Геростратлар тирик! Вайрон қилинган маданий мерослар тақдири


Сақлаш
22:04 / 26.07.2023 848 0

Юксак шуҳрат ва машҳурлик истаги ортидан милоддан аввалги 356 йилда дунёнинг етти мўжизасидан бири – Артемида ибодатхонаси вайрон этилган. Тарихда қолиш ўтида ёнган Герострат қўлга олинганида ҳам мақсадини очиқчасига ошкор қилди. Гарчи айримлар бу ишда Геростратнинг қўли йўқлиги айтса-да, унинг номи аллақачон маданият ва санъатда салбий “қаҳрамон” сифатида мустаҳкам ўрнашиб қолган. Тарихда кейинчалик ҳам шунга ўхшаш воқеалар содир бўлган ва ҳамон бўлмоқда. Ягона шахс ёки гуруҳ томонидан маълум бир асар, ёдгорликнинг йўқ қилиниши одатда диний ёхуд бошқа эътиқодлардан келиб чиқиб ёки уруш даврида юз беради. Oyina.uz колумнисти жоҳиллик, диний адоват ва бошқа сабаблар билан йўқ қилинган санъат асарлари, маданий мерослар ҳақида мақола тайёрлади.

 

Аҳмоқона, шунингдек, қотиб қолган диний қарашлар ортидан содир этилган санъатдаги вайронагарчиликларнинг энг йирик ва дастлабкиларидан бири бу Византия Иконоклазмаларидир яъни муқаддас ва диний мазмундаги тасвирий асарларга қарши кураш. Византия Иконоклазмаси икки марта турли муддатларда (726-787 ва 814-842 йилларда) юз берган. Бу ҳаракатни Император Лео III бошлаб берган, натижада кўплаб иконалар, фрескалар, мозаикалар ва бошқа асарлар йўқ қилинди, деворлардаги Исо ва Биби Марямнинг тасвирлари ўрнига оддий хоч солинди. Муқаддас кишилар, азиз-авлиёларнинг моддий тасвирланиши ҳамда худди шу тасвирлардан нажот кутиш, уларга ҳақиқий руҳдай муносабатда бўлишнинг гуноҳлиги ҳақидаги қарашлар бунга сабаб бўлди. Албатта, Лео III давригача ҳам бундай қарашлар бўлган, шунга қарамай Византияда айниқса пойтахт Константинополда жуда кўп муқаддас тасвирлар бўлган. VII асрда империянинг бир қатор муваффақияцизликлари, тобора заифлашиб бориши худди антик даврлардаги одамларга хос тарзда худонинг ғазаби ва муқаддас кишиларни тасвирлаганликлари учун гуноҳкорларга жазо сифатида талқин қилинди ҳамда бу қарашлар туртки вазифасини бажарди. 726 йилда Эгей денгизида сувости вулқонининг отилиши натижасида тошқинлар юз бериши, кўплаб қурбонлар берилиши, императорнинг санъатга қарши курашига сабаб бўлди деган тахминлар ҳам бор. Бошқа тахминларда Лео IIIнинг Суриялик эканлигига урғу берилади, бу давлат исломий қарашларнинг (инсонлар ва жонзотларни тасвирлашга салбий муносабат) кучли таъсирда эканлиги ҳам сабаб бўлиши мумкин. Тобора кучайиб бораётган Араб Халифалигининг муваффақияти, у туғдираётган ҳарбий хавфнинг турткиси ҳам эҳтимолдан холи эмас. Айрим манбаларга кўра, иконоклазма вақтида марказий ва ғарбий ҳудудларда бунга норозилик вужудга келгани ҳолда, Араб Халифалиги билан чегара ҳудудлар аҳолиси бу ташаббусни қўллаб-қувватлашган. Иккинчи иконоклазм ҳам кўп эҳтимол худди шу сабабларга кўра бошлангани тахмин қилинади, иккинчи тўлқин бошловчиси Лео V иконографияни бутпарастликнинг бир кўриниши деб ҳисоблаши ҳақида фикрлар айтилган. Иконоклазм янги маданий даврни бошланишига олиб келди, бироқ, IV асрлик ёдгорликлар ва тасвирларни йўқ қилди.

 

Қуйидаги суратда Никея ибодатхонасининг пештоқида Биби Марям тасвирланган мозаиканинг ўзгариш босқичлари тушунтирилган. Сариқ рангда мозаика яратилган вақти, Биби Марям тасвири ҳамда қизил ҳудудлар Иконаклазм даврида мозаиканинг хоч шаклига ўзгартирилганини тушунтиради, бинафшарангли ҳудуд эса Иконаклазм даври бутунлай барҳам топгач қайта тикланган мозаикадир.

 

Буюк Иконоклазма

 

XVI аср ўрталаридан бошланган, протестантлар томонидан католик черковига қарши ҳаракатлар давомида амалга оширилган диний тасвирлар, черковлар ва бошқа санъат, маданият бойликларининг йўқ қилиниши инглизлар томонидан “Буюк Иконоклазма” ёки “Иконокластик ғазаб” деб аталган. Бу даврда католик черковининг ҳакалак отган нафси, ортиқча маросимлар, индулгенсия (гуноҳ учун афв ёрлиғи) савдоси натижасида вужудга келган норозиликлар чўққига чиққанди. Тобора ғазабга тўлиб бораётган Калвинистлар ўз раҳнамолари Жан Калвин ҳамда Улрих Свинглига эргашиб нафақат черковнинг очкўзлиги балки, ибодатхоналар, моддий-диний бойликлар, суратлар, қимматбаҳо ҳайкаллар, иконаларга ҳам ҳужум қила бошлайди. Византия Иконоклазмасида бўлгани каби бунда ҳам ҳар қандай илоҳий тасвирлар бутпарастлик сифатида қабул қилинади. Йўқотишларнинг ҳажми ҳақида аниқ айтиш имконсиз, бироқ анча йирик талафот кўрилгани ҳақида тахминлар мавжуд.

 

Калвинистлар Лион шаҳридаги черковларни талон-тарож қилишмоқда

 

Ушбу норозилик ҳаракатларидан сўнг ҳукуматлар инсон тасвирланган муқаддас суратларни черковлардан олиб ташлаш ва сотишга қарор қилади. Мақсад вайронагарчилик ҳамда тартибсизликлардан иложи борича қочиш эди. Бироқ ҳаракатлар бошида “улуғ хизматни адо этяпман” деган фикрни кўтариб юрган гуруҳлар черковда ислоҳотлар амалга оширилгандан кейин ҳам ҳанузгача санъат асарларини масхаралаш, ёндириш, синдириш каби ишларни тўхтатишмаган.

 

Европа бўйлаб санъат ва маданиятдаги вайронкорликлар Буюк француз инқилобидан (1789) сўнг кучаяди. Бироқ энди мотивлар диний эмас, ижтимоий-сиёсий эди. Омма ва ҳаттоки ҳукумат ҳам ғоявий-мафкуравий ўзгаришлар пайтида эски тартиблардан қолган ҳамма нарсага ҳужум уюштира бошлади. Қироллик, аристократия ва зодагон оилаларнинг сарой-у қасрлари таланди. Қимматбаҳо ҳайкалчалар эритиб юборилди, парчаланди ё пулланди, тасвирий санъат асарлари йиртилди ёки сотиб юборилди, миллионлаб маданий бойликлар тақдири шундай кечди. Уларнинг бир қисми шунчаки йўқ қилинган бўлса, бир қисми моддий манфаатлар учун сотиб юборилди, бунга давлат ҳам аралашди, мақсад инқилоб натижасида вужудга келган молиявий танқисликни қоплаш эди. Талон-тарожлардан қироллар мақбаралари ҳам омон қолмади. Айни шу кўр-кўрона қилмишлардан сўнг епископ Анри Грегуар муомалага “вандализм” атамасини киритди. Йиллар ўтиб давлат ўз хатосини тушунди, санъат асарлари, маданий буюмларга муносабат ўзгара бошлади. 1793 йилда машҳур Лувр музейининг ташкил этилиши ҳам ушбу воқеаларга алоқадор.

 

XIX асрда қудратли давлатларнинг империалистик юришлари авжига чиқди. Буюк Британия, Франсия, Германия ва Россия каби давлатларнинг босқинчилик юришларида Африка ва Осиё маданий жиҳатдан энг кўп йўқотишларга учради. Хитой ва Африка асосан Буюк Британия ва Франсия томонидан таланган бўлса, Марказий Осиёда Россия, Ҳиндистонда британлар томонидан аҳолини ўз тарихий тасаввурларидан маҳрум қилиш мақсадида ёдгорликлар йўқ қилинди, қўлёзмалар, қимматбаҳо буюмлар, нодир китобларни мустамлакачилар ўз уйига ташиб кетди. Бугунги кунда ҳам дунёнинг энг катта музейларида Марказий Осиё, Ҳиндистон ва Хитойга тегишли бўлган бойликлар кўплаб топилади. Хитойда британлар ҳамда французлар босқини натижасида Пекиндаги Син сулоласига тегишли ёзги сарой бутунлай вайрон қилинди.

 

Марказий Осиё ҳақида гапирадиган бўлсак Тожикистоннинг Панжикент ва Ўзбекистон ҳудудида жойлашган қадимий Варахша шаҳарларидаги V-VIII асрларга оид деворий суратлар ҳозирда Россиядаги Эрмитаж музейида сақланмоқда.

 

 Эрмитаждаги Марказий Осиё тарихига оид қадимий деворий суратлар

 

Авваллари ҳам босқинчилик йўли билан маданиятни йўқ қилиш ҳаракатлари амалга оширилган, асосан Испания ва Португалия томонидан олиб борилган. Марказий ва Жанубий Американи ўзлаштириш давомида бу қудратли давлатлар Астеклар ва Инклар билан жанг қилиш баробарида уларнинг саройлари, пирамидалари ва бошқа ибодатхоналарини ҳам йўқ қилишди. Уларга алоқадор ҳар қандай маданий бирликлар ҳужум остида қолганди, ушбу ҳаракатлар йирик маданий геноцидларнинг дастлабкиси эди.

 

Христиан миссионерлари Астекларнинг диний маросимлар учун мўлжалланган нарсаларини ёқиб юбормоқда. Диего Камарго (1585)

 

XXI аср илм-фан, маданият анча ривожланган давр сифатида кўзга ташланади. Ҳозирги дунёга қараб шундай таассурот уйғонадики, инсонларда ўрта асрларга хос жоҳиллик энди мавжуд эмасдай. Бироқ, афсуски, ундай эмас.

 

Афғонистонда 1996 йилда давлат ҳокимияти толиблар томонидан эгалланди. Аср бошида, аниқроқ айтадиган бўлсак 2001 йилнинг март ойида радикал мусулмонлар бошқарувидаги ҳукумат Бомиёндаги будда ҳайкалларини йўқ қилиш ишларини бошлади. Ушбу икки ҳайкал VI ва VII асрларга тегишлидир, бирининг баландлиги 38 метр, бошқасиники эса 55 метр. Дастлаб ҳайкаллар жойлашган ҳудуд ҳали толибонга бўйсунмайдиган Шимолий альянс назоратида эди, бироқ кейинчалик ҳолат ўзгарди. Дунё маданий ҳамжамияти ушбу қарорга қаттиқ норозилик билдиришига қарамай бузғунчиликлар давом эттирилди. Норозилик билдирган давлатлар ичида Саудия Арабистони, БАА, Покистон ҳамда бошқа мусулмон давлатлар ҳам бор эди. Ҳатто Покистон ички ишлар вазири Мўйиддин Ҳайдар бошчилигидаги делегация ушбу қарорни муҳокама қилиш ва бекор қилишга эришиш учун Афғонистонга жўнатилади. Мўйиддин Ҳайдар мусулмонлар асрлар давомида Афғонистон ҳудудида истиқомат қилишганини, аммо, бутунлай йўқ қилишга уринишлар бўлмаганини таъкидлайди. Шунингдек маданиятга бундай тарздаги ҳужум Исломга тўғри келмаслигини ҳам таъкидлайди. толибоннинг ўша пайтдаги етакчиси Мулла Умар “Эҳтимол у пайтларда керакли техника мавжуд бўлмаганлигидандир” деб жавоб беради.

 

Тарихга қаралса Бобур томонидан Буддаларни йўқ қилишга оид буйруқ берилгани ҳақида маълумотлар бор, кейинчалик Аврангзеб Оламгир уларни йўқ қилиш учун бир қанча ҳаракатларни амалга оширган. Аммо бу ишлар кўпроқ рамзий маънога эга кўринади. Чунки, Бомиён 770 йилда мусулмонлар томонидан эгаллаб олинган, шу муддатдан то ҳозиргача ҳудуд назорати мусулмонлар қўлида бўлган. Махсус техника бўлмаган деган фикрга эътибор қаратсак, Буддавийлар ўз эътиқодлари йўлида узоқ йиллар (дастлабки ҳайкал  545-595, кейингиси 591-644 йилларда қурилган) ва катта қийинчиликлар эвазига барпо этилган. Агар Исломда шунчалик қатъий кўрсатма бўлганда ҳар қанча муддат ва машаққат талаб этилмасин мавжуд ускуналар ёрдамида мусулмон кучлари томонидан йўқ қилинган бўларди. Бошқа томондан олиб қараганда толибон томонидан дастлаб бу ёдгорликни сақлаб қолишга қарор қилиниб, ҳудудга сайёҳлик ортидан моддий манфаатларни кўзлаганди. Бироқ, янги Афғонистонга сиёсий муносабат илиқ эмасди, янги ҳокимиятни саноқли давлатларгина тан олганди. Балки “бургага аччиқ қилган” толиблар дунёга шу тарзда жавоб беришни кўзлагандир. UNESCO ҳайкалларни сақлаб қолиш учун 36 та мактуб йўллаганлиги айтилган. Япония ва Ҳиндистон томони ҳатто толибонга ҳайкалларни кўчириб кетишни ва мўмай пул таклиф қилади, аммо ҳаракатлар натижа бермади. Бир неча ҳафта давом этган динамитли портлатишлар, ракеталар ҳужуми ёрдамида ҳайкаллар бутунлай парчалаб ташланди.

 

Будда ҳайкалларининг йўқ қилиш вақтида олинган сурат

 

Кейинчалик, 2012-2013 йилларда ИШИД томонидан қўллаб-қувватланадиган, исломий жангарилар гуруҳи ҳисобланган Шимолий Африкада ҳаракат қилувчи Ансор ад-дин террорчилари томонидан Томбуктудаги бир-қатор мадрасалар, сўфий намозгоҳлар вайрон қилинди, ўнлаб масжидларга шикаст етказилди. XII асрга оид қадимий ва жуда ноёб қўлёзмаларнинг айримлари ёқиб юборилди, масъул ходимларнинг ҳужумдан аввалроқ қилинган саъй-ҳаракатлари билан юз минглаб жилд қўлёзмалар ҳудуддан олиб чиқилди.

 

Навбатдаги йирик маданий геноцид ҳам ИШИДга бевосита алоқадор. Ироқ ва Суриядаги тартибсизликлар натижасида вужудга келган бу ташкилот ўз фаолияти давомида кўплаб маданий обектларга ҳужум уюштирди. Ишониш қийин бўлиши мумкин, лекин 2014 йилда гўёки “Исломий” давлат тарафдорлари Юнус пайғамбар қабри ва масжиди ҳисобланган обидани портлатиб юборгани айни ҳақиқат. Ушбу масжид Ироқнинг Мосул шаҳрида жойлашган бўлиб VIII асрда қурилган. Аммо ИШИД бундай террористик актларни тўхтатишни хаёлига ҳам келтирмаган. Кейинги йилда Ҳалаб ва Палмира шаҳарларида, Мосул, Ниневия, Нимруд, Хатра музейларида аёвсиз портлатишларни амалга оширди, мисли кўрилмаган талончиликлар содир этди. Палмирадаги жуда қадимги форс ҳамда юнон-рим маданиятига тегишли обидалар, хусусан, Элаҳбел минораси, Балшамин ибодатхонаси, Монументал Арка, Баал ибодатхоналари портлатилди.

 

Палмирадаги ёдгорликнинг портлатишдан кейинги ҳолати

 

ИШИД қадимги маданий бойликларни шунчаки йўқ қилмади, уларни қорабозорда сотиш орқали катта даромад кўрди ва ўз ҳаракатларини моддий таъминлади. Яъни, уларнинг назаридаги “энг катта гуноҳлар” орқасидан келган пуллардан “муқаддас жиҳод” ишларида фойдаланилди. Яширин йўллар билан сотилган бу ашёларнинг қаерда ва қандай ҳолатда эканлиги номаълум.

 

Синчиклаб қаралса ўзини қадимий маданият посбони деб жар соладиган айрим давлатлар ҳам маълум мақсадлари йўлида бундай ишлардан ўзини тиймаган ҳолатлар мавжуд. 2003 йилда Форс кўрфазидаги нотинчликка АҚШ бошчилигидаги коалиция аралашади. Британия музейининг қаттиқ қаршилигига қарамай иттифоқчилар қўшини қадимги Бобил шаҳрининг қолдиқларини ўз ичига олган айрим ҳудудларда ҳарбий истеҳкомлар қуришди. Ҳатто шундай тахминлар ҳам борки, ушбу ҳаракатлар давомида жуда кўплаб артефактлар сотиб юборилган.

 

Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон ҳам маданий тарих жиҳатдан анчагина бой. Шу сабаб тарихда бошқа давлатлар томонидан юртимизнинг маданий бойликларини талон-тарож қилиш ишлари кўп марта амалга оширилган. Араб ва мўғул босқинининг оқибатлари кўпчилигимизга маълум. Вайронкорлик ўз йўлига, ёдгорликларни талаб кетилиши ҳам алоҳида мавзу.

 

1740 йилда Эрон етакчиси Нодиршоҳ Амир Темур қабридаги Нефрит тошларни, Шоҳизинда дарвозасини, Жаҳонгир мақбарасидаги олтин сопли найза ва бошқа кўплаб ашёларни Эронга олиб кетади, нефрит тоши кейинчалик Нодиршоҳнинг ўзи томонидан қайтарилади. Кейинчалик, XIX асрда Россия босқини даврида Ўзбекистон энг катта йўқотишларга учради. Рус подшосининг Ўрта Осиёга масъул мулозимлари ҳатто Россияга олиб кетиладиган тарихий ашёлар, ноёб қўлёзмалар рўйхатини ҳам тузиб чиқишган. Туркистон генерал губернатори Фон Кауфман топшириғига кўра қадимий бойликларни топиб келтирган зобитларга унвон ҳамда пул кўринишида мукофотлар ажратилган. Барча аскар ва зобитларга маданий қимматликларни талон-тарож қилишда йўриқномалар топширилган. Илк ўрта асрларга оид тақинчоқлар, идишлар, тангалар, муҳрлар, ҳужжатлар билан бирга шарқ алломаларининг баҳоси йўқ бир неча юзлаб жилддаги қўлёзма китоблари ҳам узлуксиз тарзда Москва ҳамда Петербургга жўнатиб турилган. Ҳатто 1869 йилда дунёдаги энг қадимги Қуръон ҳисобланадиган “Усмон Қуръони” ҳам Петербургга жўнатиб юборилган, кейинчалик қаттиқ ҳаракатлар натижасида ушбу қўлёзма Ўзбекистонга қайтарилди.

 

Мустақиллик йилларида ўзга давлат бизни таламади, бироқ қимматли тарихий буюмлар, экспонатлар ўз миллатдошларимиз томонидан ўғирланди ё сохталаштириб сотиб юборилди. 2022 йилда маълум қилинишича ўтган 30 йил давомида ушбу жиноятлар натижасида етказилган умумий зарар 4 триллион сўмдан ошиқ экани маълум қилинган. Булар ҳали аниқланганларигина холос. Биргина ҳолат, 2015 йилда Ўзбекистон давлат санъат музейининг собиқ раҳбари Мирфайзи Усмонов шериклари билан бирга йиллар давомида суратларни сохталаштириб, асл нусхаларини сотиб келган. Маълум қилинишича етказилган зарар 47,5 миллиард сўмни ташкил этди.

 

Айни кунларда Россия ҳамда Украина ўртасидаги уруш ҳам, таҳлилчиларнинг фикрига кўра Украина ҳудудидаги маданий ёдгорликларнинг катта қисмини йўқ қилмоқда.

 

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, ғоявий, сиёсий мақсадлар ҳамда ўйинлар фақатгина бугун ё келажакни хавф остига қўймаяпти. Ўтмишни ҳам йўқ қилмоқда. Тарихда ҳали очилмаган сирлар кўп, қўрқамизки, улар мавҳумлигича қолиб кетади. Буюк француз инқилобидан сўнг маданий меросга муносабатда кескин ўзгаришлар юз берган бўлса-да, барчаси кўнгилдагидек эмас. Империалистик давлатлар эса ўзга давлатлардан ташиб кетган, бошқа халқларга тегишли бойликларни асл ватанига, ҳақиқий эгаларига қайтариши керак.

 

Жавоҳир ЭРГАШЕВ.

Oyina.uz

 

“Oyina.uz”нинг Телеграмдаги расмий каналига аъзо бўлинг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17368
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//