Мавжуд илмий назарияларга кўра, ўз филогенетик тараққиётининг ибтидосида инсон табиат кучлари олдида ожиз эди. Бу даврда унинг яшаб қолиши учун ўз-ўзини сақлаш инстинкти бениҳоят муҳим бўлган, бироқ инсон тафаккури ўсиб бориши билан улар дастлабки ҳаётий аҳамиятини йўқотди. Чунки инсон бора-бора егулик топишнинг янги, қулай усулларини ўзлаштира бошлади, эндиликда овқат очликни қондиришгагина эмас, инсонга хос очкўзликни қондиришга-да хизмат қиладиган бўлди. Инсон ўзига қулай, мустаҳкам бошпаналар қуриб олди ва тобора хавфсизроқ, бехавотирроқ яшай бошлади. Ана шундай қулайлик ва фаровонлик туфайли у кўпроқ эркинликка эга бўлди. Энди унинг ақлу заковати бошқа мақсадларга йўналди. Инсон табиатни бутунлай бўйсундириш, оилавий ва жамоавий муносабатларни сақлаб туришнинг асосий шарти бўлган қадриятлар, жумладан, ахлоқий қадриятларни ўзига мослаб шакллантиришга интила бошлади. Бу интилишнинг бир қисми бугунги фаровон ҳаётнинг манбаи бўлса, бошқаси кулфатлар илдизига айланиб қолди. Инсон нафақат табиат, шунингдек, ўз-ўзи билан низолашишга одатланди.
Льюис Томас эътироф қилганидек, “Инсоннинг бир-бирига муносабатидан кўра ғалатироқ, олдиндан айтиб ва тахмин қилиб бўлмайдиган ҳодиса йўқ. Бутун табиатда инсонга унинг ўзидан бошқа хавф соладиган мавжудот ҳам йўқ”.
Бир сўз билан айтганда, инсон том маънода озодликка эришди ва, айни дамда, эркинлигидан маҳрум бўлди. Энди у ўзи яратган мукаммалу мураккаб ахборот технологиялари, илмий техника мўъжизалари, қулайлик ва ноз-неъматлар, ирода ва ахлоқий эркинликнинг қулига айланди, ўзи курашиб қўлга киритган озодликка тобе бўлиб қолди. Лекин, Альбер Камю айтганидек, исёнкорлик инсон табиатида бор, бу – Одам Ато билан Момо Ҳавводан қолган мерос. Инсон Ғарбнинг маънавий таназзули аввалида ўзи эга бўлиб олган озодликка қарши исён кўтара бошлади. Чунки, бир томондан, фаровонлик ва қулайлик, иккинчи томондан, технологияларга тобелик руҳиятга босим ўтказа борди, яъни оғирлик филогенетик тараққиётнинг муқаддимасида бўлганидек физиологик соҳага эмас, балки руҳиятга кўчди. Айрим тадқиқотчилар бундай оқибат сабабини меъёрдан ортиқ “озодлик”да деб билса (Эрих Фромм), бошқа бирлари жамиятнинг маданият тимсолида психикага ўтказадиган тазйиқини кўрсатади (Зигмунд Фрейд).
Аксар тадқиқотчилар “маданият” атамаси “жамият” тушунчасига тенг кучли, деб ҳисоблайди. Инсоният маданияти табиат кучлари устидан ҳукмронлик қилиш, фаровон яшаш ёки ўз эҳтиёжларини қондириш учун одамлар томонидан ўзлаштирилган барча билим ва малакаларни қамрайди. Айни пайтда, у одамлар ўртасидаги муносабатларни тартибга соладиган ва ноз-неъматларни тақсимлайдиган ижтимоий институтларни ҳам ўз ичига олади. Лекин шуни назарда тутиш керакки, айрим одамларда деструктив, социопатик, аксилмаданий хулққа мойиллик мавжуд.
Инсон мудом икки ўт орасида яшайди. Бир томондан, маданият инсонни исканжага олади, лаззатланишдан маҳрум этади (шунинг учун у маданиятдан қутулиш пайида бўлади), иккинчи томондан, маданият одамни ҳимоя қилади, табиатнинг барча ноз-неъматларини ўзлаштириш, улардан фойдаланиш ва одамлар ўртасида тақсимлаш имконини беради. Бинобарин, агар одам маданиятдан ўз лаззатлари ҳисобига воз кечса, ҳимоядан, кўплаб ноз-неъматлардан айрилиши ва ҳалок бўлиши мумкин. Агар у маданият фойдасига ўз майлларидан воз кечса, бу унинг психикасига оғир юк бўлиб тушади. Инсон қай бирига мойил? Истайдими-йўқми, у иккинчи томонга мойил бўлади. “Шу туфайли ҳар қандай маданият мажбурийлик ва майллардан воз кечиш асосига қурилиши керак. Уни тушунишда шу нарса маълум бўладики, оғирлик маркази моддий неъматлардан руҳият томонга сурилган. Ўта муҳим жиҳат шундаки, одамларнинг ўз майлларидан воз кечиши ҳисобига берадиган қурбонлар залворини енгиллатиш, уларни бу каби йўқотишларга кўниктириш ва берган қурбонлари учун тақдирлаш имкони мавжуд” (Фрейд З. Введение в психоанализ: лекции. Санкт Петербург, “Азбука-классика”, 2007). Қандай қилиб салбий кайфиятдаги оломонни маданият талабларига бўйсундириш мумкин? Шу ерда шахснинг маданий роли масаласи ўртага чиқади.
Маданий фаолиятда мажбурийликни четлаб ўтиш мумкин бўлмаганидек, озчиликнинг (элита) омма устидан ҳукмронлиги масаласини ҳам четлаб ўтиш мумкин эмас, чунки қайсар омма узоқни кўра олмайди, ўз майлларидан воз кечишни ёқтирмайди, бу борадаги тушунтиришларга қулоқ солмайди, омманинг айрим вакиллари эса бир-бирини анархия ва қонун бузишга ундайди. Омма идеал деб тан олган шахс, раҳнамо, йўлбошчилар таъсиригина уларни нафс қутқусидан воз кечишга ундаши мумкин, бу эса маданий тараққиётга сабаб бўлади.
Баъзи ривожланган жамиятларда бозор муносабатлари шароитида яшаётган, тақдир ҳукмига ташлаб қўйилган одамларда абсурд ҳисси, экзистенциал бўшлиқ кузатилмоқда. Бундай шароитда одамлар нима хоҳлаётгани ва нима қилиши лозимлигини англашга ожиз қолмоқда. Натижада улар бошқалар истаган нарсани истаяпти (конформизм) ёки бошқалар улардан нима талаб этса, шуни қилишга мажбур (тоталитаризм).
Келтирилган фикрлардан шундай хулоса чиқади: биринчидан, майл ва истак кўринишидаги инстинктлар барча инсонларда – ирқи, жинси ва миллатидан қатъи назар – бир хил. Фақат маданий жамият таъсирида шахс турлича шаклланади. Иккинчидан, тўла эркинлик, фаровонлик ва қулайлик одамга буткул ҳузур бағишлай олмайди. Инсон аста-секин ўзи яратган мукаммал технологиялар, фаровонлик ва қулайлик, лаззатнинг қулига айланаётгани, унга тобе бўлиб қолаётганини англаб етади. Энди улар турли-туман хатарли спорт ўйинлари – парашютдан сакраш, тик тоғ чўққисидан чанғида тушиш, ёввойи табиат бағрига саёҳат қилиш, кўнгил очиш учун ичкилик, наркотикка кўнгил қўя бошлайди. Лекин буларнинг биронтасидан истаганидек лаззат топа олмагач, осонгина турли экстремистик, террористик ғоялар қармоғига илинади, чунки фаровон, эркин жамиятнинг ўзи турли-туман кинофильмлар, интернет материаллари орқали зўр бериб тарғиб қилиб келган тўла озодлик ва эркин ахлоқ ғояси билан ижтимоий онгни ана шундай ёвуз ғояларни қабул қилишга тайёрлаб қўймоқда. Оқибатда руҳиятига тушаётган оғирлик, босим остида одамда ўзи яратган эркинлик, қулайлик, озодликдан “қочиш” (Эрих Фромм) ёки унга қарши “исён кўтариш” (Альбер Камю) истаги пайдо бўлади. Хўш, қибласини йўқотган авлодни қутқариб қолиш йўли борми? Бизнингча, кучли давлат қурилмаси, мустаҳкам қадриятлар тизими, қонун устуворлиги билангина уни объектив борлиқ ва ўзи билан келишишга ундаш мумкин.
Ҳозирги даврда одамзод ирода эркинлиги, шахс эркинлиги, хатти-ҳаракатлар эркинлиги, эркин ахлоқ, қарор қабул қилиш эркинлиги каби эркинликлар билан ўзини шунчалик “озод” қилиб олдики, аста-секин масъулият ҳисси, давлат ва жамият олдидаги, эр-хотинлик, гендер (аёллик ва эркаклик) мажбуриятлари, жинсий роллар ҳақидаги анъанавий тасаввурлар бузилди. Ривожланган жамият инсон онгига кўнгли тусаганини қилиш, хоҳлаган нарсасини ёзиш (атроф-борлиқни бузиб акс эттирадиган сийқа сюжетли бадиий асарлар, сариқ матбуот), нимани хоҳласа шуни тасвирга олиш (беҳаёлик, зўравонлик, шафқатсизлик саҳналари акс эттирилган фильмлар), нимани хоҳласа шуни тарқатиш (суицид, геноцид, бошқа миллат, дин вакилларига нисбатан адоват ва нафратни тарғиб қилувчи сайтлар) мумкин, деган тасаввурларни сингдирди. Оқибатда инсоннинг объектив борлиқ ва ўзи билан муносабатларида зиддиятлар пайдо бўлди.
Инсон давлат ва жамият, қонун устуворлигини тан олибгина объектив борлиқ ва ўзи билан келишиши мумкин. Объектив борлиқ ва ўзи билан келишолмаган одамда турли хил психик беқарорликлар пайдо бўлиш эҳтимоли ортади, фақатгина объектив борлиқ ва ўзи билан келишиб яшайдиган инсонгина ижтимоий борлиқни адекват идрок қилади, том маънодаги эркинлик ва озодликка эга бўла олади.
Санаб ўтилган муаммолар ечими устида дунёнинг кўплаб ақл эгалари бош қотирмоқда. Инсоният тарихида бундан ҳам мушкул вазиятлар бўлган. Инсоният ақл-заковати ва тафаккури билан доимо вазиятдан чиқиш йўлини, ҳаёт мазмунини топган. Ўзбекистон вужудга келган муаммоларнинг энг мақбул ечимини жамият аъзоларининг маънавий етуклиги, ижтимоий муҳит барқарорлиги, тинчлик ва осойишталик, барқарор иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари билан дунёга намоён қиляпти. Демак, Ғарб жамиятшунослари, сиёсатчилари, дин арбоблари эътироф этаётган маданий ҳалокат ва маънавий таназзулдан юксак маънавият ғояси, қонун устуворлиги, кучли ижтимоий ҳимоя сиёсати, жамиятни босқичма-босқич янгилаб бориш, инқилобий ҳаракатлардан сақланиш, жамият аъзоларини руҳий зўриқишлардан ҳимоя қилишгина қутқариши мумкин.
Маъмуржон Отажонов,
психология фанлари номзоди,
доцент
“Тафаккур” журнали, 2017 йил 1-сон
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ