Адабиёт
Туркий халқлар тарихида давлат бошқаруви билан боғлиқ сиёсий ва ҳуқуқий бирликларнинг илдизи узоқ ўтмишга эга. Бу теран илдизлар туркий давлатчилик тарихига узвий равишда боғланади. Туркий эллар тарихан юрт сўраб, давлат қуриб келган. Евроосиё тупроқларининг ўтмишида энг йирик ўнлаб давлатларни туркий улуслар бунёд этган. Шунинг учун ўрта аср манбаларида ва қўшни мусулмон элларнинг олам лисоний манзарасида “туркий тил – сиёсат ва ҳарб тили” деган тушунча бежизга шаклланмаган эди. Бу эса давлат бошқаруви юзйилликлар давомида туркий улус илгида бўлганига бир ишора. Шу боис давлатчилик тарихида сиёсий ва ҳуқуқий бирликларнинг асосий бўлаги туркий тилда яратилганининг сабаби ҳам ана шунда.
Туркологияда эски туркий тилдаги давлат бошқарувида ишлатилган сиёсий ва ҳуқуқий атамалар, уларнинг ўтмиш бошқарув институтларда қўлланув доираси, маъно-мазмуни, салтанатлардан салтанатларга ўзгариб бориши ва хос талқинлари сингари масалалар яхлит тарихий-лингвистик ҳодиса ўлароқ текширилган эмас.
Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун ўй-қарашларимизни туркий халқлар давлат бошқарувида энг фаол ва асрлар давомида қўллаган “тўру // тўра”, “яса” ва “тузук” атамалари ёрдамида тушунтирсам.
Туркий халқлар ўтмишидан сўзловчи VIII юзйилликда яратилган Урхун воҳасидан топилган ёдгорликларда боболаримизнинг давлат бошқаруви, қонун ижодкорлиги билан боғлиқ фаолияти “тўру” атамаси орқали англатилган.
Кул тегин битигидаги қуйидаги жумла эътиборни тортади: “Уза кўк тангри, асра яғиз ер қилинтуқда икин ара киси ўғли қилинмиш. Киси ўғлинта уза ачум апам Бумин қаған, Истами қаған ўлурмиш. Ўлурупан турк бўдунунг элин тўрусин тута бирмис, ити бирмис” – “Юқорида кўк осмон, пастда қўнғир ер яратилганда иккисининг орасида инсон боласи яратилган. Инсон болалари устидан ота-бобом Бумин хоқон, Истами хоқон (тахтга) ўтирган. Тахтда туриб турк халқининг давлати қонунларини амал қилдирган, тартибга келтирган (ўлурупан турк бўдунунг элин тўрусин тута бирмис, ити бирмис)”.
Матннинг бошқа бир ўрнида бу атама ҳам “сиёсий бошқарув, ҳокимият, ҳукумат” маъносида, ҳам “давлат бошқарув қонунлари” маъносида қўлланади: “Ети юз эр бўлуп элсирамис, қағансирамис бўдунуғ, кунгадмис, қуладмис будунуғ, турук тўрусин ичғинмис бўдунуғ ачим апам тўрусинча яратмис, бўшғурмис” – “Етти юз эр бўлиб, давлатини йўқотган, хоқонини йўқотган халқни, чўрига айланган, қул бўлган халқни, турк сиёсий бошқарувини бой берган халқни (турук тўрусин ичғинмис бўдунуғ) ота-боболарим қонунларича оёққа турғазибди, бошқарибди (ачим апам тўрусинча яратмис, бўшғурмис)”.
Келтирилган мисоллар таҳлили “тўру” атамаси қадимги туркий халқларнинг давлатчилиги тарихида “мамлакат бошқаруви билан боғлиқ қонунлар йиғиндиси”, тўғрироғи, кунимиздаги “давлат конституцияси” ҳамда “ҳокимият”, “сиёсий бошқарув” маъносида қўллангани ойдинлашмоқда.
Давлатчилигимиз тарихида салтанатнинг бошқарув тизими, қонунлар мажмуаси кейинги сулолаларда ҳам “тўру” атамаси ифодаланганини тасдиқловчи далиллар бор. Хусусан, қорахонийлар даврининг бош манбаси “Қутадғу билиг” асарида давлатни тутиб турувчи уч асосдан бири “тўру”, яъни “сиёсат ва қонунлар” экани алоҳида таъкидланади. Асарда бу бирлик билан боғлиқ ўнлаб мисоллар мавжуд. Чунончи, китобнинг 1897-байтида ҳукмдорлик ишини ҳукмдорлар билиши, сиёсат, қонунлар, ахлоқ, расм-русумлар улардан келаётган узвийлик экани таъкидланган:
Бу беглик ишин барча бэглар билир,
Тўру, ўнгди, қилқ, йанг улардин кэлир.
Давлатчилик тарихининг кейинги босқичларидан бири – чингизхонлар даврида давлат бошқарувининг қонунлари сифатида “тўру” бирлигининг ишлатилиш доираси қисқарганини кўриш мумкин. Бу кезда “яса” атамаси муомалага киритилди. Улар илгидаги давлатларда бошқарув “яса” асосида олиб борилди ва ясадан давлатнинг асосий қонунлари ўлароқ фойдаланилди.
Темурийлар салтанати давлат бошқарувининг бош қонунлари англамида tüzük атамасининг қўлланилув доираси ва мазмун-моҳияти кенгайган давр ўлароқ тарихда муҳрланган. Бунинг исботини буюк саркарда ва юрт эгасининг тузукларидаги маълумотлардан, ўша замон тарихчиларининг Темур ва темурийлар фаолиятига бағишланган асарларидан топамиз.
“Темур тузуклари” асарида “тузук” атамасининг моҳиятини белгиловчи шундай сўзлар бор: “Салтанатни бошқаришимда учраган ҳар қандай воқеа ва ишни тўра ва тузук асосида адо этдим”. Султон Темурбек қурган давлатнинг бошқарув тизимини ўрганишда бош манба ўрнида турувчи асарда ушбу қайдлар юрт эгасининг ўз тилидан айтилмоқда. Асарни ўқишда давом этамиз: “Дину шариат ишлари тузукини тартибга келтирганимдан кейин, салтанатим корхонасининг тузукини тузишга киришдим”. Асардан олинган ушбу икки узунди мазмунидан ҳам Темурбек салтанат бошқарувида “тўра” ва “тузук”ка асослангани ойдинлашмоқда. Мана шу ўринда “тўра” ва “тузук” бирликлари мисолида туркий сулолалар давлат бошқарувида асрлар давомида узликсизлик давом этганини кўриш мумкин.
Аслида ҳокимиятни идора қилиш Темур ва темурийлар сулоласидан бўлган ҳукмдорлар қўлига ўтиши билан маданий ва ижтимоий ҳаётда яна жонланиш, ривожланиш бошланди. Ҳокимиятни мустаҳкамлаш, қўлга киритилган ютуқларни сақлаб қолиш, келажак тараққиёт учун йўл-йўриқлар кўрсатиш, давлат сиёсий-ижтимоий тузумининг усулларини белгилаш, турли ижтимоий табақаларнинг вазифасини тайинлаш, давлат бошқарувининг низом-қоидаларини кўрсатиб бериш кун тартибидаги масалага айланди.
Айни масалани ҳал этиш учун Соҳибқирон Темурбек эски туркий бошқарув анъаналарига содиқ қолган ҳолда, давлатни идора қилиш усулини, сиёсатини, қонун-қоидаларни, расму одатларини, ахлоқ меъёрларини мужассамлаштирган низомнома сифатида тузуклардан иборат қонунлар мажмуасини яратди. Тузуклар олдига қўйилган талаб жуда муҳим эди. Унда юзага келган янгиликлар, уларни мустаҳкамлаш, идора қилиш усуллари, оддий фуқародан (“эл киши” – Соҳибқирон Темурбек таъбири) тортиб олий мансаб беклар ва амирлар феъл-атвори қандай бўлиши лозимлиги, давлат қурилиши, иқтисод ва хўжалик, маърифат ва ободончилик, давлатни мустаҳкамлаш, умуман, сиёсий-ижтимоий, иқтисодий, моддий-маданий, ахлоқий-тарбиявий сингари масалаларга ўша давр талаби нуқтаи назаридан йўл-йўриқлар кўрсатиш, жавоб бериш керак эди.
Султон Темурбек янги давр, янги босқичнинг қонуншунос ва мафкурачиси сифатида мана шу масалаларга жавоб берди. Бу давр қонунчилик ва давлат бошқаруви тизимида ҳам янги босқич саналади. Ҳокимиятда, мафкурада, маданиятда, маънавиятда, дунёқарашда янги ўзан очилди. Ана шуларнинг бари тузукларда акс этди ва қонунчилик тараққиётида ўтмиш туркий давлатлар қонунчилигидан улгу олган, тузукларга асосланган бошқарув тизимининг янги, ўзига хос даври бошланди. Ясага асосланган эски қонунчилик ўз ўрнини тузукларга бўшатиб берди.
Чингизий сулолалар давлат қонунларини англатган “яса” темурийлар даврида ҳам қўлланган. Бироқ истифода теграси торайган, кўпроқ “жиноят кодекси” англамида ишлатилган. Бунинг далилини ҳам тузукларнинг ўзидан топамиз: “Ўғрилар хусусида буюрдимки, улар қаерда бўлмасин, тутиб олинса, яса бўйича жазолансин. Кимки бировнинг молини зўрлик билан тортиб олган бўлса, мазлумнинг молини золимдан қайтариб олиб, эгасига топширсин”. Ёки “Амр этдимки, “ўғри ва қароқчиларни” “яса” асосида жазоласинлар”. Далиллар таҳлилидан “яса” асосан жиноий жазолар кодекси вазифасини бажаргани кўринмоқда.
Давлатчилигимиз тарихида қонунлар мажмуаси маъносида ишлатилган ҳуқуқий атама “тўру”=“тўра”, “яса” билан бир қаторда, темурийлар бошқарув тизимида давлатнинг бош қонунлари англами “тузук” атамаси семантикасига юкланди. Бу тўғрида Соҳибқироннинг ўзи қуйидагиларни ёзади: “...Салтанат қуриш ва давлат тутиш бобида ўзим қўллаган ишларни бир неча тузукка боғладим ва салтанатни бошқариш ҳақида қўлланма ёзиб қолдирдим...”. Амир Темур салтанат бошқаруви ҳақида баҳс очиб, низом – қоидалар тизимини яратди. Шу жиҳатдан Темурбекнинг тузукларини ХIV–ХV аср Турон давлатининг конституцияси дейиш ўринлидир.
Яна бир муҳим қиррани айрича қайд этиш ўринли бўлади. Кўпинча давлат бошқаруви билан боғлиқ атамаларда жамиятнинг мафкураси, дунёқараши, тил вазияти акс этади. Вақт ўтиши билан муайян салтанатлар бошқарувида қўлланган бирликлар сақланиб қолиши мумкин. Бироқ уларнинг талқини давр ва жамият кўзқарашларини ўзгартиб боргани сингари ўзгариб боради. Бу ҳуқуқий ва сиёсий атамаларнинг мазмуни ҳамда талқинига таъсир этмасдан қолмайди. Чунки янги мафкура, янги бошқарув услуби янги талқинларни талаб этади. Шу жиҳатдан ҳокимиятни идора қилиш бошқа сулолалар қўлига ўтиши билан ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун бошқарув қонунлари, девонхона ва иш-юритиш масалаларига айрича эътибор қаратилади. Давлат бошқарув тизимида қўлланган атамалар талқини ҳам ўзгариб боради.
Эътибор қилинса, бошқарув билан боғлиқ матнларда сиёсий, ҳуқуқий бирликларни қўллашда катта аҳамият берилган. Давлат институтларига тегишли ёзмаларнинг мазмуни, сўз ва атаманинг танланишига девон-маҳкама тизимида шу соҳа билан шуғулланувчи мансабдорлар “битигчи”, “алимға” ва “ёзғучи” масъул ҳисобланган. Матнлар уларнинг қўлидан ўтган.
Кези келганда масаланинг яна бир жиҳатига эътибор қаратиш керак. Ўтмишда кундалик сўзлашувда ишлатиладиган айрим лексик бирлик ва бирикмалар бошқарув билан боғлиқ дискурсга ўтганда атамалик хусусиятини ҳам бажарган. Бу билан одатий сўзнинг давлат бошқаруви дискурсидаги янги умри бошланган. Шу боис давлат бошқарувига тегишли матнларни тадқиқ этганда у ерда қўлланган бирликларни одатдаги маънода талқин қилиш тўғри бўлмайди. Аксинча, уларга сиёсий, ҳуқуқий атама сифатида маъно юклаш тўғри бўлади.
Қуйида келтирилган жадвалдаги мисоллар буни тасдиқлайди:
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, давлат бошқаруви билан боғлиқ сиёсий ва ҳуқуқий бирликлар ўрта асрлардаги кўринишига етгунга қадар бир қанча лингвистик такомил босқични ўтаган. Давлатчилик тарихида кечган сиёсий, тарихий ва лингвистик жараёнлар туркча сиёсий ва ҳуқуқий атамаларнинг тўла-тўкис, мукаммал бир қолипда шаклланувига кенг йўл очиб берган.
Асосийси, туркий тилдаги давлат бошқарувига тегишли бирликлар энг қадимги даврлардан бошлаб турк хоқонлигигача ва ундан кейин бунёд бўлган давлатларда қўлланган ҳолда салтанатдан салтанатга узвийлик касб этиб, шакл, тузилиш ва мазмун-моҳияти билан мукаммаллашиб борган. Муҳими, ота-боболаримиздан қолган қадим ёзмалардаги ҳуқуқий ва сиёсий атамалар тўлиқ шаклланиб ва тугал кўринишни қабул қилгани билан характерланади. Бу масалада ўтмиш боболаримиз тўғри йўлдан юрган.
Қудратулла ОМОНОВ,
Тошкент давлат шарқшунослик университети
биринчи проректори, филология фанлари доктори, профессор
Oyina.uz'ни Телеграмни кузатинг!
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ