
Ўзбек киноси ҳақида фикр мулоҳаза юритилган давраларда, кўпинча миллий кино санъати асарларидан норозилик кайфияти сезилади. Ўзбек киноси билан хориж киноси, хусусан АҚШ ёки Эрон, Туркия, Европа давлатлари фильмлари солиштирилади ва “биз ҳали бери уларни даражасига чиқолмаймиз”, дея мунозарали хулосаларга келинади. Лекин айнан даражаси юқори саналаётган давлатларнинг фильмлари киномухлисларимизга саноқли даражада таниш эканлиги унутилади. Аксар ҳолларда Голливуд фильмлари сон ва сифат жиҳатидан биринчиликда туради. Аммо Голливуд фильмларини миллий кинофильмлар сирасига киритиш мумкинми, йўқми бу баҳсли масала... Айтмоқчимизки, дунё киноманлари орасида ўзбек фильмларини яхши кўрган ва кўраётганлари ҳам талайгина. Айниқса, мустақиллик йилларида турли кинофестивалларда иштирок этиб келаётган киноижодкорларимиз анчайин танилиб улгуришган. Узоқ муддат мафкура қолипига солинган кино санъати миллий ўзанида эркин ривож топиши учун, албатта, маълум тарихий босқичлар зарур бўлади...
Oyina.uz бугунги мавзу доирасида кечаги ўзбек киноси қандай тўсиқларга учрагани, мустақиллик йиллари даврида миллий кино санъатига қайси фильмлар қандай тамал тоши қўйгани ҳақида фикр юритади.
Шўро қолипидан эркин ижод томон
Ўзбек киносининг шаклланиш ва ривожланиш босқичида кўпмиллатли совет давлатига хос санъатнинг анъанавий йўналишлари ўз аксини топган эди. Ўша ҳукмдор идеологияга мувофиқ тасвирланган воқеа ва ҳодисаларда синфий кураш ёки маънавий қолоқ инсонларни қайта тарбиялаш анъанаси муҳим бўлиб, салбий ва ижобий қаҳрамон орасидаги конфликт бадиий асар учун бош мезон ҳисобланарди. Ғарб киносанъати тараққиёт босқичларида эса фалсафа муҳим ўрин тутган эди. Шунинг учун ҳам, ягона кўпмиллатли давлат таркибида бўлган ўзбек киносида ғарб кинофильмларида бўлганидек, муаллифнинг “зоҳидона” фалсафий дунёқараши акс этган асарлар умуман учрамайди. Албатта, рамзий маъноларга эга кадрлар ёки мажозий тасвирларга урғу берилган ўзбек фильмларининг сараси ҳанузгача эстетик қийматини йўқотмаганлигини, миллий руҳият ёки миллий анъана ва қадриятларнинг соф экран муқобили топилган фильмларгина ўзбек киносининг ривожланишида муҳим пойдевор хизматини ўтаганини унутиш мумкин эмас.
(“Тоҳир ва Зуҳра”, “Насриддин саргузаштлари”, “Насриддин Бухорода” “Сен етим эмассан”, “Тошкент нон шаҳри”, “Инсон қушлар ортидан боради”, “Нафосат”, “Севишганлар” каби киноасарлар ўз даврида устун турган мафкуравий кўрсатмаларни қисман енгиб ўтгандек тасаввур уйғотади.)
Ўтган асрнинг 60-йилларида совет киношунослари айрим ҳолларда экран санъатининг визуаллигини биринчи ўринга қўйдилар, фильмда адабий асосга таянишни архаизм деб билдилар. Уларнинг фикрича, кинематограф – “ҳаракатланувчи визуаллик” санъати бўлиб, на адабий асос ва на сўз материалнинг соф тасвирийлиги ўрнини боса олади. Кинонинг тасвирийлигини (кино видимость) асосий омил деб билувчилар сценарийнинг адабиёт асари эканлигини инкор этиб, кино инсон руҳиятини чуқур ифодалашга ожиз, шунинг учун ҳам фан дунёсига, фалсафий қарашларга даъвогар бўлолмайди, чунки кино ҳиссийликнинг фақатгина биринчи поғоналарида туриши мумкин, деб ҳисоблардилар. Кўп ўтмай, бундай нотўғри қарашлар барҳам топди.
Қайта қуриш даврида барча собиқ совет республикалари киносанъатида содир бўлган носоз “тебраниш” ўзбек кинематографиясини ҳам четлаб ўтмади. Бошқа томондан мамлакатдаги турли ижтимоий-сиёсий ўзгаришларнинг акси тасмаларга муҳрлана бошлади. Бу ҳолат нафақат бадиий фильмлар, асосан экран публицистикаси, анимацияда ҳам намоён бўлди. Ўз-ўзидан воқеъликни руҳан эркин ижодкор сифатида англай бошлаган режиссёрлар, табиийки асарларида яқин ўтмиш ҳақида, ундаги қолиплар ва шахсга сиғиниш оқибатлари, миллий қадриятлар ва анъаналарга нисбатан бўлган таҳдидлар ҳақида очиқ гапириш имкониятини намоён этдилар. Шу тариқа илк қайта қуриш давридан мустақиллик давригача бўлган кезларда кинопублицистлар – Баҳодир Музаффаров, Шуҳрат Маҳмудов, Розиқа Мерганбаева, мультипликаторлар – Нозим Тўлахўжаев, Сергей Алибеков, режиссёрлар – Қамара Камалова, Юсуф Розиқов, Зулфиқор Мусоқов, Собир Назармуҳамедов, Нозим Аббосов, Жаҳонгир Қосимов, Ёлқин Тўйчиев, Аюб Шаҳобиддиновларнинг ижодида ўтиш даврининг ўзига хос манзарасини кўргандек бўламиз. Гарчи, кейинги мустақиллик йилларида яратилган аксарият фильмларда “соц реализм методи”нинг нормативларига риоя қилинмаган бўлса-да, етмиш йилдан ортиқ давр мобайнида ҳукмронлик қилиб келган мафкурадан, “кўрсатмалар” берувчи, ижодкор эркинлигини тақиқловчи кино соҳасидаги сиёсат таъсиридан тамомила қутулиш учун давр масофаси зарур бўлди.
Айни вақтда яратилган асарларда воқеъликка, борлиқ ва инсоният тўғрисидаги умумий тушунчаларга нисбатан муаллифларнинг холис муносабати кўзга ташлана бошлади. Миллий кинонинг янги даврида маълум воқеа ҳақида фалсафий мушоҳада юритаётган муаллифлар қаҳрамонлар хатти-ҳаракатини баҳолаш, қоралаш ёки оқлашдан йироқ бўлдилар. Аксинча, яқин ўтмишда шаклланган ижодкор айни даврдаги эркинликни мутлақ ҳақиқат сифатида тан олишда эҳтиёткор бўлишга, ғарб киносанъатининг таъсири остида интеллектуал кино унсурларига кўр-кўрона оғишмасликка ҳаракат қилди. Бу маънода ўзбек кинорежиссёрининг миллий маданияти, тафаккури ўз-ўзидан бошланғич нуқта вазифасини эгаллади. Яъни, аксар собиқ совет мамлакатлари киносида ўтган давр воқеаларидан очиқдан-очиқ кулиш ёки қоралаш принципи етакчилик қилган бўлса, ўзбек кинематографиясида асосан бадиий услубий изланишлар билан биргаликда, миллий анъаналарга, қадриятлар ва маданиятда устун турган миллий тафаккурга бевосита мурожаат этиш тамойили устун турди. Бу маънода, собиқ совет давлатлари мустақиллик даври киносини ўрганган рус киношуноси Елена Стишованинг фикрича, Осиёнинг маданий иммунитети ўзига ёт бўлган бегона маданият босқинчилигига бардош бера олиши маълум бўлди. Собиқ совет республикаларининг киноси буни тасдиқлаб турибди.
Бағрикенглик акс этган фильмлар
1998-2007 йиллар оралиғида яратилган “Воиз”, “Ёлғиз ёдгорим”, “Ватан”, “Ўтов” каби фильмларда режиссёрлар собиқ мустамлакачилик сиёсатини қоралашни эмас, эркин ижодкор сифатида бўлиб ўтган ҳодисанинг илдизларини инсоннинг руҳияти билан боғлашга ҳаракат қилдилар.
Жамиятнинг табиий тадрижий ривожланишини бир зумда бузиб юбориш қудратига эга инқилоб ва совет давлати сиёсатининг озод инсон руҳиятига кескин таъсир этган салбий оқибатларини қайта идрок этган кинорежиссёрлар – Ю.Розиқов, С.Назармуҳамедов, З.Мусоқов, Ё.Тўйчиев ва А.Шаҳобиддиновларнинг ўтган аср сиёсати қурбони бўлган инсон қисмати ёритилган асарларида миллий тафаккурнинг ижтимоий-сиёсий воқеаларга муносабати аниқ намоён бўлди.
Оила қуриш ва бир йўла марҳум аканинг икки рафиқасини танмаҳрамликка олиш қисмати Ўзбекистонда инқилобнинг амалга ошаётган кунларига тўғри келиб қолган Искандарнинг талатўпларга бой ҳаёти (“Воиз”), умрининг навқирон фаслларини “сиёсат қоғозига ўралган” ҳусумат туфайли сургунда ўтказишга мажбур бўлган инсон тақдири (“Ёлғиз ёдгорим”, “Ватан”) ва шўролар ҳокимиятига нисбатан ишончсизлик ҳисси билан яшаб келган одамови Убайдуллоҳ руҳиятидаги (“Ўтов”) эврилишлар акс этган фильмларда муаллифларнинг инқилобнинг инсон тақдирига таъсирига файласуфона муносабати кўринади.
“Воиз” фильми Киношунослар ва танқидчилар гилдиясининг “Киношок” фестивалида (ОКФ, 1999) “Конформизм мавзусини истеҳзоли ҳал қилгани учун” махсус соврини ва “Энг яхши бадиий фильми учун” “Олтин узум” Гран-приси билан тақдирланган. Шунингдек, 2000 йилда Бухоро ўтказилган миллий фильмлар фестивалида “Энг яхши сценарий” ва “Энг яхши тасвирий ечим учун” мукофотларини қўлга киритган.
Фильмда ХХ аср бошларидаги суронли йилларда беихтиёр “халқпарвар инқилобчи” образига кириб қолган Искандарнинг эътиқоди уни ҳар қандай сиёсий таъсирлардан омон сақлаб қолган бўлса, “Ёлғиз ёдгорим” фильмининг қаҳрамони юртига қайтиш умиди билан алдамчи ташқи таъсирларга берилмаган, ўз маслагида собит инсон қиёфасида кўринади. Турли тафовутларга қарамай, ҳикоя этилаётган ҳодисага ёндашувда икки режиссёрнинг ғояси бир-бирига ўхшаш. Яъни, шахсий манфаатлар ортидан моддий бойлик, обрў ёки амал қувмаган икки фильм қаҳрамони тақдир зарбаларини енгишда бурч ва садоқат туйғуларини тараннум этган қаҳрамон даражасига кўтариладилар. Айниқса, “Ёлғиз ёдгорим” фильми сценарийсининг драматургик қурилиши, даврнинг ҳаққоний тасвирланиши, барча қаҳрамонларнинг ўз биографик характерига эгалиги инқилобнинг меҳнаткашлар оммасига бахт ва саодат олиб келганлигини эмас, аксинча озод ва баҳтиёр инсон ҳаловатига раҳна солган бузғунчи ҳаракат эканлигини ёритган муаллиф ғоясини аниқ намоён этади.
Ёзувчи Хайриддин Султоннинг “Ёзнинг ёлғиз ёдгори” қиссаси асосида суратга олинган “Ёлғиз ёдгорим” фильми бош образ Адаш буванинг хотираларидан иборат сюжетлар асосида яхлит фабулани ташкил этади. Ушоқ сюжетлардан иборат пишиқ ва пухта “уланган” хотиралар занжири тақдир зарбалари таъсирида маънавий дунёси парчаланмай, аксинча руҳияти сайқалланиб борган бош қаҳрамоннинг характерини ёритиб борар экан, киноижодкорлар жамиятдаги ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан маънавий жиҳатдан баркамол инсон дунёқарашини қарама-қарши қўядилар. Сиёсат ёки инқилобга сиғинган одамдан кўра, поклик, маънавият, гўзаллик каби эстетик категорияларни ўзида мужассамлаштирган инсонгина ҳақиқатга етишиши мумкин, қачонки унинг мақсади олий бўлса – фильм бош ғояси мана шу фикрни илгари суради.
“Ёлғиз ёдгорим” фильми қаҳрамонининг қисмати “Ватан” киноасарининг бош қаҳрамони қисматига яқин. Иккала фильмда ҳам бир қизни икки йигит севгани, улардан бири Сибирга сургун қилиниши, иккинчиси эса уни сургунга жўнатишда етакчилик вазифасини ўташи сценарий тугунини белгилаган. Агар “Воиз” ва “Ўтов” фильмларида собиқ шўро ҳокимиятининг сиёсатига нисбатан муаллифнинг истеҳзоли табассуми акс этса, “Ёлғиз ёдгорим” ва “Ватан” фильми муаллифлари ўзбек халқининг азалий қадриятларидан – кечиримли бўлиш, душмандан қасос олмаслик, борига қаноат қилиш ва ҳукмни ягона яратганнинг ўзига топшириш эътиқодининг экран муқобилини икки фильм фабуласига сингдириб юборадилар.
“Ёлғиз ёдгорим”да узоқ муддат Сибирга сургун қилинган Адаш Ватанига қайтганида бундан йигирма беш йил муқаддам уни қамоқдан чиқаришга астойдил ҳаракат қилган дўсти – инқилобчи қизил аскар билан тасодифан учрашиб қолади. Икки хил маслакда умр кечирган дўстлардан бири – собиқ қизил аскар фаррошлик билан кун кечирмоқда, аламзада қиёфасида бахтдан асар ҳам йўқ, “халқ душмани” бўлиб, муддатини ўтаб келган Адаш эса нигоҳлари сокин, қалби пок, виждон амрига содиқ инсон. Фильм ижодкорлари воқеъликни нозик кинематографик нигоҳ билан тадқиқ этар эканлар, бу ерда ўз-ўзидан муаллифнинг ўтган давр ҳақида, инқилоб ва унинг асоратлари ҳақида айтмиш сўзлари намоён бўла боради.
“Ватан”да мамлакатнинг мустақиллик йилларида ҳорижда яшаётган ватандошларимизнинг Ўзбекистонга келиш имкониятидан баҳраманд бўлганлари намунасини кўришимиз мумкин. Лекин кимнидир соғинч, кимнидир оталар васиятини адо этиш бурчи она юртга чақирган бўлса, “Ватан” фильмининг қаҳрамонини ватандошига нисбатан қаҳр етаклаб келади. Мусофирчиликда умр кечириш, Сибирдаги машаққатли ҳаёт, севгилисининг аянчли ўлими ва бутун орзу умидлари саробга айланишига сабабчи бўлган инсонни топиш, қачонлардан бери тинчлик бермаётган ўч олиш ҳиссини қондириш мақсади билан она юртга келган Қурбон образи “Ватан” фильмининг ғоясини тўлақонли очилишига хизмат қилиши кўзда тутилган.
Собир Назармуҳамедов ҳам, Зулфиқор Мусоқов ҳам бош қаҳрамоннинг фожиасида жамиятдаги ижтимоий ўзгаришлардан кўра яхшилик ва ёвузлик ўртасидаги азалий кураш муҳим ўрин тутганлигини иботлай олдилар. Албатта, миллий дунёқарашнинг экран муқобилини топишга ҳаракат қилган икки режиссёрнинг фильми қиёсий таҳлил этилса, сценарий драматургияси ва ижрочилик маҳорати жиҳатидан “Ватан” фильмининг кемтик жойлари бамисоли “йирик план”да намоён бўлади...
Ю.Розиқовнинг “Воиз” фильмида инқилоб миллий, диний қадриятларга, азалий анъаналарга таҳдид солувчи ва инсоннинг тинчлигини бесабаб бузувчи фавқулодда куч эканлиги ретро йўли билан ёритилган бўлса, С.Назармуҳамедовнинг “Ёлғиз ёдгорим”ида жамиятдаги ўзгаришлар табиий эканлиги ва инсон бундай фавқулодда ўзгаришлар олдида фақатгина ўзгармас ва аниқ эътиқод туфайли омон қолиши мумкинлиги айтилади. Шу билан бирга, октябрь инқилоби жамиятнинг ривожида муҳим ўрин тутганлигини унутиш мумкин эмаслиги “Воиз” фильмида аниқ ва ҳаққоний таърифланди. Яъни, хотин-қизларни паранжидан озод этиш, жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш, синфийлик, табақаланиш муаммолари нисбатан ҳал этилганлиги ва бу жараёнда инқилобни “ҳақиқатнинг қарор топиши” маъносида қабул қилган кишиларнинг ҳаёти фожиали якун топганлиги “Воиз”да ҳам, “Ватан”да ҳам, қисман “Ёлғиз ёдгорим”да ҳам ўз исботини топди.
Ўз даврини яшаб бўлган сиёсатнинг инсон тақдирига кўрсатган салбий оқибатлари “Ўтов” фильмида ўзгача талқинда ёритилди (2007 йилда яратилган “Ўтов” фильми шу йили Анапа шаҳрида бўлиб ўтган “Киношок” фестивалида “Энг яхши эркак роли учун” совринини қўлга киритган).
Ўзбек киносига 2000 йилларда кириб келган икки ёш режиссёр Ё.Тўйчиев ва А.Шаҳобиддиновлар ҳамкорлигида яратилган “Ўтов” фильми шўро ҳокимиятининг инсон тақдирида қолдирган аянчли излари ҳақида ҳикоя қилади. Одамови, тоғда ёлғиз фарзанди билан сўққабош кун кечирувчи Убайдуллоҳ умр бўйи шўроларга нисбатан қаҳр-ғазаб билан яшайди ва бунга ўзини ҳақли, деб билади ҳам. Режиссёр қатъиятли, жамиятда устун турган ижтимоий фикр билан қизиқмаган ва жамоадан айро яшашни хуш кўрган инсоннинг дунёқараши ташқи кўринмас кучлар таъсирида ўз-ўзидан ўзгариб боришини панд-насиҳатдан йироқ, нафис кинематографик бўёқлар ёрдамида ёритади. Ўғлини куч ва қаҳр билан ўз измига бўйсундириб яшаган чўпон вақти келиб фарзанди ўзидек чўрткесар, қатъиятли бўлиб бўй кўрсатишини, бу эса унга нисбатан акс таъсир этишини кутмаган эди. Табиат ва инсон, ҳамда бу иккаласини ўз домига тортиб кетувчи жамиятнинг инсон эркини тушовлайдиган қонунлари табиий ҳол ва бунда кимнидир ёки ниманидир айбдор қилиш нотўғри, деяётгандек бўлади фильм ижодкорлари.
Яқин ўтмиш сабоқлари намоён бўлган тўрттала фильмда ҳам кинорежиссёрлар мунозарали сиёсий масалаларга жавоб топиш йўлидан бормайдилар. Назаримизда, “маълум бир макон ва замонда осуда ҳаракатланаётган инсоннинг йўлидаги машаққатларни енгишда муҳим восита нима?”, саволига ҳар бир фильм – маънавий баркамоллик ва муросасозлик, деб жавоб бергандек. Лекин том маъноси билан инқилобнинг осуда ҳаётга раҳна солиши аниқ эканлигини ҳам айнан сўз юритилган фильмлар мисолида англаш мумкин.
Кўринадики, ўзбек киноси истиқлол йилларидагина ўзининг асл миллий қиёфасини топиш йўлида изланмоқда. Чунки миллий маданиятнинг ривожи ўтган асрнинг 90 йилларига қадар “шаклан миллий мазмунан социалистик” шиорини илгари сурган методик кўрсатмага бўйсунишга мажбур бўлиб келган. Бу ҳолат нафақат ўзбек санъати ва маданиятига, балки собиқ қардош республикалар маданий ривожига ҳам ўз таъсирини ўтказганлиги маълум. Совет Шарқида соцреализм методи асосида яратилган минглаб картиналар маданиятдан мосуво бўлган санъатнинг аниқ намунасидир. Зотан уларда на анъаналар ва на тарихий миллий санъат билан бевосита узвий боғлиқлик бор. Албатта, агар, дўппилар, чопонлар ва бошқа диққатни миллийликка тортишга қаратилган маиший жиҳозларни инобатга олмаганда”, деб баҳо берган эди бу давр ҳақида киношунос Г.Закоян.
Шўро даврида яратилган аксарият ўзбек кинофильмларига нисбатан айтилган ушбу сўзлар миллий маданиятнинг ривожини тазйиқлар билан тўсишнинг оқибатларини кўрсатади. Мустақиллик даврида эса ўзбек киносида миллий қадриятларнинг акси моҳиятан соф миллий хусусият касб этиб бораётгани ва бунинг учун ижодий эркинлик санъаткор учун муҳим омил бўлаётгани амалда ўз исботини топмоқда.
Шоҳида ЭШОНБОБОЕВА.
Oyina.uz
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ