Навоийнинг беш армони


Сақлаш
11:10 / 28.10.2021 996 1

Руҳият ёлқини

Буюк Навоий ўзининг муножот мазмунидаги ғазалларидан бирида Оллоҳга арзи ҳол этади:

           Элга махлас истасанг, етти тамуғни айла кул,

           Айлабон бир шуъла бу оҳи дурахшондин жудо.

Табдил: “Ё Оллоҳ, мабодо номики дўзахга лойиқ одамизод бор – барчасини мангулик азобдан қутқарай десанг, менинг кўкка чирмашган оҳим ёлқинидан бир қатимгина шуълани ажратсанг, бас, етти қават дўзах кулга айланадию ҳамма ундан халос бўлади”.

Бундай оҳ замирида нақадар буюк дард ётибди! Ёинки байт улуғвор зотнинг руҳиятида содир бўлган оний кайфият ифодаси, холосми? Йўқ, ундай эмас. Навоийнинг достон, ғазал ва рубоийларида бундай мазмунли байтлар юзлаб учрайди: Етти кўкни кўк варақлардек совургай ҳар тараф, // Гар фалак чархи аро чирмашса оҳи ҳасратим (“Ғаройиб ус-сиғар”); Элга гардундин (фалак) нажот этмак учун эрмиш буким, // Оҳ ўқидин чархни юз ерда равзан (илма-тешик) айладим (“Фавойид ул-кибар”); Минг ўтум бор, айлай олмасмен аён мингдин бирин, // Даҳр куйгай, зоҳир этсам ногаҳон мингдин бирин (“Бадойеъ ул-васат”)... Улар ҳеч шубҳасиз муаллиф юрагидаги буюк бир армоннинг ифодасидир. Аниқроғи, муз тоғининг сув юзасида кўринган қисми, холос, армоннинг ўзини тасаввур этмоқ учун эса уммон тубига шўнғишга тўғри келади. Навоийнинг ижодий ва маънавий меросига асосланиб ана шу муз тоғининг сув остидаги қисмига назар ташлаймиз.

Авваламбор, таъкидлаш лозимки, армон – инсонга хос хусусият. Балки уни ҳайвондан фарқловчи мезонлардан бири. У ҳеч вақоси йўқ гадодан етти иқлим бойлигини қўлга киритган ҳукмдоргача хос. Айни чоқда, армонда ҳам армон борки, Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳазратларига дахлдор туйғу оддий эмас – уни буюк армон деб атаймиз.

 

Болалик армони

Навоийнинг хат-саводи ҳали мактаб ёшига етмасдан чиққани маълум. У мактабда ўзидан катта болалар билан ўқиган бўлса ажаб эмас. Эҳтимол, муаллим саводи чиққан болаларга мутолааси равон бўлиши учун қалингина китобларни ўқишни топширган, Алишернинг чекига Фаридуддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” достони тушган... Шундай бўлганда ҳам, муаллим китоб мағзини чақишни назарда тутмаган. Айниқса, “Мантиқ ут-тайр”дек бошдан-оёқ тасаввуфий руҳдаги асарни... Бироқ Навоий достонни нафақат ўқиб чиқади, балки китоб руҳи билан қаттиқ боғланиб қолади: Ўйлаким, элдин узулди улфатим, // Ул китоб эрди аниси хилватим... // Оқибат ишқ айлади шайдо мени, // Уйла машъуф этти бу савдо мени.

Навоий Аттор достонига ўз она тилида жавоб айтишни ният қилади. Бу – унинг болалик орзуси бўлган. Аммо мақола бошида келтирилган ҳасратли байтларнинг бу армонга дахли йўқ, чунки Навоий уни рўёбга чиқара олган – умрининг охирида бўлса ҳам “Лисон ут-тайр” достонини битган.

 

Ўсмирлик армони

Алишер Навоий назм дарёсига жуда ёш чоғида шўнғиган. Ҳатто тили шеър билан чиққан, десак ҳам муболаға бўлмайди. Бунда оилавий муҳит катта ўрин тутган – тоғалари шоир, отаси маърифатпарвар бўлиб, унинг хонадонида тез-тез нафис мажлислар уюштирилган. Алишерга жуда ёшлигидан адабиёт аҳлининг суҳбатларини тинглашга рухсат берилган. Ана шу мажлислар гўё бир чашма бўлгану Алишернинг руҳият марзаси орқали оқиб ўтган. Унинг назмида вазннинг мукаммаллиги, луғатнинг беқиёс даражада бойлиги, бадиий санъатларнинг анор доналаридек зичлиги, маъноларнинг қатма-қат ва ранго-ранглиги, руҳият ёлқинининг еттинчи осмонга чиқиши ўша туфайлидир. Айни чоқда, бу ўринда шундай савол туғилади: мана шу омилларнинг ўзигина буюк шоир бўлмоқ учун кифоями? Жавоб: йўқ. Бутун жаҳон адабиёти тасдиқ этадики, то булҳавас қалбни муҳаббат забт этмас экан, вужуд ишқ оловида ёниб тобланмас экан, чинакам шоир дунёга келмайди. Биз бу қонуниятни янада кучайтиргимиз келади: назм кўйи сари қадам босган ҳавасманднинг илк муҳаббати қай даражада кучли бўлса, унинг бу йўлдаги сайру сулуки шу қадар узоқ ва юксак бўлади. Алишер, ўйлашимизча, ўсмирлигидаёқ ишқ балосига йўлиққан, аммо чархи кажрафтор тақозоси ила муҳаббат тақдири бир умрлик айрилиқдан иборат бўлган. Шунга қарамасдан, Навоий ўз муҳаббатига умр сўнги қадар содиқ қолган. Марҳум устоз Азизхон Қаюмовнинг “Дилкушо такрорлар ва руҳафзо ашъорлар” рисоласида мазкур ишқ қиссаси батафсил таҳлил этилган...

Хўш, Навоийнинг буюк армони Мажнун тақдиридан юз чандон фожиалироқ бўлган ана шу муҳаббатданми? Биз бу саволга ҳам “Йўқ!” дея жавоб берамиз. Айнан жавобсиз севги Навоийнинг Навоий бўлишида муҳим ўрин тутган – уни тасаввуф сари йўллаган.

 

Йигитлик армони

Навоий даврида адабиёт, алалхусус, назмнинг жамиятдаги мавқеи ниҳоятда юксак бўлган. Ҳозирги матбуот, радио, телевидение, киною интернет – ҳаммасининг мавқеи қўшилганда ҳам ўша даврдаги назмникига етмаса керак. Акс ҳолда, Маҳмуд Ғазнавий “Шоҳнома”нинг ҳар байтига бир динор ваъда қилармиди? Султон Ҳусайн соҳиби девон бўлармиди? Бобур девон билан кифояланмай, мукаммалу мураккаб “Аруз” рисоласини битармиди?

Низомий, Деҳлавий, Аттор, Ҳофиз, Саъдий каби шоирларнинг шон-шуҳрати шоҳу султонларникидан юксак бўлса бўлганки, кам бўлмаган. Атоқли шоирларнинг янги ғазалу рубоийси бир-икки кун ичида оммалашган, достонхонлик эса бугунги телесериаллар томошасидан кенгроқ тарқалган. Ана шундай муҳитда Алишер Навоий назм майдонига от суриб кирган. У болалигида бўлмаса ҳам, ўсмирлигидаёқ ўз олдига буюк асарлар яратиш ва адабиётнинг энг юксак чўққиларини забт этиш, бу борада салафлари ва замондошлари билан мусобақага киришишни ният қилган. Бўлғуси шоири замон ўзини ана шу миссияга тайёрлаган ҳам, хусусан, юз минглаб байт шеър ёдлаган! Оллоҳ ато этган иқтидор билан ҳали мўйлаби муртак отмасдан етук шоир даражасига эришган. Навоийгача ҳеч бир ижодкорнинг болалигида ёзган ғазаллари девон ҳажмига етмаган. Девон бўлганда ҳам, Малик ул-калом Лутфийни энтиктирган мажмуа!..

Навоий ўз иқтидори кўламини теран ҳис этар, туркий шеъриятни кўкка кўтармоқни мақсад-маслаги деб билар эди. Бироқ унга ҳомийлик қилиб келган назмпарвар Мирзо Абулқосим Бобур вафот этиб, ҳокимият қалам аҳлига бефарқ Мирзо Султон Абусаид қўлига ўтгач, Навоий бор-будидан маҳрум бўлиб, ғурбатда қолади. Ҳа, аввалроқ бутун келажагини назм билан боғлашга қарор қилган Алишернинг қалам аҳлига бўлган муносабатдан қаттиқ ларзага тушгани аниқ. Хуросонни ташлаб чиқар экан, устози ва мураббийи бўлмиш Саййид Ҳасан Ардашерга ёзган мактубида ўзининг бу борадаги армонини аччиқ баён этади: “Мен ул менки, то турк бедодидур, // Бу тил бирла то назм бунёдидур. // Фалак кўрмади мен киби нодире, // Низомий киби назм аро қодире. // Не назме дер эрсам мене дарднок // Ки, ҳар ҳарфи бўлғай анинг дурри пок”. Яна давом этиб дейдики, Фирдавсий 30 йилда яратган “Шоҳнома”дек асарни мен 30 ойда ёза оламан... Бироқ шундай истеъдод қудратига эга шоирнинг “Уйи – нотавон кўнгли янглиғ бузуғ, // Бу уй ичра андуҳу ғам ер озуқ. // Майи базми – барча юрак қонидин, // Суруди – ҳазин кўнгли афғонидин”, яъни базмининг майи – юракнинг қони, бу базмдаги қўшиқ – ғамгин кўнгилнинг оҳи...

Шеър ва шоир аҳлининг бу қадар беқадр бўлганидан озурда Навоий Хуросонга ҳам, назмга ҳам этак силкиб, тариқат йўлини тутишга қарор қилади. Шу билан назмнинг энг юксак чўққисини забт этиш нияти унинг учун армонга айланади.

Яратганга ҳамду санолар бўлсинким, Навоийнинг бу армони ҳам ушалган. Ушалганда ҳам ёшлигида ўйлаганидан аълороқ даражада – 72 йил умр кўрган Деҳлавий 5 девон яратган бўлса, 60 ёшида вафот этган Навоий ҳам шунча девон қолдирган. Аслида, 1496 йилда тугалланган “Хазойин ул-маоний”дан кейин ёзган шеърлари ҳам камида битта йирик девон ҳажмига етган бўлиши керак, чунки шоир бир рубоийсида ҳар куни бир-икки ғазал битишини қайд этган. “Хамса”нинг якунида эса Низомий 15 йил “Хамса” ёзиб, уни яна 15 йил таҳрир қилган бўлса, Навоий ўз “Хамса”сини икки йилда ёзиб тугаллаганини таъкидлаган. “Хамса” бўлганда ҳам, барча салафлариникидан ҳар тарафлама мукаммалроқ. (Бу баҳсли иддао атоқли шарқшунос Евгений Бертельс асарларида қисман асосланган, тўлиқ баён эса алоҳида рисола талаб этади.)

 

Навқиронлик армони

Шундай қилиб, Хуросондаги сиёсий муҳит ва унинг оқибатида юзага келган ижтимоий танглик Навоийнинг ҳаёт йўлини ҳақиқат излаш томон буриб юборган: “Урармен қадам токи боргунча гом (дармоним етгунча) // Ки, бўлғай муяссар менга ушбу ком (мақсад). // Агар бўлса бу йўлда умрум талаф (етмаса ҳам), // Чу бу йўлдадур – ул ҳам эрур шараф”. Қисмат Навоийни Самарқанд сари бошлади. Бу даврда Мовароуннаҳрда Баҳоуддин Нақшбанд туфайли тасаввуфнинг хожагон тариқати довруқ қозонган эдики, Навоий ҳам айнан шу йўлни ўзи учун мақбул деб билди. Ўша фурсатда мазкур тариқат Хуросонда ҳам кенг илдиз ёйиб улгурган, аммо Хожа Баҳоуддиннинг халифаси Убайдуллоҳ Аҳрор Самарқандда истиқомат қилар эди.

Навоий Самарқандда 5 йилча яшаган. Қизиқ бир ҳолат: йигитлигидаёқ соҳиби девон сифатида донг таратган, шеър илмию санъатини ниҳоятда чуқур эгаллаган, “Шоҳнома”дек асар яратишни 30 ойда уддалайман” деган шоир нега Самарқандда яшаган даврида на бирон девон тузган, на бирон достон ёзган? Ахир, “шеърга алоҳида ҳусн бағишловчи хосса ийҳом бўлса, ҳар куни ийҳомли юз байт нонуштамга ҳалводай бир гап” деган ижодкор ҳафтада биттагина ғазал битиб қўйса ҳам, “Самарқанд девони” дунёга келар эди-ку?!

Бу парадокснинг изоҳи, бизнингча, шундай: назмдан ҳафсаласи пир бўлган шоир Самарқандда яшаган даврида бутун вақти ва эътиборини илмга қаратган. Қуръон, тафсир, калом ва ҳадис илми, араб тилининг сарфи ва наҳви, шеър илми, тариху фалсафа, сиёсатшуносликдан тортиб астрономиягача ўрганган. Хусусан, юнон файласуфлари асарларининг таржима ва шарҳлари, буюк ислом файласуфлари – Шайх ур-раис Ибн Сино, Шайхи акбар Ибн Арабий, Ҳужжат ул-ислом Муҳаммад Ғаззолий ва бошқа зотларнинг рисолаларини қунт билан мутолаа этган ва ўқиганлари устида узоқ тафаккур қилган.

Навоийнинг феълида ҳамма соҳада ҳам юксакка интилиш хусусияти устувор бўлгани маълум. Ҳа, қайси жабҳада бўлмасин, ўз олдига улуғ мақсад қўйган Навоий калом, Шарқ фалсафаси, тасаввуф бўйича ҳам мукаммал асарлар яратишни ният қилган. Бунга тайёргарлик билан боғлиқ бир асар қораламаси бизгача етиб келган. У ҳам бўлса, Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейи фондида сақланаётган “Сабъат ул-абҳур” (“Етти денгиз”) номли тўрт жилдли қўлёзма. Навоий ушбу 100 мингдан зиёд арабча сўзлар луғатини Самарқандда яшаган даврда тузган. Шоир Навоий учун араб тилидан бунча сўзнинг кераги йўқ, аммо фалсафий рисолаларни ўқиш учун сув билан ҳаводай зарур – Шарқ фалсафасининг деярли барча мўътабар манбалари араб тилида битилган. Ҳазратнинг араб тилини бу қадар чуқур ўргангани сабабини, бизнингча, ул зоти муборак тасаввуф соҳасида мукаммал рисолалар битмоқни ният қилгани билан изоҳлаш мумкин. Агар Навоийнинг бу нияти амалга ошганда, инсоният тарихи балки буюк туркийнавис шоир ўрнида улуғ олим ва файласуф билан бойиган бўлур эди. Аммо 1469 йилда Султон Ҳусайн Хуросон тахтига ўтириб, болаликдаги дўстини Ҳиротга чорлайди. Шу тариқа Навоийнинг бу нияти ҳам армонга айланади.

Навоий оҳига бу армон ҳам сабаб бўлмаса керак. Чунки сарой хизматидан истеъфога чиққач, у “Муҳокамат ул-луғатайн” ва “Мезон ул-авзон” рисолалари, “Маҳбуб ул-қулуб” кодекси ҳамда “Лисон ут-тайр” фалсафий поэмаси, ҳукмдорлар учун “Садди Искандарий”дек қўлланма, айниқса, “Ҳайрат ул-аброр”дек буюк фалсафий достон яратиб, бу борадаги чанқоғини ошиғи билан қондиришга муваффақ бўлган.

 

Улуғ ният

Навоий Самарқанддан Ҳиротга қайтар экан, қандай ўй-хаёлларни дилидан ўтказган? Султон Ҳусайн ҳомийлигида эмин-эркин ижод қилишними? Ҳолбуки, Самарқандда ҳам бунга шароит етарли эди – унга шаҳар ҳокими, Вафоий тахаллуси билан қалам тебратган Амир Ҳожибек ҳомийлик қилган. Шунга қарамай, юқорида таъкид этилганидек, Навоий фаол ижод билан шуғулланмаган. Ёки бирон мансаб илинжими? Бу – унинг нақшбандия эътиқодига мутлақо зиддир.

Фикри ожизимизча, Навоийнинг Хуросонга қайтишдан асосий мақсади – тарих саҳнасида пайдо бўлган нодир имкониятдан фойдаланмоқ бўлган. Бу ниятнинг қисқа ифодаси – АДОЛАТ ойини қарор топган ва НИЗОМ билан бошқарилувчи ДАВЛАТ барпо этиш.

Биринчидан, Навоий Султон Ҳусайннинг танти феъли, дарвешона табиати, шеърга муҳаббатини яхши билар, шунинг учун бу эзгу ниятни қўллаб-қувватлайди деб умид қилишга ҳақли эди.

Иккинчидан, Навоий ислом таълимотида адолатнинг ўрнини, айниқса, ҳокимият соҳибларига Оллоҳ томонидан адл ила иш юритиш буюрилганини яхши билган: “Албатта, Оллоҳ сизларни омонатларини ўз эгаларига топширишга ва одамлар орасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишга буюради” (Қуръони карим, 4:58). Шунинг учун у Султон Ҳусайнни адолатга даъват қилишни, бу борада унга ёрдамчи бўлишни ўз бурчи деб билган.

Учинчидан, Навоий давлатни адолат билан бошқариш Муҳаммад (с.а.в.) ва унинг рошид халифаларидан мерос суннат экани хусусида чуқур билимга эга бўлган. “Ҳайрат ул-аброр” достонида Оллоҳга элтувчи йўлларни бирма-бир баён қилар экан, Навоий имон ва исломдан кейин адолатни учинчи ўринга (!) қўйганки, бу асло бежиз эмас. Достоннинг бу боби ислом Шарқи мамлакатларига хос ҳукмдорлар учун танбеҳ тарзида битилган. Имкон қадар ихчам тарздаги баёни шундан иборат: кимки тахтга ўтирса ва шу билан фуқаро устидан ҳукм ўтказиш ваколатига эга бўлса, буни Оллоҳдан омонат деб билсин. Айни чоқда Тангри салтанат соҳибига бир неча мажбурият юклайди: “Лек бу иқболнинг ўтрусида, // Буйла бийик мартаба қаршусида, // Амр қилибдур неча хизмат санга, // Рўзи этибдур неча санъат санга”.

Шундан сўнг Навоий ҳукмдорнинг икки энг асосий ва муҳим бурчини эслатади: биринчиси – Оллоҳга шукр, кейингиси эса раиятни Оллоҳнинг ҳукмдорга омонати деб билмоқдир. Бас, шундай экан, халқ ғамини ейиш, адолат билан ҳукм юритиш шарт деб ҳисоблайди мутафаккир шоир. У Султон Ҳусайн ҳузурига йўл олар экан, давлат бошқарувида мазкур принципларга амал қилиниши учун ўзини ҳам масъул деб билган. Зотан, Навоий йўлга чиқишдан аввал пири Хожа Убайдуллоҳ Аҳрордан оқ фотиҳа олган. Баҳоуддин Нақшбанд бир умр мол ва мулк эгаларининг мулозаматидан қочиб яшаган бўлса, Хожа Убайдуллоҳ, аксинча, адолат тантанаси йўлида ижтимоий фаол бўлиш тарафдори эди.

Тўртинчидан, Навоий ўз вақтида тарихни чуқур ўрганган. Мисол учун, “Тарихи мулуки Ажам” асарини яратишда “Шоҳнома”дан ташқари “Девон ун-насаб”, “Низом ут-таворих”, “Жомеъ ут-таворих”, “Тарихи Банокатий”, “Насиҳат ул-мулк”, “Одоб ул-араб вал-фурс”, “Тарихи гузида” каби китоблардан фойдаланган. У ўз асарларида тарихда ўтган адолатли ҳукмдорларга алоҳида эътибор қаратган. Булардан бири – тарих китобларида “Одил” лақаби билан зикр этилган биринчи сосоний ҳукмдор Ануширвондир. “Тарихи мулуки ажам”да бундай ҳикоя келтирилади: “Бир куни Ануширвон сафар чоғи тўхтаб, кабоб буюрди. Туз йўқ эди. Надимларидан бирини яқинроқ бир кентдан туз келтиришга юборар экан, “Тузни сотиб олгин” дея таъкидлади. Надим айттики, туз арзон нарса, баҳоси арзимас, сотиб олиш шартми? Ануширвон дедики, тўлашга арзимайдиган нарсани подшоҳ текинга олишни жорий қилса, амалдорларнинг қимматроқ нарсаларни ҳам текин олиши одатга айланади ва бунинг лаънати бошлаб берганга уради”.

Ануширвон сиймоси афсоналар билан йўғрилиб кетган бўлса, адолат тамалини энг олий тарзда жорий этган ва “Одил” лақабига мушарраф бўлган реал тарихий шахс – Умар ибн Хаттоб ал-Форуқ розияллоҳу анҳудир. Халифа Умарнинг ҳаёти ва фаолияти ишончли тарих китобларида, хусусан, Абдулмалик ибн Ҳишомнинг (834 йилда вафот этган) “Китобу сирот ур-Расулуллоҳ” асарида холис ва мукаммал ёритилган (Ибн Хишам. Жизнеописание пророка Мухаммада. Москва, “Умма”, 2002). Ҳазрати Умарнинг адолати тўғрисида юзлаб ҳикоялар мавжуд. Айниқса, шахсий иш билан шуғулланишга ўтганда давлат шамини ўчириб ўзиникини ёққани воқеаси маълуму машҳурдир. Навоий ҳам “Лисон ут-тайр” достонида бир мисол келтирган: Мадойин мамлакати ислом лашкари томонидан фатҳ этилганда, унинг ҳукмдорлари кўп асрлар давомида йиққан хазина қўлга тушади. Барча нақду қимматбаҳо буюмларни ортиб келиб халифа Умар олдига тўкадилар. Бойликнинг кўплиги кўрганларнинг ақлини шоширар эди. Аммо халифа Умар кўз қири билан ҳам қараб қўймади – ҳаммасини давлат хазинасига топширишни буюрди...

Сираси, Алишер Навоий Самарқанддан Ҳиротга йўл олар экан, ўз олдига улуғ мақсад – адолатга асосланган давлат қуришда иштирок этиш, дўсти Султон Ҳусайннинг тарихга “Одил” лақабли учинчи ҳукмдор сифатида кириши истаги билан отланган.

Шу ўринда кичик бир лирик чекиниш. Жамиятдаги энг мураккаб тушунчалардан бири – адолатдир. Бу истилоҳга таъриф бериш осон эмас, бироқ у нечоғли абстракт тушунча бўлмасин, жамиятдаги ҳар бир кишининг кундалик ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ. Тарих адолат учун курашга бутун умрини сарфлаган кўплаб фозиллар номини билади, бу йўлда ҳатто ўз жонини қурбон қилганлар ҳам оз эмас. Адолатли жамият, иқтисодий жиҳатдан қай даражада бўлмасин, энг бахтли жамиятдир. Инсоният тарихи кўрсатадики, жамиятнинг саодати моддий тараққиёт даражаси ва бойлик билан эмас, айнан адолат қай даражада устувор бўлгани билан белгиланади. Ва аксинча, адолатсиз давлат – нақадар қудратли бўлмасин – худо урган, бадбахтлик ўлкасидир. Адолатни қарор топтириш ниҳоятда мушкул, уни оёқости қилиш эса шу қадар осон. Ҳатто, айтиш мумкинки, адолат топталган ҳудудда бойлик қанча кўпайса, халқ шунча бахтсизроқ бўлади.

Навоий адолатнинг жамият ва давлат ҳаётидаги аҳамиятини чуқур англаган, айтиш мумкинки, уни ўз ижоди ва фаолиятининг бош тамойилига айлантирган. “Садди Искандарий”да тўлиқ бир жузъ – уч боб шу мавзуга бағишланган. Агар “Ҳайрат ул-аброр”да адолатсизлик – зулм кечирилмас оғир гуноҳ эканига урғу берилган бўлса, “Хамса”нинг якуний достонида одиллик Оллоҳ даргоҳида нақадар улуғ мартаба саналиши ҳадислар воситасида таъкидланган:

Ки, адл ичра ўтганга бир соате

Эрур беҳки, жинну башар тоати.

Мазмуни: ҳукмдорнинг бир соатлик адолати қиёматда жамики жину одамзоднинг бир соатлик тоатидан ҳам юқори баҳоланади.

Қолур, куфр аро қолса, обод мулк,

Бўлур, зулм агар бўлса, барбод мулк.

Мазмуни: кофир обод қилган мулк мустаҳкам туради, ҳукмдор мусулмон-у, аммо золим бўлса, унинг салтанати барбод бўлади.

Достон воқеаларига кўра, Искандар ҳар бир ишни устози Арасту ва бошқа донишмандлар билан бамаслаҳат қилади; шу туфайли унинг мулки обод, ўзи эса яримпайғамбар даражасига етади. Бунда ҳам Навоийнинг буюк армони яширин: у Султон Ҳусайнни Искандар ўрнида, ўзини эса Арасту ўрнида кўришни орзу қилган. Саройда юксак лавозимга тайинланиши билан шу ниятни амалга оширишга киришган...

 

Навоий кодекси

Навоий Хуросон мулкида адолат қарор топиши учун шунчаки кураш билан чекланмаган, балки темурийлар салтанати барқарорлигини таъминлайдиган пойдевор бўлиши лозимлигини ичдан ҳис этган. У мазкур пойдеворни, бугунги истилоҳ билан айтганда, конституцион монархия шаклида тасаввур қилган. Табиийки, бу тушунча Навоий даврида айнан учрамаса-да, давлатни муайян низом асосида идора этиш Шарқ давлатчилиги тажрибасида бўлган. Салжуқийлар бош вазири Низомулмулкнинг “Сиёсатнома”сида давлат бошқарувига оид талай қоидалар баён қилинган. Чингизийларда амал қилган яъса ҳамда “Темур тузуклари” ана шундай низом намуналаридир. Лекин сўнгги икки ҳужжат асосан ҳарбий тартиботга қаратилган. Айниқса, давлат тизимида коррупцияга қарши кураш муаммосига саёз ёндашилган – “порахўрнинг қўлини кесиш лозим” каби гаплар билан чекланилган. Тарих эса давлат ва миллат тақдири ҳукмдорнинг шахсияти ва иродасига бир даража боғлиқ бўлса, унинг атрофидагилар ва қўл остидагиларга ўн даражада боғлиқлигини кўрсатади.

Тарихни ҳам, темурийлар кечмишини ҳам чуқур билган Навоий давлат бошқарувидаги ана шу бўшлиқни аниқ кўргани боис тегишли низом жорий этишга интилган. Бундай низом қоидалари айри-айри ҳолда унинг кўплаб асарларида учрайди. Масалан, “Маҳбуб ул-қулуб”нинг учинчи қисмидаги 3234 рақамли танбеҳлар ҳукмдор ва амалдорлар ўртасидаги муносабатга бағишланган.

Биз бу ўринда икки ҳужжатга мурожаат этамиз. Булар – “Муншаот” асаридаги 55 ва 57 рақамли мактублардир. Иншолар ўша давр услубида ёзилгани учун уларнинг мазмунини бугунги кун нуқтаи назаридан талқин этишга саъй қилдик. Ҳужжатларнинг ўта муҳимлигидан келиб чиқиб, уларда баён этилган принциплар тизими “Навоий кодекси” деб аталди.

55 рақамли иншога мазкур кодекснинг преамбуласи (муқаддимаси) сифатида қараш мумкин. У номи зикр этилмаган ҳукмдорга Навоийнинг насиҳати йўсинида бўлиб, мазмунан каттаю кичик – ҳар бир мансабдорга тааллуқлидир: Ҳар бир мансабдор Тангри таолонинг буюрганлари бўйича ўз вазифасини адо этмоғи ҳамда Тангри таоло ман этган хатти-ҳаракатлардан сақланмоғи лозим. Давлат тепасидаги султондан тортиб энг кичик мансабдоргача ўз лавозимига муносиб тарзда бошқалар устидан ҳукм юритиш имкони берилган. Уларнинг шунга яраша эҳтиёжлари бўлиши ва уларни қондиришга мойилликлари ҳам табиий. Фақат унутмаслик лозимки, мансаб қанча юқори бўлса, унинг Ҳақ таоло амрига итоати шу қадар қаттиқроқ ва қатъийроқ бўлиши керак. Етти иқлимга ҳукми ўтадиган султон билан бир танга илинжидаги гадонинг эҳтиёжи орасидаги тафовут нақадар бўлса, уларнинг Оллоҳ таолога итоат қилишидаги тафовут ҳам шу қадар бўлиши керак. Бу қоидага амал қилинсагина мансабдорлар Оллоҳ таолонинг иноятига сазовор бўладилар ва бошига тушиши мумкин бўлган тарих синовларида Оллоҳнинг инояти ва раиятнинг дуосига эришадилар. Акс ҳолда раиятнинг баддуосию тарихнинг адолатли ҳукмига дучор бўладилар.

57 иншода ҳукмдор фаолиятини тартибга солувчи қоидалар баён қилинган. Биз уларни моддаларга бўлиб табдил этамиз:

1. Ҳар кунни Оллоҳ таолога ибодат билан, унинг буюрганларини дилдан ўтказишдан бошлаш лозим.

2. Сўнг девонда ўтириб мамлакатда адолатга қай даражада амал қилинаётганини суриштириш билан давом эттириш, зулмдан норози бўлиб мурожаат этувчиларни қабул қилиб арзларини тинглаш, қачон, қаерда адолатга хилоф иш қилинган бўлса, дарҳол уни тиклаш чораларини кўриш, чунончи, суриштириб тагига етиш ва бу борада бошқаларга ўрнак бўладиган ҳукм чиқариш, жумладан, раиятга зулм ўтказган золимга шундай сиёсат қилиш керакки, бошқалар журъат этишдан қўрқадиган бўлсин.

3. Ундан кейин бевосита бўйсунувчи амалдорларни чорлаб, ташқи сиёсат ва иқтисодиёт масалаларини кўриб чиқиш, бу соҳалардаги ҳар бир муаммонинг мағзини чақиб, кечиктирмай ҳал этиш чораларини кўриш.

4. Шундан сўнг барча мансабдор ва мулозимлардан аввал берилган топшириқларнинг ижроси ҳақида ҳисобот талаб этиш, охирига етмаган ёки амалга ошириш тўсиққа учраган ишлар бўлса, сабабини суриштириш, қилиниши лозим ишларни ижро муддати билан бирга тайин этиш.

5. Ўзига яқинлар билан муносабатда Оллоҳ буюрганига зид ишлар қилмаслик. Хусусан, зиммадаги бурчни адо этишга халал бермайдиган тарзда ҳордиқ чиқариш.

6. Кундалик ишлардан вақт орттириб имкон қадар ҳар куни ўз маърифатини юксалтиришга саъй кўргизиш, хусусан, қисқа бўлса-да, манфаатли китоблар мутолаасига фурсат ажратиш.

7. (Диннинг жамиятда тутган ўрнини ҳисобга олиб) Катта-кичик лавозимдаги садрларга буюрилиши керакким, имому қорилар мусулмонларнинг имонини мустаҳкамлаш йўлида саъй кўрсатсинлар. Бу ойин биринчи навбатда ҳукмдорнинг ўзига ҳам тааллуқлидир.

8. Ҳукмдор мунтазам равишда нафсини тийиб олган олим, фозил ва бошқа акобирни ўз ҳузурига йиғиб, ҳар икки дунё саодати йўлида балоғатга эришиш борасида мажлислар уюштириб туриши фойдалидир.

9. Салтанатга хавф келиши мумкин бўлган қўшни мамлакатларга фаҳм-фаросатли, эс-ҳушли кишиларни (хуфялар) юбориб, у ердаги вазиятдан бохабар қилиб туришларини йўлга қўйиш, етказилган хабарлардан муҳимларини кечиктирмай билдириб туриш қоидасини жорий қилиш ва бундай маълумотлардан ташқи сиёсат масалаларида истифода этиш.

10. Шаҳарларда шаробхона, байтуллатаф (фоҳишахона), қиморхона ва шуларга ўхшаш шариат ахлоқиға зид масканларни батамом тақиқлаш.

11. Мутасаддилар ҳар ҳафтада икки марта бозор айланиб, нарху наводан, савдо-сотиқ қай даражада тўғри олиб борилаётганидан воқиф бўлиб туриши лозим.

12. Маҳаллаларда маърифий ишлар учун масъуллар тайинлаб, уларнинг фаолиятини назорат қилиб бориш.

13. Маҳаллаларда болаларни ёппасига ўқитишни ташкил этиш. (Бу моддада Навоий, агар янглишмасак, инсоният тарихида биринчи бўлиб ялпи умумий таълим ғоясини илгари сурмоқда!)

14. Мамлакатдаги барча маъмурий бирлик мутасаддиларидан ушбу низомда қайд этилган тартибда ишлашни талаб қилиш.

15. Ҳамма бўғинларда кирим-чиқим тўғрилигини қатъий назорат қилиш; қаерда бузилган бўлса тузатиб ўрнига қўйиш.

16. (Ҳар жамиятнинг ҳар даврида одамлар яхши билмайдиган улуғ) Олимлар қадрига етиш, уларнинг илмидан элу юрт манфаати йўлида фойдаланиш.

17. Девоннинг масъуллари ҳар куни раият ишлари билан шуғулланиши керак.

18. Жойларда ҳам масъуллар раият ишлари билан машғул бўлиши, муаммоларни имкон борича ўзлари ҳал этишлари, ўзлари ҳал этишга ожизлик қилсалар, девонга арз қилишлари керак.

19. Олий фармонларни жойларга етказиш ва уларнинг ижросини назорат қилувчи мулозимлар ўз вазифасини қатъий қонун-қоида асосида бажаришини ташкил этиш.

20. Доруғалар, беклар ва бошқа масъуллардан ўз ваколатлари даражасидан ортиқ ёки кам ишни талаб этмаслик, рағбат ва жарималар ҳам шунга мутаносиб тарзда бўлишига эришиш.

21. Ҳар кун қилинган ҳар бир иш, топшириқ ва бошқалар ёзиб бориладиган дафтар юритувчи масъул тайинлаш.

22. Давлатнинг барча бўғинидаги мансабдор ва амалдорлар, раият ишлари билан шуғулланадиган, қўлида имзо ва муҳр тутадиган барча масъуллар мурожаат этувчиларнинг ишлари эртанги кунга қолдирилишига йўл қўймасликлари керак, тама мақсадида пайсалга солувчилар муқаррар жазоланиши лозим.

23. Ҳукмдор қатнашадиган тор доирадаги йиғинларга ўз нафсини тийиб олган кишиларгина таклиф этилиши лозим.

24. Ҳукмдорнинг ҳар бир фармонини, унинг кўламидан қатъий назар, масъул ходимлар дарҳол бажаришга киришиши, бошқа ишлар бунга халал бермаслиги лозим; фармон бажарилгани ҳақида ҳам, агар ижронинг иложи бўлмаса, сабаби ҳақида ҳам ўз вақтида хабар етказилиши шарт.

25. Девондан чиқадиган ҳар бир иншо аниқ ва тушунарли тарзда битилиши, санаси кўрсатилиб рақамланган бўлиши лозим.

26. Мамлакатнинг турли жойларидан келган иншоларни қараб чиқиш пайсалга солинмаслиги, уларнинг жавобини кутувчилар маҳтал қилинмаслиги, аксинча, уларга илтифот кўрсатилиши лозим.

27. Чегара ҳудудларнинг мустаҳкамлиги, тинчлиги, у ерда яшовчи аҳолининг фаровонлиги давлат идорасининг энг муҳим ишларидан бири деб қаралиши лозим, токи бирон хавфу хатар туғилгудай бўлса, дарҳол чорасини кўришга тайёр турилсин.

28. Умуман, давлат ишларида шундай тартиб-низом ўрнатилиши керакки, амалдорлар ўз бурчини белгиланган тартибда қатъий адо этсин, шахсий роҳат-фароғатини деб давлат манфаатига путур етказмасин.

29. Ўз навбатида ҳукмдор ҳам шахсий ҳаётида меъёрга амал қилсин, шахсий ҳаёти Оллоҳ таоло унга юклаган бурчни адо этишга тўсиқ бўлмасин.

30. Маъмурий идоралар ҳарбий хизматчиларни иззат қилиши лозим, шу билан бирга, ҳарбийлар томонидан қонунбузарлик ҳолатлари содир бўлса, жазосиз қолдирилмаслиги керак. (Бу модда Навоий даврида ҳарбийларнинг давлатдаги ўрни ҳозиргига қараганда бир неча баробар юқори бўлгани билан изоҳланади.)

31. Қўриқчилар, қоровуллик хизматидагилар ўз вазифасини сидқидилдан, қатъий интизомга риоя қилиб бажариши керак ва бу доим назоратда тутилиши лозим.

32. Бошқа ўлкалардан келган савдогар ва сайёҳлар алоҳида муҳофаза остида бўлиши керак. Улардан турли ноқонуний солиқлар ундирилиши қатъий кесилиши лозим; шариат қоидаларига асосланган ҳолда, уларнинг закотдан ҳам озод қилиниши мақсадга мувофиқ; хорижлик савдогарлар қай даражада эркин савдо-сотиқ қилаётгани назоратчилар томонидан мунтазам текшириб турилиши, уларга қай йўсинда бўлса ҳам тазйиқ ўтказилган ҳоллар аниқланса, айбдорлар жазоланиши ва бунинг овозаси кенг ёйтилиши лозимки, у бошқа мамлакатларгача етиб борсин, токи бунинг натижасида салтанатда савдо-сотиқ ривож топсин.

33. Бу низомдан четда қолган ҳолатларда шундай иш тутилиши лозимки, у Тангри таолонинг буюрганига ва ҳукмдорнинг тарих олдидаги бурчига мувофиқ бўлсин.

 

Беадоқ афсус

Кўриниб турибдики, кодекс – бир ўтиришда хаёлга келган гаплардан иборат эмас, ҳар томонлама пухта ўйланган, давлат бошқарувининг деярли ҳамма соҳасини қамраган. У Навоийнинг узоқ йиллар давомидаги кузатув, тажриба ва тафаккури маҳсулидир. Ҳиротга келиши билан муҳрдор лавозимига тайинланган Алишер енг шимариб ишга киришган. Айниқса, бош вазир бўлгач, унинг бу борадаги фаолияти ҳадди аълосига етган.

Ҳеч шубҳа йўқки, кодексда ифода этилган принципларга, энг аввало, ҳазратнинг ўзи қатъий амал қилган. Навоий ҳукмдорга садоқат, давлатпарварлик, халқпарварлик, дину диёнат ва адолатда ҳам барчага намуна эди, аммо ундан ўрнак олмадилар.

Олимлар хулосасига кўра, “Муншаот”даги 55–57 рақамли мактублар Бадиуаззамонга йўлланган. Албатта, Навоий барча темурийзодаларни шу руҳда тарбиялашга, уларга шу йўл билан таъсир этишга интилган. Унинг, алалхусус, Султон Ҳусайн билан жуда яқин бўлгани маълум. Ҳар иккиси ёлғиз қолган пайтларда ҳукмдорга ҳам ана шу принципларни уқтиришга ҳаракат қилган бўлса ажаб эмас. Гарчи бу ҳақда тарихий манбалар бевосита гувоҳлик бермаса-да, Навоийнинг турли асарларида ҳамда замондошларининг китобларида кўплаб билвосита далиллар учрайди.

Ўз даврида Навоий одил вазир сифатида донг таратган. Бугун энди умумжаҳон тарихи билан танишиш имкониятига эгамиз ва шу асосда айта оламизки: бутун инсоният тарихида адолатли икки бош вазир ўтган бўлса, Навоий уларнинг биридир; агар битта бўлса, у айнан Навоийдир!

Ҳазрат ўзини тарих олдида хоксор тутган. Унинг буюк орзуси – ўз шуҳратини ёйиш эмас, балки Султон Ҳусайн салтанатининг мустадомлигини (умрбоқийлигини) таъминлаш бўлган. Ишлаб чиқилган бошқарув низоми ҳам моҳиятан шу мақсадга қаратилган. Агар Султон Ҳусайн бир фармони олий ила Навоий кодексини яъсага айлантирганда, темурийлар давлати, эҳтимолки, жаҳон саҳнасида яна узоқ йиллар қолар, Мовароуннаҳр тарихи бутунлай бошқа йўлдан кетган бўлур эди.

Беадоқ афсуски, Навоийнинг режалари хаёлот (утопия) бўлиб чиқди. Маишатпараст Султон Ҳусайн ўз салтанати, темурийлар давлатининг тақдири тўғрисида қайғуриш туйғусидан маҳрум, атрофидаги манфаатпараст амирлар учун эса Навоийнинг сиёсати хатарли эди. “Шарқ утописти”нинг интилишлари тош деворга отилган ўқлардек бесамар кетди. Амирлар Навоий билан Султон Ҳусайн ўртасидаги дўстликка рахна сололмаган бўлса-да, буюк давлат арбобининг ҳукмдорга таъсирини кучсизлантиришга эришди. Охири Навоий истеъфо беришга мажбур бўлди. Ҳеч қанча вақт ўтмай темурийлар салтанати Султон Ҳусайннинг калтабин ўғилларию очкўз амирлари сабаб инқирозга учради. Ҳалокат сабабчилари эса тарихнинг одил ҳукмига дучор бўлди. Навоийдек дўсти ва вазири бўлган Султон Ҳусайн тарихдан “Одил” лақаби билан жой олиш имконини бой берди. Мовароуннаҳр, ҳатто бутун мусулмон дунёси буюк тарихий имкониятни қўлдан чиқарди.

Шарқ осмони уфқида кўтарила бошлаган улуғ давлатчилик қуёши ортга ботди (не ажабки, бир неча аср ўтиб у бошқа ёқдан чиқди ва Ғарб тамаддуни юксалишига хизмат қилди). Шу тариқа Навоийнинг қатъий низом асосида бошқариладиган адолатли давлат қуриш режаси, мақсади, орзуси армонга айланди.

Абдулла АЪЗАМ

“Тафаккур” журнали, 2020 йил 1-сон (“Буюк армон” мақоласи)

1 Изоҳ

акбар саидов

06:01 / 14.01.2024

Устоз А.Навоий ҳақидаги билимимиз яна ортишига материал катта ҳисса қўшди. олган маълумотларимизни ёшларимизга етказишда кенг фойдаланамиз. Яна бир марта катта раҳмат, ижодингизга Аллоҳ янада улкан барака берсин

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси