“Ғарбда ақл билан қабул қилинади, бизда эса қалбдан ўтказилади” – танқид анатомиясиҳақида


Сақлаш
21:58 / 04.08.2023 818 0

Муқаддима

 

Танқид ёқадими сизга?

 

– Ўзгалар, айниқса, раҳбарлар танқид қилинса албатта ёқади.

 

– Қилинса деганингиз нимаси, танқид қилсам денг.

 

– Йўғ-э! Оч қорним – тинч қулоғим. Ана, бошқалар танқид қилаверсин.

 

– Тушунарли. Ўзингизни танқид қилишса-чи?

 

– ...

 

 

Доридан-да аччиқ

 

Олти мучалдан зиёд яшаб, “Мени ҳақли танқид қилишибди, барака топишсин” деган ҳаммиллатни учратмадим. Аксинча, танқидга қуйидагича муносабатга ҳар қадамда дуч келамиз: “Билмаган эканман, менга душман экансан-да”, “Ҳап сеними!”, “Сен кимсанки, мени танқид қиласан?”, “Бу қип-қизил бўҳтон-ку!”, “Менда қасдинг бормиди?!”, “Аввал ўзингга боқ!”...

 

Алҳосил, танқид қилувчи наф кўриши маҳол, зарар кўришининг эҳтимоли эса катта. Боз устига, ўзига душман орттириб олиши тайин. Шундай экан, танқид деганлари кимга керак? 

 

Бу савол, чамаси, қадим-қадимдан афкор аҳлини ўйлантирган. Халқ мақоллари шундан шаҳодат беради. Масалан, “Гап келганда, отангни ҳам аяма”. Мақолми, демак, ҳикмат, ибрат мужассам унда. Аммо болалигимда ҳам, кейинроқ ҳам танқид сабаб таъзиримни хўб еганман.

 

“Дўст ачитиб гапиради, душман – кулдириб”. Бундан чиқадики, танқид ҳамиша аччиқ келади. Маълумки, дори аччиқ бўлса ҳам, болаларга зўрлаб ичирилади. Шифо учун-да. Дўстнинг танқиди аччиқ доридан фойдалироқ бўлган тақдирда ҳам “ичилиши” қийин. Зўрлаб оғизга қуйилганда ҳам ютилмайди, ютилса – ҳазм бўлмайди. Бир амаллаб чиқариб ташланади. Ундан кўра, касал бўлиб юравериш афзал-да!

 

Бу мақолнинг иккинчи қисми янада теран тагмаъноли. Агар кулдириб гапирувчилар душман бўлса, каттаю кичик амалдорлар ўз атрофига фақат ғаним йиғар экан-да! Ахир, бошлиқни кулдириб, кайфиятини кўтариб, иш битириб олиш қўл остидагилар учун айни муддао-ку!

 

Дарвоқе, эл аро машҳур “Бетга айтганнинг заҳри йўқ” мақоли боис унинг ижодкори бўлмиш халқ танқидга лойиқ: бетга айтганнинг шунақа заҳри борки!..

 

 

Тил заҳри битмас

 

Танқиднинг бош қуроли – тил. Билиб-билмай танқид қилиб, балога қолганларга қарата “Тилингдан топ!” дейилади. Бу мавзуда ўнлаб халқ иборалари бор. Қизиқ жиҳати, одатда танқид қилувчининг ўзи танқид ўқига нишон бўлади: “Тилингни тийсанг, ўлармидинг?!”

 

Ҳайвон танқид нималигини билмайди. Шунга қарамай танқидчи ҳайвонга ўхшатилади: “Эчкининг ўлгиси келса, эгасини сузади”, “Ит эгасини қопар экан-да”.

 

Бу нақлларнинг аксари танқид тўғрисида эмас, аммо шу бобда ишлатилиб, танқид чақув, ҳақоратга тенглаштирилади. Ҳолбуки, соғлом танқид ижобий, чақув эса буткул салбий ҳодиса. Танқид аччиқ бўлар, чақув эса ҳамиша заҳар. Танқид – тараққиёт омили, чақув эса таназзул белгиси.

 

 

Танқидсиз яшаб бўладими?

 

Йўқ, бўлмайди!

 

Танқид ўгай бўлган жамият тараққий этмайди, танқидсиз давлат инқирозга юз тутади.

 

Кўз олдимизга келтирайлик: XIX аср, хонлар даври. Хушомаду маддоҳлик авжида. Хонлар, амирлар, тўралар, беклар, бекчаю амирчалар, бою сарватмандлар, ҳатто эшону хўжаларнинг кўпчилиги нима номаъқул иш бўлса қилиб ётибди. Аммо жилла танқид йўқ. Иллатларга қарши сўз айтган тирик жон борки, балога қолган – дарра еган, зиндонга солинган, ҳатто дорга осилган, бўғизланган. Шу тариқа танқидни таг-туги билан қириб битиришга ҳаракат қилинган.

 

Ваҳоланки, адолатсизлик илдиз отиб кетган эди. “Фалончи қирқ йил чоракорлик қилса ҳам, ер эгасидан қарзини узолмабди, қизини (ўғлини) қул қилиб беришга мажбур бўлибди” – “Беради-да. Нима, бой бечора қарздан кечсинми?”

 

Иқтисодий зулм одатий ҳолга айланганидан, у ҳатто аксар тарихий асарларда ҳам қайд этилмаган. Адолатсизликлардан Гулханийнинг “Зарбулмасал”и каби мажозий асарларни ўқиб хабар топганмиз.

 

Адолатсизликнинг бошқа тури бадиий адабиётда яхши ёритилган. Кимнинг чиройли қизи бор – бошига бало бўлган. “Ичанқалъа” музейида оқпошшо хонга ҳадя қилган карета сақланар эди. Кўю кентларда бу арава ғилдиракларидан чиқаётган тарақа-туруқни эшитган хушрўй ожизаси бор оилалар юрак ҳовучлаб ўтирган, чунки у ожизалар ҳарамни тўлдириш учун шу каретада олиб кетилган. У даврларда матбуот-ку бўлмаган, шариат бормиди? Муфтий, қозикалон, шайхулислом қаёққа қараган?..

 

Чархи фалак айланиб, хону бекларнинг қочгани қочиб, қолгани писган замондагина фош қилинди ўша қора кунлар. “Меҳробдан чаён”да хонни танқид қилган Анвар дорга осишга ҳукм этилади. Анварнинг прототипи тарихда бўлганми? Бўлса ҳам, хонни танқид қилишга журъати етганми? Пичоқ бориб суякка тақалганда айтгандир балки у исёнкор сўзларни?! Ҳаётда Анвар аччиқ сўзларни хоннинг юзига айтганига ишониш мумкиндир, аммо дордан қочиб қутулганига ишонгиси келмайди кишининг.

 

Солиҳбой хон эмас эди, анчайин бой эди. У истаганча хотин устига хотин олган, бировнинг хасми бўлган Жамилага ҳам уйланишга қасд қилган. Қулдай муте Ғофир бунга эътироз билдиргани учун ҳақсиз равишда сургунга жўнатилган. На қози, на имом, на элликбоши бойни танқид қилади, аксинча, ҳаммаси бир бўлиб Ғофирни қоралайди. Ҳамза бўрттирган дейсизми? Унда реалист Ойбек ҳам муболаға қилганми? “Қутлуғ қон”даги Мирзакаримбойнинг Солиҳбойдан фарқи каттами?

 

Хулоса шуки, танқид йўқ жойда адолатсизликнинг куни туғади. Адолат эса Оллоҳнинг омонатидир. Амир ул-мўминин Умар Форуқни (р.а.) раият ҳам бемалол танқид қила олгани ҳақида ривоятлар бор.

 

Дарҳақиқат, лозим ҳолатларда танқид қилмаслик гуноҳ. “Золимлар зулми” деган иллатга қарши ҳақ сўздан бошқа дори борми?  Аччиқ дея дори ичилмаса, касалнинг ҳоли нима кечади? Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликларининг тақдири бу саволга жавоб эмасми?!

 

 

Қудрат омили

 

Танқид   куч-қудрат, тараққиёт омилидир.   Хонлар   даврининг ҳам, шўро давлатининг ҳам инқирози танқидсиз бошқарув сабаблидир.  Зотан, бошқарув    моҳиятан    долзарб    муаммони тўғри қўя олиш, ечим излаш ва муқобилу мақбул йўлни танлашга асосланади.

 

Тасаввур қилайлик, 10 кишидан иборат ҳайъат қарор қабул қилиши керак. Одатда, ҳайъатга бир неча ечим варианти тайёрлаб берилади.  Хўш, улар орасида муқобил (оптимал) ечим борми? Равшанки, шу саволнинг ўзи – танқидий ёндашув. То бундай савол қўйилмас экан, муқобил ечим четда қолиши аниқ.  2000–2010 йилларда кадр сиёсатида бу ҳол мунтазамлик касб этганига шоҳид бўлганман – масъуллар ундан маҳорат билан фойдаланган.

 

Ечим вариантлари имкон қадар кенг доирадан сараланди ҳам дейлик; улардан муқобилини танлаш-да осон бўлмайди. Кўпинча бир қарашда яроқсиз туюлган ечим алалоқибат энг мақбул бўлиб чиқиши ва аксинча, аввал жозибали туюлган таклифнинг пировардида миси чиқиши мумкин. Амир Темур ўз тузукларида муҳим қарорларни машварат билан қабул қилганини айтган. Бунинг натижаси бутун дунёга маълум. Афсуски, Соҳибқирон машваратлари баённома тарзида қайд этилмаган, аммо аминмизки, улар анча эркин руҳда ўтган. Бизнингча, ҳукмдор аввал машварат иштирокчиларининг фикрини сўраган. Носамимий, хушомад йўсинида фикр билдирганлар назардан қолган.

 

Агар энг мартабали иштирокчи биринчи бўлиб ўз фикрини билдирса, машварат офаринбозлик руҳида ўтади. Бунинг ёрқин мисоли КПСС Сиёсий бюросининг 1980-йиллардаги мажлислари. Мамлакат иқтисодий ботқоққа ботиб боряпти, армия Афғонистонда шарманда бўлаётир, давлатнинг халқаро миқёсда ҳам, халқ олдида ҳам обрўси тўкилган... Сиёсий бюро мажлисларида эса офаринбозлик, “олтин­юлдуз”бозлик. Танқид “борса-келмас”га кетган. Аввалроқ ўзбекистонлик давлат арбоби, қисқа муддат Сиёсий бюро аъзоси бўлган Нуриддин Муҳиддинов “маккажўхорисевар” саркотибга “Бошқа экинларни нима қилсангиз ихтиёрингиз, аммо пахтани ўзимизга қўйиб беринг” дегани учун сургунга – элчиликка юборилган эди.

 

Ҳегель очган диалектик логикага мувофиқ, ҳар қандай воқеликда қарама-қарши жиҳатлар ажралмас бирликдадир. Хусусан, қабул қилинаётган ечимнинг кўзга яққол ташланадиган ижобий жиҳатлари билан бирга илғаш қийин салбий қирралари қоришиқ бўлади. Вақт ўтиб салбий қирралар ижобий жиҳатларни босиб кетиши мумкин. Бир мисол, 40 йилча аввал олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари баҳоларига аттестат баҳоларининг ўртачасини қўшиб мандат ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинди. Бу таклифни илгари сурганлар фақат ижобий жиҳатни кўрган: мактаб ўқувчилари юқорироқ баҳо олиш учун яхшироқ ўқийди. Хуллас, ният яхши. Амалда эса натижа тескари бўлди: ўқувчилар билими зиғирча ҳам кўтарилмади, аммо аттестат баҳолари ўша йилдаёқ ўсиб шифтга етди. Оқибатда “яхши ният” таълимда коррупция кучайиши, юқори баҳонинг обрўсизланишига олиб келди. Танқидлардан кейин таълимдаги бу ислоҳот бекор қилинди. Аччиқ гаплар ўз вақтида айтилганда, талафот катта бўлмас эди. 

 

Бундай мисолларни яна келтириш мумкин.

 

 

“Сиёсий ҳаммом”

 

Дунё тарихида энг узоқ давр пойдор бўлган давлатлардан бири бу Рим республикасидир (мил. авв. 509–527 йиллар). Манбаларга кўра, Рим сенаторлари ҳаммомни яхши кўрган, мажлисдан чиқа солиб ювинишга йўл олган. Ҳаммомда бадан покланади. Рим республикаси сенати эса “сиёсий ҳаммом” вазифасини ўтаган – сиёсат кирдан тозаланган. Олий ҳокимият бўлмиш сенат мажлислари баҳс руҳида ўтган. Баҳслар ҳаммомда ҳам давом этган. Мустақил суд мажлислари кўчада ўтказилган: “Ошинг ҳалол бўлса кўчада ич”. Суд жараёнини қораловчи ва оқловчиларнинг ўзаро баҳси тарзида ўтказиш ўшанда жорий қилинган.

 

Дарвоқе, “Рим ҳуқуқи” АҚШ конституциясининг мағзини ташкил этади. Унда республика тузуми янада такомиллаштирилган. Хусусан, сўз эркинлиги ўз мулкини қурол билан ҳимоя қилиш ҳуқуқи даражасида муқаддаслаштирилган. Қудрати ҳокимиятнинг бошқа тармоқларидан кам бўлмаган “тўртинчи ҳокимият” Франклин, Жефферсон каби Америка “миллат оталари”нинг ихтиросидир. Эркин матбуот “сиёсий ҳаммом” вазифасини нақадар самарали ўтаб келаётгани маълуму машҳур. 

 

 

Субъект ва объект

 

Танқид тушунчаси субъект (танқид қилувчи), объект (танқид қилинувчи), предмет ва мақсаддан таркиб топади. Субъект ҳамиша одам бўлади, албатта. Танқид партия ёки бошқа ижтимоий гуруҳ томонидан билдирилганда ҳам, замирида шахс туради. Шўро даврида жамоавий мурожаат, шикоят йўллаш урфга кирган эди. Нақадар ғаройиб ўнта-йигирмата одамнинг калласида хат ёзиш фикри бир пайтда туғилса-я?! Йўқ, ундай эмас, албатта. Аслида, субъект битта – хат ташаббускори.

  

Танқид объекти эса турлича, ҳатто танқид қилувчининг ўзи бўлиши ҳам мумкин – бу ўз-ўзини танқид деб аталади. Намуна: ушбу мақола муаллифи ялқовликдан ҳозиргача ёзиши лозим рисолага қўл урмай келади. Бир замонлар танқиднинг бу тури кенг тарқалган эди, бироқ у самимий бўлганига ишониш қийин. Одам ёлғиз қолганда, масалан, ойнага қараб ўзини ўзи танқид қилиши, ўзига “Мен фаришта эмасман-ку” деб туриши кони фойда...

 

Субъектдан фарқли равишда танқид объекти гуруҳ, жамоа, халқ бўлиши мумкин. Дейлик, спорт шарҳловчиси ҳакамни ҳам, футбол жамоасини ҳам, стадионга жам бўлган ишқибозларни ҳам танқид қилиши мумкин унисини сотилганликда айблайди, бунисини отнинг калласидай маош олса ҳам эплаб тўп тепа олмаётгани учун, ярим стадионни эса одобсизлиги сабабидан. Алишер Навоий бутун халқни танқид қилган:

 

Турфа кўрки, халқ коми бирла умрим бўлди сарф,

Турфароқ буки, биравга ёқмади бир хизматим.

 

(Бутун умримни халқ манфаати йўлида ўтказдим, аммо, ажабки, ҳеч ким хизматимдан қониқмади. Ҳазрат демоқчики, ношукур халқ яхшиликни қадрламади.)

 

Навоий “Ҳайрат ул-аброр” достонининг XVI бобида сўзга ва унинг маъносига беписанд шоирларни ҳам қоралайди, аммо бу худпарастликка ўхшаб қолганидан сесканган каби ўзини танқид қилишга ўтади:

 

Арбада кўп бўлди, магар маст мен,

Ёки жунун қайдиға побаст мен.

 

(Бемаъни гапларни ёзиб чунон ғавғо қилдимки, бу ё мастликдан, ё телбаликдан.)  

 

Танқиднинг мақсади барча унсурлар ичида энг муҳимидир. Мақсадига кўра танқид конструктив (бунёдкор) ва деструктив (вайронкор) турларга бўлинади. Конструктив танқиднинг мақсади объектнинг фойдасига, деструктив танқидники эса зарарига қаратилади. Сўзларнинг маъносига қаралса, биринчиси ижобий, иккинчиси салбий ҳодиса бўлиб кўринади. Аслида эса танқиднинг яхши-ёмонлиги бошқа мезон – эзгулик ва ёвузлик нуқтаи назаридан баҳоланиши лозим. Шунга кўра мақсади бўйича танқид тўрт гуруҳга бўлинади:

 

Эзгу мақсадга қаратилган конструктив танқид (ушбу мақоламиз шу сирага киради);

 

Эзгу мақсад йўлида деструктив танқид (Бугун иқтисодиётдаги монополизм, сиёсатдаги деспотизм каби салбий ҳодисалар танқиди шу тоифага мансуб);

 

Ёвуз мақсад кўзланган конструктив танқид (Бунга мисол – “Амал теккан экан, фойдаланиб қолсанг-чи” деган “доно” маслаҳат);

 

Ниҳоят, ёвуз мақсад йўлида деструктив танқид (Айрим хориж оммавий ахборот воситаларида учинчи дунё давлатларига нисбатан шундай танқид намуналари кўп учрайди).

 

Фельетон, памфлет, карикатура – деструктив танқид жанрлари. Улардан эзгу мақсад йўлида ҳам, ёвузлик мақсадида ҳам фойдаланиш мумкин. Аслида, танқиднинг конструктив ё деструктивлиги эмас, муаллифнинг мақсад-маслаги муҳимроқ.

 

        

Синчи

 

Озод Шарафиддинов адабий танқидчини отларнинг учқурлигини аниқлайдиган синчига менгзар эди. Адабий танқид аслида таҳлилдан иборат, уни таҳлилий танқид деган маъқул. У ҳамиша предметга – ижод маҳсулига, лозим бўлса, услубига қаратилиши лозим. Сталин қатағонлари даврида эса бадиий асар танқид қилиниб, унинг муаллифига “буржуа ёзувчиси”, “халқ душмани” каби тамғалар босилганки, у танқид эмас, иғво бўлган.

 

Фикримизча, таҳлилий танқиднинг олий нави – истеъдодни кашф этувчи танқид, жамият учун фойдалиси – плагиатни фош қилувчи танқид, энг муҳими – ёвузликка хизмат қиладиган асарларга қарши курашувчи танқид.

 

Таҳлилий танқид ижодни юксалтиради. Айниқса, илмий тадқиқотлар учун танқиднинг бу тури муҳим. Илмий тадқиқотдан мақсад – объектив ҳақиқат излашдир. Олим тадқиқотини эълон қилишдан аввал ўзи, эълон қилингач эса илмий жамоатчилик бундай савол қўйиши ва унга жавоб излаши лозим: “Тадқиқотда объектив ҳақиқат баён қилинганми? Муаллиф жиллақурса шунга интилганми?” Шу мақсадда асар тақриздан ўтказилади. Диссертациялар учун оппонентлар белгиланишининг боиси ҳам шу.

 

Афсуски, бугунги кунда оппонентлар мадҳиябозлик билан машғул. Илмий янгилиги тарозида зиғирча ҳам юк босмайдиган ишларга, натижалари ҳақиқатдан йироқ диссертацияларга ижобий хулоса бериш – олим учун уят. Синчи эшакни зинҳор “дулдул” дея атамайди, ахир...

 

 

Танқиднинг “миллати”

 

Ажабланманг, танқиднинг миллати бўлади. Масалан, бир мамлакатда оммавий ахборот воситаларида танқидни объектнинг шахсий ҳаётига қаратиш номус ҳисобланади, бошқа бирида эса бундай табу йўқ.

 

Инглиз тилида сизлаш йўқ, арабчада эса сенсираб бўлмайди. Ҳар икки грамматик категория ҳам бор тиллардан бирида фарзанд ота-онасини бемалол сенсирайверади, иккинчисида ака укасини ҳам сизлаши лозим. Алҳосил, тилнинг хусусияти халқнинг менталитетига, у эса танқид тарзига таъсир қилади. Ўзбек тилида “сиз” ўрнида “сен” деб ҳам, “сен” ўрнида “сиз” деб ҳам одамнинг кўнглини оғритиш мумкин.

 

Ғарб дунёсида танқид қилинадиган объект аяб ўтирилмайди, Шарқда эса бундай танқид ғаюрлик қўзғайди, низо келтириб чиқариши ҳам ҳеч гап эмас. Сўз эркинлиги деганда журналистлар аслида танқид эркинлигини назарда тутади. Ушбу сатрлар муаллифига ўхшаган, оврўпоча ҳаёт тарзи билан таниш бир чимдим зиёлилар бизда ҳам чек-чегарасиз сўз эркинлигини, яъни танқид эркинлигини орзу қилади. Аслида, кўкнорихаёл бу. Балки оғудир...

 

Тамсил. 2001 йил. Таълимда “икки”дан “беш”гача бўлган баҳо тизимидан рейтинг тизимига ўтилди (бу қайсидир юртдаги тизимга кўр-кўрона тақлид эди). Биров ҳамма фан 100 баллгача баҳоланиши керак деса, бошқа биров қайси фанга қанча соат ажратилган бўлса, шунча баллгача, дея тортишди. Баҳсда “юзбалл”чилар енгиб чиқди.

 

Ўқувчи ва талабалар ҳар бир дарсда муайян балл йиғиб бориши, бу эса уларнинг дарсдаги фаоллигини ошириши лозим эди. Бироқ бу ўқитувчидан балларни журналга ёзиб бориш учун анча вақт талаб этар, қайси жавоб 12 балл, қайсиниси 13 балл деб баҳоланиши ҳам мужмал эди (ҳозир ҳам).  

 

Камина таълим тизимини яхши биладиган шогирдим билан анъанавий тўрт балли баҳолаш асосида 100 балли рейтинг лойиҳасини тайёрлаб, олий идорадаги таълимга масъул танишимга тақдим қилдим. У шошиб турган экан, “Қолдиринг, кейин кўраман” деди-ю, лекин биринчи саҳифасини кўздан кечирибоқ қизиқиб қолди, ўқишга тушиб кетди. Ўқиш давомида “буниси тўғри эмас”, “мана буниси мутлақо бўлмайди” дея изоҳлаб борарди. Мен “маъқул”, “қўшилмайман”, “ўйлаб кўриш керак экан” қабилида жавоб бериб турдим. Мутасадди психология фанлари доктори эди. Матнни ўқиб бўлиб, “Ғалати одам экансиз” деди. Ажабсиндим.

 

– Хорижда ўқиганмисиз? – деб сўради дабдурустдан.

 

– Шундай деса бўлади.

 

– Сезилиб турибди. Ғарбда танқид (бошга қўлини қўйиб) ақл билан қабул қилинади, “ўринлими, ўринсизми?” дея фикрлаб, маъқули олинади, номаъқули – йўқ. Бизда эса танқид (қўлини юрагининг устига қўйиб) қалбдан ўтказилади. Сизни йўл-йўлакай танқид қилиб бордим, хафа бўлмадингиз.

 

Ўринли, яна ишнинг фойдасига қаратилган танқиддан нега хафа бўлиш керак? Аксинча, хурсанд бўлиш керак-ку!

 

Холис танқидчи – энг яхши маслаҳатчи. Бундай танқидчиси бор ижодкор бахтлидир.

 

Албатта, танқидни қабул қилишгина эмас, танқид йўсини ҳам эҳтиросли ва эҳтироссиз бўлиши мумкин. Биринчи тур танқидга жавоб ҳам эҳтиросли бўлиши табиий. (Эҳтирос, умуман олганда, ижобий ҳодиса. Хусусан, эҳтиросли танқид кучлироқ таъсирга эга бўлади.)

 

Биз тарихимизда эҳтиросли танқидга роса тўйганмиз.  Ўтган асрнинг 20–30-йилларида газеталарнинг ҳар бир сонида қайсидир арбоб “дўппосланган”, мажлислар эса салкам дуэлга айланган. Газетадаги ҳар бир танқид унинг объекти устидан жиноий иш очилишига сабаб бўлган. Балки ўша танқидий чиқишлар ичида ўринлилари учрар, аммо юзта ўринли танқиднинг самараси битта туҳмату иғводан иборат танқид туфайли кимнингдир қамалиб кетишига арзимайди. Битта инсоннинг умрига зомин бўлган танқид қаршисида фойдали танқиднинг миллионтаси бир пул.  Сираси, биз миллий танқид йўсинини ислоҳ қилиб боришга муҳтожмиз. Бинобарин, танқид туҳмат воситасига айланишига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди.

 

Ёвузликни танқид қилувчилар миллат бойлигидир. Бу йўлда фидо бўлган одам Бухоро амири Насруллоҳни ҳажв қилган шоир Жунайдуллоҳ Ҳозиқ каби миллий қаҳрамонга айланади. Қўқонда Нодира ва унинг оила аъзоларини қиличдан ўтказган амир шоирдан мадҳия ўқишни сўраганда у:

 

Буриди бар қади худ аз маломат

Либосе то ба домони қиёмат, –

 

деган байтни ўқийди (маъноси: ўз устингга шундай маломат либосини ёпдингки, уни қиёматгача ечолмайсан). Шоирнинг халқ ўртасидаги обрўсидан ҳайиққан амир аламини ичига ютади. Бироқ кейинроқ қотил ёллаб, қувғиндаги шоирнинг бошини кесдиради (батафсил маълумот учун қ.:  Қаюмов П. Ҳозиқ. Тошкент, “Ўзфанакаднашр”, 1957; Жабборов Р. Икки байт учун кесилган бош. https://oyina.uz). 

 

 

Навоиёна танқид

 

Биз учун энг маъқули, мақбули – бетгачопарлик билан эмас, балки вазминлик билан, нафсониятга тегмайдиган йўсинда, панд-насиҳат руҳида айтилган танқиддир. Миллат тарбиячиси Алишер Навоий ижтимоий-сиёсий фаолиятида танқиднинг ана шу шаклидан самарали фойдаланган. “Ҳайрат ул-аброр”, “Садди Искандарий” достонлари деярли тўлиқ, “Фарҳод ва Ширин”, “Сабъаи сайёр” достонларининг бир неча боби танқид руҳида. “Мажолис ун-нафойис” тазкираси таҳлилий танқид, “Маҳбуб ул-қулуб” эса ижтимоий танқид бўйича рисолалар дейиш мумкин. “Хазойин ул-маъоний”да, айниқса, қитъаларда ўткир сатира билан йўғрилган навоиёна танқид намуналари кўп. Ҳамма биладиган, аммо амал қилавермайдиган “Одамий эрсанг, демагил одами / Они, ки йўқ халқ ғамидин ғами” байти ана шулардан бири. Ҳазратнинг танқид формуласи бундай: “Навоий ёмон бўлса, сен яхши бўл!”

 

Буюк мутафаккир асарларида қуйидаги хусусиятларни кузатиш мумкин: танқидий гапни панд-насиҳат тарзида, “Қизим, сенга айтаман, келиним, сен эшит” қабилида баён қилиш; объект ҳурматини жойига, ҳатто ўзидан юқорига қўйиш; фикрни Қуръони карим ва ҳадис, тарихий ва бадиий адабиётдан таъсирчан мисоллар билан далиллаш; насиҳатни сабр-қаноат билан давом эттирган ҳолда самарага эришиш.

 

Ҳамма замон, ҳамма маконда ҳам ҳокимият соҳибларининг яқинлари, фарзандлари ва аъёнлар мавқедан фойдаланиб, номаъқул ишлар қилишга мойил бўлган. Абулғози Султон Ҳусайннинг бахтига Алишер Навоийдек мунаққид бор эди. Султоннинг ўғиллари Навоийнинг танбеҳ ва танқидидан ҳайиқиб, ўзини тийиб юрган. Зотан, бу табаррук зотнинг юмшоққина қилиб айтган ўгити анча-мунча жарроҳ тиғидан ўткирроқ бўлган.

 

Навоий самимий дўст сифатида султонга ҳам ўз муносабатини   билдириб турган. “Ҳайрат ул-аброр”нинг Бадиуззамон мирзога бағишланган бобида валиаҳдга кескин панд сўзлаб, бундай хулоса қилади:

 

Кофири одил ани (мамлакатни) обод этиб,

Мўъмини золим ани барбод этиб. 

Ҳукмдорга сўзи ўтишига ҳам умид билдиради:

Шаҳға сўзумдин бор эса эътибор,

Гар санга ҳам панд десам, ери бор.

 

Султон Ҳусайнга Навоийнинг сўзи эътиборли дегани – дўсти нима деса дарҳол қабул қилган, дегани эмас. Султон Хоразмни обод қилмоқ ниятида уч минг хонадонни кўчириш тўғрисида фармон қабул қилади. Навоий юзлаб оилага азият етишини ўйлаб, дўстини бу қарордан қайтармоқчи бўлади. Бир неча марта такрорласа ҳам (бу моҳиятан танқиддир!), султон ўз айтганида туриб олади. “Ўзингиз менга бир гапни ўн икки мартагача такрорлаш ҳуқуқини бергансиз, шунинг учун такрорлайвераман”, дейди Навоий. Султон юмшаб, кўчириладиган хонадонлар сонини мингтага туширади.

 

 

Танқид маданияти қандай шаклланади?

 

Навоиёна танқид услуби ҳамиша долзарб бўлиб қолишига шубҳа йўқ. Қайд этиш лозимки, биз монархия эмас, ҳуқуқий демократик бошқарувни танлаганмиз. Шундай экан, бу тузумнинг ажралмас унсури бўлган раият томонидан танқидий фикр билдириш ҳуқуқи ҳурмат қилинмоғи даркор. Бу ҳуқуқ танқид қилиш ва танқидни қабул қилиш маданияти билан уйғун келсагина, миллат бирлиги ва тараққиётига омил бўлади.

 

Хўш, мазкур маданият қандай шакллантирилади? Оиладами? Мураккаб масала бу. Фарзандларнинг ота-онани танқид қилиши ўзбек халқи менталитетига ёт. Шунинг учун бу борада таълим муассасаларининг роли катта.

 

ТошДУ Математика факультети биринчи курсида таҳсил олган кезларимиз “Математик таҳлил” фанидан сочлари кумуш, урушда яралангани учун билинар-билинмас оқсайдиган Муҳаммаджон Холиқов исмли доцент сабоқ берган. Биринчи машғулотни домламиз шундай сўзлар билан бошлаганки, ҳамон қулоғим остида жаранглайди: “Ўғилларим, қизларим, бу фан математиканинг асосий устуни. Cизларга ўзлаштириш, менга дарс бериш осон эмас. Мен узоқ йиллар кимё факультетида олий математика курсини олиб бордим. Бу йил шу фанни математикларга ўқийин, деб сўраб олдим. Ёрдам бериб туринглар, тушунмасангиз, дарҳол сўранг. Агар хато қилсам, албатта кўрсатинглар”. Дарсларнинг бирида устоз ёзган формулада ишора алмашиб қолди. Хатони айтсак, қандоқ бўлар экан дея истиҳола қилиб ўтирган эдик, биринчи қаторда ўтирган қизлардан бири дадиллик қилди. Шунда биз кутмаган воқеа рўй берди: устоз формулани тўғрилади-да, ўша курсдошимиз олдига келиб “Раҳмат, барака топинг!” дея чунонам алқадики... (Устоз бу билан бошқаларни ҳам маърузаларни танқидий руҳда тинглашга рағбатлантирган. Оллоҳ раҳмат қилсин!) Ҳар бир педагог шу тахлит ўқувчи ва талабада танқид маданиятини тарбияласа, жамият тараққиёти жадаллашажак.        

 

        

Хотима

 

– Объект, субъект, предмет каби ажнабий сўзларни қўлладингиз. Шу дурустми?

 

– Аввал ўзингизга боқинг, “cўз” ажнабий эмасми? “Танқид” сўзи-чи?

 

– Дарҳол жаҳл отига минманг-да. Бу икки сўз тилимизда қадимдан қўлланади.

 

– Маъқул.

 

...Алқисса, чин танқид – эгрини тўғриламоққа хизмат қиладиган тузлов. Валлоҳу аълам биссавоб.

 

Абдулла АЪЗАМ

 

Tafakkurжурнали, 2023 йил 2-сон.

“Танқид анатомияси” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 26
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//