Бизнинг энг катта муаммомиз – ўзликни сиёсий, маданий ёки диний асосга “боғлаб” қўйганимиздадир – Бахтиёр Алимжонов


Сақлаш
23:11 / 17.11.2023 1055 0

Ҳозирги кунда бутун Евроосиёда бўлгани каби Марказий Осиёда ҳам ўзликлар (identity) кураши ва рақобати кечмоқда. Миллат, миллатчилик, ўзлик тушунчалари тафаккур аҳлини ўйлантирмоқда, бу борадаги кураш умумжаҳоний миқёс касб этмоқда.

 

Мамлакатимизда ҳам миллий ўзлик муаммоларига оид мунозаралар қарийб қирқ йилдан бери давом этаётир. Замонавий Ўзбекистонда қизиқ бир ҳолатни кузатишимиз мумкин: локал ва глобал, дунёвий ва диний ўзликлар қарама-қаршилиги кучаймоқда.

 

Ўзлик таълимоти борасида жамиятимиз якуний тўхтамга келмагани сабаб мазкур истилоҳга аниқ таъриф беришдан ўзимизни тиймоқдамиз. Мақолада баён этажак мулоҳазаларимиз ҳукм эмас, балки шахсий нуқтаи назар эканини эслатган ҳолда, олимлар, тадқиқотчиларни баҳсга чорлаб қоламиз.

 

Совет Иттифоқи парчаланиши арафасида Марказий Осиёда миллат, миллатчилик, демократия, диний ва дунёвий давлат, фуқаролик жамияти каби тушунчалар борасида жанги жадал бошланиб кетди. Охирги йилларда мазкур масалаларнинг аксарига муайян ечим топилди. Лекин ўзлик таълимотига оид долзарб саволлар ҳамон жавобсиз қолмоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири – жамиятимизда мустақиллик ва эркинлик атамаларининг фақат давлат ва ҳуқуқий маданиятга нисбатан ишлатилганидир. Бизнингча, бу икки муҳим қадрият мантиқий нуқтаи назардан аралаштирилиб юборилди, таъбир жоиз бўлса, жонсиз тушунчаларга айлантирилди. Ўзлик масаласига ҳам сиёсий-мафкуравий тус берилди, ижтимоий категория сифатидаги талқини чекланди, пировардида, у асл мазмун-моҳиятини йўқотиб, мавҳум ва мубҳам истилоҳга айланди.

 

Ўзлик миллий, маданий, сиёсий ва диний шаклларга эга. Марказий Осиёда мазкур шакллар қоришиқ ҳолда намоён бўлмоқда. Минтақанинг бугунги кишиси ташқи суратига кўра европалик, сийратига кўра эса диний ёки миллий қадриятларга эътимод қўйгандир. Ўзликнинг омихта шакли постколониал (мустамлакадан кейинги) давр натижаси дейиш мумкин.

 

Бир илмий ҳақиқатни англашимиз зарур: ўзлик сиёсий иродага эмас, балки ҳар бир фуқаронинг иродавий ҳаракатига боғлиқ. Иродавий ҳаракатнинг асосини эса англанган истак-хоҳиш ташкил этади. Айниқса, XXI асрда ўзлик масаласи янада нозик тус олиб, шахсий англанган танловга айланди-қўйди. Бу, албатта, бутун курраи арзда инсон ҳуқуқлари ҳаракатининг жадаллашгани билан изоҳланади.

 

Нима учун ўзлик таълимотини шакллантиришда ҳозирги кун моҳиятига эътибор қаратилмаяпти? Нима учун мавжуд сиёсий, иқтисодий ва маданий шарт-шароит инобатга олинмаётир? Умуман, жамиятимизда нега замонавий ўзлик масалалари теграсида қизғин баҳс-мунозара кузатилмаяпти? Балки, “нормал ўтмиш” ва “нормал келажак” ўзлигимиз масаласини узил-кесил ҳал этар? Бу каби саволларга аниқ-тиниқ жавоб топиш вақти аллақачон келган. Акс ҳолда, ўзлигимиз мавҳумлигича қолаверади. Яхлит миллат бўлиб шаклланиш ҳам кўп жиҳатдан шунга боғлиқ.

 

 

Ўзлигимиз тамали нима?

 

Бизнинг энг катта муаммомиз – ўзликни сиёсий, маданий ёки диний асосга “боғлаб” қўйганимиздадир. Юртдошларимизга асосан сиёсий манфаатларга бўйсундирилган ўзлик шакли тақдим этиб келинди. У ҳали-ҳамон ўзбек фанида мустақил тушунча сифатида тўлиқ акс этмаган.

 

Ўзлик кўп қатламли таълимот ўлароқ сиёсий, маданий, этник, диний ва фуқаровий унсурлардан ташкил топади. Таъкидлаш жоизки, унинг бирон элементи устунлик қилмаслиги керак. Агар бирон бир унсур устунлик қилса, унинг ўзани ўзгариб, “ўзга”нинг манфаатига хизмат қила бошлайди.

 

Ўзлик каби “ўзга”ни ҳам ҳозирча фақат тарихий мезонга кўра тавсифлаш мумкин. У турли вазиятларда давлат, ҳокимият, куч, илм-фан, маданият, дин тарзида намоён бўлади.

 

Постколониал босқичдаги Ўзбекистонда ўзликнинг мустақил категория сифатида шаклланмагани сабабларидан яна бири – “ўзга” билан муносабатда мувозанат йўқлигидир. Бу ҳол ўзликнинг барча шаклларига салбий таъсир ўтказяпти. Тафриқага қарши курашиш ва унга чек қўйиш учун эса интеллектуал тарих соҳаси равнақ топиши зарур.

 

Ўзликнинг функционал асосини тарихий тажриба ва келажак режалар ташкил этади. Соддароқ айтганда, ўзликни жамият маҳсули дея талқин қилса ҳам бўлади. Машҳур француз психоаналитиги Жак Лакан айтганидек, “Ўзлик ўзга ҳозир бўлганда англанади”. Демак, ўзлик ўз-ўзини англай олмайди, балки “ўзга”ни тақозо этади. Бизда фаранг олимининг формуласи бошқача шаклда бўй кўрсатмоқда: ўзлик “ўзга” билан қизғин курашда ўз қобиғига ўралиб, моҳиятини йўқотмоқда. “Ўзга” мудом ўзликни бўйсундирмоқни кўзлайди. Кучлар баробар бўлмаган курашда, табиийки, ўзлик чекинади. Моҳиятан ўзлик доимо ўзини кашф қилади, “ўзга” эса бу жараённи измига солмоқни истайди. Агар ўзлик мустаҳкам ва пойдор бўлса, у ташқи омил таъсирида заифлашмайди, балки оловда тобланган темирдек пишиб-етилади.

 

Ўзликни сиёсий институтларга боғлиқ деб биладиган зиёлиларимиз унинг мустақиллигини тан олгиси келмайди. Яна айримлар уни давлат шакллантириб бериши керак деб ҳисоблайди. Бундай вазиятда давлат “катта ўзга”га (Ж.Лакан истилоҳи) айланиб қолиши ҳеч гап эмас.

 

Мутараққий дунёда аксинча – ўзлик ҳар бир шахснинг танлов ва иродасига вобаста кўрилади. Илмий лаҳжада айтганда, ўзлик моҳиятан вертикал эмас, балки горизонтал англанмаган истаклардан иборатдир. Яъни истакларнинг шаклланиши сиёсий институтларга боғлиқ бўлмаслиги лозим. Хоҳиш-истаклар сиёсий институтлар назоратида бўлган муҳитда ўзлик таълимоти вертикал тарзда идрок этилади, жамиятда ҳатто тенгсизлик рисоладаги ҳол дея қабул қилинади. Бу жиҳатдан француз файласуфи Жиль Делёзнинг “кўпилдизлилик” (фр. rhizome – ризома) назарияси масала моҳиятини теран англашга ёрдам беради.

 

Мамлакатимиз илм ва ижод аҳли ҳам ўзликнинг негизини қидириб келади. Аммо бизнинг хатомиз шундаки, нафақат ўзликни, балки барча ижтимоий категория ва тушунчаларни вертикал тасаввур қиламиз, кўпинча ҳаёт-мамот масалаларида “катталар нима деса шу” деган ақидадан четга чиқа олмаймиз. Бу эса ғоявий жабҳада мувозанат бузилишига олиб келади.

 

Қизиқ ҳолат шуки, аксар зиёлиларимиз “ўзлик асосида истак-хоҳиш ётади” деган фикрни жиллақурса муқобил вариант ўлароқ қабул қилмайди. Улар наздида, истак-хоҳиш – салбий категория. Одамзодни ҳайвонот оламидан истак-хоҳиш ажратиб туришини унутиб қўйганмиз гўё. Аслида, истак-хоҳишларнинг намоён бўлиши ўзликка кучли таъсир кўрсатади. “Ўзга”нинг мурод-мақсади ҳам ўзликнинг истак-хоҳишига таъсир ўтказишдан иборатдир.

 

Яна айрим зиёлиларимиз негадир “ўзга”нинг ўзликка “босим”ини табиий деб билади. Cоддароқ айтганда, сиёсий институтларнинг барча чора-тадбирлари истисносиз қўллаб-қувватланади. Бу ҳам постколониал жамият асорати бўлса ажаб эмас. Чунки давлатчиликни бундай талқин этиш совет даврига хосдир.

 

Ўзликнинг функционал шакл-шамойили ижтимоий ҳаётда акс этади. Унинг мавжудлиги, яшамоғи учун қайноқ ижтимоий ҳаёт зарур, албатта. Ўзлик ижтимоий категория экан, у бевосита шу маконнинг тарихий тажрибасига таяниши керак. Жамиятимизда эса ҳалигача “европалашиш”, “туркийлашиш”, “миллийлашиш”, “исломлашиш” қутблари ўзаро ихтилофда. Демак, муаммо аниқ, энди унга оқилона ечим топмоқ лозим. Бизнингча, ечим – ўзликнинг горизонтал тасаввурини яратиб, “ўзга”нинг устунлигини камайтиришда. Сираси, уни сиёсий манфаатларга эмас, балки инсон манфаатларига бўйсундирмоқ даркор.

 

 

Тарихий онг ва ўзлик

 

“Ўзлигимизнинг асосини тарихий онг ташкил этади” дея оламизми? Бизнингча, йўқ. Чунки бизда тарихий онг палапартиш ҳолатда ва мафкуралаштирилган шаклда. Парадокс шундаки, у ҳали тўлиқ идрок этилмаган. Идрок этилмаган тарихий онг эса ўзликка эмас, балки “ўзга”га хизмат қилади. Тарихий онг гоҳида репрессив ғоя тўнини кийиб, мафкуравий вазифаларни бажаради.

 

Тарихий онг шаклан Фанлар академиясида мавжуддир, лекин жамият унинг мазмун-моҳиятидан тўлиқ хабардор дея олмаймиз. Аниқроқ айтганда, бу борада фақат тор илмий доираларда гапирилмоқда, кенг жамоатчилик эса ундан воқиф эмас.

 

Аслида, тарихий онг асосида тарихий хотира ётади. Лекин бизда тарихий онг негизида “ҳаққоний тарих” манаман деб бўй кўрсатиб турибди. “Ҳаққоний тарих”ни мамлакат аҳли изламоқда, лекин у постколониал жамиятнинг хаёлоти, холос. Ҳатто зиёлиларимиз ҳам у асотир эканини англаётгани йўқ. Хаёл маҳсули ортидан чопиш эса асосий муддаодан чалғитмоқда.

 

Бизнингча, тарих ўзликнинг функционал асоси бўла олмайди. Боз устига, айрим сиёсий гуруҳлар манфаатига хизмат қилувчи тарих миллатчиликка ҳам етаклаши мумкин. У ҳолда қани ўша “ҳаққоний тарих”? Ким, қачон тиклайди уни? “Ҳаққоний тарих” тикланса, ўзлигимиз шаклланиши итмомига етадими? Умуман, ўзлик масаласи фақат шу омилга боғланиб қолганми? Шу каби саволлар теграсида баҳс-мунозара йўқлиги гуманитар фанларда илмий савия тушиб кетганидан далолат беради.

 

Тарих фани ва фалсафасидан бохабар олим “ҳаққоний тарих”ни қидириб вақт йўқотмайди, чунки тарих “мафкурадан холи макон”лигини (француз олими Пьер Бурдьё таърифи) яхши билади. Дарҳақиқат, тарих фани мустақил маконга эга. Аммо биз кўпинча тарих, социология, фалсафани сиёсий маконга бўйсундириб, англаб-англамаган ҳолда “катта ўзга”нинг тегирмонига сув қуймоқдамиз. Буларнинг бари асотирларга тўла, пировардида ресентимент (субъектнинг ўз омадсизликлари сабабини “ўзга”да кўриши, айбдорлик ҳиссидан қутулиш илинжида душман тимсолини яратиш) ҳолатига етаклайдиган “ҳаққоний тарих”га эҳтиёж туғдиради.

 

Тарихий онг замирида англанган замонавийлик ётади. Ўзлик “ўзга”га қарши курашда ҳам тарихий онгга таянади. Жамиятимизда эса бунинг акси кузатилаётгандек. Тарих маконини замонавий истак-хоҳишлар эгаллаши ҳам дуруст эмас. Бинобарин, ўтмиш бугуннинг муаммоларига универсал ечим бўла олмайди.

 

 

Бизга нима халал бермоқда?

 

Ўйлашимизча, шонли ўтмиш ва буюк келажак ғоялари ўзлик таълимотини шакллантиришимизга халал бермоқда. Сираси, бизнинг ўтмишимиз замонавий шаклда намоён, мазмуни эса келажакда жамлангандир. Шу боис ҳам ҳозирги кунимиз тўлиқ замонавийликка айланаётгани йўқ – мамлакат аҳолисининг аксари уни ўтмишнинг, зиёлиларимиз эса келажакнинг бир қисми деб билади. Олмон социологи Юрген Ҳабермас Европада “модерн (замонавийлик) – тугамаган дастур” деб ёзган эди. Олимнинг бу фикрини ҳаётимизга татбиқ қилсак, “ўзлик – тугамаган дастур” ўлароқ инъикос этади.

 

Тарихий онг тугал шаклланмагани ёки советча онгнинг ҳалигача устунлиги сабаб ўзлигимиз постколониал ва модерн (сталинча вариантда) категорияларига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Оқибатда, жамиятда маданий тараққиёт паст-баланд тарзда кечмоқда, зиёлилар орасида илмдан йироқ баҳслар кўпаймоқда, дунёвийлик ва диний тафаккур турли жабҳаларда тўқнаш келмоқда. Интеллектуал “айирмачилик” ва бошбошдоқлик, миллий ўзликнинг тарихий асослари бўшлиги шундай нораво ҳолни пайдо қилади. Бу вазиятдан бизни фақат очиқ мунозара, эркин тафаккур ва чинакам ўзлик таълимоти қутқара олади. Яна Ж.Лакан назариясини ёдга олсак, ўзлигимизни англашимиз учун “ўзга” керак. Ҳозирча жамиятимизда ҳақиқий ўзликка тенг “ўзга” йўқ, илло баҳслашаётган гуруҳлар мавжуд. Сиёсат, маданият ва дин инсон манфаатларига хизмат қилса, жамиятда муносиб “ўзга” вужудга келади. Ғоявий плюрализм эса рисоладагидек ўзлик таълимоти шаклланишига кўмак беради.

 

Яна бир бор таъкидлаймизки, ўзлигимизга ўтмишнинг таъсири катта ва кўп ҳолларда у салбий таъсир кўрсатаётир. Асосий сабаблардан бири – биз ўтмишимиздан норозимиз. “Ҳаққоний тарих”ни излаш билан овора эканимиз боиси ҳам шу. Норизолик ҳам ўзлик, ҳам тарихий хотира шаклланишига тўсиқ бўлади. Бу кайфиятни енгиб ўтиш учун жамият тарих билан “хотиравий муроса”га келмоғи лозим. Зиёлиларимиз ва сиёсатчиларимиз тарих кечаги кун эканини тан олишлари зарур. Тарихий хотира қарор топмоғи учун мозийга муносабат ҳам ўзгариши керак. Замондошларимиз тасаввурида ўтмиш – ўтмиш эмас, балки ҳозирги кунгача давом этаётган узлуксиз воқеалар алмашинуви. Жамиятда кечаётган муноқашаларнинг сабаби ҳам шундадир. Ўзлик ва тарихий хотира пойдор бўлмагани боис баҳслар алжираш ва шахсий манфаатлар тўқнашувига айланиб қолмоқда ёки сиёсийлаштирилмоқда. Алалоқибат, ўзлик бир четда қолиб, бошқа сиёсий ғоялар марказий ўринга чиқяпти.

 

 

Буюк ўтмиш ва ўзлигимиз

 

Буюк ўтмиш ғояси “ҳаққоний тарих” тушунчасини пайдо қилди. “Буюк ўтмиш” шундай феноменки, у гоҳида тўқима-хаёлий ҳодисаларни талаб этади. Шонли ўтмиш, улуғ аждодлар ғояси ўзлигимиз шаклланишига соя солаётгандек. Мантиқан баҳоласак, “буюк ўтмиш” концепцияси интеллектуал нотенгликни яратади. Чунки у кези келганда тарихни идеаллаштиришга мажбурлайди. Идеаллаштирилган тарихни ўқиган замонавий инсон бугун ва ўтмиш ўртасида нисбат қидиради, излаганини топа олмагач, тарихдан кўнгли совийди. Шу тариқа ўзликнинг функционал қуроли – тарихий онг шаклланмай қолади. Алалоқибат, замондошимиз ўзлигининг илдизини бошқа миллатлардан қидиради, яқин­йироқдаги мамлакатларга ҳавас-ла боқади, психологик жиҳатдан ўзини ноқис сеза бошлайди.

 

Шонли ўтмиш ғоясининг яна бир жиҳати ўзлик тушунчасининг сиёсийлашгани ва мафкуралашгани билан боғлиқ. Бу вазиятда у давлатчилик ғоясига чамбарчас боғланади, яъни давлатчилик “ўзга” вазифасини бажаради. Бизда ҳам охирги ўнйилликларда ўзлигимиз мазмунини давлатчилик мафкураси белгилагани сир эмас. Тарихимиз талқинида давлатчилик бирламчи аҳамият касб этгани cабабли у ўзлик масаласидан ҳам устун мавқени эгаллади. Ўзлик ҳатто давлатчиликнинг бир унсурига айланди. Аслида, аксинча бўлиши керак эди. Соғлом тафаккурга қулоқ тутиб, барини ўз ўрнига қайтариш вақти келди, назаримизда.

 

Мақола аввалида ўзлик бобида соф илмий мунозара кечмоғи учун интеллектуал тарих йўналишини ривожлантириш зарурлиги ҳақида гапирган эдик. Интеллектуал тарих тушунчалар такомили ва тадрижини ўрганади. Академик тарихимизда ушбу йўналиш равнақ топса, ўзлик асосларини англаш ҳам осонлашади.

 

 

Интеллектуал тарих зарурати

 

Нормал ўтмиш ва нормал келажак ҳақидаги тасаввурларни айнан интеллектуал тарих шакллантиради. Ушбу илмий йўналиш ўтмишдаги ғояларни реконструкция қилиб, тушунчалар моҳияти ва мазмуни орасидаги фарқларни тадқиқ этади. Масалан, “Бобурнома”да Ҳирот аслзодаларининг ҳаёт тарзи нега қора бўёқда тасвирланган? Жадидлар нега айрим анъаналарни тараққиёт йўлидаги асосий ғов деб билган? Бобур Мирзо Ҳирот аркони давлатининг айш-ишратга берилгани Шайбонийхоннинг осон ғалабасига замин ҳозирлади деб ҳисоблайди. Жадид маърифатпарварлари эса қолоқ одатлар, тўйлардаги исрофгарчилик ва таълимга эътиборсизлик сабаб илғор ўлкалардан ортда қолиб кетдик деб куюнади.

 

Интеллектуал тарихчи учун ўтмишдаги воқеа-ҳодисаларни замондошлар қандай қабул қилиши, улар бугунги кун жамиятида қандай акс садо бериши ўта аҳамиятлидир. Ҳамма тарихчиларимиз ҳам матн замирида баҳсли фикр, муаллифнинг шахсий истак-манфаатлари ётишини тўғри тадқиқ қилавермайди. Айрим олимлар тарихий матнни замонавий мафкура кўзойнагини таққан ҳолда ўқийди. Яъни тарихий матнни идрок этишда ғоявий эврилишлар эътиборга олинмайди. Оқибатда, тарихий матннинг моҳияти бузилиб, мазмуни таҳрирга учрайди. Бу ҳолат ўзлик шаклланиши ва мавжудлигига хавф туғдиради.

 

Ўзлик таълимоти ҳам интеллектуал тарихнинг асосий тадқиқот мавзуси ҳисобланади. Мулоҳазали саволларимизни давом эттирсак: Бобур ва жадидлар ўзлиги ўртасида муштарак жиҳатлар борми? Бобур ҳам, жадидлар ҳам замонасининг ашаддий танқидчилари ҳисобланади. Хўш, турли даврларда яшаган тарихий сиймоларнинг ўзлиги жавҳари нима эди? Умуман, аждодларимиз ўзлиги “эволюцияси” мавжудми?

 

Афсуски, ўзлик тадрижи борасида равшан тасаввурга эга эмасмиз. Чунки уни сиёсий категория деб қабул қилганмиз. Аслида, ўзлик ижтимоий категория ва ҳамиша замонавийликка алоқадордир. Мазкур тушунча ижтимоийлашуви учун унинг тарихи ёзилиши шарт. Бу яна бир карра интеллектуал тарихни ривожлантириш лозимлигини тасдиқлайди.

 

 

Ренессанс ва ўзлик

 

Ўзлик таълимоти хусусида сўз борар экан, “ренессанс” (уйғониш) тарихий-мафкуравий концептини четлаб ўтиб бўлмайди. Минтақамиз халқлари икки катта Ренессанс даврини бошдан кечирган. Биринчи давр IX–XII асрларни, иккинчиси XIV–XV асрларни ўз ичига олади.

 

XX асрнинг 20-йилларида Базель университети профессори Адам Мец Мусулмон ренессанси ҳақида батафсил ёзган эди. Шу даврдан эътиборан ренессанс нафақат Ғарб, балки Шарқ маданиятига ҳам тегишли экани исботланди. 1960 йилларида академик Виктор Жирмунскийнинг Шарқ ренессансида Алишер Навоий ролига доир мақоласи Темурийлар ренессансига илмий асос бўлиб хизмат қилди. Шу даврда академик Николай Конрад Темурийлар ва Ғарб ренессанси ўзаро боғлиқлигини асослади. Н.Конрад Навоий ўз асарларида умуминсоний ғояларни олға сургани билан бошқа Шарқ алломаларидан ажралиб туришини таъкидлаган эди. Совет Иттифоқи парчалангандан сўнг илм-фанда ренессансга муносабат кескин ўзгарди. Уйғониш ғояси гоҳ миллийлаштирилди, гоҳ динийлаштирилди.

 

Рус олими Леонид Баткин фикрича, “Ренессанс XX аср тарихий онгининг энг долзарб муаммоси ҳисобланади”. Аммо зиёлиларимиз бу илмий ҳақиқатни англамаётгандек. Чунки мазкур мавзуда на академик доираларда, на кенг жамоатчилик орасида очиқ мунозара кузатилмаяпти. Тарихий онг ва ренессанс даврларидан илҳом оляпмиз, зўр таъриф-тавсиф ёзяпмиз, лекин масалани теран тафаккур қилиш, ижодий ёндашиш бобида ҳамон ортдамиз. Ренессанс тарихий онгимизнинг бир қисми экан, унга доир ғояларни тарихий хотира даражасига кўтармоқ лозим. Бу вазифа уддаланмас экан, Уйғониш даври тарихий фактдан нарига ўтмайди.

 

Учинчи Ренессанснинг мақсади аён: ўтмиш ҳодисаларини тафаккур чиғириғидан ўтказиб, тарихий хотирани мустаҳкамлаш ва тарихий онгни шакллантириш. Бунинг уддасидан чиқсак, ўзлик бевосита ва билвосита тарихий онг билан вобаста бўлиб, соғлом миллий тафаккур вужудга келади. Демак, ренессансларимизнинг янги талқини зарур. Уларни ўрганиш билан чекланмай, Учинчи ренессанснинг илмий асосини яратиш лозим.

 

 

Орзудаги келажак

 

Кейинги вақтларда зиёлиларимиз матбуот ва ижтимоий тармоқларда “нормал ўтмиш” ва “нормал келажак” ҳақида мулоҳаза билдира бошлади. Бу ўринда тарих ва келажакни буюклик даъвосидан халос этиб, инсон манфаатини илгари суриш назарда тутилмоқда. Боя қайд этганимиздек, ўзлик ғояси ўтмиш ва келажак босимидан халос бўла олмаяпти. Шонли ўтмиш, буюк келажак каби ғоялар эса “ўзга”нинг қуроли экани сир эмас.

 

Ўзлик доимо замонавий бўлиб, давр руҳини акс эттиради. “Ўзга” эса ўтмиш ва келажак категорияларига таяниб, мудом ўзлик “ҳудуд”ига дахл этиш пайида. Жамиятимизда ўтмиш ва келажак босими кучли бўлгани сабаб ҳам ўзлик ўзанини топа олмаётир. Замонавийлик (модерн) орқали ўтмиш ва келажакни англаш бобида ҳам аҳвол кўнгилдагидек эмас. Оқибатда, “ўзга” буюклик даъвоси орқали замонавийликка таҳдид соляпти. Ўзлик билан “ўзга” орасида мувозанат бузилиши иккинчи томон фойдасига хизмат қиляпти.

 

 

Тарихий тажриба ва хулоса

 

Ўзлик такомили жаҳонда катта империялар (инглиз, француз, рус) барпо бўлиши даврига тўғри келади. Ғарбий Европа ва Японияда ўзлик миллат кўринишида намоён бўлди. Европада замонавий таърифга мос миллатлар 1789 йилги Буюк француз инқилобидан сўнг вужудга келди. “Америкалик” эса классик Европа миллатларидан фарқли равишда турли элатлар қоришуви натижасида ҳосил бўлган. Америкалик – “ёввойи” Ғарбни ўзлаштириш жараёнида тобланган ва шаклланган халқдир. Японияда XIX–XX аср бўсағасида ўзлик муросасиз миллатчилик тарзида майдонга чиқди. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг эса Кунчиқар ўлкада вестернизация (ғарблашув) кучайди. Бу жараён ҳозирга қадар давом этяпти.

 

Ўзбекистон аҳолиси ўзликни шакллантириш учун бир неча моделни танлаш имконига эга. Бизга мос келувчи моделлардан бири – қадимги сўғдийлар десак бўлади. Ҳозирги давр геосиёсий жиҳатдан III–VI асрларни эслатади. Ўша кезлар сўғдийларни шарқдан – Хань (ҳозирги Хитой), жанубдан – cосонийлар (Эрон), ғарбдан – Византия империялари, шимолдан эса Турк хоқонлиги қуршаб олган эди. Шимолий Евроосиёда қабилаларнинг Ғарбга буюк кўчиши кечаётган эди. Ана шундай мураккаб вазиятда сўғдийлар турли давлат, элат ва қабилалар билан келишиб савдо-сотиқ қилган, Буюк Ипак йўлида азим шаҳарларни барпо этган эди. Сўғд савдогарлари орқали бутун Евроосиёга маданият ва динлар тарқалган, улар Шарқу Ғарб халқлари ўртасида кўприк вазифасини бажариб, кўплаб урушларнинг олдини олган эди. Сўғд тили халқаро тижоратда кенг истифода этиларди. Насроний, моний ёки буддавийликка эъти­қод қилган сўғдликлар дин ва маданият бобида бағрикенг бўлган.

 

“Ўзбекистонлик” атамаси мазмун-моҳиятини сўғдийларнинг турмуш тарзи, қадриятлари ва дунёқараши билан бойитиш мумкин. Ўзбекистон бугун ҳам сўғдликлар каби сиёсий, иқтисодий ва маданий масалаларда медиатор (воситачи) бўлиши лозим. Ана шунда биз аждодларимизнинг тарихий мақом-мавқеини қайтариб олган бўламиз. Ўзлик таълимоти борасида ҳам аниқ хулосалар шаклланади.

 

Бахтиёр АЛИМЖОНОВ

Tafakkurжурнали, 2023 йил 3-сон.
“Ўзанини излаётган ўзлик” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 25
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//