8 декабрь, жума куни Oyina.uz порталининг X (Twitter) саҳифасида «Бугунги ўзбек жамиятида аёлнинг чегарасини ким ёки нима белгилайди?» мавзусида чат ташкил этилди. Ҳуқуқшунослар Комила Абдуллаева, Мурод Нажмиддинов, биолог Бахтиёр Шералиевлар эксперт сифатида таклиф этилган чатга журналист Инобат Аҳатова модераторлик қилди.
Чатда билдирилган айрим фикрлардан келтириб ўтамиз.
Комила Абдуллаева: Ўзбек жамиятида чегара тушунчаси кўпчилик учун нотаниш. Болалигимизданоқ чегараларимиз уқтирилмайди, кўпчилигимизнинг бошқалар эшик тақиллатиб кирадиган шахсий хонамиз ҳам бўлмаган. Айрим ибтидоий, кераксиз одатлардан ҳалигача воз кечилмаган. Масалан бир мақолимиз бор: Бир болага етти маҳалла ота-она. Мен унинг моҳиятини тушунмайман. Балки, у ўз вақтида ижобий маънода ишлатилгандир. Ибтидоий, уруш даврларида хавфсизлик маъносида қўллангандир.
Чегараларимиз шу қадар ноаниқки, унга давлат ҳам жамият ҳам аралашаверади. Ажрим, оилавий масалаларда бу яққол кўринади.
Инсоннинг жисмоний чегараси кўпгина ривожланган давлатларда ўргатилади, тушунтирилади. Бизда бир неча йил аввал Сенат Раиси томонидан жинсий тарбия дарсларини ўқитиш хусусида гапирилганда омма томонидан танқид қилинди. Аслида жуда яхши ғояни айтган эдилар. Чегаралар тушунтирилиб, ўргатилса яширин жиноятлар камаяди, ёш болаларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш, педофилиялар вақтида айтилади, жазоланади. Шу боис шахсий чегара масаласи долзарб ва уни тушунтириш учун ечимни таълимда кўраман.
Мурод Нажмиддинов: Мен қонунчиликдаги ижобий дискриминация ҳақида гапириб ўтмоқчиман. Охирги вақтлар кўча-кўйда юрганимда бир гап қулоғимга тез-тез чалиняпти: Қонунларда аёлларимизга кўп имтиёз ва енгилликлар бериб юбордик. Аслида ҳам шунақами? Мен буни имтиёз ё енгиллик эмас мавжуд ҳуқуқларни тенглаштириш деган бўлар эдим. Бу нарсалар аёлларга эркакларга қараганда устунлик бермайди, балки улардаги мавжуд ҳуқуқларни ҳимоя қилади. Меҳнат ҳуқуқлари, ажримлар масалалари бунга яққол мисолдир.
Қачон имтиёз берилади? Бирор соҳада муаммо бўлса. Яқиндан бошлаб хотин-қизларга магистратурада ўқиш харажатлари давлат томонидан қоплаб бериляпти. Бу тартибга кўпчилик эътироз билдирди. Менимча, ҳаммамизнинг қиз бола бўлгани сабаб контрактда ўқий олмаган танишлари бўлса керак.
Менимча, аёл ва эркак ҳуқуқи чегарасини белгилашни оммага бериб бўлмайди. Буни охирги кейс, кафега кечқурун аёлларни киритмаслик масаласида ҳам кўрдик. Аксарият фуқаролар ҳатто аёллар ҳам бу маҳалда уйда ўтириш керак деган мазмунда фикрлар билдирди. Асосий чегара конституция бўлиб қолиши керак. Яъни хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидир!
Бахтиёр Шералиев: Аёлнинг чегарасини ким ёки нима белгилайди деган саволни кун тартибига чиқишига журналистимиз Инобат Аҳатова билан боғлиқ кейс ҳам сабаб бўлди. Биз бир нарсани «Шарқ нозик масала», деган ёндашувни ҳисобга олишимиз керак. Ғарбдаги ҳар қандай нарсани бизга тўғридан тўғри сингдириш, татбиқ қилиш ҳар доим ҳам ижобий натижа бермайди. Яна бир жиҳат бизда азалдан жамоавийлик жуда кучли.
Менталитет ўзгарувчан нарса, айрим стиреотипларни вақт ўтиши билан қайта кўриб чиқиш ёмон деган хулосани бўлмаслиги керак. Жамиятимизда нафақат аёлларни, балки эркакларнинг ҳам чегараси бузилиши, бировлар томонидан белгиланиши кузатилади. Айниқса, болалар ҳуқуқи амалда ишламайди, кўп бузилади.
Қонуний жиҳатдан олганда аёллар ҳуқуқи ҳимояланган, аниқ кўрсатиб ўтилган. Лекин улар амалда ишлаяптими деган савол танганинг иккинчи томони ҳисобланади.
Чатда сиёсий таҳлилчи Дониёр Рўзметов, гендер масалалар бўйича мутахассис Камола Алиевалар ҳам фаол иштирок этди.
Чатда «Аёллар учун берилган имтиёзлар зарурми?», «Ижобий дискриминация нима?», «Қонундаги норма ҳамда ижтимоий нормалар чегараси қаерда?» каби саволлар ва гендер масалалар қизғин муҳокама қилинди. Тармоқ фаоллари, фойдаланувчилар ҳам ўз фикрлари, саволлари билан иштирок этди. Чатнинг тўлиқ вариантини Oyina.uz порталининг X (Twitter) ва Youtube саҳифасида тинглашингиз мумкин.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ