Овози ўчирилган ўзбек овозсиз фильми


Сақлаш
03:49 / 28.07.2023 1091 0

Бир асар тарихи

 

Туркистонда 1916 йил бўлиб ўтган халқ қўзғолони ўзбек халқининг ХХ асрдаги  энг оғир кунларидан бири сифатида тарихга муҳрланган. Мазкур фожианинг сабаб ва оқибатлари тўлиқ ўз ифодасини топган ягона фильм эса “Тонг олдидан” овозсиз фильмидир. Лекин, кўп сонли ўзбек киномухлислари кино тарихимизда ана шундай асар борлиги ҳақида билишмайди. Сабаби, бу асар яратилиши биланоқ, “запрет”га тушган фильмлар қаторида туради. Ўзбек кино санъатининг ривожида сценарийнавислик, режиссёрлик, актёрлик маҳорати жиҳатидан дунёнинг машҳур киноасарлари билан бир қаторга қўйиш мумкин бўлган бу фильм ижодкори ҳам айнан шу асаридан кейин кўп ўтмай, қамоққа олинган ва 37-йилларнинг қатағон қурбонлари қаторида  отиб юборилган. Oyina.uz колумнисти, киношунос Шоҳида ЭШОНБОБОЕВА ушбу овози ўчирилган ўзбек фильми ҳақида ҳикоя қилади.

 

Биринчилардан бири

 

Сулаймон Хўжаев 1892 йил Тошкентда туғилган. Бошланғич диний таълимни Кўкалдош мадрасасида олган. Ижодкорнинг ҳаёт йўли ҳақида аввалроқ ҳам порталимизда мақола эълон қилинган, материал билан мана бу ерда танишиши мумкин.

 

 

Сулаймон Хўжаев ўзбек киносининг овозсиз даврида “Иккинчи хотин”, “Равот қашқирлари”, “Чодра”, “Сўнгги бек”, “Авлиё қизи” каби фильмларда ҳам маслаҳатчи, ҳам режиссёр ёрдамчиси ва актёр бўлиб ишлаган. У вақтларда ўзбеклар ҳаётидан олиб ўйналган фильмлар яратилишида хорижий киноижодкорларни маҳаллий аҳолининг турмуш тарзи билан яқиндан таништирувчилар маслаҳатчи саналарди. Шу тариқа Сулаймон Хўжаев дўстлари Наби Ғаниев, Комил Ёрматов, Раҳим Пирмухамедов, Эргаш Хамроевлар сингари кинога амалиёт орқали кириб келди. Ҳозирда Ўзбекистон “Кино санъати музейи” ва “Кинофотофоно” Давлат архивида сақланаётган овозсиз кинофильмлардаги С.Хўжаев яратган роллар алоҳида эътирофга лойиқ роллардир. Унинг “Равот қашқирлари” (1927й.) даги Содиқ образидан Абдулла Қодирий ҳам мамнун бўлганини “Қизил Ўзбекистон” газетасига ёзган тақризида айтиб ўтган.

 

1927 йилга келиб С.Хўжаев Москва Давлат Олий кинематография курсининг режиссёрлик факультетига ўқишга юборилади. Ўша вақтда 38 ёшларда бўлган “ёш киночи” Россияга 17 ёшли ўғли Хамид билан бирга кетади. Тўрт йилдан сўнг ўғил операторлик, ота эса  буюк режиссёр Сергей Эйзеншейннинг режиссёрлик курсини битириб, Тошкентга қайтадилар.

 

1931 йилда яратилган “Авлиё қизи” фильмида С.Хўжаев режиссёр ассистенти бўлиши билан бирга, Абду-Наби эшон образини ҳам яратган. Қисман тарихий ҳақиқатга асосланган фильм сюжетининг етакчи образи Абду-Наби эшон эди. Кўкалдош мадрасасида таҳсил олган Сулаймон Хўжаев эшон ролида асли кибрга бурканган, лекин халқ кўзида марҳаматга  йўғрилган “авлиё”  образини маромига етказиб ижро этган эди. Мазкур фильм ҳақидаги таҳлилни мана бу ерда ўқишингиз мумкин.

 

 

Москвадан қайтган С.Хўжаев яқин ўтмишнинг энг қонли даври бўлган 1916 йил халқ қўзғолони ҳақида фильм суратга олишга жазм этади. Унга ўзбек киносининг келажаги порлоқ, умидли режиссёрларидан бири сифатида бу фильмни суратга олишга рухсат берилади. Ҳатто, жуда катта маблағ ҳам ажратилади. Аммо, маълумотларга кўра, тайёр фильм 1933 йилнинг августида бир марта оз сонли томошабинларга кўрсатилади-ю, “зиндонбанд” этилади. Ўша биринчи кўрикда кимлар иштирок этгани, янги киноасар ҳақида қандай фикрлар билдирилгани, режиссёр олқишланганми, ё қоралангани ҳақида ҳеч ерда бирор маълумот учратганимиз йўқ. Лекин, ҳанузгача илк кадридан то охиригача, ҳатто, замондошимизни диққатини ўзига тортадиган мазкур фильм ўз даври томошабинларини ҳайратга солган бўлса, ажабмас. Бунинг сабабларини қуйида тушуна оласиз, деган умиддамиз.

 

“Тонг олдидан”

 

(“Перед рассветом” 1934. Сценарий муаллифи ва режиссёр С. Хўжаев. Бош ролларда: С.Хўжаев, Афандихон. )

 

“Тонг олдидан” фильмининг бошланғич кадрларида оддий деҳқон (Ботир) ўғли (Қодир) билан оғир меҳнат натижасида етиштирган пахта хирмонини аравага ортиб, пахта заводига олиб боришлари кўрсатилади. От аравага чиқаётган Қодирнинг этиги қўнжидаги пичоқни кўрган Ботир ўғлига танбеҳ бериб, совуқ қурол билан юриш нотўғрилигини таъкидлайди ва пичоқни олиб қўяди. Фильмда пичоқ ҳақида турли вақт ва маконда, ҳар хил ракурслардан турлича ахборот берилади. Ва, ҳар бир ахборот ўзига хос кинематографик юки билан ҳикоя этилаётган ҳодисани чуқур англашга ёрдам беради.  Айтайлик, фильм бошида отага итоаткорона бўйсунган ўғил, фильм сўнгида хўрлик, ситам ва ноҳақлиқка қарши курашга отланган ўзи йўқсилу, аммо жанг қилишга Қодир бўлиб қўлига пичоқ олади.... 

 

Деҳқоннинг пахтаси арзимас баҳога сотилади, бу ноҳақликка, уни алдаётганларга нисбатан норозилик билдирган Ботир эса туҳмат билан қамалади. Мазкур, оддий жанжалдан бошланган сюжетда ўз даврининг катта ижтимоий муаммоси босқичма-босқич ёритиб борилади.

 

Архив материалларига назар ташласак, 1916 йил 25 июнда подшо Николай II нинг “Империядаги бегона халқларнинг эркак аҳолисини ҳаракатдаги армия районидаги ҳарбий иншоотлар ва шунингдек, давлат мудофааси учун зарур бўлган ҳар қандай ишларга жалб этиш”га қаратилган фармони эълон қилинади. Унга кўра, Туркистондан мардикорликка жами 250 минг киши олиниши белгиланган эди. Сценарийнавис С. Хўжаев фильмда ана шу фармон туфайли содир бўлган халқ норозилик ҳаракатининг ўзинигина акс эттиришни мақсад этмаган. Балки, Туркистон халқининг мустамлака сиёсати остида ўлка ҳукмрон синфлари томонидан эзилиши, меҳнатига яраша ҳақ олмаслиги, халқнинг саводсизлиги ва ўз ҳуқуқини талаб этиш даражасида эмаслиги ўз бошига кулфат олиб келишини кино тилида бадиий ифодалаган эди.

 

Манбаларга кўра 1903 йилда водийда пахтазорлар 149 минг ушрни ташкил этган бўлса (1 десятина 1,9 гектарга тўғри келади), 1911 йилга келиб бу кўрсаткич 265,1 мингга ошган. Бунинг натижасида ғаллазорларнинг умумий экин майдони кескин қисқариб, ўлкада дон маҳсулотлари танқислиги ва очарчилик вужудга келган. Туркистондан мардикорликка олиш тўғрисидаги фармон эса халқнинг “сабр косаси тошишига” сабаб бўлган.

 

 

Режиссёр С. Хўжаев мустамлакачиларнинг сиёсати туфайли халқнинг ўз мулкига ўзи эгалик қила олмаслик даражасида қолганлигини аниқ деталлар билан намойиш этишга ҳаракат қилади. Хусусан, Чор Россияси даврида Тошкентдаги кўркам боғларни ўз мулкига айлантирган ҳукумат маҳаллий халқни бу ерларга киришини таъқиқлаб қўйган эди. Фильмда ҳам чиройли боғга кириб (ҳозирги Тошкентдаги Амир Темур ҳайкали ўрнатилган жой), ўриндиқларнинг бирига ўтирган ялангоёқ Қодир (фильмда қамалган деҳқоннинг ўғли) ўзига нисбатан турли ёвқарашларни сезмайди. Аслида, боғ эшигига осиб қўйилган “Сартлар, солдатлар ва итларга кириш ман этилади” ёзуви унинг ўрни бу ерда эмаслигини англатар эди...

 

ХХ аср бошидаги Туркистондаги ижтимоий ҳаётнинг аниқ тасвирини  ёритиб келган адиблардан Чўлпон ўзининг “Чопон ва паранжи” бадиасида айни манзарани маҳзун кайфият билан шундай ифодалаган эди: “Бир вақтлар бўлди ким, шаҳарнинг дилрабо боқчаси ола-була чопонни кўришдан маҳрум қолди... Чопонни, чопонликларни курсиларга ўлтурғизмай, боғларга кирғузмай қўйдилар... Чопонни шаҳарнинг дилрабо боғларидан ҳайдадилар, қувдилар... Чопонни маҳкамаларга, “олий остона”ларга кирғизмадилар, қўймадилар...”

 

Фильмда ҳам Қодир боғдан шавқатсизларча қувилади. Юпун кийинган, ялангоёқ, “сарт” боласини мустамлакачиларнинг оддий вакиллари-ю, гўдак болалари ҳам таҳқирлайди, истеҳзо қилади. Ҳатто, бошқа миллат вакиллари тугул, шу боғда овропалик “мадам” билан шакаргуфторлик қилиб ўтирган, “янги” ўзбек ҳам ўз миллатдошининг ноҳақ хўрланишига кўз юмади.

 

 

Қодир пахта заводига қайтиб келганида, отасининг қамалганини билади. Биз энди Қодирни қадам ба қадам кузатар эканмиз, Туркистон ўлкасида мирзага ариза ёздириш, бой эшигига бориб ёрдам сўраш, оч-наҳор кўчада қолиш, бор-будидан айрилиш нелигини кўрамиз. Режиссёр параллел монтаж усулида бойнинг дастурхони билан қамоқдаги йўқсилнинг бир бурда нонини қиёслайди. Ёки, илма-тешик бўлган этикда лой кечиб, мирзага ариза ёздиришга келган Қодирнинг ранги рўйи билан, ариза учун катта пул сўраётган мустамлака синф вакили ва у билан кўз уриштираётган ерлик миллат вакили мирзанинг масҳаромуз кулгусини солиштиради. Ўз аҳволидан уялаётган Қодир отасини топиш ва қамоқдан чиқариш учун мирзага ариза ёздиргани уларнинг қаршисида тураркан, қўлидаги охирги чақасини мирзага беради.

 

Кейинги эпизодлардан бирида отасининг ноҳақ қамалиши сабабини тополмай, амалдорлар ва мирзаларга бор пулларини бериб, кўчада қолган Қодирни кўриб қолган бой одам уни ювинтириб, кийинтириб ўз ўғли ўрнига мардикорлар рўйхатига киритмоқчи бўлиши кўрсатилган.

 

Халқ норозилик ҳаракатининг содир бўлиши, чор Россияси аскарларининг маҳаллий аҳолини аёвсиз қириб ташлаши, хонадонларнинг портлатиб юборилиши оқибатида уйда гўдагини эмизиб ўтирган аёлнинг мурдаси, унинг ёнида эса онасини қидираётган чақалоқ  акс этган кадрлар “Тонг олдидан” фильми ҳаёт ҳақиқатига асосланганини исботлайди. Оддий рўзғор буюмлари билан қуролланган халққа қарата тўплардан отилган ўқ ва портлатувчи моддалар аҳолини эсанкиратиб қўйиши, гавжум оломон бир зумда тарқалиб кетиши, аёлларнинг дод-войлари шундай кинематографик аниқлик билан тасвирланганки, фильм чуқур маъжозий – бадиий умумлашмаларга йўғрилганлиги билан бугунги энг кассабоп, мейнстрим жанридаги жаҳон кинолари бир қаторда турса турадики, пастга тушмайди.

 

 

Қўзғолон аёвсизларча бостирилгач, ерлик бойлар “оқ подшо” томонидан келган вакилларни совға-салом билан сийлайди. Ерга теккудек таъзимда бўлган маҳаллий амалдорлар совғаларининг охири кўринмайди, улар вакилнинг оқ қўлқопга бурканган “муборак” қўлларини ўпишдан умидворлар. У эса, ижирғаниб қўлини тортиб олишга уринади. Мингга яқин халқ эса жаноби олийлари буйруқ бермагунларича, ердан бош кўтармай, таъзимда туради. Узоқда эса қўзғолоннинг сабабчилари дорга осилган. Шамолда чайқалиб турган мурдаларни гоҳ мустамлакчилар вакиласининг кўзойгани орқали томоша қилсак, гоҳ бошқа аёлнинг бу томошага қўшилолмай, юзини четга бурганини кўрамиз. Бостирилган қўзғолон ортидан кимга тўй, кимга аза бўлиб турган бир неча ҳолат: образ, характерлар, тарих ва халқ зиддияти – буларнинг бари бир фильмнинг биргина эпизодида акс этган, холос. Аҳамиятли жиҳати шундаки, ўзбек режиссёри ўзбекнинг қонли кунлари ҳақида фильм суратга олишда бир неча юзлаб ерлик аҳоли вакилларини, бир неча ўнлаб хорижлик ижодкорларни съёмка жараёнларига жалб эта олган. Ва, буларнинг ҳар бири, ролини катта кичиклиги, оммавий саҳналардаги иштирокидан қатъи назар, ўз образини моҳирона ижро этган.

 

 

Овозсиз фильмнинг хотимасидаги титрда қуйидаги сўзларни ўқиймиз: “Так успакаивала царская власть стихийно вспыхнушие восстания в 1916 году в Средней Азии” – “Чор ҳокимияти 1916 йил Ўрта Осиёда оммавий тарзда авж олган қўзғолонни ана шу тарзда бостирган эди”.

 

“Тонг олдидан” фильмида оддий ўзбек йигити руҳиятида содир бўлаётган кескин ўзгаришлар ижтимоий-сиёсий воқеаларнинг изчил ривожи билан бевосита боғлиқ бўлиб, асар сўнгида ёвузлик ва адолатсизликка қарши қурол кўтариш даражасига келган йўқсилнинг ҳолатини бугунги кун нуқтаи-назаридан ўрганганимизда, фильм режиссёрида шовинистик руҳият, сиёсий тарафкашлик кайфияти йўқлиги аён бўлади. Лекин, шунга қарамай, С.Хўжаев ҳам, унинг буюк асари ҳам йўқ қилинди. Балки, у ўз фильмида кўрсатиб ўтганидек, уни сотган ён-атрофидаги яқин “дўстлари” бўлгандир, балки кучли истеъдоди билан кимларнидир чўчитиб юборгандир. Буёғи, энди бизга қоронғу...

 

Ҳамид Сулаймон: “Отам ҳақида”

 

С. Хўжаевинг ўғли Ҳамид Сулаймон (машҳур шарқшунос олим)нинг маълумотларига қараганда 1930 йил бошидан С. Хўжаев 1916 йил воқеалари билан танишиб, тарихий манбаларни ўрганади. Фильмнинг сценарийси тайёр бўлгач, 1933 йилда ўзбек ва рус тилларида чоп этилган.

 

 

Сулаймон Хўжаев қатағон этилгач, узоқ муддат унинг номи тилга олинмади. Фақатгина 1956 йилдан кейин, ноҳақ қамалганлар оқлана бошлаган даврда унинг ўғли таниқли шарқшунос олим Ҳамид Сулаймон илк марта “Отам ҳақида” (“Кино”, 1966й. №11), деб қисқа хотираларини эълон қилди. Бу хотираларда Ҳамид Сулаймон шундай ёзади: “Тонг олдидан” сценарийси ва киноси устида отам уч йилдан ортиқ ишлаган. Иш даврида мен отам ҳузурида кўп бўлар эдим. Унинг иш столи устида турли-туман китоблар, ҳужжатлар, эски замондан сақланган ҳар хил фотографиялар ётар эди. Фотолардан бирида соч соқоллари ўсган, эски тўндаги одамлар қатор бўлиб ерда тупроққа қорилиб ўлтирар эдилар. Ҳаммасининг қўлига кишан солинган, кишанлар эса яна бир-бирига улашиб, ҳамма одамлар чамбарчас қилиб ташланган эди. Мен отамдан буларнинг кимлигини сўраганимда отам: “Ўғлим, бу одамлар 1916 йилги қўзғолонда иштирок этган, ҳуррият учун бош берган одамлар...” деди”. Дарҳақиқат, фильмда айнан мана шундай ифодаланган кадрларни кўрасиз. Ҳам қўли, ҳам оёқларига кишан солинган бир гуруҳ маҳбуслар ўзаро бир-бирига занжирбанд этилган ҳолатда қатл этишга олиб чиқилади ва осилади. Халқ қаршисида ўлдирилган қўзғолончиларнинг ўлимини мустамлакачилар вакиллари ҳам томоша қилгани ва ҳар бир образнинг воқеага билдирган реакцияси гоҳ йирик, гоҳ ўрта планда, турли ракурсларда суратга олингани ва монтаж қилингани ниҳояда буюк истеъдод эгаси С.Хўжаевнинг қатағон этилиши кимларгадир керак бўлганмикин, деган фикрни уйғотади...

 

“Отам ҳақида” мақоласини ўқиб, Сулаймон Хўжаевнинг қарашлари, интилишлари, позицияси ўз даври учун мутлақо ёт эканлигини, ўз замонасига сиғмаслигини билса бўлади. “Адам “Ўтган кунлар”ни экранлаштириш ниятида эди. Бу эзгу ниятига етолмади у”, деб хотирлайди фарзанд. “Хато қилмасам, марҳум отам 1916 йил қўзғолони ҳақида биринчи бўлиб бадиий асар яратган ва кинога олган эди”, деб ёзилади хотирада. Яна хотирада келтирилишича, Хамид Сулаймон отасини қидириб, жуда кўп марта “керакли” идораларга хат билан мурожаат қилади. Ниҳоят, “отангиз қамоқхонада 1943 йили тиф касалидан вафот этди, деган мазмунда жавоб хати олади”. Лекин, ёлғонга қурилган ҳокимиятнинг расмий хатлари ҳам “ишонарли” ёлғонлардан иборат эди.

 

“Хақ йўли, албатта, бир ўтилгуси”

 

Жаҳон кинематография санъатида ўз номи ва мактабига эга режиссёр С. Эйзейнштейннинг “Потёмкин” ҳарбий кемаси” (“Броненосец “Потёмкин” 1925 г.) фильми инқилобий мавзу бўлса-да, ҳозирга довур бу асар кино санъатининг мумтоз дурдоналаридан ҳисобланади. Айнан “Тонг олдидан” фильмини ҳам “Броненосец “Потёмкин” фильми билан бир қаторга қўйиш мумкин. Чунки, “Тонг олдидан” фильми ҳам Октябрь тўнтарилиши остонасида содир бўлган халқ қўзғолони ҳақида, ухлаб ётган ижтимоий тафаккурда содир бўлган пўртаналар тўғрисида ҳақ сўзни айтган фильмдир. Шоир Чўлпон “Ҳақ йўли, албатта, бир ўтулгуси”, деб ёзган ўша даврнинг ҳақгўй ижодкорлари ўз жонини Ҳақ йўлида қурбон қилдилар. С. Хўжаев ҳам шундайлар қаторида кетди. У 1934 йилда ҳибс этилди, 1937 йил, 30 августда отиб юборилди. Бу маълумотлар мустақиллик йилларига қадар мавҳум эди.

 Филология фанлари доктори, профессор Ҳ. Акбаров мустақиллик даврида  архив ҳужжатлари билан танишиб, С. Хўжаевга  тиркалган асоссиз айблар ҳақида илк марта матбуот саҳифаларида эълон қилди. Айнан, Ҳ.Акбаровнинг саъй-ҳаракатлари билан “Тонг олдидан” фильми Россиянинг “Белые столбы” номли шаҳарчасида жойлашган фильмофондда борлиги аниқланган ва бир нусха кўчириб келтирилган. (Эслатиб ўтамиз, советлар даврида ўзбек кинофильмларини суратга олиш ҳам, намойиш қилиш ҳам Москванинг рухсати билан бўларди. Демак, бу фильм ҳам Москвага тасдиқ учун юборилган ва қайтиб келмаган.)

 

“Тонг олдидан” фильми бир муддат Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети, Тошкент Давлат санъат институти ва Жаҳон тиллари университетининг Халқаро журналистика факультети ўқитувчи ва талабаларига ёпиқ аудиторияда намойиш этиб келинди. Шундай ёпиқ кўрикларда бир неча бор фильмни томоша қилсак-да, ҳар гал мазкур овозсиз ўзбек фильми кадрлари руҳиятимизга ўзгача таъсир қилар, ҳар сафар миллатимизнинг унча узоқ бўлмаган ўтмиш саҳифалари қалбимизда ўкинч, алам, афсус, надомат каби аралаш туйғуларни уйғотарди. “Тонг олдидан”ни илк марта томоша қилаётган томошабинлар эса экрандаги мўъжизавий кадрларга ҳам ҳайрат, ҳам  ишончсизлик билан қарар, овозсиз кадрларни тушунтираётган бизларга қараб “наҳотки, шулар рост бўлса”, деб қайта-қайта сўрардилар. Ҳа, фильм воқеалари тўқима эмас, ҳақиқатдан иборат. Ҳақиқатнинг оловини эса, кўпинча зудлик билан ўчиришга мойиллик кучли бўлади...

 

Шоҳида ЭШОНБОБОЕВА.

Oyina.uz

 

“Oyina.uz”нинг Телеграм'даги расмий каналига аъзо бўлинг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17368
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//