмас. Масалан, чўридан бўлган бола «Алпомиш» достонида хоин ўлароқ тасвирланган, яъни Ултонтоз. У чўри, яъни зоти тайинсиз хотиндан туғилган никоҳсиз бола эди. Отасини қамади, юртда зулмни кучайтирдию Алпомиш эса асилзода ва олижаноб, мард инсон – унга ўз жойини кўрсатди ва халқни адолатли кунларга етказди. Бу оддий қоида. Халқ донишманд, аммо содда, Қодирий халқни алдаган, арзон романлари билан одамлар тафаккурини бузган ҳамда ҳақиқатларга хиёнат қилган. Абдулла Қодирий маиший тафаккурли бир одам эди, шунингдек, озгина исломофоб. Ёзувчилик бобида эса ҳаваскордан юқори, профессионалдан қуйи. Ҳали умуммиллий ёки умуминсоний сферада тафаккур қиладиган даражага чиқмаган эди, раҳматли. Сизлар Абдулла Қодирий рус-тузем мактабида таълим олганини унутманглар! Рус-тузем мактаби қандайлигини эса википедия ҳам айтиб беради. Шошиб фикр билдиришдан аввал уч дақиқа ўйланглар ва балки тўғридир, хато бўлса, қаери хато денглар овоз чиқариб. Замонавий адабиётимиз бўм-бўш ва сўнгги юз йилликда адабий тафаккуримиз ғарибдан ғариб бўлиб кетган. (Услуб сақланган)

 

Акром МАЛИК

 

 

Айтилганидек, ҳаммаси ушбу постдан бошланди. Ижодкорнинг бир қадар кескин, бир қадар шошқалоқлик билан ёзилгандек таассурот уйғотувчи танқидий чиқишига биринчилардан бўлиб, тарих фанлари номзоди, фиқҳий ва ақидавий масалаларга оид кўплаб мақолалар муаллифи Ҳамидуллоҳ Беруний ўз фейсбук саҳифасида муносабат билдирди:

 

...Акрам Маликнинг Абдулла Қодирий тўғрисидаги таъналари радикал фикрли мусулмонларнинг минг йиллардан кейин чиқиб олиб, Имоми Аъзам Абу Ҳанифани Абу Жийфа – Ўлимтик отаси, Имом Моликни эса Имом Ҳолик – Ҳалок қилувчи имом деб сафсата сотишларига ўхшаб кетади. Ана шундай радикал фикрлилар бугунги муаммоларимиз бир ёқда қолиб, ўтмишни ковлаштириш билан оворалар. ...Ёзганларидан Акрам Малик исломофобияни ёқтирмайдиган динпарвар бўлиб кўринган. Лекин у ҳақиқатдан ҳам динпарвар бўлганида, ақалли, имом-домлаларимиз кўп эслатадиган «Узкуру маҳосина мавтокум» – «Ўлганларингизнинг гўзал хислатларини эсланг!” ҳадиси шарифига амал қилиб, шаҳид кетган улуғ адибдан тилини тийган бўларди. Ёки «Зуннуу би-л-мўминина хайрон!” – «Мўминлар тўғрисида яхши гумонда бўлинг!» ҳадиси шарифига амал қилиб, юз йилдан бери мусулмонлар кўкларга кўтариб, ҳатто кўзларига суртиб ўқиб келаётган бир мусулмоннинг китобидан кир ахтариб ўтирмасди. Акс ҳолда, Абдулла Қодирийни Олий Судимиз ҳам оқлаб турганда, унга қарши таъна қилиш оқилу болиғ мусулмоннинг иши эмасди!

 

Акрам Малик ўйича, юксак адабиёт исломий-диний бўлиши керак ва у улуғ ахлоқни тарғиб қилиши керак, холос. Аслида, ундай эмас! Адабиёт дин эмас, дин адабиёт эмас! Диндан олдин ҳам адабиёт бўлган. Севимли Пайғамбаримиз алайҳиссалом исломдан аввалги шоирларнинг шеърларини ҳам ёддан ўқиганлар, саҳобаларга ўқитиб эшитганлар. Ойша онамиз ёки бошқа саҳобалар аслида номусулмон бўлган ва бутпараст бўлган шоирларнинг ҳам минглаб байтларини ёддан билганлар. Уларда дин тарғиботи йўқ эди. Айримларида эса юксак одоб-ахлоқ тарғибш ҳам йўқ эди, уларда бадият бор эди, холос. Ёки асрлар давомида мадрасаларда ўқиб келинган «Муаллақот ас-сабʼ» ёки «Муаллақот ал-ашар» кабиларда, ислом шоирларининг мақома жанридаги айрим асарларида булар йўқ эди, улар улуғвор ва муҳташам бадияти, фасоҳат ва балоғати учун қадрланган эди. Адабиёт динга боғлиқ бўлиши керак ва шарт, дейиш адабиётнинг асл моҳиятини билмаслик, менимча. Тўғри, дин ўз тарғиботи ва ташвиқоти йўлида адабиётдан унумли фойдаланган, тасаввуфий адабиёт бежиз яралмаган. Лекин, бу дегани адабиёт ҳамиша диний бўлиши керак ёки тасаввуфий шеърият фақат йиғлоқи бўлиши ва охиратни эслатиши лозим, дегани эмас. Алишер Навоийнинг ёки Абдулқодир Бедилнинг барча ғазал ва байтларидан тасаввуфий-ирфоний ва диний-исломий фикрларни ўйлаб топиш, Умар Хайёмнинг рубоийларининг ҳаммасини сирли тасаввуфга боғлаш – булар худди уларнинг байтларидан атеистик фикрлар урчитишдек бемаънидир. Шунингдек, адабиёт фақатгина юксак одоб-ахлоқни тарғиб қилиши лозим, дейиш ҳам тўғри эмас. Адабиёт фақатгина диний одоб-ахлоқни (аслида одоб-ахлоқ диний эмас, инсоний бўлади) ёки диний қадриятларни эмас, умуминсоний ахлоқни ҳамда умуминсоний қадриятларни тарғиб ва ташвиқ қилиши, улуғлаши ва улуғлигини кўрсата билиши лозим. Шу билан бирга, разил хулқларни, разолат ва қабоҳатни, ифлос урф-одатларни ҳам кўрсата билиши керак. Уларнинг ҳаммаси бадият билан суғорилиши шарт. Акс ҳолда, у сариқ адабиётга ва сариқ матбуотга мансуб бўлиб қолаверади. Шу маънода, Абдулла Қодирийнинг асарлари ҳар иккала вазифани аъло даражада уддалай олган. Яъни, унда юксак одоб-ахлоқ тарғиботи ҳам, разил хулқлар манҳийёти ҳам бор. Шунингдек, исломофобик қарашлар эмас, диний ва миллий қадриятлар ҳам ўз аксини топган. Агар бундай бўлмаганда, Акрам Маликка ўхшаганлар ундан «ёмонлик» ва «савиясизлик» топа олмаган бўларди!

 

 

Акрам Малик буюк адибнинг «мусулмонлар сажда қиладиган меҳробдан чаён чиқди», деб ёзганидан ёзғиради. Аслида, бу оддий мажозни тушунмаслик оқибати бўлса керак. Чунки меҳробдан чаёну илонлар кўп марта чиққанига одамлар кўп бора гувоҳ бўлишган. Меҳробда турган одамларнинг ҳаммаси ҳам яхши бўлавермаслигига эса ислом тарихи гувоҳ. Акс ҳолда, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шахсан ўзлари, Қуръонда ҳам ёмонлаб зикр қилинган «Зирор» масжидини теп-текис қилдириб ташламаган бўлар эдилар.

 

Акрам Маликнинг «Ҳаёт қонунияти шуки, бўзчининг боласи бўзчи, олимнинг боласи олим, деҳқонники деҳқон бўлган», деган гапи ҳам тўғри эмаслигини ҳаёт минг бора исботлаб берган. У ўзидан буюк қаҳрамон етишиб чиқмаётганидан аламзада бўлса, не ажаб! Акс ҳолда, исломнинг илк азончиси оддий қул бўлгани, яна ўнлаб қорилару диний уламолар қуллардан чиққани, яна қулбаччалардан халифалар, давлат арбоблари, улуғ саркардалар етишиб чиққани ҳаёт ҳақиқати эканини ҳам тушунган бўларди. Ёки Сўфи Аллоҳёр бобомизнинг: «Қорача ўғли хўжа ўғлидин кам, Муъаллам (Муаллим) бўлса саййиддин ўтар ҳам» деган байтини эслаганда яхши бўларди. Хуллас, агар Акрам Малик каби фикрлайдиган бўлсак, биз энг камида юз йиллик адабиётимиздан буткул воз кечишимизга ёки ҳар йили Нобел каби турли мукофот ва эътирофлар олаётган ўша Ғарб адабиётини чиқитга чиқариб ташлашга тўғри келади. Бу эса ақлли инсоннинг иши эмас! (Қисқартиришлар билан олинди)

 

Танқидда Абдулла Қодирий ва унинг асарларига баҳо беришда диний томондан ёндашув бўлгани боис унга ёзилган муносабатлар, фикрларда ҳам айни жиҳат кўпроқ тилга олинмоқда. Яъни бугун ўқувчи дин ва адабиётни аралаштириб юбормаслиги кераклиги, адабиёт дин тарғиботчиси бўлишга мажбурмаслиги таъкидланяпти.

 

Дилбар ҲАЙДАРОВА, тармоқ фойдаланувчиси:

 

Сўнгги йилларда адабиётшуносликда диний централизм борган сайин чуқурроқ илдиз отяпти. Фаннинг асосий ўлчов мезонлари, методологияси бир четда қолиб, диний дунёқараш билан таҳлил қилишга уриниш ва уни ёқлашлар кўзга ташланиб қоляпти. Бугун Қодирий шахсияти ва асарларига отилаётган тошлар мени ажаблантирмади. Чунки танқид ҳамиша бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. ...Евросентрализмдан азият чеккан шарқ олимлари бугун исломосентарлизмни ёқлаб чиқаётганлари мени ажаблантирмоқда. Адабиётнинг ўз қонуниятлари ўз мезонлари бор! Бир вақтларда ислом динини оддий халқ орасида кенг тарғиб қилиш учун адабиётдан ёрдам олганлар, бугун ўша дин билан адабиётни «бўғиши» ва чеклаши камида ноҳақлик. Адабиёт динни ўзида акслантиради, аммо адабиёт дин эмас. Мен ҳар қандай централизмга қаршиман, марказда фақат ҲАҚИҚАТ туриши тарафдориман. Шундагина олим холис ва теран қарай олади. Бироқ ҳақиқат шундай нозик ҳодисаки, у ҳеч қачон бир томонга мутлақ оғмайди.

 

 

Аслида Қодирий шахсияти ва унинг асарларига ўтган юз йил давомида худди хуруж каби, вақти-вақти билан танқидлар ёғдирилади. Қизиғи, бир гал уни динга қарши бўлган, дея маломат қилишса, бошқа сафар халқни қўзғолонга бошлаган, деб лой чапламоқчи бўлишган. Ёки асарларини «Мана бундай ёзмаган, мана бундай ёзиши керак эди» қабилида танқид қилишган. Ёзувчи Улуғбек Ҳамдамнинг 2000 йилда ёзилган мақоласидан парчани ўқиркансиз, бунга амин бўласиз:

 

 

“...Самиев айни шу нарсада жудаям оқсайди, у турмушнинг ўз тасаввуридаги адолат мезонларидан туриб юксак бадиият намунаси бўлмиш – «Ўткан кунлар»ни баҳоламоқчи бўлади ва қаттиқ янглишади. Шунинг учун ҳам унинг назарида Абдулла Қодирий кўп ўринларда «ёлғонни ёзади», «ноаниқликка йўл қўяди» ва ҳоказо. Ваҳоланки, ёзувчи воқеликни (асар тарихий роман жанрида битилганига қарамай) қандай бўлса, ўшандайлигича тасвир этмайди, балки уни ўз хаёлида қайта жонлантиради: фантазияга берилади, хаёл қилади. Шунинг натижасида мавжуд реалликка таҳрирлар киритади ҳамда ўз реаллигини яратади. Бу бадиий реаллик деб аталади. Лекин у (адиб) хаёл даражасини ижодий мақсадга кўра олади. Ўзи хоҳлаганча, ўзи билганча иш тутмайди. Ва буларнинг ҳаммаси бадиийлик принципларидан келиб чиқиб амалга оширилади. Шу тарзда М.Самиев «тақриз»ининг ҳар бир саҳифаси билан узоқ тортишиш мумкин. Лекин асосий хулоса шундан иборатки, улуғ ўзбек адаби Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи борасидаги М.Самиев олиб борган танқидий кузатишлар бадиий асарни баҳолаш критерияларидан анчагина узоқ ёндашув бўлиб, у илмий пойдеворга эга эмас, деб қаралмоғи лозим.

 

Мавзу очилганига бир неча кун бўлганига қарамай, ижтимоий тармоқда Абдулла Қодирий шахсияти ва ижоди ҳақида фикрлар тобора кўпайиб боряпти. Қувонарлиси, фақатгина зиёлилар, адабиётшунослар ёки журналистлар эмас, балки бошқа соҳа вакиллари ҳам бефарқ бўлмай, адиб ва асарларнинг бу танқидлардан баландроқ экани ҳақида ёзишяпти. Ҳолатни кузата туриб, ўшанда ҳам халқ Қодирийни шундай ҳимоя қилинганида, омон қолармиди, деган ўкинчли ўй юракни эзади. Аммо бошқа томондан Қодирийнинг ўлими изсиз кетмади, ахир у мана шу кунларни орзу қилмаганмиди? Халқнинг оқу қорани ажрата олиши, бирлашиши, зиёли бўлиши учун жон бермаганмиди? Бугун ёзилаётган минглаб мулоҳазалар унинг орзуси амалга ошганидан даракдек...

 

Раҳимжон РАҲМАТ, адабиётшунос, журналист:

Одатда душманимизнинг энг яхши нарсасини ёмонлаш, камситиш орқали унинг обрўсини пасайтирмоқчи бўламиз. Яна биламизки, умуминсоний маънавий-руҳий мерос яратолмаган халқларни майда, маҳдуд, фақат қора меҳнат учун яратилган тўда деб билишади. Шунинг учун миллатимиз душманлари бизларни оёқ-ости қилиш учун биринчи навбатда буюкларимизни камситиш, улар қолдирган маънавий мероснинг қимматини пастга уришга уринади. Қодирий шунчаки ёзувчи эмас, у миллат тимсолига айланган буюк адибдир. Ўзбек халқига душманлиги бор одамгина Қодирий ва унинг асарларига лой чаплаши мумкин.

 

Мулоҳазалар давомида қизиқ бир ҳолат юзага чиқди. Тармоқ фойдаланувчилари Акром Маликнинг бундан бир неча йил аввал Абдулла Қодирий ижоди ҳақида билдирган фикрларини эслади:

 

«Ўйлаб кўринг: «Ўткан кунлар»дан кейинги бирор бадиий асарда Отабек ва Кумушнинг муҳаббати каби муҳаббатнинг тасвири бўлдими? Шахсан мен бундай тасвирни билмайман. Қодирий бобонинг ютуғи асарнинг ҳар бир воқеасини, ғоясини Ислом дини асослари устига қурганидадир. Шунинг учун даҳрийлик кайфиятидаги бирор асар ундан кейин унинг даражасига мутлақо чиқа олмади».

 

Акром МАЛИК, 2020 йил, май.

 

Ушбу мулоҳазаларни ўқиркансиз, бир одамдаги бундай икки хиллик қандай юзага келгани ҳайратлантиради кишини. Аммо блогер Элдор Асанов танқидий чиқиш ҳақида телеграм каналида фикр билдираркан, уни жиддий қабул қилмасликни сўради:

 

... Акром Маликнинг адабиёт борасидаги фикрлари мен учун авторитет эмас. «Ўткан кунлар» ҳақида ёзгани эса мутлақо илмий таҳлилмас, адабиётшунос ёндашуви эмас, ҳатто зиёлининг фикри эмас, бир ўртамиёна тафаккурдаги инсоннинг ўз диний қарашлари ва ахлоқ ҳақидаги субъектив тушунчаларидан келиб чиққан субъектив баҳолари йиғиндиси холос. Уни жиддий қабул қилманглар. «Ўткан кунлар»нинг сифати борасидаги баҳслар аслида адабиётшуносликда ҳам бор, аммо бу баҳслар тамомила бошқа сабаблардан келиб чиқади. Романни рус тилида ўзининг каттакон кириш сўзи билан чоп эттирган Иззат Султон бу баҳсни бошлаб берган. Мен ҳам шу кириш таъсирида профессор Баҳодир Каримдан «Ўткан кунлар» «Меҳробдан чаён»га нисбатан заифроқми, деб сўраганимда, устоз Иззат Султон нашр йўлидаги тўсқинликларнинг олдини олиш учун синфий ёндашувдан келиб чиқиб, танқид қилишга мажбур бўлган, деб айтган эди. Шунча яхши мутахассис, зиёли борлигида ахлоқий паранойяга берилиб, прогрессни, ҳар қандай ўзгаришни инкор қилиб юрган ультрақадимчиларни жамиятга бирор нима бера оладиган тоифа деб қабул қилманглар. (Қисқартиришлар билан олинди)

 

Шоира Тилланисо эса Абдулла Қодирий ижодига давр нуқтаи назаридан қараш кераклигини, ўшанда унинг асл қийматини англаш мумкинлиги ҳақида ёзаркан, ижодкор Акром Малик олдига бир нечта саволларни қўяди:

 

...Пушкингача илк бошлаб берувчи ёзувчи-шоирлар жуда кўп бўлган. Карамзин, Державинларни ўзиям кўп эслайди. Қодирийнинг пайдо бўлиши ҳам шу ҳол – ўзидан кейин ўзидан кучли генийлар туғилиши тайёрланган замин. Қодирий бўлмаса, адабиётда 100 йил давомидаги ўзгаришлар, катта шоир ё ёзувчилар бўлмасди. Юзага чиқиши кечикиб кетарди. Шу томонлама Қодирий бизга янги роман яъни янги тил ва онг шаклини тақдим этиб, инқилоб қилиб берди. Унгача бизда роман бормиди? Йўқ. Нима ўқишарди: халқ қиссалари, достонлар, фольклор. Қодирий журъати ва романи – жиддий инқилоб. Роман глобал дунё тафаккурига хос эди ва ўзбек тафаккури ҳам Қодирий туфайли бунга эга чиқди – глобал дунё билан ўзимизни боғловчи катта бир кўприк қурилди. Ва энг муҳими у халқчил эди, халқ онгига, тафаккурига бундай шакл сингди. Халқ унинг маъноси ҳақида қайғурдими, бунга онги етдими ёки йўқ, бу бошқа масала. Аммо халқ бошқа бир шаклни қабул қила олди. Янги шакл эса ўзгаришларга доим дебоча.

 

 

Жадидларнинг асосий мақсади – Ўзбекистонни глобал дунё тафаккури билан боғлаш эди. Нега шу пайтгача «Ўткан кунлар» дан зўр асар ёзилмади (гарчи бу баҳсли фикр), деган савол ҳам бор. Хўп, яна даврга қараймиз. Ўзбек жамиятни ўз тарихининг бошқа бирор бир даврида жадидлар даврида бўлганидек эркинлик, уйғониш, кураш, жамият трансформацияси – ҳозир даъво қилинаётгандек ренессанс босқичини бошдан кечирдими? Афсуски, йўқ.

...Қодирий биринчи босқични қўйди, афсуски у давом эттирилмади. Халқнинг ҳолатига, қалбига кўзгу тутилдию, энди нима қилиши кераги айтилмади. Ҳаммаси шу ерда тўхтади. Акром (Малик – таҳр) мақоласида Қодирий қаҳрамони ғарб таъсирида онгли фирклашга эришган, ваҳоланки унгача Туркистонда ғоялар, онгли одамлар йўқмиди? Деб ёзибди. Бу савол мен учун ҳам қизиқ. Қодирийни айблашдан олдин жавоб қидирайлик – бормиди ё йўқмиди, бўлса қани, нега биз уларни билмаймиз? Уларнинг ғоялари қандай эди, мақсади нима эди? Улар мутлақ ҳеч қаердан таъсирланмаган бўлса, кучни, таянчни қаердан олди? Жуда яхши саволлар, тўғрими? Акром изланиб кўрса, бизга етказса бўлади. «Ўткан кунлар» га баҳо берарканмиз, давр призмасидан қарашимиз керак. Шундагина унинг ноёблигини, қимматини англаймиз.

 

Гарчи ижодкор Акром Малик танқидини ўчирган, гарчи бу унинг шахсий қарашлари экани, фикр билдиришга у ҳам ҳақлилигини билсакда, бу мулоҳаза кишини оғринтиради. Чунки ўзбек насрига асос солган, асрга татигулик асарлар яратган, миллат қайғуси йўлида ёзилган мақолалари учун тазйиққа учраган, динга эмас, ундан ўз шахсий ғаразлари йўлида фойдаланувчи манфур кимсаларга қарши курашган, миллатнинг зиёли бўлишини ўзидан ҳам кўпроқ ўйлаган инсон ҳақида бу қадар беписандлик билан фикр юритиш ҳар бир ўзбекни ғазаблантириши аниқ. Бироқ бир ҳақиқатни унутмаслигимиз керак. Қодирий ҳаётлигида ҳам танқидлардан, бўҳтонлардан баландроқ бўлолган ва тўхтамай ёзган эди. Бугунги манзара Қодирийнинг ушбу сўзларини қайта эсга солади:

 

«Хулоса бошқаларнинг хизмати дафтар билан собит бўлса, меним хизматларим матбуот билан равшандир. Ишчи-деҳқонлар ёзғон асарларимни суюниб ўқийдилар ва мени ёзувчилар қаторига киргаздилар ва мени ҳамон ўқирлар ва унутмаслар...»

 

Ҳақиқатдан ҳам шундай, унинг вафоти, у ҳақидаги турли фикрлар на адибни, на «Ўткан кунлар», на «Меҳробдан чаён»ни биздан узоқлаштирмади. Аксинча, бугун Қодирий бўлишни истайдиган юзлаб зиёлиларни юзага чиқишига сабаб бўлмоқда.

 

Феруза ХАЙРУЛЛАЕВА,

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси