“Роман ёзишни бошласам, унинг маъносизлигини англаб қоламан” – қоровулликдан уюшма раислигигача кўтарилган, нобелсиз буюк ёзувчи Борхес


Сақлаш
13:12 / 04.12.2023 296 0

1899 йилнинг 24 августида Аргентина пойтахти Буэнос-Айресда дунёга келган машҳур ёзувчи Франсиско Исидоро Луис Борхеснинг отаси ҳуқуқшунос, онаси эса таржимон бўлган. Ёзувчи 10 ёшидаёқ испан ва инглиз тилларини яхши билган. Кейинчалик немис, француз, лотин, италян ва қадимги скандинавия тилларини ўрганган. Ҳатто умрининг сўнгги йилларида ҳам тил ўрганишда давом этган ва араб тилини ўзлаштирган.

 

Борхес метафизикага ҳам жуда қизиққан. Унинг ўзига хос адабий услубига Инжил, Каббала, илк Европа адабиёти ва фалсафаси катта таъсир кўрсатган. Борхеснинг севимли муаллифлари Девид Юм ва Жорж Беркли, эмпиризм вакиллари Бенедикт Спиноза ҳамда файласуф Артур Шопенгауэр эди. Шунингдек, у Эйнштейннинг нисбийлик назариясини ва психология фанидаги сўнгги ютуқларни ҳам диққат билан кузатиб борган.

 

Ёзувчининг кўплаб очерк, шеър ва ҳикояларида тақдир, замон ва макон хусусиятлари борасидаги метафизик фикрлар кўзга ташланса-да, ўзи бу абстракт ғояларга ишонмаган.

 

Энди адиб ҳаёти ва ижодидаги баъзи қизиқарли фактларга тўхталсак.

 

 

Ўзига хос болалик

 

Борхес ёшлигидан шеъриятга қизиққан, 4 ёшида ўқиш ва ёзишни ўрганади. 6 ёшида уй ўқитувчиси билан инглиз тилидан даср олади. 7 ёшида эса  ўзининг испан тилидаги “La visera fatal” номли биринчи ҳикоясини ёзади.

 

Ўқиш-ёзишни эрта ўрганганига қарамай, ёзувчи мактабга кеч, 9 ёшида чиқади ва тўғри 4 синфдан ўқишни бошлайди. Бу болакай Борхеснинг руҳиятига ёмон таъсир қилади, чунки синфдошлари уни чиқиштиришмас, тинмай масхара қилишарди.

 

Борхес 10 ёшлигидаёқ Оскар Уайльднинг “Бахтли шаҳзода” эртагини инглиз тилидан таржима қилиб, атрофидагиларни ҳайрон қолдиради.

 

 

Сўқирлик қисмати

 

Туғилганидаёқ отасидан ўтган касалликдан азият чеккан ёзувчи 56 ёшида бутунлай кўр бўлиб қолади. Ажабланарлиси, ўшанда у эндигина Аргентина Миллий кутубхонаси директори этиб тайинланганди.

 

Борхес умрининг сўнгги 30 йилини сўқир ўлароқ яшаганига қарамай, иштиёқ билан ёзишда, маърузалар ўқишда давом этган ва шу даврда бошқа асарлари қаторида 10 та шеърий, 3 та насрий китобини нашр эттирган.

 

 

У роман ёзишни рад қилган

 

Борхес ниҳоятда бой адабий манерага молик ёзувчи. Бу рўйхатда нималар йўқ дейсиз – очерклар, танқидий мақолалар, ҳикоялар, шеърлар... Бироқ ундан “Нега роман ёзмайсиз?” деб сўрашганда, доим шундай жавоб қайтарган: “Ўйлашимча, роман ёзишни бошласам, унинг маъносизлигини англаб қоламан ва ишни ярмида тўхтатаман. Балки, бу дангасалигим учун ўйлаб топилган бир баҳонадир, холос”.

 

Ёзувчи ҳеч қачон 14 бетдан ошиқ бадиий асар ёзмаган ва уни шундай изоҳлаган: “Бу маъносизликка етакловчи аҳмоқликнинг ўзи. 500 саҳифадан иборат улкан китобдаги ғояни беш дақиқада оғзаки тарзда, осонгина тушунтириш ҳам мумкин-ку, ахир, тўғрими?”

 

Борхеснинг биринчи шеъри 20 ёшида Испаниянинг “Греция” журналида босилади. Орадан 4 йил ўтиб Европага сафари арафасида адибнинг 33 та шеърдан иборат “Буэнос-Айрес жазирамаси” номли биринчи шеърий китоби нашр этилади.

 

Борхеснинг “Ишчи”, “Соялар шарафи”, “Йўлбарслар олтини”, “Ой билан юзма-юз”, “Умидим ўлчами”, “Аргентиналиклар тили”, “Сан Мартин кундалиги”, “Эваристо Каррьего”, “Абадийлик тарихи”, “Бобил кутубхонаси”, “Мунозара”, “Алиф”, “Қумсоат китоби”, “Етти оқшом”, “Яширин атиргул”, “Фитначилар” каби шеърий ва насрий китоблари нашр этилиб, дунё китобсеварларининг жавонидан муносиб ўрин эгаллаган.

 

Ёзувчининг охирги китоби “Атлас” ҳисобланиб, унга Борхеснинг энг сўнгги шеърлари, фантастик ҳикоялар ҳамда саёҳат кундаликлари киритилган.

 

Борхес асарлари асосида ўттиздан ортиқ фильмлар суратга олинган.

 

 

Нобелнинг “абадий номзод”и

 

Ёзувчи хизматкорининг сўзларига кўра, ҳар йили Нобель мукофоти соҳиби номи эълон қилинишидан олдин журналистлар Борхес эшиги олдида тизилишган. Лекин бари беҳуда. Ҳар сафар мукофотни ололмагани ҳақидаги хабар адибга қаттиқ таъсир қилган.

 

Борхес унга нисбатан бу муносабатни ярим ҳазил ва ярим жиддий тарзда шундай изоҳлаган: “Менга Нобель мукофотини бермаслик, менимча, скандинавияликларнинг анъанаси. Улар туғилганимдан буён менга Нобель бермасликка ҳаракат қилишади”.

 

Эҳтимол, ушбу олий адабиёт мукофотига “абадий номзод”ликнинг сабаби Борхеснинг сиёсий қарашларидир. Маълумотларга кўра, ёзувчининг рафиқаси ҳам шундай фикрда бўлган.

 

 

“Алиф” яралишига туртки бўлган муҳаббат

 

Борхес 1944 йил Биой Касарес ва Сильвина Окампога ташриф буюрганида бир пайтлари кўнгил қўйган қизи – Эстелла Канто билан учрашиб қолади. Онасининг қаршилигига қарамай ёзувчи Эстеллага турмуш қуришни таклиф қилди, аммо улар оила қура олишмайди. Уларнинг муносабатлари 8 йилдан сўнг ниҳоясига етади.

 

Маълумотларга кўра, Эстелла Борхесни энг яхши асарларидан бири ҳисобланган “Алиф” қиссасини ёзишга илҳомлантирган.

 

Орадан кўп йиллар ўтгач Борхес ёшликдаги дўсти, бева Эльза Эстете Мильан билан оила қуради. Аммо орадан уч йил ўтгач улар ажрашишади.

 

Борхес Европага саёҳатлари давомида, ўлимидан 1 йил олдин Мария Кодамага уйланган.

 

 

Қоровулликдан Ёзувчилар уюшмаси раислигигача

 

Борхес биринчи ишини ўз шаҳридаги кутубхонада қоровуллик билан бошлайди. Кейинчалик эса кутубхоначи ўлароқ фаолият юритади. Ёзувчи кутубхоначи бўлиб ишлаган ўша 1937–1946 йилларни, гарчи илк дурдона асарлари шу йиллар оралиғида яратилганига қарамай,  “тўққизта ўта бахтсиз йил” деб атади.

 

Адиб умри давомида кўплаб жойларда турли лавозимларда, жумладан, газета ва журналлар таҳририятларида, турли кутубхоналарда, ҳатто университетларда ҳам ишлайди. Масалан, Буэнос-Айрес университетининг немис адабиёти бўлимида дарс беради, АҚШга саёҳат қилиб, у ердаги кўплаб университетларда маърузалар қилади.

 

Ёзувчи 51 ёшида Аргентина Ёзувчилар уюшмасининг раиси этиб сайланади ва бу лавозимда 3 йил ишлайди.

 

 

20 га яқин мамлакатда 50 дан ошиқ мукофотлар олган

 

Борхес қатор миллий ва халқаро адабий мукофотлар билан тақдирланган.

 

Аргентина Ёзувчилар уюшмасининг Гран-приси, адабиёт бўйича Аргентина давлат мукофоти, “Форментор” халқаро нашриёт мукофоти, Аргентина Миллий санъат жамғармаси мукофоти, Миланнинг Мадоннина мукофоти, Лотин Америкаси адабий мукофоти, Қуддус адабий мукофоти, Альфонсо Рис мукофоти, Эдгар Аллан По мукофоти кабилар шулар жумласидан.

 

Борхес тўрт маротаба Италияда адабиёт орденига сазовор бўлади. Шунингдек, Франсиянинг “Санъат ва адабиёт”, Перунинг “Перу қуёши”, Чилининг “Бернардо”, Германиянинг “Буюк хизматлари учун”, Исландиянинг “Исландиялик лочин”, Британиянинг “Рицар”, Испаниянинг “Авлиё Альфонсо”, Португалиянинг “Сантияго” орденлари билан тақдирланган. Шунингдек, Франция академияси ёзувчига олтин медал тақдим этган.

 

Борхес Америка санъат ва фанлар академиясининг аъзоси ҳисобланади. Ҳатто, 1990 йилда астероидлардан бирига Борхес номи берилган.

 

 

Футболдан нафратланиш

 

Адиб футболни миллий ғурури ҳисоблаган мамлакатда – Аргентинада туғилган бўлса-да, бу спорт турини ёқтирмаган, кўплаб интервьюларида бу борадаги фикрини айтишдан тортинмаган. Бир сафар у шундай дейди: “Футбол – ҳамма аҳмоқона нарсалар машҳурлиги сабабли машҳурдир. Фикримча, ўн бир кишининг ўн бир кишига қарши копток қувлаши гўзал манзара эмас”.

 

У бу ўйинни “эстетик хунуклик” дея изоҳлаган бир суҳбатида. Ёзувчининг таъкидлашича, футбол одамларда миллатчилик каби ўта хавфли туйғуни уйғотиши мумкин.

 

 

Ўлим интиҳо эмас

 

Адиб 1986 йилда аёли билан Женевага кўчиб ўтади ва у ерда 14 июнь куни – 86 ёшида жигар саратони ва амфиземдан вафот этади ҳамда Жон Калвиндан унчалик узоқ бўлмаган Женева қироллик қабристонига дафн эталади.

 

2009 йил февраль ойида ёзувчининг қабрини Буэнос-Айресдаги Реколета қабристонига қайта дафн этиш таклиф этилади, бироқ ёзувчининг беваси буни рад қилади.

 

Ҳозирда Борхес архиви Техас университетининг Гарри Рансом марказида сақланмоқда.

 

Ёзувчи оламдан ўтганига 40 йилча бўлиб қолди, бироқ аминмизки, унинг бизга қолдирган хазинаси – бетакрор шеърлари, ҳикоялари, қиссалари ҳали асрлар оша кўнгиллардан кўнгилларга, китоблари жавонлардан жавонларга кўчиб яшайверади.

 

 

Раҳмат БОБОЖОН тайёралади

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси