Бизнинг болажонлар хорижий контентлар билан “озуқланиш”га мажбур


Сақлаш
17:04 / 14.09.2023 1969 0

Жадид боболаримиз ҳозир ҳаёт бўлганида катта эҳтимол билан энг пешқадам болалар блогерига айланар эди. Улар айнан болалар тимсолида ўзлари орзу қилган мустақил Ватанни, эркин ва фаровон яшайдиган халқ ҳаётини тасаввур қилишган. Бугунги куннинг ана шундай имкониятларидан бири эса, шубҳасиз, YouTube блогерлиги. Аммо, афсуски, юртимизда ушбу имкониятдан фойдаланадиган замонамиз жадидлари ҳозирча топилмаяпти.

 

Нега айнан YouTube блогерлиги?

 

2005 йил 14 февралда ишга туширилган YouTube платформаси 2023 йилга келиб ҳар ой фаол фойдаланувчиси 2.5 млрд (дунё бўйича интернетдан фойдаланувчиларнинг қарийб 45 фоизи) аудиторияга эга бўлди. Ҳар дақиқада YouTube фойдаланувчилари томонидан 500 соат видео юклаб борилади. Аҳамиятли жиҳати шундаки, YouTube тармоғида айни пайтда 51 млн дан ортиқ канал фаолият юритаётган бўлса, обуначилар ва кўришлар сони бўйича 2023 йилдаги энг машҳур топ-10 таликка кирганлар орасида айнан болаларга мўлжалланган каналлар етакчилик қилади. Тасаввур қиляпсизми, 51 миллионнинг ичида болалар канали кучли ўнталикни эгаллаб турибди. Масалан, Cocomelon (Nursery Rymes) канали 165 млн обуначи, Kids Diana Show – 113 млн, Like Nastya – 107 млн, Vlad and Niki – 100 млн обуначи билан дунё болаларини ўзига маҳлиё қилган. 2016 йил 18 июнда Pinkfong ижросида YouTubeга жойлаштирилган Baby Shark Dance (Митти акула рақси) қўшиғи эса бугунги кунгача 13 млрддан ортиқ кўрилган. Албатта, бу каби рақамлардан иборат статистикани яна анча давом эттириш мумкин, лекин бу ерда асосий мақсад болалар контентига бўлган талабнинг қанчалик юқорилиги ва болалар аудиториясининг ана шундай контентларга қанчалик ўчлигига эътибор қаратиш. Тўғри, миллионлаб аудиторияга эга ва миллиардлаб кўришларни тўплаётган контентларнинг ҳаммасини ҳам болажонлар юксалиши учун хизмат қиляпти деб айтиш қийин. Масаланинг нозик ва муҳим томони улкан қамровга эга ана шу YouTube платформасидан болалар таълим-тарбиясига ижобий таъсир кўрсатадиган восита сифатида унумли фойдаланишда.

 

 

Болалар блогерлиги нима беради?

 

YouTube тармоғини сал эринмасдан кўздан кечириб чиқсак, у ерда болаларга мўлжалланган турли мазмун ва йўналишдаги каналларни учратамиз. Уларни асосан: 1) анимация ва мультфильмлар; 2) ўқув видеолари; 3) ўйинлар ва гейминг; 4) ўйинчоқларни ўрамдан очиш ва уларга баҳо бериш; 5) қўшиқ ва мусиқий видеолар; 6) турли челленжлардан иборат олти йирик туркумдаги контентлар ташкил этади, яъни болаларнинг исталган дид ва хоҳишларига мос контентларни топиш мумкин. Дейлик, қайсидир ота-она боласининг дунёқарашини кенгайтирадиган ёки билимини оширадиган видеоларга эҳтиёж сезаётган бўлса, марҳамат, YouTubeда бунга тегишли минглаб контентлар бор. Қолаверса, YouTube блогерлари болалар ва уларнинг ота-оналари учун ҳар хил мавзудаги контентларни яратиб бериш билан бирга, жажжи аудитория ортидан миллионлар ишлаб топаётгани ҳам бор гап. Хуллас, болаларга мўлжалланган видеолар тайёрлаётган блогерларни ҳар қанақасига олиб қараманг фойдада, бироқ YouTube блогерлиги чиндан ҳам болалар фойдасига хизмат қилиши, айниқса, ўзбекзабон болажонларга мўлжалланган каналларни юритишда бир қанча муҳим жиҳатларни инобатга олишга тўғри келади. Бу борада контентлар ва ижтимоий тармоқлар аудиториясининг қизиқишларини таҳлил қилувчи Popsters онлайн-сервиси тавсиялари эътиборли. Унга кўра, болалар учун контент яратишда қуйидаги жиҳатларни инобатга олиш зарур:

 

1. Хавфсизлик ва мувофиқлик. Болалар учун контентлар, албатта, уларнинг ёшига мос бўлиши, зўравонлик, шафқатсизлик, ножўя хатти-ҳаракатлар ва шунга ўхшаш салбий таъсирлардан холи бўлиши шарт.

 

2. Қизиқарли ва ранг-баранглик. Агар контентлар болани ўзига жалб қила олмаса, бари уринишлар ҳавога учиши аниқ. Шу сабаб, экспертлар болалар учун ёрқин ва жозибали визуал эффектлардан, қизиқарли воқеалар, ўйин ва қўшиқлардан фойдаланишни тавсия қилади. Бунинг формуласи ҳам оддий: ёрқин тасвир + визуал ва мусиқий махсус эффектлар + севимли ва машҳур персонажлар = муваффақият.

 

3. Болалар психологиясини тушуниш. Бунда болаларнинг ёши, характери ва алоҳида хусусиятларини ҳисобга олиш муҳим ҳисобланади. Шу сабаб, контентда болаларнинг когнитив, эмоционал ва ижтимоий кўникмаларини ривожлантиришга эътибор қаратиш жоиз.

 

 

Таъкидлаш ўринлики, Lego компанияси ташаббуси билан ўтказилган тадқиқотга асосан, АҚШ, Буюк Британия ва Хитойдаги замонавий болалар фазогир бўлишдан кўра блогерликни уч карра кўпроқ орзу қилишар экан. Чиндан ҳам бугунги ҳаётимизда блогерлик – бу машҳурликка эришиш ва яхшигина даромад топишнинг самарали йўлларидан бўлиш билан бирга, болажонларга энг кўп таъсир кўрсата оладиган соҳага айланди. Ҳозирда ана шундай ўз тенгқурларининг диди ва қарашларига таъсир кўрсатаётган 13 ёшгача бўлган болаларни кидфлюэнсерлар деб аташади. Агар ҳозирда 100 дан ортиқ давлатларда YouTubeдан фойдаланиш имконияти мавжудлиги инобатга олинса, болалар блогерлигининг нақадар каттта куч эканини тасаввур қилиш қийин эмас. Бошланғич билимлар (санаш, рангларни ўрганиш, жониворлар билан танишиш, теварак-атрофдагилар билан муносабатга киришиш ва ҳ.к.)дан тортиб, мураккаб топшириқлар (ҳарфларни таниш, қўшиш-айириш, мантиқий фикрлаш ва б.қ.)ни ўзлаштиришгача ва ҳатто болаларнинг хулқ-атвори шаклланишида бу каби кидфлюэнсерлар ва умуман, болалар учун контент тайёрлаётган блогерларнинг таъсири катта бўляпти.

 

Ўзбек блогерлари нега “болажон” эмас?

 

Бир вақтлар “етти маҳалла ота-она” дейишар эди, замон зайли билан уйдан чиқмай қўйган болаларга, чиллагу бекинмачоқ ўрнига интернет билан катта бўлаётган авлодга энди “етти блогер ота-она” бўлиб қолди. Афсуски, улар ҳам миллий аудиториямизга “ўгай ота-оналар”, чунки бизнинг болажонлар ўзимизда ўзбекзабон блогерлар йўқлиги сабаб, фақатгина хорижий контентлар билан “озуқланиш”га мажбур. Улар нимани таклиф этишса, ўрнини босувчи ўзимизнинг контентлар йўқлиги учун ўшаларникини эътирозсиз қабул қилишга ўрганишяпти. Қайси артист неча пуллик мошинада юришию қанақа уйда яшаши, нималар еб-ичиб, қанақа кийимлар кийишигача ёниб-куйиб контент тайёрлайдиган ёки ижтимоий-маиший ҳаётимизнинг бошқа ҳар қандай икир-чикирлари ҳақида эринмасдан видео-блоглар юритаётган ўзбек блогерлари болалар учун хизмат қилишни назарига илмаётган, эҳтимол, бу тўғрисида ўйлаб ҳам кўрмаган бўлиши мумкин. Лекин айни мана шу йўналиш, яъни болалар блогерлиги юртимизда худди ҳали кашф этилмаган орол сингари ўз эгаларини кутиб турибди. Муҳим жиҳати шундаки, болалар блогерлиги мўмай даромад келтириш билан бирга (албатта, контентлар шунга яраша мазмунли, қизиқарли ва болаларбоп бўлса), миллат болалари юксалишида, миллий контентлар орқали бундан бир аср аввал жадид боболаримиз ёниб-куйган таълим-тарбия масаласида зўр дастак бўлиши мумкин, фақат уни ишга тушириб олиш керак, холос.

 

Азиз МАТЁҚУБОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10340
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//