Китобларда ёзилмайдиган, тренингларда айтилмайдиган ўзбекча тарбия


Сақлаш
20:42 / 31.07.2023 682 0

 

“Бугун фан яхши тилак инсоннинг генига таъсир

қилишини ўрганди. Демак, халқимизнинг

олтин олма, дуо ол деганларида бир гап бор...

Шомирза Турдимов

 

Уч йили кам бир аср умр кўрган Малика момомни эсларканман, кўз олдимга ҳассага таянган кампир эмас, желагининг шамол эрмаклаётган этакларини енги шимарилган қўллари билан йиғиштириб, тез-тез одимлаётган инсон келади. Болалигимда у кишини жуда яхши кўрганман, десам алдаган бўламан. Сабаби, мен арзандани жуда кўп койирди. Янги кийим кийсам, “Бунингни Кенжа “посон”га ўхшатиб кўп синига қарайвермагин! дея уқтирарди энамга. Тилим ечилса борми, “Саъдулла калга ўхшамай камроқ гапир!, дея битта гап билан мум тишлатиб қўярди. Рости, камина на Кенжа “посонни”, на Саъдулла кални танимайман, тахминимча, улар бири қизларга ўхшаб ўзига оро берадиган, иккинчиси тилли-жағли, бурунги ҳамқишлоқларимиздан бўлишса керак.

 

Менку мен, бошқалар, дейлик опам ҳам гап эшитиб турарди, раҳматлидан. Каминанинг бийронлиги ёқмагани каби, опамнинг кулиши ёқмасди момомга. “Қиз бола деган худа-бехудага ҳиринглайверса яхши бўлмайди! Лабингни жий, токи биров жоношолмасин! дерди, қовоқларини солиб. Нафсиламрини айтганда, у кишининг биз болаларга маъқул одатлари ҳам йўқ эмасди. Масалан, нафақаси келса ҳаммамизга пул улашар, қўй сўйсак, илигини бизга қоқиб берарди. Элдошларнинг қаттиқ ҳурмат қилишларини, у кишини кайвони, кўп нарсани тушунади, деб ҳисоблашларини баримиз яхши билардик.  

 

Адабиётда “аёл, ҳамиша аёл” деган ибора бор. Ҳалокат туфайли бобомни эрта бой берган момомнинг фикри эса нечукдир бошқачароқ эди. “Аёл, эри бўлса аёл. Бўлмаса, у эркак!. Бу борада менинг бир нарса дейишим қийин, балки ўз умри, вазиятидан келиб чиқиб гапиришгандир...

 

Дарвоқе, аёл дегандай...

 

Қандайдир сабаб билан уйимизга йиғилган жувонлар, бир гал момомдан “Эна, аял зоти нечида қарийкан?, дея сўраб қолди. “Аял зоти жетмишидаям жилқидай бўлади. Саксандан ошқач суяклари шовшайди” деб жавоб берди у киши. У пайтлари камина юқоридаги фикрнинг маъноси ҳақида кўпам бош қотирганим йўқ. Менга иборадаги оҳангдошлик ёқиб қолганди. Ҳозир эса ушбу гапни эслаб, демак ул даврда одамлар биздан ҳақиқатда анча бақувват бўлишган эканда, деган ўйлар кечада хаёлимдан. Ахир бугун қишлоғимизда етмишга кириб йилқидай бўлган зотлар йўқ. Аксинча, айримларимиз йигирмага кирмай қариб қоляпмиз.

 

Яна латифа, матал, ривоят деганларига ҳам уста эди, барака топкур. Ўзи кам кулсаям, айтган латифалари ҳаммани кулдирарди. “Бир куни одамлар апандидан хотинингиз касалхонадан қайтдима деб сўрапти. Қайтқани жўқ, депти апанди, ҳалиям касалхона ҳақида гапириб жотибти.... Энг эътиборни тортадигани нима, биласизми? Шу қочиримни уй тўла одам тушуниб, гуруллаб кулар, гапни-гапга улашарди. Бироқ уни яқинда ижтимоий тармоққа қўйган эдим, негадир кўпчилик тушунмади. Фикрлари ўтлаб кетган улоқчалардай ҳар ёққа тирақайлаб, эзиб муҳокама қилишди.

 

У киши гапириб берадиган ривоятлар ҳеч эсимдан чиқмайди айниқса. Шундай ривоятлардан бирида илм талабидаги одам ўн йил мадрасада ўқиб, олим бўлибди. Сўнг уйга қайтаётган экан, кеч тушиб, йўл бўйидаги уйдан тунаб қолишга жой сўрабди. Уйга кирганида бека унинг ёнига иккита яқинда ёпилган нон келтириб қўйибди.

 

– Олинг, меҳмон, – дебди манзират қилиб, – нонни ҳали ёпган эдик. Ўзингиз ҳаром-ҳалолини ажратиб енг.

 

Бека кетгач, унинг гапи олимни иккилантириб қўйибди. “Шошма, мезбоннинг аёли ҳаром-ҳалолини ажратиб енг, дейдими? Бу билан нима демоқчи? Таваккал гапирдими десам, оқила аёлга ўхшаяпти... Нондай азиз неъматнинг ҳароми бўладими?.

 

Хўп ўйга толибди, ўша олим. Туз тотай деса, томоғидан ўтмасмиш. Эрталабгача ўйлаб ҳам жумбоқни ечолмабди. Тонгда кета туриб, охири уй бекасининг ўзидан сўрашга мажбур бўлибди:

 

– Синглим, кеча нон қўйганингизда ҳаром-ҳалолини ажратиб енг, дегандай бўлдингиз. Мен тушунолмадим, ноннинг ҳароми бўладими?

 

– Бўлади, мулла ака – жавоб қайтарибди бека. – Эҳтиёт бўлмасак, ҳатто ноннинг ҳам ҳароми бўлиши мумкин, — кейин бироз сукут сақлаб, қўшиб қўйибди, – Мен сизга тагига тандирдан кесак ёпишган бўлса, ўзингиз тозалаб енг, демоқчи эдим.

 

Буни эшитган олим ўз омилигидан хижолатга тушган, ҳали нондан кесагини ажратиб ейишни билмас эканманку, деб уйига эмас, йўлни яна мадрасага солган экан.

 

Момом гапириб берадиган тағин бир ривоятда эса, Оллоҳ таоло ўлимни яратиб, уни тоғ-тошларнинг бошига солибди. Аммо тоғлар кўтаролмабди. Бири қулаши билан қолганлари зириллаб, тутдай тўкила бошлабди. Шунда Оллоҳ ўлимни уларнинг бошидан олиб, дарахтларга солибди. Дарахтлар ҳам кўтаролмабдилар: бири йиқилса бошқалари чарсиллаб-қарсиллаб сина кетипти. Оллоҳ ҳатто ҳайвонларнинг бошига солганда ҳам кўтаришолмабди ўлимни. Бир-бирининг мусибатига куйибди, бўкириб дунёни ларзага келтирибди. Ниҳоят инсоннинг бошига солган экан, инсон бу мусибатни кўтарибди. Яъни, бири бир ёқда қавмдошига куйса, иккинчиси иккинчи тарафда қўшиқ айтиб, чилдирма чалаётган эмиш. Шундан ўлим, яъни ажали етиб жонни эгасига топшириш, бандаларга мерос бўлиб қолган экан...

 

Албатта мазкур ривоят тўқима, бундан юқорисида бўлган каби, бунда ҳам ровий айтмоқчи маълум ҳаётий хулоса беркинган. Бироқ болаликда мол боқиб юрганда, бирор жонлиқ нобуд бўлган жой чиқса, сигирларим ўша ерни ҳидлаб даҳшатга тушганини, бўкириб ер тимдалаганларини кўп кўрганман. Бандалар танимайдиган инсонларининг ўлими учун бу қадар куюнганини, рости, ҳеч кўрганимни эслолмайман...

 

Топишмоқлари бунданда ғаройиб эди, Малика момомнинг. Уларни биз болаларга асосан кечалари, фонуснинг ёруғида пахтани чигитдан айириб ўтирганда айтарди:

 

“Тепдим тешик,

Миндим бешик.

Олдим ажриқ,

Орқамда қамиш...

У нима?

Ёки:

“Оппон-оппонни кўрдим,

Қора чопонни кўрдим.

Суяклари тарам-тарам,

Одам жутқанни кўрдим”.

 

Биз бу топишмоқларга жавоб топгунча хаёлан минг битта кўчага кириб чиқар, бир-биримиз билан кенгашар, обдон бош қотирардик. Орада ҳамишагидай ҳамма ўз камчилиги учун: мен кўп гапирганим, опам кулгани, акам дангасалик қилаётгани учун дакки эшитарди.

 

Шеърлар, айтимлар ҳам ёдлатишарди у киши:

 

“Ҳалин-о, намата,

Жўражо-он, келақо-ол.

Муштдай қорнинг тўймаймаа,

Энанг қурғур қўймаймаа...

 

Рост, фольклордаги рамзларга қизиқмайдиган замонавий инсон учун мазкур айтимлар у қадар маъноли туйилмаслиги мумкин. Аммо бугунги кунда айниқса ёшлар орасида кўп учрайдиган хотира сустлиги билан боғлиқ муаммоларнинг бир учи, фарзандларимизнинг шу каби айтимлардан, шеърдан, топишмоқ-жумбоқлардан олислашиб кетганига ҳам бориб тақалмасмикин?

 

Момом билан боғлиқ бу хотираларимда, менга таълим ва тарбияни бир-бирига эш билган донишманд элнинг умумий қарашлари, фалсафаси акс этгандай туйилаверади...

 

        ***

Дастлаб сўз очганимдек, баъзида қочиб беркинадиган хилватгоҳим – ёд уйимдаги мунаввар инсонлар ичида “Биргад бобом”, яъни, оилада етти оға-ини бўлишган отамнинг энг катта акаси Жўра бобо ҳам бор. У киши илгари колхозда бригадирлик қилган, шундан ҳамма элдошларимиз “Биргад бобо” деб чақирарди. Лекин ҳозир сизга айтиб бермоқчи бўлаётган воқеам бригадирлик йиллари билан эмас, бобомнинг анча кексайган, етмишга яқинлашган нуроний даврлари билан боғлиқ.

 

Ҳамқишлоқларнинг тўй-ҳашамларда эслаб ўтишича, бобом еллик ёшгача от чопган экан. Биз эсимизни таниган вақтларга келиб чавандозликни йиғиштирган бўлса ҳам, у киши доимо оқ-оппоқ от миниб юрарди. Мен эса айнан шу тулпорга жуда ҳавасманд эдим. “Болажоним Миё” фильмида бўлгани каби, унга “Мерамес” дея ном ҳам қўйган эдим. У пайтлари отларга исм бериш унчалик расм бўлмагани учун, бобом бундан куларди. Ўзлари биясини оддийгина қилиб, “оғот” (оқ от) деб атарди.

 

Қачон, ким Биргат бобомларникига борадиган бўлса, чавандозликка ҳавасманд камина дум бўлиб ортидан эргашар, раҳматли шунда ортга қайтишимизда отига миндириб, мени уйимизга қўйиб кетарди. Ўша кун ҳам шундай бўлди. Энамнинг Биргат бобомларникига бормоқчилигини эшитидим-у, менам қўшилиб бораман, дея туриб олдим. Уйдагилар ул-дейишди, бул дейишди, кўндиришолмади. Шўхлик қилмаслик шарти билан, охири боришимга рози бўлишди.

 

Энам бир қўлига товуқ шўрва солинган термосни кўтарган, иккинчи қўли билан билагимдан тутган – иккимиз узун-қисқа бўлиб Биргат бобомларникига кириб бордик. Ичкари кирганимизда бобом оёқларини адёлга ўраб, уйнинг тўрида ётишган экан. Мен энамдан яшириб шунча им-ишоралар қилдим, неча бор ташқарига чиқиб-кирдим, бўлмади. Одатда имлашимни тушуниб, “қаний, оғотдан хабар олайикчи” деб ташқарилайдиган одам, бу сафар унамади. Шу орада сафаримиз қариди. “Қайтсак, янаям соз, фикр кечди хаёлимдан.  ̶  Энди аниқ отга минаман!

 

̶  Биргат бова, қамчингизни топиб чиқайми?

̶  Ҳали уйда нима девдинг?!  ̶  жаҳли чиқди энамнинг.  ̶  Қани, сесингни (сасингни, демоқчи) чиқармай тез олдимга туш!

 

Нажот кутиб Биргат бобом билан Ёрқиной момомга қарасам, улар энамнинг гапини сассизгина маъқуллаб турар, фақат бобомнинг кўкала соқолли оппоқ юзида аллақандай умидбахш табассум бордай эди. Мен буни илғадим-у, тихирликни авжига чиқардим. Ва бу иш берди ҳам. Биргат бобом аввал эмаклади, сўнг тиззаларига қўл тиради, охири қарияларга хос инқиллаб-синқиллаб қад ростлади – ўрнидан турди. Ёрқиной момомнинг ҳайҳайлашига қарамай, полвон келбатларини лапанглатганча отхонага, отини эгарлашга жўнади...

 

Шундай қилиб, бироздан кейин иккаламиз “оғот” – “Мерамес”га олдинма-кетин мингашиб, кўчада секин-аста кетиб борардик. Шу вақт бўйнимга терми, кўз ёшми – қайноқ бир томчининг ситилиб томганини ҳис этдим. Тезгина тепамга қарадим-у, Биргат бобомнинг негадир қорайиб кетган, азбаройи буришиб, кучли азоб зуҳр топган юз-кўзларига нигоҳим тушди. Нимага бунча секин юраяпмиз, десам ҳалигача сезмаган эканман: у киши отнинг устида тишини-тишига босиб, зўрға келаётган экан. Бунинг сабабини эса ҳовлимизга боргач, бобом кетганидан озгина ўтиб етиб келган энамдан гап эшитганда тушундим. Ўшанда борганимизда бобом отдан йиқилиб, беланги бўлиб ётган, ҳарҳаша қилаверганимдан кейин ноилож туриб, мени отига миндиришга мажбур бўлган экан, раҳматли. Энам билан Ёрқиной момом эса у кишининг ўз олдиларида “бобонг касал, туролмайди” дейишга истиҳола қилишибди...

 

Бўйнимнинг бобом кўзларидан ёш томган шу ери худди бирор жароҳатдан қолган издай ҳали ҳамон безиллаб туради. Айниқса, қариндош-уруққа меҳрсиз одамлар ёки соппа-соғ бўла туриб, ўзига касаллиги тўғрисида ҳужжат тўғрилатишгача бораётган ориятсиз кимсаларни эшитсам, ўша жойимга игна санчилгандай бўлаверади...

 

***

Мен фақат Малика момом ёки Биргат бобомни эмас, умуман ўша одамлар, ўша дамларни гоҳида қаттиқ соғинаман. Меҳринида маълум пардаларга ўрайдиган, бир уй бўлиб ривоят айтишиб, топишмоқ топиб ўтирган, дардмандлигини, жони оғриганини бировга сездиришни ор ҳисоблаган зотларни бугунда кўргим келади. Ҳозир битта уйда яшаётганлардан, ўша пайтлар битта қишлоқда яшайдиган одамлар бир-бири билан яқинроқ бўлгандай, ҳозирги одамлардан кўра эскининг одамлари ориятлироқ, тантироқ бўлгандай туйилаверади хаёлимда...

 

Тўғри, ҳар битта авлод умр саҳнига ўз одатлари, тажрибаси, тафаккур шакли билан кириб келади. Кечадан бугуннинг, бугундан кечанинг ҳаёт тарзини талаб қилиш, катта аҳмоқлик бўлар, эҳтимол. Фақат мени ҳайрон қолдирадигани: ўша пайтлари бола тарбияси ҳақида китоблар чоп этилмаган, бола тарбиялашнинг японча ё оврўпача усули деган гаплар йўқ бўлган. Лекин улар тарбия борасида биз мансуб авлоддан кўпроқ нарсага эришмадимикин? Улар мотивация, афирмация ва яна алламбалолар ҳақида ҳеч нарса билмаган. Лекин бизнинг авлодга қараганда анча иродали, шиддатлироқ эмасмикин? Ҳа, бир гап борга ўхшайди, эскининг одамларида бир гап борга ўхшайди...

 

            Байрам АЛИ.

Oyina.uz

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10356
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//