“Цезарга қараганда у севишга арзигуликдир” – инглиз тарихчиси рассом, бастакор, доришунос ҳукмдор ҳақида


Сақлаш
16:12 / 06.12.2023 324 0

Дунё тарихида катта империяни тузиб, уни адолат билан бошқариш мумкинлигини кўрсатолган, авлодини ўзи бошлаган ишни давом эттиришга муносиб қилиб тарбиялаган Заҳириддин Муҳаммад Бобур туркийларнинг катта тарихдаги ўрни мустаҳкамланишига муҳим ҳисса қўшган улуғ сиймолардан.

 

Ҳиндистоннинг катта сиёсий арбоби Жавоҳарлаъл Неру “Жаҳон тарихига назар” номли машҳур асарида Ҳиндистон тарихининг XVI асрда кечган воқеаларини сарҳисоб қилар экан, Бобур ва бобурийларга алоҳида баҳо беради. Нерунинг ёзишича, бу Буюк мўғуллар империясининг (Европада Бобурга нисбатан “Буюк мўғул” деган янглиш қараш натижасида баъзи манбаларда шундай таъриф берилади – К.М.) довруғи бутун Европага тарқалган қудрат ва шон-шуҳрат даври эди. Бобур ўзигача ўтган ҳукмдорларнинг энг маърифатпарвари ва энг дилбаридир. “Италияда ва умуман Европада Уйғониш даврида адабиёт ва санъатни севган авантюрист подшолар кўп ўтган, – деб ёзади Жавоҳарлаъл Неру. – Аммо улар принципсиз, иғвога мойил ҳукмронлар эди, душманларига қарши курашда заҳар солинган қадаҳ ва ханжар ишлатувчи мустабидлар эди. Рицар табиатли Бобурни бу ҳокимча султонлар қаторига қўшиш ҳақиқатга зид бўлур эди”. Нерунинг ушбу фикрлари Бобурнинг ҳинд халқи тарихи, бой урф-одатларига ўта ҳурмат билан қараганини яна бир бор ёдга солади.

 

Жавоҳарлаъл Неру Бобурнинг Ҳиндистонда бор-йўғи тўрт йил ҳукмронлик қилгани, Ҳиндистонни охиригача ўрганиб улгурмаганини айтар экан, буни “Бобурнома”да муаллифнинг Ҳиндистонга берган дастлабки таърифи ва у билан танишгандан кейинги баҳоси билан асослайди. Чиндан Бобур кам яшади, аммо шу қисқа вақт ичида Ҳиндистон билан, халқининг моддий ва маънавий ҳаёти билан яқиндан танишишга улгурди. Кўп ишларни амалга оширолди, аммо қолганларига вақт керак эди. Бевафо умр эса бунга имкон бермади. Бобурнинг ишларини унинг авлодлари давом эттирди. Уларнинг ишларига Бобурнинг васиятлари кўмак берди. Бобурнинг кейинги йиллари топилган махфий васиятномасида бутун эътиборни султонликни мустаҳкам тутишга қаратиш ҳақида сўз боради: ...Эй фарзандим, Ҳиндистон мамлакати турли мазҳаблардан маъмур бўлган. Аллоҳ таоло сизга буни каромат этди. Сиз мазҳабларни ёмон кўришдан дилингизни пок тутинг. Ҳар мазҳабнинг тариқасига (йўлига) адолат қилинг. Хусусан, Ҳиндистоннинг қалбини қўлга киритаман десангиз, сигир сўймоқдан ўзингизни тийинг. Бу яхшилигингиз эвазига шу вилоят халқининг қалби сизга яқин бўлади. Қўлингиз остидаги ҳар қавмнинг ибодатгоҳларини ва муқаддас жойларини хароб этманг. Шундай одилликни ихтиёр қилингки, подишоҳ раъиятдан ва раъият подишоҳдан осуда бўлсин. Исломнинг тараққиёти эҳсон қиличидан яхшироқ бўлади, зулм тиғидан эмас. Сунний ва шиа ўртасидаги жанжаллардан кўзингизни юминг. Агар бундан кўз юммасангиз, ислом заифлашиши мумкин. Раъиятдаги турли қалбларни арбааи аносир (тўрт унсур) билан маҳкам тутинг. Салтанатнинг жисми турли маразлардан тинч бўлсин. Подишоҳлик ишларини пухта қилиш учун ҳазрат Амир Темур соҳибқироннинг ишларини кўз олдингизда тутинг...”.

 

Бобур дунёдаги ҳукмдорларга ўрнак бўладиган, дунё олимлари ҳавас қиладиган умрни яшаб ўтди. У олиб борган жанглардан сўнг ўлимнинг, қулликнинг азоб-уқубати эмас, балки яратишнинг, юксалишнинг нафаси уфуриб турди. Бобур қаерга бормасин, қайси юртни қўлга киритмасин, у ерни ўз ватанидек севолди – обод қилди, халқи учун фаровонликни истади ва шу йўлда курашди. Унинг шахс сифатидаги мукаммал қиёфаси ҳар бир аъмолида намоён эди. Буларнинг бизга етиб келишида эса “Бобурнома”дек улкан манбанинг ўрни беқиёс. Кўпинча эсдаликлар, хотиралар деб номлайдиганимиз “Бобурнома”ни синчиклаб ўргансак, унда жуда катта илмий иқтидор эгасининг кузатишлари, мулоҳазалари ва хулосаларини кўрамиз.

 

Агар Бобурнинг фаолиятига назар ташласак, у ўн бир-ўн икки ёшларида отга минди ва умрининг охиригача ундан тушмади – умри жангу жадалларда ўтди. Бобурнинг шахс сифатидаги қиёфаси, ҳарбий юришлари, давлатчилик сиёсатидаги муваффақиятлари ҳамда “Бобурнома”даги кўплаб маълумотлар Бобурнинг феноменал қобилият соҳиби эканлигини кўрсатади. Унинг мухлисларида бот-бот пайдо бўладиган “Бобур қачон ўқиб-ўрганди, қачон бундай шоир бўлиб улгурди, “Бобурнома”даги бундай мафтункорлик қаердан?” каби саволларнинг баъзиларига шу асарнинг ўзидан жавоб топилса, қолганларининг ҳаммаси ундаги феноменал қобилият билан боғлиқ деган хулосага келиш мумкин. Аммо Аллоҳ берган бундай қобилиятни асраб қолиш, ўстириш, камолотга етказиш шахснинг иши – фақат унинг ўзига боғлиқ. Шу маънода, Бобур дунёга келиб, ўз миссиясини тўғри англаган ва аниқ белгилаб олган инсонлардан биридир. “Бобурнома”нинг мукаммал нусхаларидан бирини кўчирган котиб Бобурнинг яхшиликлари ҳақида гапириб, уларни ёзиб тугатиш маҳол эканлигини таъкидлар экан, бу инсонда мужассам бўлган саккиз сифатни санайди, булар: ҳамиша юксак муваффақиятларга эришиши, ҳиммати баланд инсон эканлиги, вилоят олиш, вилоят сақлашдаги устунлиги, ободончиликка – фаровон турмушга интилиши, Тангри таоло бандаларига турмуш кенгчилигини исташи, лашкарнинг кўнглини ола билиши ва адолатпешалигидир.

 

Дунё олимларининг Бобурга эҳтироми, унга бераётган баҳоси заминида мана шу фазилатларнинг мужассамлигини кўрамиз. Бугун бизнинг бу зотни улуғлашимиз, унга муҳаббатимиз унинг айни шу фазилатлари туфайли деб айта оламиз. Инглиз тарихчиси Эдуард Ҳолден бу борада шундай деган эди: “...Бобур феъли-сажиясига кўра Цезарга қараганда севишга арзигуликдир. Унинг манглайига юксак фазилатли инсон деб битиб қўйилган”.

 

Бобур шахсининг мукаммаллиги ва бу инсонга муҳаббатнинг илдизлари мана шу сифатларнинг тажассумида бўлса ажаб эмас. Шарқшунос олим Александр Самойлович бу зот олдида фақат унинг ворислари – ўзбек шарқшунослари эмас, балки дунё олимларининг бурчдорлиги ҳақида йигирманчи асрнинг бошларида шундай ёзган эди: “Европада “буюк мўғул” деб аташ расм бўлган, ҳақиқатда эса “буюк турк” деб атайдиганимиз “Ўрта Осиёлик Юлий Цезар” – Ҳиндистон императори Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг асарларини нашр этиш, таржима қилиш ва ўрганиш инглиз ва рус шарқшунослари учун бурч, шараф ва саодатдир”. Бу Бобурга, унинг ижодига дунё олимларининг муносабатини ҳаққоний ифодалаган фикр эди.

 

Аммо Бобурни ўрганиш анча олдинроқ бошланган.

 

Бобур шахсига қизиқиш, унинг асарларини ўрганиш инглизларнинг Ҳиндистондаги фаолияти билан чамбарчас боғлиқ. Ҳиндистонга келган инглизлар Бобур муваффақиятлари, бобурийлар амалга оширган улкан ишларнинг асослари билан албатта қизиқишган. Дипломатлар, тарихчилар, шарқшунослар бу ердаги манбаларни ўрганиш асносида Бобур асарларига ҳам дуч келган. “Бобурнома”, Бобур девони, “Аруз рисоласи”, “Рисолаи волидийа”, “Мубаййин” асарлари, айниқса “Бобурнома” барчанинг эътиборини тортган. Кейинчалик, Неру эътироф этганидек, Бобурнинг ғалабасини нафақат Деҳли султонлигининг заифлиги, балки унинг ўша даврда Ҳиндистонда маълум бўлмаган янги, такомиллаштирилган артиллерияга эга бўлгани билан ҳам изоҳлаганлар.

 

Улар энди дунё аҳлини Бобур шахси билан танитишга, “Бобурнома”дан олган завқини дунёдаги бошқа кишилар билан баҳам кўришга интилардилар. Чунки бу битикдаги маълумотлар, туйғуларни бир кишининг ўз юрагида сақлаб туриши қийин. Дунёнинг кемтиклигини тўлдиришга уриниб яшаётган ҳар қандай зиёли Бобур шахси билан, унинг асарида битилганлардан топгани – ҳайратларини ўзгаларга улашиш билан завқ оладиган бир давр бошланганди гўё. Айниқса, “Бобурнома” таржималари асносида дунёнинг катта қисми Бобур билан таниша бошлади. Бобур билан бирга унинг авлодлари ҳаёт тарзи, фаолияти, асарларини узвий тадқиқ этиш йўлига ўтилди. Жумладан, “Бобурнома”ни ўрганганларнинг кўпчилиги “Ҳумоюннома” (Гулбаданбегим) ва “Акбарнома”ни (Абулфазл Алломий) ҳам ўрганардилар. Бу асарлар ҳам “Бобурнома” каби бошқа тилларга, жумладан, инглиз тилига таржима қилинган. Бобурийлар империяси ҳақида сўз кетганда, албатта, Ҳумоюн, Акбар, Жаҳонгир, Шоҳжаҳон, Аврангзеб номлари ва уларнинг ишлари тилга олинади.

 

Бобурнома туркий тил ва форсий тилдан европа тилларига таржима қилинди. Асар илк бор Бобурнинг замондоши Шайх Зайн томонидан форсийга ўгирилган. Албатта, мазкур таржима мукаммал эмас. Унда таржимон ишга эркин ёндашиб, асардаги муайян даврнигина (932–933/1525­­-1526 йил воқеаларини) таржима қилган. Ушбу таржима асар нусхаларининг Британия музейида (улардан бирини биз билган тарихчи Хондамирнинг набираси кўчирган), Париж миллий кутубхонасида сақланиши, европалик шарқшуносларнинг каталогларидан жой олиши Бобур номи ва у битган асарларнинг бундан бир неча аср олдин дунё кеза бошлаганини, ўз мухлисларини топганини кўрсатади. “Бобурнома” ана шу илк таржимадан бошлаб дунёга танилди. Албатта, Бобур бу асарини кўчиртириб, ўз яқинларига жўнатгани ҳақида ҳам маълумотлар қолдирган. Лекин бу форсий таржима ана шу пайтлари зиёлилар кўп баҳраманд бўлган тилда асарнинг умрини узайтиришни бошлаб берган эди. Кейинчалик “Бобурнома” яна таржима қилинди. Айниқса, Акбаршоҳ даврида Мирза Абдураҳим ибн Байрамхоннинг форсийга ўгирган (1589) анча мукаммал нусхаси асарнинг инглиз (1826 йили Уилям Эрскин) ва немис (1928 йили Амадеус Кайзер) тилларига таржима қилиниши учун манба бўлиб хизмат қилди (бошқа инглиз олимлари томонидан қисқартирилган таржималар ҳам шу манба асосида бажарилган).

 

Аммо “Бобурнома”ни аслиятдан таржима қилган инглиз олимлари ҳам борки, улар ўз таржимасида ёки Бобур ҳақида ёзганларида бу шахсга, унинг авлодига бўлган муҳаббатини яширмайди. Жумладан, Ҳиндистонга эри – шарқшунос-тарихчи ва таржимон Ҳенри Бевериж билан бирга келган Аннет Сюзанна Бевериж хоним дастлаб бу ерда таълим-тарбия ишлари билан шуғулланади. Бобур ва бобурийларга қизиқиши унинг туркий (эски ўзбек тили) ва форсий тилларни ўрганишга иштиёқини ошириб, хонимга илҳом беради. Бевериж хоним дастлаб Гулбаданбегимнинг “Ҳумоюннома” асарини (форсийдан) инглиз тилига ўгиради ва Англияда 1902 йили чоп эттиради. Унинг эри Ҳенри Бевериж эса худди шу йили “Акбарнома”ни инглиз тилига таржима қилган, Бевериж хонимга эса туркий тилни яхши билгани учун “Бобурнома”нинг Ҳайдарободдаги нусхасини топиб, таржима қилиш учун топширган эди.

 

Узоқ йиллик машаққат эвазига дунё юзини кўрган бу таржима асар – инглиз тилидаги “Бобурнома” “Бобурга бағишланади” деб бошланган сўзлар билан 1921 йили нашр қилинади. Инглиззабон мухлислар Бобурномани ундан кейин ҳам кўп бор таржима қилишган. Уларнинг барчасига хос муҳим хусусият Бобурга ва унинг авлодига бўлган муҳаббат эди. Бобурнинг шоҳ ва шоир сифатидаги қиёфаси айниқса кўпчиликни ўзига ром қилган. Бу – бир-бири билан уйғунлашиши қийин бўлган фазилатларнинг бир инсондаги тажассуми уларнинг тасаввурида янги бир дунёни вужудга келтирган эди. Айни шу жиҳат энди таржималар орқали Бобурни таниган, унинг дунёсини тасаввур қила бошлаган ва буларни ўзининг қалб призмасидан ўтказган ижодкорларнинг асарларида намоён бўла бошлади. Улардан бири инглиз адиби Флора Анна Стил қаламига мансуб “Жаҳонгашта ҳукмдор” (“Кing-Еrrant”) асаридир.

 

Асар муаллифи Флора Анна Стилнинг фаолияти ҳам Бевериж хонимникига ўхшаб кетади. Англияда туғилиб вояга етган Флора 1867 йили Ҳиндистондаги Буюк Британия қироллиги фуқаролик хизмати аъзосига турмушга чиқиб, ҳаётининг кейинги йигирма йилини Ҳиндистонда, Панжобда ўтказади. Шу боис унинг асарлари асосан Ҳиндистон ва унинг тарихи ҳақида. У ҳинд тилини мукаммал ўрганиб олади. Эрининг соғлиғи ёмонлашиши сабабли Стил хоним унинг кўпгина мажбуриятларини зиммасига олишига тўғри келади. Маҳаллий мактабларни назорат қилиб, Ҳиндистонда таълим даражаси ошишига ўз ҳиссасини қўшади. Унинг бу соҳадаги фаолияти ва ҳиндистонлик аёлларнинг билимини оширишга бўлган эътибори уни маҳаллий халққа яқинлаштиради ҳамда уларнинг маданияти ва турмуш тарзини батафсил ўрганишига имкон беради.

 

1889 йили Стил хоним оиласи билан Буюк Британияга қайтади ва умрининг охиригача (1929 йил) ўша ерда ўз фаолиятини давом эттиради.

 

“Жаҳонгашта ҳукмдор” асарини Флора Анна Стил умрининг сўнгги йилларида ёзган. У Бобурнинг ҳаёти, унинг асарлари, хусусан, “Бобурнома” ва “Ҳумоюннома”дан таъсирланиб ёзилган реалистик бадиий асардир.

 

У асарида Бобурни нозик қалбли, таъсирчан инсон, бетакрор ижодкор, гўзал хаёлот соҳиби, шу билан бирга буюк давлат асосчиси ва қудратли ҳукмдор сифатида тасвирлаб бера олган.

 

Муаллиф ўз асарига битган сўзбошида қуйидагича ёзади:

 

Мазкур китоб роман ҳам, тарихий асар ҳам эмас. Бу асар бир инсоннинг ўзи ёзиб қолдирган хотираларидан олинган умр саҳифаларидир.

 

Чилангар, тикувчи, жангчи, денгизчи, олийжаноб инсон, доришунос, деҳқон.... Бу каби таърифларни беҳисоб давом эттириш мумкин.

 

Бу асар қаҳрамони ўзида шу каби кўплаб хислатларни мужассам этган. Зеро, Бобур номи билан танилган Заҳириддин Муҳаммад – Ҳиндистон ҳукмдори, биз янглиш “Буюк мўғуллар” деб атайдиган сулоланинг асосчиси – бир вақтнинг ўзида шоир, рассом, жангчи, олийжаноб инсон, бастакор, қаландар ва ҳукмдордир.

 

У XV асрнинг охири ва XVI асрнинг бошларида ҳеч қайси инсон бошидан кечирмаган саргузаштларга бой умрни яшаб ўтди ва кечинмаларини қоғозга тушириб борди.

 

Мен мана шу ёзувларнинг ҳар бир сатрини қайта-қайта ўрганиб, баъзан ўзим лозим кўрган тафсилотларни киритиб, ўзининг фазилатлари-ю камчиликлари, муваффақиятлари-ю мағлубиятларини очиқ-ойдин ва шу билан бирга тенгсиз юмор ва ғурур ҳисси билан ёзиб борган ёқимли, кўп қиррали ва таъсирчан кўнгил соҳиби қиёфасини бекаму кўст очиб беришга ҳаракат қилдим...”.

 

Муаллиф Бобурнинг руҳий оламини, қалбида кечаётган кечинмаларни тасвирлашга ҳаракат қилади. Натижада дилкаш бир асарнинг дунёга келишига муваффақ бўлади. Асарнинг жанри ҳақида сўз кетганда, муаллифнинг ўзи айтганидек, унинг қайси жанрга мансублиги ҳақида ҳам аниқ хулосага келиш қийин. Тасвирланаётган воқеалар кўлами, қаҳрамонлар ва персонажларнинг адади, олиб чиқилаётган масалалар асарнинг саргузашт қиссадан каттароқ эканлигини кўрсатади. Ёзганларининг назарий томонларига парво ҳам қилмаган бу муаллифнинг юраги Бобур шахси, у тасвирлаган улкан бир оламнинг асири эди. Бобурнинг муҳаббати ҳақида ёзар экан, у хаёлига, тасаввурига эрк беради, ҳатто англаб турса-да, ўзи ўйлаб топган бадиий тўқималардан воз кечолмайди ва сўзбошида шундай ёзади: “Биллур коса воқеаси ва Бобур ҳаётининг сўнгида Моҳим исмли аёлга уйланиши бадиий тўқима мевасидир. Мен бу воқеаларни асарга киритишни Бобур ва унинг амакиваччаси Маъсума ўртасида бўлиб ўтган, минг афсуски, қисқа давом этган ишқий муносабатларнинг шубҳасиз меваси сифатида кўрсатмоқчи бўлдим. Чунки Бобур авваламбор жуда меҳрибон инсон бўлган. Ишонаманки, менинг хаёлотим қаҳрамоним ҳаётининг умумий мазмунига тўғри келади. Агар тўғри келмаса, ишончим комил, у мени кечиради. Чунки у ҳаёти давомида шунчалик кўп нарсаларни (ишларни) кечирганки, ҳаётидан сўнг ҳам ўзининг ашаддий мухлисига гина сақламайди...”.

 

Инглиз тилида ва бошқа европа тилларида Бобур ҳақида жуда кўп асарлар яратилган. Уларнинг муайян қисми бадиий асарлар. Шунингдек, илмий, оммабоп асарлар ҳам талайгина. Уларнинг бир қанчаси бугун ўзбек китобхонларига етиб борган.

 

Шарқ адабиёти ва санъати, хусусан, бобурийлар фаолиятига ҳам алоҳида меҳр билан ёндашган, уни чуқур ўрганган олимлардан яна бири Анна Мария Шиммелдир. Шиммел хоним Шарқ адабиётини ирфон билан боғлаб текширар экан, “Буюк мўғул империяси: тарих, санъат ва маданият” асарида Бобурнинг ҳаёт йўлини ислом ва унинг ғоялари билан боғлаб ўрганади. Бобур ва авлодларининг жаҳон тамаддунидаги хизматларига назар ташлагани ҳолда шахсий сифатларини улуғлайди.

 

Умуман, дунё олимларининг Бобурга, бобурийларга эътибор қаратишига сабаб бўлган омиллар жуда кўп. Хусусан, Бобурнинг Ҳумоюнга жонфидолиги улар орасида муҳим ўрин тутади. Ва бу олийжанобликнинг юксак нуқтаси сифатида баҳоланади. Чунки айни шу ҳодиса Бобурнинг бору йўғини – бутун борлиғини рост намоён этган ҳодиса эди. “Бобурнома”да баён қилинган воқеалар ортида турган муаллиф – Бобур шахси шу тарзда ўзгалар қалбига кириб бораверади. Дунё бобуршунослари айнан “Бобурнома” учун – унда ўз ифодасини топган катта тарих учун Бобурдан ҳамиша миннатдор. Тарих Бобур ва бобурийлар қурдирган катта-катта меъморий обидаларнинг гувоҳи. Уларнинг катта қисми туркийларнинг тарихий миссиясини бўй-басти билан кўрсатиб турибди.

 

Анна Мария Шиммел асарига ёзилган сўзбошида жумладан шундай дейилган: “Мўғул империяси Ҳиндистон тарихидаги энг қудратли ислом империяси эди ва у асрлар давомида Ғарбнинг хаёлида тасаввур қилиб бўлмайдиган даражадаги хазиналар мўъжизаси сифатида яшаб келарди. Тожмаҳалнинг ҳайратланарли гўзаллиги бунинг энг ёрқин рамзидир. Бундай гўзал маданий тарих ғарбликларнинг бу мамлакат ҳақидаги экзотик ва сирли тасаввурларини сочиб юборди, лекин уларнинг маданий ва бадиий ютуқларига тарихий ҳақиқатнинг совуқ нуридан қаралса ҳам ҳайратланарли жиҳатлари кам эмас”. Бобур барпо эттирган иншоотлар, хусусан, у кўтарган масжидларнинг бугунгача сақланиб қолган “Қобулий боғ”, “Самбҳал” ва “Аёдҳия” масжидлари, бобурийлар томонидан кўтарилган кўплаб иншоотлар, шу жумладан, Тожмаҳал бугун барчанинг эътиборида.

 

Бобур фаолиятининг турли қирралари кўплаб олимлар, тадқиқотчиларни узоқ вақтлардан буён ўзига жалб этиб келмоқда. “Бобурнома”да кўтарилган масалалар кўлами каби унга бағишланган тадқиқотлар доираси ҳам кенг. Адабиётшунослик, тилшунослик, тарих, этнография, аграр, ҳарбий ва яна ўнлаб соҳа мутахассислари “Бобурнома”ни жаҳон тамаддуни тараққиёти билан боғлаб ўрганадилар. Жумладан, кўпчиликни мафтун этган, «Бобурнома»да меҳр билан тасвирланган Бобур боғларини ҳинд олими доктор Моҳендра Рандҳава “Асрлар оша яшаб келаётган боғлар” асарида махсус ўрганади. Бобурнинг Кобулда барпо этган боғлари, Ҳиндистондаги боғлари, бобурийлар барпо этган боғлар олим учун энг севимли мавзулардан эди. Моҳендра Рандҳава бу асарида инсоният маданияти тараққиёти тарихида боғдорчилик ва гулчиликнинг ўрни юзасидан изланишлар олиб борар экан, унинг махсус бобини “Бобур боғлари” деб номлайди. Ислом маданиятининг Ҳиндистон маданий ҳаёти бойишига таъсири ҳақида сўзлаб, жумладан, боғдорчилик ва гулчилик ҳақида “Ҳиндистонга мўғуллар келгунига қадар (Бобур ва унинг авлодлари назарда тутилмоқда) боғдорчилик санъати тарихи мутлақо мавжуд эмас эди. 1504 йили Кобулни эгаллаган Бобур ўзининг севимли машғулоти – боғлар барпо қилишга берилди” дейди. “Боғи шаҳроро”, “Боғи жаҳоноро”, “Чорбоғ”, “Ўртабоғ”, “Боғи вафо”, “Боғи моҳтоб”, “Боғи оҳухона” ва “Боғи Бобур” деб номланган ўнлаб боғларнинг барпо этилишини муаллиф “Бобурнома”даги тафсилотлар билан тушунтириб беради – бу боғларни барпо этиш жараёнидаги қизғин ишлар ҳақида ёзади. Бобурнинг Ҳиндистондаги ғалабаси – Панипат жангидан кейин мана шу Панипатнинг ўзида боғ барпо этишни буюриши унинг ободончилик соҳасидаги фаолиятини ва албатта, маънавий қиёфасини намоён қилишини таъкидлайди. Чиндан, Бобурнинг халқни бундай яратувчилик ишларига сафарбар қилиш тактикаси, неча асрларки, инсониятни руҳлантириб келади.

 

Ҳиндистон табиатини, айниқса ундаги сув иншооотлари ва суғориш ишлари билан боғлиқ масалаларни яхши билгани боис олим бу масалада Бобурнинг катта меҳнатини меҳр билан эслайди.

 

Бу масалада В.Н.Морленднинг Мусулмон Ҳиндистонининг аграр тизими китоби эътиборни тортади. Муаллиф Ҳиндистоннинг қишлоқ хўжалиги ва суғориш иншоотлари ҳақида сўз юритар экан, Бобурнинг бу соҳани тараққий эттиришдаги хизматлари ҳақида гапириб, унинг Шарқдаги ўзга юртларни эгаллашга муваффақ бўлган ҳукмдорлар орасида инсонпарварлиги билан ажралиб туришини таъкидлайди: “Одамлар унинг бошқа масалалардаги ишлари ҳақида нима деб ўйлашларидан қатъи назар, биз катта қалб эгаси бўлган очиқкўнгил бу улуғ зотга чуқур инсоний меҳр билан қараймиз”.

 

Бобур асарларини тадқиқ этиш, илмий муомалага олиб кириш рус бобуршунослигида ҳам энг асосий масалалардан саналган. Бобурни ўрганиш 1857 йили Николай Илминскийнинг саъй-ҳаракатлари билан бошланган бўлса, кейинчалик Бобур асарларини ўрганиш рус шарқшуносларининг энг муҳим ва севимли ишига айланди. Унинг асарларини нашр этиш, таржима қилиш ва ўрганишни инглиз ва рус шарқшунослари учун бурч, шараф ва саодат деб билган Александр Самойлович шоирнинг “Мажмуаи ашъори Бобур подшоҳ” деб номланган шеърий китобини нашр қилади ва уларнинг рус тилидаги таржимасини тақдим этади. “Мен Мажнунман, Туркистон – мен учун Лайло” деб ўзига таъриф берган бу шарқшунос олимнинг Бобур ижодини тадқиқ этишдаги ўрни муҳим. Бобур ижодини тилшунослик нуқтаи назаридан ўрганган олим Галина Благова “Бобурнома”нинг Россияда ўрганилиши тарихига доир” (1990) мақоласида Бобур ижодини ўрганган олимлар ишларини тадқиқ этади. 1950-йилларда Михаил Салйе томонидан рус тилига таржима қилинган “Бобурнома” бугун кўпчиликнинг севимли асарига айланган.

 

Иккинчи жаҳон уруши йиллари Самарқандда яшаган ва шу ернинг мактабларида таълим олган ва кейинчалик ўз юртида таҳсилини давом эттириб, олимлик рутбасига етишган Ия Стеблева эса “Мен Бобурни, унинг шеъриятини ҳеч қачон тарк этмаганман. Мен Бобур билан хаёлан доимий ҳамроҳман. Мен доим Бобур билан биргаман. Биз у билан дўстмиз. У мени доим қўллаб-қувватлаб туради” дейди.

 

Чиндан, Бобур шахси, бадиий тафаккури ва маҳорати, унинг ирфоний, адабий-эстетик қарашларини яхлит тасаввур этишга имкон берадиган манбалар – Бобурнинг ўз асарлари. Уларни тадқиқ ва тарғиб қилиш учун ўзбек олимларига ҳам имкониятдан самарали фойдаланиши керак.

 

Каромат МУЛЛАХЎЖАЕВА

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2023 йил 3-сон.

 

Oyina.uz'ни Телеграмни кузатинг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси