Бугун интернет замони, қўлига телефон ушлаган одам ун имкониятларидан фойдаланади. Маълумотларнинг истагидан ортиғини ҳам олиши мумкин. Лекин... Интернетда маълумот тарқатаётганлар етук мутахассис бўлиб, барчасининг маълум мақсадалари бор. Ўйлаб кўрайлик, етук мутахассис фикрини оддий ходим ёки авом фуқаро тўғри англаб олиши мумкинми? Агар ўша мутахассис бошқа миллат ёки бошқа дин вакилларини ўзига муте қилиб олиш мақсадида маълумот тарқатаётган бўлса-чи? Майли, яхшилик мақсадида ўта муҳим маълумотни ҳам берди дейлик. Лекин у билан бошқа фойдаланувчилар тушунчаси орасида осмон билан ер қадар фарқ бўлади. Уни ўзининг даражасидаги мутахассисгина англай олиши мумкин.
Яна ҳам содда тушунтирадиган бўлсак, устоз олдига борган талаба мутолаани энг мукаммал асарни ўқишдан бошламайди-ку! Аввал биринчи босқич илмларни ўрганади, бу ҳолат босқичма-босқич олиб борилади. Энг сўнггида ҳам устоз ўзидаги бор билимни талабага ўргатиб улгурмайди. Шунда ҳам талаба катта билим эмас, кенг тушунча ҳосил қилган бўлади. Бунинг учун тўрт ёки олти йиллик ўқув йили талаб этилади. Шу тўрт ёки олти йил мобайнида талаба илмнинг фақат назарияси билан танишишга улгуради, холос. Бу тартиб тиббиёт соҳасидан тортиб, қишлоқ хўжалигигача, қатор фанлардан бошлаб журналистикагача барчасига бирдек тааллуқли.
Интернетдан ахборот сифатида фойдаланиш керак дерсиз? Аслини олсангиз, ҳамма гап ана шу ахборот олиш деган сабаб ортига яширинган эмасми? Хўш, дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида тарқалаётган ахборотларнинг саноғига етиш осонми? Ахборотлар шундай дейлик, лекин ўзимиз-чи, ўз умримиз ҳақида қачон қайғурамиз? Энди ижтимоий жамиятдаги ҳаёт устида бир лаҳза фикр қилсак. Ҳақиқат шуки, умр бир марта берилади. Хўш, унда бир марта бериладиган бебаҳо умрни ҳар қандай алдовларга сарфлаш керакми? Йўқ, албатта! Борингки, ўз касб-корига тегишли маълумотларни ёки рўзғорига фойда келтирадиган янгиликларни изчил кузатиб боришида интернетдан кимлардир ҳаётига, оиласига, ўй-фикрига кўплаб манфаат олдим дейиши мумкиндир. Бу билан интернетдан фойдаланиш кони фойда деб айтолмаймиз.
Ҳамма замонларда дунёни англаган олимлар ҳеч бир ўринда ҳаётда мавжуд янгиликларга чеклов қўймаган. Чеклов қўйиш фикрини ҳам айтишмаган. Яхши-ёмон, гуноҳ-савоб деган чегарани Ягона Аллоҳ жорий қилган, холос. Олимлар эса жамиятда юзага келган ҳар қандай воситадан ўринли фойдаланиш, инсон умрига манфаат етказиш йўлларини тарғиб қилганлар.
Бугунги интернет замонида, унда берилаётган воқеа-ҳодисалар, сон-саноқсиз маълумотлар ёшларнинг умрини ўғирлаб қўяди. Энг ачинарлиси, ёшларни фикрлашдан чалғитиб, тўғри йўлдан адашишларига сабаб бўлмоқда.
Гарчи фойдали маълумотларни ҳам киши керагидан ортиқ олаверса, мияни чарчатиб қўяди. Қорни тўқ одам яна бир ҳисса овқат егандаги ҳолат каби. Шунинг учун ўз соҳасига, ўз касбига ёки кундалик ҳаётига зарур бўладиган маълумотдан ташқариси умрни ҳавога совуриш билан баробар экан. Аксинча, ёлғон маълумот ёки зарарли хабарлар бўлса-чи, унда бутун бошли умрни заҳарлаши турган гап. Ана шундай мезонда, яъни шу менинг ҳаётим учун асқотадими деган савол билан интернетдан фойдаланилса, ўзгаларнинг тузоғига тушиб қолмайди. Бу борада фақат пул ёки обрў маъносида сўз айтмадик, одам болаларига бир марта бериладиган бебаҳо умр устида кетаётган масала.
Оддий одам ўз тушунчаси бўйича иш тутиб, ўзини овутиши мумкин. Лекин кишилик жамиятидаги меъёрий ҳаёт буни инкор этади. Жамият ҳаётида турли тоифа одамлар яшайди. Интернет эса бир хилда бошқарилади. Энг даҳшатли томони шунда. Ўзлигимизни, ўзимизни асраш йўлида зиёлиларни, ёши улуғ яқинларимизни, устозларни, мутахассисларни эшитайлик. Фарзандларимизга ҳам шу насиҳатларни қилайлик. Асло, чеклашлар билангина ёмонликдан қутилиб бўлмаслигини олим ва мутахассислар такрор-такрор айтишмоқда.
Ерда бўлиб ўтган, бўлаётган воқеалар ҳақиқатини олимлар ўқиб ўрганишади ва бошқаларга етказишади. Бу жараёнга миллатнинг зиёлилари масъулдирлар. Давлатимиз ривожлансин, халқимиз бой бўлсин, одамлар фаровон яшасин, маданиятимиз юксалсин деган мақсадимиз бор экан, такрор бўлса ҳам айтиш керакки биз зиёлиларни, ёши улуғ яқинларимизни, устозларни, мутахассисларни эшитайлик. Улар ёлғон гапиришга ҳаққи йўқ бўлган миллат виждонлари ҳисобланади. Ана, шунда, аждодларимизнинг руҳини шод айлаган, келажак авлодларимизга кенг имкониятлар яратган бўламиз.
Абдулҳамид ЖУМАНОВ,
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўқитувчиси
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ