Ишсизлик, монополия, коррупция... буларни ҳайбаракалла қилишни ўзимиз ҳам амаллаймиз, биз айтолмаётган гапларни айтинг!


Сақлаш
04:00 / 05.08.2023 773 1

Ижтимоий тармоқлар аллақачон жамиятнинг аҳвол-руҳиясини кўрсатувчи барометрга айланган: симоб устунига боқиб, одамларнинг бугунги кайфияти, дарду изтиробидан воқиф бўлиш мумкин. Балки шу боисдир, замонамиз ишбошилари, қудрат эгалари ҳам катта-кичик масалаларда виртуал дунё “суворий”лари – блогерларнинг фикрига қараган...

 

“Facebook”, “Telegram”, “Twitter” каби платформалар мунозара, муноқаша майдонига айлангани ҳақрост. Тушовлардан холи маконда қадим ва жадид, муҳофазакорлик ва новаторлик, маърифат ва жаҳолат аёвсиз жангга киришган. Гоҳида кураш шу қадар авжига чиқадики, ижтимоий тармоқ муштарийси ўзини шиддаткор тўлқинлар ўртасида қолгандек ҳис этади.

 

Мажалламизнинг ушбу сонидан бошлаб “Курашади икки тўлқин” рукни билан интернетда фаол қаламкашларнинг битикларини чоп этиб боришга қарор қилдик. Янги рукннинг илк меҳмони жонкуяр зиёли, ҳозиржавоб публицист Алишер Назар бўлди. “Фирқасиз” муаллифимизнинг айрим фиқралари баҳсталаб туюлар. Бу ўринда эски нақлни ёдга олмоқ маъқул кўринади: ҳақиқат баҳсларда туғилгуси!..

ТАҲРИРИЯТ

 

 

Қўрқув синдроми

 

Бекат ёнида турган йўл-патрул хизмати ходимини кўриб юрагим шув этди. Яқинлашиб борсам, ёнғин хизмати ходими экан. Бирдан ўйлаб қолдим: нега қўрқиб кетдим? Қоидани бузмадим, ҳужжатларим жойида бўлса! Хўш, қўрқув қаердан келди?..

 

Ишхонага киришим билан ходимлардан бири қўлимга хатжилд тутқазди:

 

– Солиқдан экан...     

 

Юрагим шув этди. Шоша-пиша хатжилдни йиртдим. Хат корхонамизда амалга ошириладиган инновацион ғояларга амалий ёрдам берилиши ҳақида экан. Жуда соз-да! Лекин... нега солиқ идораси дарагини эшитиб кўнглимга ҳадик оралади? Давлатдан қарзим бўлмаса, солиқни вақтида тўлаб борсам!

 

Ўзимдан ўзим хафа бўлиб кетдим. Нега бунақа қўрқоқ бўлиб қолдим? Бу туйғу юракка қачон ин қўйиб улгурди? Ҳар нарсага шув этиб кетаверса, бевақт тўхтаб қолади-ку!

 

Шу хаёллар оғушида ўтирган эдим, ғийқ этиб эшик очилди. Чўчиб тушдим. Қия эшикдан хатжилд берган ходимнинг боши кўринди. У кўзи билан биров келганини ишора қиларди. Юрагим яна шув этди.

 

– Ким?! – дедим шивирлаганча. Нега бундай оҳангда сўзлаганимни ўзим ҳам билмайман.

 

Ходим ортга тисарилдию остонада хотин пайдо бўлди. Қўлида одатдагидек иккита сумка!

 

– Бозордан қайтаётган эдим, бирров мўралаб ўтгим келди. Яхши ишлаяпсизми?

 

Хоним йўл-йўлакай ишхонамга бир кириб ўтай дебди. Бор-йўғи шу! Лекин... анави ходимнинг “келди” ишорасидан нега қўрқиб кетдим? Ўз ишхонамда, ўз жамоамда, ўз ватанимда бўлсам; ўғрилик қилмаётган, бировдан пора олмаётган ёки давлатнинг пулини “туя” қилмаётган (амалдор эмасман-ку!) бўлсам, нега қўрқаман, ахир?!

 

Қўлим ишга бормади. Кўнгилга яқин биров билан гаплашиб ўтиргим келди. Телефонимни титкилиб, дўстлардан бирига хабар жўнатдим: “Ўртоқ, ишингни йиғиштир, бир жойга борамиз!” Хабар етиб бориши билан телефоним жиринглади.

 

– Ҳа, тинчликми?!

 

– Тинчлик, тинчлик, сени тушликка олиб бормоқчи эдим.

 

– Ўртоқ, шуни айтмайсанми! Нима экан деб, юрагим орқага тортиб кетди-я!..

 

 

Ажриқдек илдиз отган...

 

Қурбақани қайноқ сувли идишга ташласангиз, бир сакраб чиқиб кетади. Агар уни совуқ сувга солиб, секи-и-ин қиздира бошласангиз, жонивор сезмай қолади ва пировардида бир-икки соатда “пишади­қолади”.

 

Аҳволимизга қарасам, совуқ сувга ташланган ўша қурбақа ёдга келади. Тагимиздаги “олов” – ажриқдек илдиз отиб кетган коррупция, томири янтоқдек сувга етган монополия, ўргимчак тўридек қоплаб олган маддоҳлик... Сезяпсизми, бу “олов”да аллақачон қайнай бошладик!

 

Бултур тест синовида ярим миллиондан зиёд абитуриент 60 балл ҳам тўплай олмади. Бу ҳол сизни безовта қилмаяптими? Айримлар натижанинг бу қадар аянчли эканини саволларнинг қийинлигию шароитга боғламоқда. Бўлмаган гап, болаларимизнинг савияси, саводхонлиги ўзи шу! Бу ярим миллион қаёққа борар экан энди?

 

Ҳеч бир замон ва маконда халқ оммавий равишда саводхон бўлмайди, албатта. Аммо бу қадар саводсиз ҳам бўлмайди-да. Таҳликали, хатарли бу! Натижалар аллақачон кўринаётгандек. Яқинда Тошкентда 18 яшар бола ўз онасининг жонига қасд қилди. Қашқадарёда бир тўда 18 ёшлилар тенгдошини ўртага олиб, калтаклаб ўлдирди. Бухорода 18 яшар қиз туғиб, боласини ҳожатхонага ташлади. Мана, “ярим миллион”нинг каромати!

 

Назаримда, саводхонлик масаласида оммавий сафарбарлик эълон қилиш вақти келди. Ҳар ҳафтада янги институт очиш шарт эмас. Буларга кетаётган маблағ, эътибор, куч ташқаридан мутахассис ёллаш ва талабаларни нуфузли хориж университетларига жўнатишга қаратилиши лозим. Телерадиокомпаниялар, киноширкатлар ва жамиятга нафи тегмаётган бошқа идораларга ҳар йили ажратиладиган миллиард-миллиард пулга ривожланган мамлакатлардан минглаб кадр ёллаш ёки кўплаб талабаларнинг хорижда ўқишига имкон яратиш мумкин.

 

Сафарбарликка ўзини шу миллатга, шу ватанга дахлдор санаган катта-катта корхоналар, компаниялар, банклар ҳам жалб қилиниши керак.

 

Бир замонлар жадид боболаримиз “Кўмак” деган уюшма тузиб, 70 нафар болани олмон заминига ўқишга юборади. Ўша кезлар Германияда Россиядан ўн минг, Япониядан тўрт минг, Туркиядан уч минг талаба таҳсил олган экан. Биздан бор-йўғи 70 та талаба жўнатилган, бу шўрликлар ҳам кейинчалик коммунистлар томонидан “чет эл жосуси” дея отиб ташланган.

 

Хуллас, туб ислоҳотлар деб ўзимизни ўзимиз овутиб юравермайлик. “Twitter”нинг блокдан чиқиши ҳам, қайси бир туманда “Ягона дарча”нинг очилиши ҳам “туб ислоҳот меваси” бўлиб кетмасин! Аслида, бўлиши керак бўлган ишлар-ку! Кўприк қуриш, йўлни cозлаш, cити барпо этиш ислоҳот эмас, аммо бояги “ярим миллионли армия”ни маърифатли қилиш – чин ислоҳот!..

 

 

Турмуш – тўрт мушт

 

Шом қуйилиб келади. Қўрада қўй-қўзилар маъраши... бақир-чақир... ҳой-ҳуй... Таниш ва қадрдон манзара...

 

Гуруллаб печка ёнади. Оғилхона исини таратганча бир этак бола бирин-кетин кириб келади. Юз-бошини жун рўмол билан танғиб олган янга печка атрофида куймаланади.

 

– Бугун келишингизни билмабмиз-да, сутда ошқовоқ қайнатаётган эдик, – дейди янга хижолатдан қизариб.

 

Уй тўрида лўлаболишга суянган ака кўзларини бир нуқтага тикканча жим ўтирибди.

 

– Биласиз-ку, кадини яхши кўраман, – дейман атайлаб хижолатпазликни тарқатиш учун.

 

Шу пайт лип этиб чироқ ўчади. “Ҳаҳ, ўлсин, кунора шу аҳвол!” деб ёзғиради янга.

 

– “Движок”ни қўш...

 

Кўп ўтмай уй ёришади. Бирови бурчакдаги телевизорнинг қулоғини бурайди.

 

– Сизларга ушбу таомнинг тайёрланиш рецептини яна бир бор эслатиб ўтамиз, – дейди экрандаги гўзал қиз қувноқ овозда.  –   Демак, бизга 500 грамм лаҳм гўшт, 200 грамм зайтун ёғи, 200 грамм бодом, лимон ва қора зайтун керак бўлади...

 

Болалар бир-бирига айёрона илжайишади.

 

– Нима гап? – дейман астойдил қизиқиб.

 

– Биз Зайниддинни Зайтун деймиз, шунга...

 

– Қора зайтунни биласизларми?

 

Болалар елка қисади.

 

Шу маҳал янга олдимга бир коса сут қўяди. Ичида тўрт-беш паррак қип-қизил қовоқ.

 

Ҳамма жимгина овқатланади.

 

– Дадаси, эртага бозордан бир қоп ун олишимиз керак, – дейди янга жимликни бузиб.

 

– Яна бир-икки кунга етмайдими?

 

– Етмайди, ўтган ҳафта ун олмаган эдик-ку...

 

Янганинг гапидан ҳайрон бўламан. Бир қоп ун – 170 минг сўм. Бир ойда уч қоп олинса, 510 минг сўм!

 

– Бир ойда уч қоп ун, намунча кўп? – дейман кулиб.

 

Бу кулги камгап акага ёқмайди.

 

– Биз фақат нон еймиз, қора зайтунимиз йўқ!

 

Янга дарров вазиятни юмшатади:

 

– “Ахборот”га олинглар, янгилик...

 

– Ўчир шу “Ахборот”ингни! – дейди авзойи бузилган ака.

 

Болалардан бири туриб телевизорни ўчиради.

 

 

Саводсизлик балоси

 

Саводсиз мардумнинг уч тури бўлади. Биринчиси – ўз аҳволини билгани. Бу тоифа ҳадеб издиҳомга ўзини уравермайди, ичида ўзидан уялиш ҳисси бўлади. Ана шу уят унга чегарасини, ҳаддини кўрсатиб туради. Нима бўлганда ҳам кўрпасига қараб оёқ узатади.

 

Иккинчиси – ўз аҳволини такаббурлиги билан хаспўшлайдигани. Бу жуда хатарли тоифа. Хатарли жиҳати шундаки, улар ҳеч қачон оқимга қарши сузмайди, ҳеч қачон тарозининг енгил тарафига чиқмайди. Оқим бўйлаб сузиш эса кишини толиқтирмайди, ортиқча ҳаракатнинг жилла ҳожати йўқ. Энг ёмони, булар сузиб-сузиб давранинг тўрига чиқиб кетади. “Эҳ, шу калла билан-а!..” деб қолаверасиз. “Така бўлсин   –   сут берсин” дегани шу!

 

Учинчиси, ўз аҳволини билмайдиган саводсиз. Буниси энди даҳшат! Қўлига тушиб қолсангиз, амаллаб қочиб қутуласиз. Йўқса, шармандангизни чиқаради.

 

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ шогирдлари билан кетаётса, йўлидан бир ҳўкиз чиқиб қолибди. Ҳазрат ҳўкиз ўтиб кетгунча йўл четига чиқиб турибдилар. Шогирдларининг ичида бир нодони бор экан.

 

– Ҳазрат, молга ҳам шунча тавоземи? – дебди ажабланиб.

 

Шунда у зот дебдилар:

 

– Болам, бизнинг ақлимиз бор, унинг шохи!

 

Азиз замондош, учинчи тоифани кўрсангиз, дарҳол четга чиқинг, акс ҳолда, ўзингизга қийин! Чунки унинг “шохи” бор...

 

 

Билсак эди, адашмасдик

 

Муаммо хумда турган мусалласга ўхшайди. Вақт ўтган сайин мусалласнинг таъсир қуввати ортгани каби, муаммонинг ҳам кўлами кенгайиб бораверади. Демак, қусурларни вақтида муолажа этмоқ даркор. Мусалласнинг қуввати ортиб кетиб, хум ёрилганидан сўнг шўрпахта қидирмоқдан не наф?!

 

Бугунги таҳликали замонда одамларимизнинг диний саводхонлигини юксалтириш долзарб масаладир. Агар соф динимизни давлат бош бўлиб ўргатмаса, кимдир келиб “ўргатиб” кетади. Шундай бўляпти ҳам. Аслида, энди келиши ҳам шарт эмас, олис-олислардан туриб “ўқитиб” қўяверади.

 

Хўп, нима қилмоқ керак? Сўнгги йилларда ўнлаб телерадиоканаллар ташкил этилди, аммо “диний телеканал” деган жой ҳамон бўш турибди. Ваҳоланки, бунга катта эҳтиёжимиз бор.

 

Ўз анъанавий дастурларига эга диний канал ташкил этилса, унда долзарб мавзудаги давра суҳбатлари уюштирилса, одамларнинг иймонига қувват бўладиган бадиий фильмлар намойиш этилса, Қуръони карим тиловатлари қўйилса, ақида, ҳадис, калом илмларидан мавъизалар берилса... бунинг ҳаммаси ўзимиз учун фақат фойда-ку!

 

Билсак, адашмаймиз, ахир!..

 

 

Кимни алдаяпмиз?

 

Ёлғоннинг тури кўп: яхшиси, ёмони, ҳатто фойдалиси ҳам бор. Аммо буларнинг ичида келажакка дахлдорини кечириб бўлмайди. Ана шундай ёлғонлардан бири ҳақида айтгим келади. Аммо... гапимни янглиш англаб, “ёшларга берилаётган эътиборни кўролмаслик”да айблаб қоладиганлар йўқмикан?.. Гап Зулфия номидаги давлат мукофоти ҳақида. Менимча, ушбу нуфузли мукофотнинг низомини ўзгартириш керак.

 

Биринчидан, ўн тўрт-ўн беш ёшли ўсмир қизалоққа давлат мукофоти бериш мантиқан тўғри эмас деб ўйлайман. Ҳали ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотмаган, эл-юртга фойдаси тегмаган, ўз соҳасида ниманидир яратиб қўймаган ўсмирга бу меҳрибончилик “оғирлик” қилади.

 

Иккинчидан, мукофот нотўғри тақсимланаётгандек. Шоира Зулфия умрида бадиий гимнастика, кураш ёки сакраш билан шуғулланмаган. Лекин айнан спорт чемпионлари унинг номидаги мукофот билан сийланмоқда. Агар чемпион қизларни рағбатлантириш керак бўлса, Тўмарис мукофотини таъсис этиш керакдир.

 

Учинчидан, бу мукофот фақат ўсмир қизларга хосланиши тўғри эмас. Умуман аёл ижодкорларга берилиши лозим. Шу вақтгача юзлаб ўсмир қиз ушбу мукофотни олди. Бугун қани улар, хўш? Нега муҳташам адабиётимиз саҳнасида ижодни қойиллатиб қўйган зулфиячилар кўринмайди? Кўринаётганларининг эса роботга ўхшаб “ватанпарварлик” қилиши киши энсасини қотиради. Савияси баланд ижодкор ўзини асло бундай тутмайди.

 

Тўртинчидан, мукофот низомидаги “Олий таълим муассасасига тўғридан-тўғри қабул қилинади” деган бандни олиб ташлаш керак. Назаримда, энг асосий оғриқли нуқта мана шу жойда! Агар имтиёз бекор қилинса, адолат бир қадар қарор топарди.

 

Алқисса, ўзимизни алдашни бас қилайлик, ўзимиз ўтирган шохни арралашни тўхтатайлик. Эндигина ҳаётга қадам қўяётган болаларимизнинг илк амали сохталик, адолатсизлик бўлмасин! Ана шунда шоира Зулфиянинг ҳам руҳи шод бўлади.

 

 

Ҳиссиётлар кўчага чиқса...

 

Тунов куни китоб дўконларини айландим. Қаламкаш дегани ҳаддан ташқари кўпайиб кетибди. Исталган номдаги асар, исталган исм-шариф остида чоп этилган китобни топиш мумкин. Дунёни фақат отарчи эмас, “эъжодкор”лар ҳам босганми дейман!

 

Ўйлаб кўрсам, бунинг асосий сабаби – уятни унутиб қўйибмиз. Ўн саккиз ёшда шеър ёзмаган ким бор? Ҳамма шеър ёзган ва ёзади! Лекин у битиклар бир вақтлар хотира дафтарларида қолар, саҳифадан ташқарига чиқмоққа уялар, “аҳвол”ини ошкор қилмоқдан андиша  этар эди. Бугун андиша йўқолиб, “ҳиссиёт”лар кўчага чиқиб кетди. Энг ёмони, нашриётларнинг манзилини билиб қолди. Анчайин дафтарбоп шеърлар энди “сайланма” бўламан деб кўкрак керади! “Ҳой, уялмайсанми?” деб кўринг-чи, қўлингизга халқ шоирининг “матоҳ”ини тутқазади. “Менинг “маҳсулотим” сифати шуникидан камми?” дейди. Хўш, бунга нима деб эътироз билдирасиз?..

 

 

Эсизгина Вася!

 

Биламан, бу гапим кўпчиликка ёқмайди. Она халқнинг азалий анъаналарию қадриятларига тил тегизишда айблаб қолишлари ҳам ҳеч гапмас. Лекин бу мавзуда фикр билдираётганда онгли, зиёли ва мусулмонга хос йўсинда босиқлик билан иш тутсак яхши бўларди...

 

Адашмасам, олти-етти ёшларда эдим. Улоқчам бўларди. Унга исм ҳам қўйган эдим: Вася! Бир-икки ойли эчки боласининг кўзига ҳеч қараганмисиз? Дунёда бунақа чиройли, маъсум ва беғубор кўз бўлмайди. Васянинг кўзлари мовий эди. Шунақа чиройлики...

 

Мен Васяни ҳар куни онаси билан яйловга олиб чиқаман. Улоқча тошдан тошга сакраб, диркиллаб ўйнайди. Ёнимга югуриб келади, суйкалиб, ўзини минг нағмага солади. Мен Васяни шу қадар яхши кўраманки, жонивор тушларимга киради.

 

Афсуски, Вася билан дўстлигимиз узоққа бормади. Чунки эчки боласи жуда тез катта бўлади. Шунинг учун биз томонларда “Эчки шайтон бўлади” деб қўйишади.

 

Менинг Васям ҳам тез орада катта бўлиб кетди. Орадан бир йил ўтди, уни бир неча марта сотишга ҳаракатлар бўлди, лекин азбаройи яхши кўрганимдан Васяни ҳеч кимга бермадим. Жонивор соқоллари селкиллаган бир така бўлди, бир така бўлди...

 

Кунларнинг бирида таниш амаки унга харидор бўлиб келди.

 

– Баҳорда кўпкари қиламан, шу такани менга беринг, – деб туриб олди. Ҳар қанча уринмайин, гапимни ўтказа олмадим. Вася сотиб юборилди.

 

Кузу қиш ўтиб, баҳор келди. Қишлоқда бадабанг кўпкарили тўй бўлди. Майдонга бордим. Чавандозлардан бири отнинг узангисига маҳкам боғланган улоқни судраб келарди. Эҳ, не кўз билан кўрайки, бу Вася эди! Кўзларимга иссиқ ёш қуйилди, тиззаларим қалтираб кетди. Вася, менинг беғубор кўзли Васям! Зум ўтмай, уни юзлаб отлар туёқлари остига олди, минглаб томошабин қийқиришга тушди! Икки-уч йил бурун менга эркалик қилиб, диркиллаб ўйнаб юрган яйловда Вася шу тариқа хўрланди. Бечора жониворни нақд икки юз чоғли отлиқ гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга судради. Эсизгина Вася! Шўрлик шунинг учунгина туғилганмиди?!

 

Орадан бир муддат ўтиб, Васяни бир четга улоқтириб, бошқа такани ўртага олдилар. Ўшанда Васянинг тепасига бориб, жониворнинг не кўйга солинганини кўрдиму хаёлимга бир савол келди: кўпкарини ким ўйлаб топган ўзи?

 

Бу савол йиллар ўтиб улғайди: кўпкарининг маъниси нима? Полвонлигу чаққонликни синайдиган, намойиш қиладиган бошқа йўл йўқми? Ўзингиз ўйлаб кўринг, эчки Худо берган бир неъмат эди! Уни бир бечора-камбағал сўйиб еганда, нақд бир ой рўзғори обод бўларди. Лекин ҳалол жонлиқ соатлаб оёқ остига олиб тепкиланди, бирорта суяги бутун қолмади. Бир сўз билан айтганда Худо берган неъмат увол қилинди. Энди уни ҳатто ит ҳам емайди.

 

Назаримда, инсонийликка хос бўлмаган одатларга аста-секин барҳам беришимиз, ўрнига яхшилик, эзгулик таратадиган анъаналар яратишимиз лозим. “Азал-азалдан” деб катта гапириб юборишдан олдин ўйлаб кўриш керак: қачондан, ким жорий қилган у одатни?! Уч-тўрт аср бурун бир гуруҳ такасалтанг жорий этган ишлар ҳам “асрий анъана”га айланиб кетавермаслиги керак, ахир!

 

Ит, қўчқор, хўроз уриштириш ҳам миллий ўйинларимизга кирадими? Бу томошалар қачондан бошланган? Улар инсонга қандай қилиб маънавий завқ берсин?!

 

Агар менга қолса, бунақа томошаларни инсонийликдан ташқари иш деган бўлардим. Тил-забони, онги йўқ жонзотлар бир-бирини ғажияпти, бир-бирининг кўзини ўймоқда, бунинг нимаси яхши?! Шу даҳшатни мароқ билан кўриш мумкинми? Яхшики, уларнинг тили йўқ, бўлганида, “Ҳой, ноинсоф, сени Худо мендан афзал қилиб, мукаррам қилиб яратган эди-ку! Бу нима қилганинг?” дея дод солмоғи аниқ эди...

 

 

Тарих атторлик дўкони эмас

 

Истанбулдан келган дўстлар билан Самарқанду Бухорони зиёрат қилдик. Мўйсафид шаҳарларимиз уларни чиндан ҳайратга солди. Меҳмонларнинг кўзида икки хил ҳайрат бор эди. Мен сизга ул ҳайратларнинг иккинчиси ҳақида айтаман. Чунки биринчиси ҳақида “Ўзбекистон-24” ҳар куни бонг уриб ётибди.

 

1. Нега табаррук масжиду мадрасаларимиз атторлар дўконига айланиб кетган? Мусулмон одам таҳоратсиз киришга ийманадиган даргоҳларни бозорга айлантириш қанчалик тўғри? Бу ҳол бора-бора қадимий бинонинг тарихий қимматини йўққа чиқармайдими? Атторлар ҳатто Исмоил Сомонийнинг 1000 йиллик қабри ёнида молини ёйиб ўтирибди!

 

2. Бухоронинг тарихий масканларидан бири – Арк қалъаси дарвозаси ёнида, деворга тақаб концерт учун саҳна қилиб қўйилган. Айтишларича, вақти-вақти билан концерт уюштирилар экан. Тўрт-беш асрлик деворлар ёнида-я! Замонавий созлар кўп асрлик устунларни зириллатиб юбормайдими? Шариф масканда концерт учун бошқа жой йўқми?

 

3. Тошкентдан Самарқандгача транспортда салкам 5 соатлик йўл. Шунча масофали йўлда сайёҳлар учун қулайлик борми? Наҳотки, замонавий қўнимгоҳ қуришнинг иложи бўлмаса? Бунинг ортидан ҳам тўрт-беш киши ишли бўлиши мумкин-ку!..

 

 

Ҳар амалнинг ўз ўрни бор

 

Ҳар йили ҳаж мавсуми бошланиши билан бир гап ўртага чиқади: Фарғонада бир одам муборак зиёратга бориш учун йиққан пулига маҳалласи йўлларини асфальт қилдирибди; Сурхондарёда бир отахон ҳажга атаган пулига қишлоқ аҳли учун трансформатор олиб берибди... Ва бу билан катта савобга дохил бўлганмиш, бундай ишлар бошқаларга ҳам ибрат бўлиши керак эмиш.

 

Нега бизнинг одамлар тўйга, машинага, уйга йиққан пулига асфальт қилгиси ёки трансформатор олгиси келмайди-да, айнан ҳажга жамғарган пулига савоб қилгиси келиб қолади? Ёки ош бераман деб йиққан пулга асфальт қилса гуноҳ бўладими? Шунақа савоб ишларни фақат ҳажнинг ҳисобидан қилиш керакми?

 

Гапим кескинроқ туюлиши мумкин, лекин Ўзбекистондаги ҳамма йўлни асфальт қилиб, ҳар битта маҳаллага трансформатор ўрнатиб берсангиз ҳам ҳажнинг савобини ололмайсиз, бўйнингиздаги фарз соқит бўлмайди. Ҳар амалнинг ўз ўрни бор. Моли нисобга етган кимсага ҳаж фарз бўлади, йўлни асфальт қилиш эмас. Моли нисобга етган одам охиратда ҳаждан сўралади, трансформатордан эмас.

 

Одамларга фойдаси тегадиган хайрли ишлар қилиш улкан савоб, албатта. Бу бизнинг кундалик ишимиз бўлмоғи лозим. Аммо ҳар қанча савобли бўлса ҳам бундай ишлар Оллоҳнинг буйруғини тарк қилиш эвазига бўлмайди.

 

 

Сиз қандай тезликда кетяпсиз?

 

Ўртамиёналик қолоқликдан яхши бўлса-да, барибир ютуқлар гарови бўлолмайди. Шу боис иш бошига ўртамиёна шахснинг келиши ўта хавфли. Чунки ўртамиёналик янгиликдан ўлгудек қўрқади. Бу тоифа мардум учун соҳа ривожининг қизиғи йўқ. Ўтирган курсиси омон бўлса бас. Натижада, соҳада турғунлик бошланади.

 

Ўртамиёна ижодкор машинани нуқул 50 км/соат тезликда минадиган ҳайдовчига ўхшайди. Ана энди, шу одам раҳбарликка келса нима бўлади? Аввало, атрофига 50 тезликда юрадиганларни тўплайди. Чунки ундан тепасини ёқтирмайди, тўғрироғи, қўрқади. “Элликвойлар” жуда тез бирлашади. Қўлни қўлга бериб ижод қилади, бир ёқадан бош чиқариб фикрлайди. Бир-бирини мақтайди, бир-бири ҳақида китоб ёзади.

 

Ўртамиёна одамнинг оти узоққа чополмайди, лекин узо-о-оқ чопади. Чунки 50 тезликда кетаётган мардум ҳеч қачон “радар”га тушмайди. “Радар”га нишон бўлиб, “жарима” тўлаб юрганлар 100–120 тезликда юрадиганлардир. Бундай тезликда юрадиганлар ўртамиёналар наздида ғаламис, осуда ҳаётни кўролмайдиган, ношукр одамлар саналади.

 

 

Савол-жавоб

 

Нодон шогирд пири комилдан сўрабди:

 

– Устоз, спорт мамлакатни дунёга танитармиш, шу тўғрими?

 

– Қандай қилиб?

 

– Ғолиб бўлса, дунё кўз олдида юрт байроғи кўтарилур!

 

– Неча дақиқа кўтарилур?

 

– Уч дақиқа...

 

– Уч дақиқада сени дунё таниб қоладими? Таниб ҳам қолди дейлик, кейин нима бўлади? Сенинг ютуғингни, байроғингни умрбод эслаб юрадими?

 

Нодон шогирднинг боши хам бўлибди. Пири комил эса савол беришда давом этибди:

 

– Куба деса, ҳамманинг кўз олдига бокс келади. Дунё Кубани бокс орқали танийди. Аммо бундан мамлакатга не наф? Халқи зўр яшаяптими? Cармоя оқиб боряптими? Дунёга машҳур Кубанинг бугунги ижтимоий-сиёсий аҳволига маймунлар йиғлагудек... Футбол деса, одамлар “О, Бразилия!” деворади. Аммо дунёнинг ярим жиноятчиси шу ўлкадан. Спорт билан танилиш бу мамлакатларга нима фойда келтирган?

 

– Устоз, сиз спортга қаршимисиз?

 

– Асло! Бироқ ўйиннинг илмдан олдинга қўйилишига рози эмасман. Чемпион бугун бор, эртага йўқ! Илм эса ҳар доим халқ хизматида!

 

– Бирон нарса дейишга ожизман... “Билаги зўр “Chevrolet Tahoe” олар, билими зўр – фахрий ёрлиқ”!

 

 

Шуҳратнинг умри қисқа

 

Худойим шон-шуҳратни жуда тотли қилиб яратган. Уни ҳамма истайди ва бу истак йўлида нималар қилмайди дейсиз. Шон-шуҳратнинг исми бугун ўзгарган: пиар! Майли, шуниси ҳам яхши, ҳарқалай, у-бу гаплар айтилиб турибди.

 

Икки депутат гап талашиб, бир-бирини популистликда, масхарабозликда айблади. Яккама-якка дебат қилди. Халқ маҳлиё! Аммо тагини суриштирсангиз, шу... ўзимиз билган гаплар! Ўртоқлар, “Ўзавто” ҳақида кеча ё бугун гапирилаётгани йўқ. Бу муаммо эски Ўзбекистонда ҳам гапирилган. Машиналарнинг валютага сотилаётгани, “иномарка”лар божи атайлаб кўтариб қўйилгани... Бу муаммоларни кўтариш учун Олий Мажлисда ишлаш шарт эмас. Уларни киракаш ҳам айтиши мумкин ва айтяпти ҳам.

 

Сираси, зўр бўлсангиз, миллат ва давлат келажагига дахлдор масалаларга аралашинг, тизимга янгилик киритинг, ўзгартиринг!

 

Дейлик, нега бу дебатчилар ички ва ташқи сиёсат ҳақида бир оғиз гапирмайди? Ҳамма гапириши мумкин бўлган маҳаллий муаммоларни улоқ қилиб чопишга не ҳожат?!

 

Ўртоқ депутатлар, елкангизга залварлироқ юкни олинг, каттароқ муаммоларни кўтаринг! Дангалини айтсам – биз айтолмаётган гапларни айтинг! Ишсизлик, монополия, коррупция... буларни ҳайбаракалла қилишни ўзимиз ҳам амаллаймиз. Лекин олдиндан айтиб қўяй: сизга ўхшаб, биз ҳам ўзгартиролмаймиз. Унда ўртамизда қандай фарқ бор?

 

Фарқимиз шундаки, сиз мана шу муаммолар айтилиши эмас, ҳал этилиши керак бўлган тизимда ишлайсиз.

 

 

“Самарқандга борсам мен агар...”

 

7-синфда ўқиётганимда илк марта Самарқандга бордим. Таърифини китобларда ўқиганим шаҳарга! Мен учун афсоналар диёри бўлган, буюк Амир Темур пойтахтига! Ўшанда Регистонни кўрганимда беихтиёр ички бир титроқни ҳис қилдим. Гўё мўйсафид миноралар кунгурасидан Амир Темур бобомиз қараб тургандек туюлди. Қизиқ, ўша оний титроқ кейинчалик ҳам қалбимда муқим қолди. Шу-шу, ҳар сафар Регистонга борганимда титроқни ҳис қиламан.

 

Чиндан-да бу табаррук тупроқда не-не улуғ зотларнинг изи қолган. Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳу, Саййид Барака раҳматуллоҳи алайҳ, Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ, Амир Темур, Мирзо Улуғбек... Сираси, Самарқанднинг ҳар қарич ерида бир авлиёнинг хоки бор десак, ҳаққимиз кетмайди.

 

Мен ҳар сафар шу гапларни мулоҳаза қилганимда хаёлимга лоп этиб бир фикр келади, лекин уни ўн йиллардан бери асраб юраман. Аммо энди айтмасам бўлмас. Эҳтимол, нотўғридир, қуруқ ваҳимадир, бир зиёлининг фикри-да.

 

Ўн йилларки, Регистон майдонида “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ўтказилади. Нега айнан Регистонда?! Ахир, бу табаррук жойда қад ростлаган учта мадрасада қандай улуғ зотлар илм олган! Самарқандни идора этган не-не ҳукмдорларнинг фармонлари шу ерда ўқиб эшиттирилган. Бобур Мирзонинг гувоҳлик беришича, Регистонда Шоҳрух Мирзонинг тарбиячиси Алика Кўкалтош томонидан ҳашаматли масжид барпо этилган. Кейинчалик Улуғбек Мирзо Муқатта номли масжид қурдирган. Рамазон кечаларида мураттаб қориларнинг қироатлари шаҳарга файз берган, барака олиб келган. Шундай табаррук жойни концертхонага айлантирдикми?

 

Хўп, масаланинг маънавий-руҳий жиҳатини қўятурайлик, ўнлаб улкан карнайларнинг бадабанги, мушакбозликлар тарихий обидаларни емирмайдими? Тўйхонада ўтирганингизда деворини ушлаб кўринг, хавотирим сабабини дарров тушунасиз.

 

Фестиваль бўлгани яхши, лекин бунинг учун Самарқандда бири биридан чиройли боғ, хиёбонлар бор-ку! Томошани футбол майдонида ҳам уюштирса бўлади.

 

Регистон – Самарқанднинг юраги, фахримиз, ғуруримиз! У оёқости бўладиган, рақс тушадиган, ўйин-кулги қилинадиган жой эмас. У ерга бориш насиб этса, ўтган улуғларимиз руҳига атаб учтагина оят ўқинг, бир замонлар қандай миллат, қандай халқ бўлганимизни тафаккур қилинг! Илло, хаёлингизни олатасир мусиқа бузмасин!..

 

Алишер НАЗАР

 

“Tafakkur” журнали, 2023 йил 2-сон.

“Фирқасиз” муаллифдан фиқралар” мақоласи

1 Изоҳ

Олмагул

21:08 / 05.08.2023

Машааллоҳ. Кўпгина масалалар айни одамлар юрагида сақлаб, сиртига чиқара олмаган фикрлар. Шундай мақолалар кўпайсин!

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 25
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//