Ғоят шиддатли, тезкор даврда яшаяпмиз. Кўрадиган, эшитадиган нарсамизнинг тури, туси кўп. Гоҳо компьютер, гоҳо қўлтелефон ва яна алланечук воситалар ила киприк қоқгудек лаҳзаларда дунёи дунни кезиб юрибмиз. Ликопчали антенналар “беминнат” узатаётган ҳар турфа шоу, концерт, қийқириқ томошалару бепарда фильмларгача бари-барини бир нигоҳдан ўтказсак, юрак тушмагур қинидан чиқаёзади: эҳ-ҳе бундайин чек-чегараси, авра-астари йўқ майдонда исталган кимса довдираб, йўлини йўқотмоғи тайин. Миямиз эса нақ ёрилай дейди: хўжайин, озгина раҳм қил менга! Бу пўпанак дунёни қандай ҳазм қилай?!
Шундай кезларда бекорчи матоҳлардан этак силкиб, фикрий танбалликни қувиб китоб мутолаасига шўнғиган инсонни кўрганда, руҳингиз яйраб кетади, беихтиёр “э, отангга раҳмат...” деворасиз... Ахир, бугун китобга рақобатчи дов-дастгоҳ кўпайиб кетди, уларнинг аксари фойда келтиришдан кўра омонат умрни ўғирлаётгани ҳам бор гап. Яқинда атоқли адиб Қайсин Қулиевнинг ажойиб бир фикрини ўқиб қолдим: “Китоб ўқимай яшаш – куну тун тепадаги осмонни кўрмаслик, кўр бўлиш билан баробар”. Ҳа, мутолаа завқидан бебаҳра инсон чексиз фазони, унинг қўйнида чарақлаб турган юлдузларни ҳис қилолмайди, ёруғ оламни бор рангу таровати, шаклу жозибаси ила кўролмайди. Бундан ортиқ маҳрумият бормикан?..
“Алпомиш”ни топган куним
“Алпомиш”. Тошкент, “Шарқ” нашриёти, 1998.
Адашмасам, иккинчи синфда ўқиётган чоғим дадам қизғиш муқовали, бежиримгина китоб совға қилди. Унга “Ўғлим Шоҳрухбек ўқиб баҳраманд бўлсин!” деган тилак битилган эди. Қувончимнинг чеки йўқ, сабаби, китоб аталмиш чинакам мўъжиза билан илк танишувим ўшанда бошланган эди. Гарчи бунга қадар ҳам дарсликдаги ҳикоя-эртакларни ўқиб юрган бўлсам-да, яхлит китоб таассуротини туймаган эдим. Дадам туҳфа этган ва каминани расмана мутолаага ошно этган китоб – “Алпомиш” достони эди. Ҳайрату ҳаяжон ила “Алмомиш”ни қўлдан қўймай ўқидим... Ора-орада тин олиб, достон қаҳрамонлари, воқеаларни хаёлимда жонлантираман: ана, етти ёшли Ҳакимбек Добонбий бобосидан қолган ўн тўрт ботмонли ёйни даст кўтариб ўқ узди, найза Асқартоғнинг бир парчасини юлиб кетди. Бойбўри ва Бойсарининг орасига совуқчилик тушди: Алпомиш билан Ойбарчинни бир-биридан айиришди. Алпомиш Қалмоқ сари от сурди, ёрининг шартларини бажариб, уни ўз юртига олиб кетди, сўнг яна Қалмоқ сафари, етти йил зиндондаги бандилик... Бу воқеалар мурғак фикратимга ёмбидек қуйиларди. Рости, болаликдаги мутолаанинг завқи, нашъу намоси ўзгача бўлади, чунки тасаввур тиниқ, руҳ тоза, хаёлот осмонида хоҳлаганча учасиз, дунё ташвишларига қиё боқмайсиз! Ҳозир китобга эмас, интернету телефонга мафтун бўлиб ўсаётган болакайларга раҳмингиз келади: эҳ, бу беғубор оламда не-не қаҳрамонлар маскан қуриши мумкин эди-я!..
“Алпомиш”ни ўқиган китобхон борки, Ойбарчину Ҳакимбекка муҳаббат қўяди, ахир улар бош қаҳрамон-да! Аммо каминангиз негадир Алпомишнинг содиқ дўсти – Қоражонни суярдим. Аввало, исми нима учун Қоражон эканини кўп мулоҳаза қилганман: ранг-рўйи қора бўлса керак-да... Хуллас, тасаввуримдаги ўша қорача йигит мен учун чин қаҳрамон, ҳатто Алпомишдан ҳам ортиқ кўрардим уни. Қоражоннинг жасоратларини бир эсланг: Алпомиш Қалмоққа келганида, у билан дўст тутиниб, шу дўстлик ҳаққи туққан онасию акаларидан-да воз кечади, курашда бир кам тўқсон алпни ерга уради, бутун улусда хоин деган ном олиб, волидасининг қарғишига учраса-да, аҳдидан, йигит лафзидан қайтмайди! Бир дўст бўлса, шунчалик бўлар-да! Алпомиш иккинчи марта Қалмоққа бориб, зиндонга тушганида, қутқариш учун яна шу Қоражон келади. Бу икковининг учрашуви чунонам мутаассир қилади одамни: Қоражон арқонни зиндонга ташлайди, ҳозир у дўстини қутқариб олади ва бу икки алп Қалмоқшоҳнинг додини бериб, бошни баланд кўтарганча Қўнғиротга қайтади... Бола тасаввурингиз билан шундай бўлишига ишонасиз, чунки шу вақтга довур ўқиган эртакларингизда мудом эзгулик тантана қилган, лекин билмайсизки, бу – достон, унда синов дегани эртакдан мўлроқ келади. Шунда воқеа кутилмаган ўзанга бурилади; Алпомишнинг кўнглига шубҳа оралайди: “Қоражон мени зиндондан чиқариб олар, элда маърака-мажлис бўлар, бир тошиб гапириб ўлтирган вақтимда, “Зиндонда чириб кетадиган одам эдинг, фалокатдан қутқарган фақир-да” дея юзимга солса-чи?” Алпомишнинг ғурури, орига тасанно айтасиз, мана, ҳақиқий эр киши қандоқ бўлади! Аммо Қоражон ҳам дилтанг, дўстининг хаёлига шундай гумон келганидан норози бўлиб, хитоб қилади: “Хаёлингга Қоражон номард бўлибди, / Кўнглингга шундай гаплар келибди, / Ўйлаган шумлигинг бекор бўлибди, / Бек дўстим, умидим сендан шулмиди?”
Алпомиш сўзида собит туради, Қоражон минг озурда бўлиб, юртга ёлғиз қайтади...
Достондаги эътиборни тортувчи муҳим жиҳат бу – орият, ҳатто қизларнинг-да ори баланд! Ҳассос шоиримиз Шавкат Раҳмон орзулаган эр қизларнинг барини шу ердан топасиз: Ойбарчин, Қалдирғоч... Улар миллат қизларига ўрнак бўлгувчи тимсоллар. Ойбарчинни эсланг: Алпомиш олис йўл босиб, Қалмоқ юртига келганида, “Ҳамма қатори шартимни бажар, ғолиб чиқсанг, тегаман” дейди қатъият билан. Ваҳоланки, кўзи тўрт бўлиб кутган ёри, ортида душман турибди, индамай тегиб кетгани афзал-ку! Йўқ, қизнинг ори йўл қўймайди бунга. Қалдирғоч-чи? Алпомиш Қалмоққа боришни пайсалга солганида, аччиқ сўзлар айтиб, акасини мазаммат қилади, ғурурини уйғотади: “Мард йигитнинг ёри талаш бўлами, / Эр йигитнинг ёрин қалмоқ олами, / Барчин чечам талаш бўлиб қолами, / Сендай беклар бул бехабар турами?” Бу гапларни эшитиб, Алпомишнинг ғужури қўзийди, Ойбарчинни қутқариш илинжида Қалмоққа отланади.
Достоннинг бирор жумласини ҳам ҳаяжонсиз ўқиб бўлмайди; виждон, ор-номус, ўзлик туйғулари бори вужудингизни қамраб олади; у қаҳрамонликларни кўриб қадди-бастингиз ўсганини ҳис қиласиз. “Алпомиш”ни халқимиз, айниқса, ёш авлод кўп ва хўб ўқиса дейман. Зотан, бугунги глобал замонда қалб туйғусини иҳоталаш, ўзбекнинг қадриятларини тарғиб қилиш ва асраб қолишда бу достоннинг ўрни ғоят муҳим.
Санъат... Қурбонликка арзийдими?
Лев Толстой. Что такое искусство? // Собрание сочинений в 22 тт. Т.15. Москва, “Художественная литература”, 1983.
Буюк адиб Лев Толстойнинг тафаккур олами ҳар бир инсонни ҳайратга солади: тавба, бу мўйсафид билмаган, ўқимаган, идрок этмаган мавзу бормикан ўзи? Толстой – ёзувчи, файласуф, адабиётшунос, сиёсатшунос, диншунос, мухтасар айтганда, чинакам инсоншунос... Бани башар ўзлиги, эътиқоди, ботини, руҳонияти, эстетик дунёқараши билан боғлиқ не-не саволу жумбоқлар, сиру асрорларга Толстой асарларидан жавоб топаётир. Яқинда аллома адибнинг яна бир қиррасини кашф этдим: у санъатшунос ҳам экан! Баҳс бойламоқчи бўлганлар, марҳамат, ёзувчининг “Санъат нима?” номли рисоласини мутолаа қилинг. Ишончим комил, санойи нафиса ҳақидаги билиму тасаввурингиз анча кенгаяди, ҳайрату таважжуҳингиз ортади.
Толстой санъатни инсоний фаолиятнинг ўта мураккаб ва шафқатсиз тури деб ҳисоблайди; унга ҳаёти, маблағи, кези келганда, ахлоқу номусини-да қурбон қилаётганларга ачиниш ила қарайди ва ҳақли савол беради: бу қурбонликлар ким ёки нима учун? Умуман, санъат шунга арзийдими? Айтайлик, оркестрни соатлаб бошқарадиган дирижёрнинг қўллари толиқади, жисман ва руҳан чарчайди. Миттигина таёқчадан кўз узмай, қулдек тер тўкаётган созандалар-чи? Уларни бундайин азобли, диққинафас ҳаётга нима мажбурлади? Етук асар санъаткор қуввати, азоби, асаб толалари эвазига яратилар экан, Толстой буни чинакам қурбонлик деб атайди. У масаланинг бошқа жиҳати – молиявий жиҳат хусусида тўхталиб, “Россияда санъатни қўллаб-қувватлаш учун академиялар, консерваториялар ва театрларга миллионлаб давлат субсидиялари ажратилади. Катта шаҳарларнинг барида музейлар, драма мактаблари, томоша ва концертлар учун маҳобатли бинолар бунёд этилади”, дейди ва ҳукумат зарур маблағнинг атиги юздан бирини маорифга ажратиши, лекин санъат учун пулни аямаслигини афсус ила қайд этади. Энг ачинарлиси шундаки, “ўша пуллар бунинг учун сигирини сотадиган ва санъат берадиган эстетик завқдан ҳеч қачон баҳраманд бўлолмайдиган шўрлик халқдан йиғилади”. Эвоҳ, наҳотки башариятнинг даҳо ёзувчиси, инсоннинг маънавий комиллиги, маърифати, руҳоний тарбияси учун қайғурган зот санойи нафисадек гўзал ҳодисага шунчалар беписанд қараса? Бир ўринда ҳатто адибнинг ўзи мулоҳазаларидан чўчиб кетади: “Санъатни нафақат фойдасиз, балки зарарли бўлиши ҳам мумкин деб ўйлаш нақадар қўрқинчли!” Толстойдек мутафаккир санъатга қарши чиқиши мумкин эмас, деб ўзингизга тасалли берасиз ва мутолаада давом этасиз. Хўш, санъат нима? Шу саволни ўртага қўяр экан, Толстой фикратимизга сингиб кетган “санъат – гўзалликни намоён этувчи фаолият” қабилидаги догматик қарашни тафтиш қилади. Санъат гўзаллик воситаси экан, гўзалликнинг ўзи нима? Ана энди Лев Николаевич расмана назариётчига айланади; буюк файласуфлару эстетикларнинг гўзаллик ҳақидаги таъриф-тавсифлари, назарий таълимотларни обдан таҳлил қилади, аксариятига қарши чиқади ва якунда “гўзаллик – санъатни таърифлаш учун асос бўлолмайди” деган хулосага келади. Буни тушуниш учун шундай муқояса келтиради: таом емоқдан мурод лаззатланиш эмас, балки танани озиқлантиришдир. Инсоният ҳам гўзалликни санъатнинг асосий мақсади деб билишдан воз кечсагина, унинг асл моҳиятидан воқиф бўлади. Санъатга толстойча таъриф бундай: “Санъат – инсонлар ўртасидаги ҳаётий зарурат бўлган мулоқот воситаси, одам ва башариятнинг саодатига йўналтирилган, уларни бир хил ҳис-туйғулар орқали бирлаштирувчи кучдир”. Хотимада адиб санъат ваҳшийликка, зўравонликка барҳам бериши лозим деган тўхтамга келади. Бу хулоса, бизнингча, ҳозир ҳам ўз кучини йўқотмаган. Ҳа, бугун содир этилаётган жиноятлар, зулму ситамларни кўриб, санъат одам боласини ҳидоятга бошлашига ишонгингиз келади... Пабло Пикассонинг “Герника”сига кўнгил кўзи ила қараган ёинки Шостакович симфонияларини қалб ила тинглаган инсон уруш фожиасини, эҳтимол, бошқалардан кўра чуқурроқ ҳис этар... Санъат қудратли восита, фақат ундан тўғри фойдаланилса бас.
Шу тариқа бирмунча тушкун руҳда бошланган китоб некбин хулоса билан интиҳоланади. Ўқувчи қалбида санъат тақдири, истиқболига нисбатан ёруғ ишонч пайдо бўлади. Ҳа, Толстой асарларида зулмат тасвирланади-ю, якунда бир илинж, бир ёғду барқ уради.
Сирли рақамлар
Жорж Оруэлл. 1984. Тошкент, “Nihol” нашриёти, 2020.
Адабиёт, сўз шундай ўткир қуролки, у ҳар қандай кучли ҳукмдор ё қаттол империяни дағ-дағ титратади. Ёвқур саркарда Наполеон Бонапарт “Мен минглаб аскардан кўра, газетада босилган шапалоқдек фельетондан чўчийман” дея иқрор бўлган эди. Шўро тузуми ҳам инглиз адиби Жорж Оруэллнинг “1984” романидан узоқ муддат қўрқиб яшади, чунки келажак тарҳини олдиндан чизган ёзувчи тоталитар тузумнинг қора кўланкалари, чиркин томошаларини ғайрихаёлий шаклда қоғозга тушириб кетганди. Бу асар бамисоли бостирмага беркитилган кўзгуга ўхшарди: қоронғи ҳужрада эски-туски матоҳларга қоришиб, чанг босиб ётгани афзал эди; зинҳор қўлга олиш, ёруғликка чиқариш мумкин эмасди. Сабаби, у манфур қиёфалар, бадбин рафторларни фош қилиб қўярди.
“1984” антиутопик романи Евгений Замятиннинг “Биз”, Олдос Ҳакслининг “Ажиб янги дунё”, Рэй Брэдберининг “Фаренгейт бўйича 451 даража” каби асарлари билан ёнма-ён қўйилади. Романни ўқиркансиз, ўша антиутопия, футурологик башорат ҳақиқатга айланаётганини ҳис этасиз... Оруэлл тасвирлаган жамиятда инсоннинг эрки, ҳақ-ҳуқуқлари, дунёқараши, туриш-турмуши, нафас олиши ҳам назорат қилинади, ҳатто кўнгилдан ўтаётган биргина шубҳанинг-да бадали бор. Назоратни Катта оға деган буюк шахс олиб боради, у ҳамма нарсадан воқиф, қароргоҳига улкан телеэкран ўрнатган. Қани, фуқаролар битта нораво қилиқ қилиб кўрсин-чи!
Гап бу образнинг тарихий прототипида эмас, албатта. Энг ёмони, шундай бошқарув усули бино қилган қуллик, мутелик синдроми, шахсга сиғиниш иллати одамларнинг қон-қони, суяк-суягигача сингиб кетмадими? Оруэллнинг даҳолиги шундаки, у Иккинчи жаҳон урушидан сўнг кўп ўтмай тоталитар ҳукумат тепасига ўзини худо чоғлайдиган шундай раҳбар келишини олдиндан сеза билди.
Мамлакатда тўртта вазирлик мавжуд: Ҳақиқат, Тинчлик, Муҳаббат ва Фаровонлик. Аммо бу идораларнинг бари ўз номига мутлақо тескари фаолият билан шуғулланади. Бош қаҳрамон Уинстон ишлайдиган Ҳақиқат вазирлигининг вазифаси – ҳақиқатни йўқ қилиш, чунки ҳақни танийдиган жамиятни бошқариб бўлмайди. Вазирлик ўтмишни сохталаштиради, фактларни яширади, зотан, Катта оға оломон тарихий хотирасидан маҳрум бўлишини кўзлаган. Тинчлик вазирлиги уруш оловини ёқиш, Муҳаббат вазирлиги нафрат уйғотиш, Фаровонлик вазирлиги эса очарчилигу камбағалликни хаспўшлаш билан машғул. Тўрт корхона эртаю кеч ишлаб, жамики гўзал ва юксак туйғуларни маҳв этади. Энди бу давлатнинг аҳволи, маънавий қиёфасини тасаввур қилиб кўринг-а!.. Фақат тубсиз жарликни кўрасиз, унга ҳар куни минглаб зомбилар итқитилади. Қабоҳат маскани узра қўрқинч сиёсатнинг разил шиорлари янграб туради: “Уруш – тинчликдир, Эрк – қулликдир, Билимсизлик – кучдир”. Муаллиф асар давомида мана шу уч шиорга қайта-қайта урғу беради. Фикримизча, бу чиркин формула наинки тоталитар замон, балки исталган даврда ҳар қандай мутараққий мамлакатни ҳам абгор қилиши тайин. Уруш гулхани аланга олган, қуллик сингдирилган, маърифат поймол этилган миллат қанотлари кесилган қушдек ерга қулайди. Хоҳлаган давлатнинг таназзули сабабларини ўрганиб чиқинг, шу учаласидан бирини кўрасиз.
Романнинг асосий қаҳрамони – Ҳақиқат вазири бўлмиш Уинстон зоҳиран Катта оға тарафдори, аммо ич-ичидан танлаган йўли хато экани, бу юртни муқаррар ҳалокат кутаётганини англайди. Бироқ исён қилиб, майдонга чиқолмайди, ҳатто хаёлига шундай ўй келаётганидан чўчийди, боиси инсон онгини ҳам назорат қилувчи фикр полицияси мавжуд.
Фикрнинг бўғилиши – Оруэлл тасаввуридаги жамият фожиасининг чўққиси, зотан, бу тузумда фикр якранг бўлиб, ўзгача дунёқараш соҳиблари қатл этиларди... Уммония аталмиш юртда Уинстон Смит сингари ҳақиқатни ичига ютиб яшаган, Парсонс каби “доҳий”га сажда қилган ёинки Жулиядек мутлақо бетараф бўлиб, “мени чақмаган илон минг йил яшасин” қабилида ҳаёт кечирганлар етарлича эди. Дунёнинг энг буюк адиблари ҳам ўз даври ёки ўтмиш манзараларини тасвирлайди, Оруэлл эса келажакнинг аниқ сувратини чиза билди. Шу хусусияти ила “1984” романи абадиятга дохил асарлар қаторидан ўрин олса ажаб эмас.
Бундай “эпоха”ни чекиб тугатинг!
Усмон Азим. “Адибнинг умри”. Драматик асарлар. Тошкент, “Чўлпон” нашриёти, 2011.
Усмон Азимнинг жозиб шеърияти аллақачон адабиёт муҳибларининг қалбу шуурига жойланиб бўлган. У фавқулодда ёниқ, жунунваш шоир бўлиш билан бирга, неча йиллардан буён драматургияда ҳам баракали ижод қилиб келмоқда. Ўз суҳбатларининг бирида иқрор бўлганидек, “Ҳақиқий шоирни шеър барибир – бир кунмас бир кун драматургияга, демак, театрга олиб келади. Чўлпонни, Фитратни, Усмон Носирни, Ойбекни... Лоркани, Пушкинни, Лермонтовни... Ориповни, Воҳидовни эсланг. Театр санъати билан шоирнинг қизиқмаслиги бу – жуда кечириб бўлмас ҳол”. Айни ҳақиқат, аммо драма ёзишу уни саҳнага қўйишнинг азобу заҳматларига ижодкорман деганнинг бари ҳам тоқат қилолмас. Таъбию диди қилдек нозик аҳли шуарони-ку асти қўяверинг! Раҳматли устоз Эркин Воҳидов “Олтин девор”ни ёзиб, саҳна можароларини кўргач, “Қайта театрга йўламайман” дея арзу дод қилгани ҳам бор гап. Не тонгки, Усмон Азимдек эрка, кўнгил шоири бу борада анча сабрли чиқди, у драмалар ёзибгина қолмай, мамлакатнинг бош саҳнаси – Миллий академик драма театрида кўп йиллардан буён адабий эмакдош ўлароқ фаолият кўрсатаётир.
Шоир драматург сифатида танилиб, истеъдодининг янги қиррасини кўрсата олди. Тўғри, “Усмон Азим шеърияти драматургиясидан бир неча бош юқори” деган нуқтаи назар ҳам бор. Бизнингча, шоир Усмон Азимнинг ижодий эволюцияси олисроққа тақалади, драматург Усмон Азим эса яқин йигирма-йигирма беш йил оралиғида шаклланди, катта майдонга чиқди. У ХХ аср ўзбек адабиётининг атоқли намояндалари ҳаёти, мураккаб тақдири акс эттирилган ўзига хос трилогия яратди: “Кундузсиз кечалар” (Чўлпон), “Адибнинг умри” (Ойбек) ва “Абдулла Қаҳҳор” драмалари маданий ҳаётимизда воқеа ўлароқ кутиб олинди. Айниқса, “Кундузсиз кечалар” муваффақият қозонди. Драмада шоир ҳаётининг фожиали йиллари, машъум қатағон давридаги оғир изтироблари лирик руҳ ва драматизм уйғунлигида тасвирланади. Пьесада Чўлпон чинакам эркпарвар шахс, истеъдодли шоир, жасоратли инсон сифатида намоён бўлади. Унинг ўтли шеърлари замона корчалонларини ҳушёр торттиради: “Бундай “Эпоха”ни чекиб тугатинг, / Куллари кўкларга соврилиб кетсин! / Бу тутқун, эзилган ўзбек боласи / Оловсиз, тутунсиз кунларга етсин!”
“Эпоха” – ким учундир оддий тамаки, лекин Чўлпон учун тутуну ғубор ила қопланган шўро салтанати! Шоир қаттол тузумнинг тезроқ интиҳо топишини орзу қилади. Қани имкони бўлсаю уни тамакидек чекиб, кулдонга эзғилаб ташласанг, сўнг тутунсиз ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олсанг! Усмон Азим Чўлпоннинг дарду изтиробини юракдан кечирган каби ишонарли тасвирлаган. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас... Чўлпон ҳақида некбин кайфият ила ёзиб бўлмайди. Бу ишга жазм этган ижодкор унинг тийнатини ўзига юқтирмас экан, яхшиси, бўлак мавзуда қалам қитирлатсин...
Усмон Азим драматургияси худди шеъриятидек гўзал тил, инжа оҳанг, чўнг эҳтирос, ўтли дард билан уйғун. Бу асарлар нафақат саҳна, балки адабиёт мулки бўлиб, китоб ҳолида яшашга, китобхоннинг кўнгил бисотидан жой олишга муносиб.
Тоғлар бағридан таралган нидо
Расул Ҳамзатов. Менинг Доғистоним. Тошкент, 2019.
Дунёда шундай қарғишу дуоибадлар борки, эшитсангиз, этингиз жимирлаб кетади. Алҳазар! Одам боласининг оғзидан бундай қўрқинч сўзлар чиқишига ишонмайсиз. Лек тил суяксиз, тиғи эса қиличдан-да кескир – юракни шундай жароҳатлайдики, чандиғи умрбод битмайди. “Менинг Доғистоним”да даҳшатли бир лавҳа келади: “Илоё, Яратганнинг ўзи болаларингни она тилида гапиришдан бенасиб этсин! Бир аёл иккинчисини шу сўзлар билан қарғабди”. Агар шу қарғиш ижобат бўлса, ўша фарзанд тимсолида бутун миллатнинг аҳволини тасаввур қилдиму кўз олдим қоронғилашиб кетди. Ажнабий лисонда тили чиққан, она тилини буткул унутган миллионлаб манқуртларни хаёлга келтиришнинг ўзи даҳшат!
Расул Ҳамзатов Парижда асли доғистонлик рассом билан танишади. Мусаввир қалбида Ватан соғинчи яшаётгани, бироқ юртига қайтолмаслигини айтади. Шоир Доғистонга келгач, рассомнинг қариндош-уруғларини излаб топади. Қарангки, унинг онаси ҳам ҳаёт экан. Мусофир ўғлининг кечмишларини тинглар экан, она тўсатдан “Сизлар аварча сўзлашдингларми?” деб сўрайди. “Йўқ, биз таржимон ёрдамида гаплашдик. Мен русча гапирдим, у французча” деб жавоб беради шоир. Воқеанинг давоми бундай: “Она юзига қора чодрасини туширди, бизда оналар ўз ўғлининг ўлганини эшитганда шундай қилади... Узоқ жимликдан кейин она деди: “Расул, сен янглишибсан, менинг ўғлим аллақачон ўлган экан. Агар ҳаёт бўлганда, авар онаси ўргатган тилни унутмаган бўларди”.
Мутолаа асносида кўнглимдан қайғули ўй кечди: миллатимиз номини кўтариб юрса-да, ўзбекчада “тилини ҳакка чўқигандек” тутилиб гапирадиган, ё ҳар лафзига ўрисча қўшиб, “маданиятли” эканини пеш қиладиган валломатларни ўшандай қарғиш урган бўлса-я?!
“Менинг Доғистоним” – кичик кишварнинг катта шоири Расул Ҳамзатовнинг бутун инсониятга хитоби, васиятидир. Қизиғи, асарда кенг ва теран мушоҳадалар миттигина миллат нигоҳи орқали идрок этилади.
Очиғи, кейинги вақтлар Ватан туйғуси аталмиш юксак ҳодисанинг қадру қимматини тушириб қўйдик, шу боис айни мавзуга мурожаат этган ижодкор дарров “қизил гап” тарғибчиси ёки унвонталаб мардумга айланади. “Она юртини шу қадар суяр экан-да, отасига раҳмат!” дея астойдил қувонадиган хайрихоҳ камайиб бораётир. Бироқ Расул Ҳамзатов бутунбошли китобини Ватанига бағишлаган бўлса-да, асло ғашингизга тегмайди. “Намунча, тоғу тошлар пинжидаги жимитдеккина юртини кўкка кўтармаса?!” дея маломат қилолмайсиз. Нега? Чунки шоир ниҳоятда дилдан, ниҳоятда самимий сўзлайди. Изҳорида тама йўқ, билъакс, ўқувчи юрагини асир этгувчи муҳаббат ва куюнчаклик бор...
Очиғи, Доғистонга ҳавас қиламан – унинг шундай миллатпарвар ўғли бор... Ватанни катта-кичиклигига қараб севмайдилар, зотан, Доғистон катталиги жиҳатдан мақталмаса-да, аммо унга жонини ҳам фидо қилишга тайёр фарзанди бор. Мана, у нима дейди: “Агар менинг китобимни битта одам ўқиса ҳам хурсанд бўламан. Ўша одамга тоғлар орасидаги кичкина Ватаним ҳақида сўзлаб берганимдан бахтиёрман”.
Санъатшунос Шоҳрух АБДУРАСУЛОВ
мутолаа қилади
“Tafakkur” журнали, 2022 йил 4-сон.
“Келажакка тутилган кўзгу” мутолааси
Тарих
Тарих
Адабиёт
Санъат
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ