“Илоҳий қонунларни бузишга фақат инсон мойил” – Шоир Жонтемир мутолаа қилади


Сақлаш
20:07 / 21.07.2023 590 0

Увайс устозим

 

Шаҳрисабздан чиқиб кетганимдан бери елкамдан рюкзак тушмайди. Яқин танишлар “Уйингни ўзинг билан олиб юрасан”, деб ҳазил қилса, “Фақат ўзимни сиғдирмаслиги чатоқ-да”, дея кулиб қўяман. Ошналар “уйинг” деганича бор. Ичини ковласангиз, игнадан тортиб ҳаммом сочиққача топилади (фақат кафанлик йўқ, шуни ҳам солиб қўйган маъқулмикан денг. Эскилар кафанликка етгулик матони салла қилиб ўраб юрган-ку. Ахир, қаерда, қай ҳолатда, қачон жонинг чиқишини билмайсан киши). Шамолдек беқўним қалб бир жойда узоқ туролмагач, “тайинли макон отлиққа топилмас, пиёдага йўл бўлсин” замонида яшаётганингиздан кейин, на илож, орқалаб юрасиз-да бор бисотингизни. Нокамтарликка йўйманг-у, мен каби дунёни уй эмас, йўл деб билгувчиларга ундаги кўп нарсаларнинг аҳамияти йўқ аслида.

 

Ривоят қиладиларки, Исо алайҳиссаломнинг тароғи, косаси ва тўшанчиси бор экан, холос. Йўлда кетаётиб булоқ сувини кафтида ичаётган кимсани учратади ва унга косасини тортиқ қилади. Яна озроқ юриб сочини бармоқларида тараётган кишини кўриб, тароғидан воз кечади. Охири дарахт соясида, майсалар узра ухлаб ётган одамга кўзи тушгач, тўшанчисини ҳам ҳадя этиб юборади.

 

Эскириб кетганига қарамай, рюкзагимдан воз кечмаслигимнинг сабаби бор: севимли китобларимсиз туролмайман! Кун ё туннинг исталган палласи ўша китоблар соғинчимни қитиқлаб қолиши мумкин. Шу заҳоти топиб ўқимасам, ақлдан озаёзаман. Балки ишонмассиз, шахсий ҳужжатларим неча бор йўқолиб-топилади, лекин улар... Атиги иккита китоб бор ўзи йўлхалтамда (уни качкул деяқолай. Бунда маъно кучлироқ. Качкул – дарвешлар елкасида осиб юрадиган тўрва). Ўқийверганимдан сатрма-сатр ёд бўлиб, варақлари ҳилвираб қолган. Айниқса, мовий муқовалиси! Якунлаган асаримни қайтиб қўлимга олмайман ҳисоб. Бу иккаласи эса нафақат севимли, балки руҳдош, маслакдошларим ҳамдир. Муаллифларига, уларнинг ҳақгўй, кенгфеъл, тоза виждон, юксак руҳиятига муҳаббат қўйганман. Ўзлари билан юз кўришмаганмиз, аммо кўришганлардан-да яхшироқ биламан қалбларини. Метрода, автобусда, пиёда кетяпманми, бекатда ўтирибманми, ижара уйдами – ёнимда мен тушунган, муҳими, мени тушунадиган қадрдоним борлигини ҳис қилиб тураман. Сўзсиз тушуниш муҳаббатдан юқори даражот аслида, агар билсангиз! Уларни ҳозирги замонда тасаввур қилиб кўраман, яшай олармиди-йўқмиди деб. Ёлғиз қолганда ҳеч кимга айтиб бўлмас маҳрам ишларимни гапириб бераман. Шеър ёзаётганимда ҳам шундоқ кўз олдимда туришади. Менимча, ёлғизликни хуш кўрувчиларнинг ҳаммасида шунақа увайс танишлар бор. Йўқса, одам ўз-ўзига дош бериши қийин.

 

Яқинда Рюноскэ Акутагаванинг “Ёлғизлик жаҳаннами” ҳикоясини ўқидим. Таржима анча бўш чиққан, назаримда, чунки русчасини ўқиган танишим менга жуда бошқача таърифлаган эди. Алҳол, ҳикоядан чиқарган хулосам жаҳаннам бўлмалари ичида энг даҳшатлиси – одам ёлғиз ташланадиган жой экан. Бошқа хоналарда ҳартугул қисматдошлар бўлади, бунда эса бўшлиқ ва сен! Менимча, ерда ҳам шундай даҳшатга гирифтор кимсалар учрайди. Кўпинча ижодкорларга “насиб” қилади бу азоб. Қачонки, сенда инонч-эътиқод сўнгач, боя айтганимдек, увайс руҳдошларинг бўлмаса шу аҳволга тушасан. Ҳикоя муаллифининг нега ўз жонига қасд қилганини тушунгандайман. Хайриятки, мен ёлғиз эмасман. Жуда сиқилган вақтларим “Ажойиб кунларнинг бирида, уйғониб кетаман уйқудан...” дея шивирлаб қўяман. Руҳим ёмғирда ювилган қуш патларидек тозаради. Мен бу уйғонишни ўлимдан кейинги туғилиш деб биламан. Келинг, яхшиси, елкамни қийиб юборган качкулимни ечсам-да, ундаги китоблардан бирига қандай меҳр қўйганим ҳақда сўзлаб берсам.

 

Бешинчи ё олтинчи синфда ўқийман. Шаҳрисабздан Қаршига кўчдик. Кўп китобларимни ўзим билан олиб келдим, шеър китобдан эса биттагина олгандим (качкулимдаги икки қадрдондан бири шу). Сабаби – ниҳоятда саралаб ўқирдим шеърларни. У кезлар шеър ёзардимми-йўқми, эслолмайман; рус тили ва адабиёти ўқитувчиси бўлмиш онамиз ўқиб берган китоблар сабаб асл адабиётдан бохабарлигим учунми, унча-мунча ёзиқлар дидимга ўтиравермасди. Адабиёт “икки карра икки – тўрт”дек жўн бўлмаслиги керак, деб ўйлардим болаларча қайсарлик билан.

 

Кунларнинг бирида синфдошим Фарҳоднинг компьютерида расм кўриб қолдим денг. Сочлари майда ўрилган гўзал қизнинг сурати. Қиз бир ёнга хиёл қайрилиб турибди. Нигоҳи остида эса тўрт қатор шеър:


Кел, яшириб қўяйин сени

Юракнинг энг чуқур ерига.

Кейин сен ҳам яширгин мени

Юракнинг энг чуқур ерига.

Тополмасин бизларни биров.

 

Бўлди. Бор-йўғи шу. Шеърни қайта-қайта ўқийман, қайта ва қайта. Ичимга чўғ тушди. Қаршидаги бор китоб дўконларни титиб чиқдим, муаллифини ахтариб. Йўқ! Интернетни ҳали тушунмайман, тушунадиганлардан сўрашга тортинаман. Аксига олиб илмга ташна бобомиз шарофати билан қўлтелефоним ҳам йўқ. Ягона нажоткор фикр “Тошкентдан топасан” бўлган. Кўнгил тоғдай ўсиб, пойтахтга бормоқ учун пул тўплашни кўринг энди. Синфдошларга қўшилиб ошхоналарга кирмайман, китоб дўконлари ёнидан чопқиллаб ўтиб кетаман (кулманг, китоб “жинни”сига оғир бу). Янги кийим олишдан ўзимни аранг тийиб, анча пул йиққаним эсимда. Тошкентда ўқийдиган қариндош билан режани пухталаб, эрталаб мактаб баҳона пойтахтга “сурдим”...

 

Ниҳоят, пешонасига “Нодир китоблар” деб ёзиб қўйилган дўкондан шоирнинг мовий муқовали, қип-қизил юрак ичидан оппоқ кабутар учиб чиқаётган сайланмасини топдик. Ўша лаҳзадаги севинчимни ҳозир сўз билан ифодалаб беролмайман. Очиб ўқишдан ўзимни амаллаб тийдим. Худди кўчада ўқиб қўйсам, истаган-кутган лаззат, ҳайратимни ололмайдигандек. Рост, шеър ёзмоқ учун аллақандай кайфият, ҳолат, муҳит керак бўлганидек, ўқимоқ учун ҳам худди шундай аура зарур! Йўқса, сатрлар остидаги юрак уришини эшитолмайсиз. Китобни качкулга солдиму ғизиллаб ортга қайтдим. Тонггача бедор бўлдим! Ухлатмади мени у китоб! Ҳаётимда иккинчи бор ШОИРга дуч келишим эди, ахир! Мен каби адабиётсевар учун бу катта ҳодиса. Бир-биридан кескир, бир-биридан жанговар, бутунлай бошқача шеърлар Дамашқ қиличидек тўмтоқ тафаккурим қобиғини қиймалаб, ҳала-ҳула шоир кўтарилолмас меърожга олиб чиқиб қўйди руҳимни.

 

(Шавкат Раҳмон. Сайланма. Тошкент. “Шарқ” нашриёт-матбаа концерни бош таҳририяти, 1997.)

 

Ҳаммаси ўша тундан бошланди. Ўшандан бери качкулимдан тушмайди бу китоб. Қўлда олиб юриш ҳам мумкин дерсиз. Қизғанаман. Биров кўриб, сўраб қолса-чи? Ҳа, ана шундай хасис китобхонлар ҳам учраб туради. Ижодкор, умуман ҳар қандай инсон тафаккури, қарашлари, тақдирини ўзгартириб юборадиган асарга умри давомида ҳеч йўқ бир марта дуч келиши муқаррар эканига тўла-тўкис ишонч ҳосил қилдим. Чунки дунёқарашимни ҳақиқатан янгилаб ташлади у. Адабий дид, сўз, унинг инсон қалбига таъсири, ижодкорнинг олий маслаги ҳақидаги тасаввуримни тарбиялади. Минг афсуски, бу китобни ёзган шоир мен уни топган вақтда оламдан ўтган эди. Ҳечқиси йўқ, дейман ўзимга таскин бериб. Мана, сўзлари қолди-ку!

 

Ёзганларига қараб улар билан ичкин-ичкин суҳбат қураман. Асосан мен гапираман, улар эса муридини тинглаётган пирдек жим қулоқ солишади. Тўғри, ёшим улғайган сари классикларни ўқиш, баҳолиқудрат мағзини чақишни бошладим. Масалан, биргина Машрабнинг руҳиятимга улашган ҳайрати у иккаласиникидан юз чандон баланд. Бироқ улар “кўз очиб кўрганим”, илк устозларим.

 

Ҳаддан зиёд кўп ўйлайман: агар улар тирик бўлганида бугун бир жойда депсиниб, қадди букилиб қолган адабий жараён анча жонланармиди?! Адабиётдан шахсий манфаати учун фойдаланаётган виждонсотарлар юзи қизариб, ўзини четга олармиди?!

 

Ким нима деса десин, асл адабиётнинг дарбонлари бўлиши керак экан. Ўз даврида Абдулла Қаҳҳор шу вазифани бажарган. Озод Шарафиддинов, Шукур Холмирзаевлар ҳам. Мовий муқовали китоб муаллифининг ёнига шеър кўтариб кирган ҳаваскорлар бир вақтлар йиғлаб чиқиб кетган экан. Ўша вақтда хафа бўлишгандир, бугун миннатдор қиёфада ёшларга айтиб беришяпти-ку! Демак, асл адабиёт ана шундай қаттиққўл ҳимоячиларга ҳар доим муҳтож. Ҳозир биз ҳеч кимнинг нигоҳидан ҳайиқмайдиган бўлиб қолдик. Ҳа, ҳеч кимнинг! Ҳатто ўз виждонимиздан ҳам! Назмми, насрми – билганимизча пала-партиш ёзиб ташлаяпмиз. Сўз кечирармикан бизни?! Газеталарда икки томчи сувдек бир-бирига ўхшаш машқларни ўқиб, дилингиз хира бўлади. Саралаб, пўчоғидан мағзини ажратиб кўрсатадиган журналларнинг эса моддий аҳволи оғир. Миллат савияси, маърифатига масъул шахслар адабиётга тил учида эмас, юракдан қайишмас экан, қориндан бошқасини ўйламайдиган ибтидоий тўдага айланиб қолишимиз ҳеч гап эмас.

 

Сизни кўп интиқ қилдим, энди айтмасам бўлмас. Раҳматли шоиримиз Аъзам Ўктамнинг “Чўлпон” шеърида “умримда бир марта кўрмаган зотни, / соғинаман бағрим тупроққа босиб” деган сатри бор. Мен ҳам ўзини кўрмай, бир бор суҳбатини олмай, аммо ўла-ўлгунча соғиниб ўтадиган одамларимдан бири, качкулимдаги мовий муқовали китоб муаллифи, миллат шоири – ШАВКАТ РАҲМОН!

 

...Агар етти қават ернинг қаърида

ётсам-да, ларзага солиб ҳавони,

элимнинг юрагин

топар барибир

жисмимни куйдириб учган овозим.

 

Эй дарвеш, пирсиз йўлга кирма, дейди авлиёлар. Раҳнамо ва качкулсиз дарвешни мен тасаввур қилолмайман. Шавкат Раҳмон кўксини куйдириб чиққан ана шу зулфиқор ОВОЗ умрбод ҳамроҳим ва йўлбошчим менинг!

 

Қани, дарвеш, энди качкулингни елкангга илгину йўлга туш. Манзил ҳали узоқ, жуда ҳам узоқ...

 

 

Годонинг бўриси

 

Узлат истайди кўнгил! Ўзимни тафтиш қилиб олишим учун ҳашаматдан холи, умрдек нураб бораётган ҳужра зарур менга. Тавба, нега руҳий изтироб, кечинмалар учун кўҳна бошпаналар танланади қадимдан? Нега қаср ярамайди? Нега Яссавий ер остига кириб кетди – саройга эмас? Диоген нега бочкага қамалиб олди? Мураками нега уйидан деярли чиқмайди?..

 

“Бу ерда ҳамма нарса бўлиши мумкин” асари қаҳрамони ҳам касодга учраган фабрикани ихтиёр этади. У жараён ҳадемай тўхташи муқаррарлигини билади. Шунга қарамай, ҳамма ташлаб кетаётган, парчаланиб бораётган маконга кўчиб келмоқдан мақсад нима? Севмоқдан-чи? Иккинчи Робинзон бўлмоқчимиди ё? Алқисса, у – шу ерда.

 

Фабрика – ташқи муҳитдан иҳоталанган ҳужра!

 

Фабрика – ўз-ўзинг билан суҳбатлашиш, хаёл суриш, фикрлашга имкон берадиган дунёдаги ягона тинч маскан.

 

Фабрика – ичкари. Ичкарининг ичкариси. Яъни “жондин ичкари”. Навоий айтмоқчи, “жон пардаси” кўтарилсагина кўра оламизми ул маъвони? Балки Алифдир?! Шоҳ Машраб такрорлаб юрган, Тагор Ганг дарёси бўйида кўзи тушиб ақлини йўқотаёзган, Достоевский жоди ёнида, Борхес қоплон терисидаги қора нуқтада кўрган Алиф! Илк романини ёзаётган Жианна Молинари Алиф ҳақида қаердан билди? Менинг китобни ўқиётган пайтдаги кайфиятимни-чи? Тушкун эдим. Яқинда беморхонадан чиққанимга қарамай оғриқдан букчайиб юрган, етмаганига мириқиб шеър ёзолмаётган (энг даҳшати шу!) ва бунинг таъсирида умидсизлик ўрасига қулаб, “Одам ўзини олтинчи қават деразасидан ташласа, аниқ ўладими?” деган савол ғалтагига чувалашиб қолгандим. Олтинчи бармоққа ўхшайди бу. Борсан-у, лекин ҳеч қандай вазифа бажармайсан. Худди Жианнанинг романидаги осмондан тушган одам каби.

 

(Жианна Молинари. Бу ерда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Тошкент, “Akademnashr”, 2020.)

 

...Осмондан тушган одам аъмоли ҳаммамизнинг пешонамизда бор. Номаълум қабрда ётибди у. Қай биримиз осмондан тушмаганмиз?! Осмондан тушганлар осмондан тушганини унутганлар учун мудом қизиқ. Одам болалари бир умр қайтиш йўлини излаб ўтишга маҳкум...

 

Фабрикада бўри оралайди. Ораламайди, тахмин қилади ошпаз бўри юрганини. Дейдики: бўрини кўрдим, ўз кўзларим билан кўрдим! Ваҳима бошланади. Бўри – фабрика бошлиғининг сўниб қолган ғужурини уйғотиб юборадиган туртки. Айнан бўри ҳаммасини: ошпаз, бошлиқ, қоровул, фабрика, ватан, миллат – дунёни янгилаб юбора олиш қудратига эга КУЧ. Лекин аввал уни топиш керак!

 

Қани у?

 

...Ижара уйим хоналарида изғийман гаранг. Каравот тагига қарайман: “Қани у?” Бўри, дейман тишларим ғичирлаб, менга ҳам кер-рак-сан! Қорангни кўрсат. Чаппарилиб қолган тошбақадай руҳимни ўнгар. Ўттиз йилдан бери чалмасига ботиб ётган вужудни қўзғат. Ёриб ташла ё!

 

Годога ўхшайди бўри. Уни интиқ кутадилар. Кўриниш бермайди ҳатто. “Чўл бўриси” каби ҳамманинг ичида яшайсанми ё? Унда нега уни реаллаштиришди? Нега унга тузоқ қўйиб, чоҳ қазишди? Агар бўри келса, фабрикадаги ланжликни ғажиб ташлай олармиди?

 

Ва жонивор тўсатдан қаҳрамон хонасида пайдо бўлди. Тахайюлда. Тасаввур яратган ҳодиса хаёлотда моддийлашиб, нигоҳ қадалган ерда намоён бўлади. Энди бўри қўрқинчли эмас, аввал ҳам фақат қизиқарли, сирли эди. Дарвоқе, бор-йўғи ахлаттитар бўри бўлса-ю, ундан хавфсираш керакми? Овқат қолдиқлари билан озиқланувчи бўрини тасаввур қила оласизми? Ҳа, қачонки у чиқиндихонада туғилган бўлса!

 

Назар Эшонқулнинг “Баҳоуддиннинг ити” ҳикоясидаги дайди итга эврилган ходим каби, бу қаҳрамон ҳам бўри билан учрашувдан кейин фабрикадан чиққанда, одамлар унда бўрини, бўри билан бирга яшаётган одамни кўришаётганини сезиб қолади. Лекин бўри ундан бошқа на ошпаз, на бошлиққа кўринди. Чунки уларда ишонч, фабрикани – дунёларини, кўҳна дунёларини асраб қола оладиган ҳиссиётлар ўлиб бўлган эди аллақачон...

 

Олтинчи қават деразасидан кекса чинор япроқларига тикиламан. Қизиқ, дарахт жонидан тўйса нима қилади?

 

...Бўри эса энди бемалол кезиб юрибди ичкарида!

 

 

Ҳайрат

 

Мени ҳайратга солиш қийин. Тўхтовсиз ўқийверганингиз сари ҳайратингиз сўниб борармикан ё? Ҳеч нарсадан бехабар кишига, балиқ ҳам нафас олади, десангиз ёқа ушлайди. Аммо изланувчан олим ҳам ёмғир ёғишию қуёш чиқишидан ҳайратланади-ку. Синчков ўқувчининг “оғзини очириб” қўядиган асар битиш эса энг мушкулидир.

 

Гапнинг лўндаси, Явдат Илёсовнинг “Илон авровчи” романи ҳаммамиз таниган, тўғрироғи, фақат тўртта рубоийси ва исминигина билган Умар Хайём ҳақида. Тарихий шахс тўғрисида китоб ёзиш – эртак тўқиш дегани эмаслигини айтмасам ҳам яхши биласиз. Явдат Илёсовнинг ижодий ёндашуви эса ақлимни довдиратиб қўйгани рост. Нега унинг ёзганлари файласуфона? Нега исталган жумлани олиб, бугунга қиёсласангиз, тушаверади? Бунча кенг кўламли билим қандай қилиб бир одам миясига сиғиши мумкин? Қачон шунча маълумотни ўқиб, эслаб қолишга улгурган у?.. Савол кетидан савол туғилаверади. Саҳифадан саҳифага кўчар экансиз, муаллиф ўрганиб чиққан юзлаб кўҳна асарлар, буюк олимлар, шоҳлар ҳаёти, ўша давр манзаралари кўз олдингиздан бош-кети кўринмас карвондек ўтиб, ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Ва беихтиёр ўз-ўзингизга шивирлайсиз бояги саволга жавоб бераётгандек: ҳаммасининг замирида изланиш ётибди, изланиш. Сен-чи? Чайнаб берилган луқмани ҳам ютишга эринасан...

 

“Умар 10 ёшга тўлди – Хуфу (Хеопс) эҳроми қурилганига 3880 йил бўлди. Ашшурбанипал амри билан жамланган битиклар хазинаси бундан 1670 йил муқаддам йўқ бўлиб кетди. Арасту 1380 йил илгари оламдан ўтди. Улуғбек 336 йил кейин таваллуд топади. Жордано Брунони 542 йилдан сўнг ўтда куйдирадилар...” – маълумотлар занжиридан ўзингизни йўқотиб қўймадингизми? Бу ҳали ҳолва! Шумерлар, аккадлар, массагетлар, курдлар, саклар, турклару форслар – ер юзидаги ўнлаб миллату элатлар тарихидан бохабар ёзувчи сизни ҳали кўп талмовсиратиб қўяди. Айтганча, “Сўғдиёна”, “Олачипор ажал” романларини ўқиганмисиз адибнинг? Биргина Умар Хайём учун тўплаган маълумотларининг ўзи ўнлаб тарихшуносга юк!

 

Умарни нафақат тенгдошлари, ҳатто онаси ҳам унча хушламасди, деб ёзади муаллиф. Чунки у ҳеч кимга ўхшамасди. Шоир эди у, олим эди у, файласуф эди, аммо одамлардек ҳаёт кечиришни эплолмасди. “Одамлик шоирни эзиб қўяди” дейди Платонов...

 

Нишопурда қаттиқ сиқувга олинавергач, устози йўлланмаси билан Мовароуннаҳрга – Абу Тоҳир Алак ҳузурига йўл олди Хайём. Қозиюл қуззот ҳомийлигида риёзатдаги чалкаш муаммолар ечимига доир рисола битди. Ҳайратланарлиси, Явдат Илёсов рисолани Хайём билан бирга қоғозга туширади гўё. Ана шу ерда унинг математика, ҳисоб-китоб илмидан нақадар яхши хабардор эканини кўрасиз. У баъзи уқувсиз ёзувчилардек асари қаҳрамонини у табиб эди, деб таърифлаш билан чекланмай, доривор ўсимликлар, синиқ солиш, инсон аъзолари ва ҳоказоларни пухта ўрганиб чиқади. Шунинг учун ҳам ёзгани ишонарли, табиий чиқади.

 

(Явдат Илёсов. Илон авровчи. Тошкент, “O‘zbekiston”, 2011.)

 

Оҳ, Хайём, Хайём! Сен ҳақингда ҳечвақо билмас ақлимдан уялиб кетяпман. Нега бизда сенинг, Берунийнинг, Замахшарий, Ибн Сино, Форобийнинг асарлари ўқитилмайди? Нега асарларинг китоб расталарида йўқ (Хайёмдан “Наврўзнома” ва рубоийларнигина ўзбек тилида кўрганман)? Явдат Илёсов Хайём орқали яна бир ҳақиқат – истеъдод маърифатли ҳомийга муҳтожлигини исботлаб беради. Истеъдодли бўлмоқнинг ўзи кифоя эмас. Истеъдод эгасини қорин ғамидан қутқаргувчи шеримард ҳам керак. Фирдавсий шу қадар бой эдики, 25 йил мобайнида бир асар устида муттасил ишлади. Агар у камбағал бўлганида “Шоҳнома” қаёқда эди? Қозиюл қуззотдай ҳомий бўлмаганида рисола қаёқда эди?!

 

Улуғ “Сиёсатнома” асари муаллифи, вазир Низомулмулк султон Маликшоҳни кўндириб, Хайёмни янги тақвим тузмоқ учун Исфаҳонга чақириб олади. Олим бир умрлик орзуси – расадхона қуришни бошлаб юборади. Ахир, юлдузлар ҳаракатини ўрганмай янги тақвим тузиб бўлурми? Эскини янгиламоқ – олимлар иши. Ер юзидаги жамики тирик мавжудот ривожланишга (янгиланиб бориш) маҳкум. Яратиқлар ичида одам ўзгаришга энг мойилидир. Йўқса, дарахт ҳам исён кўтарган бўларди одамзод каби.

 

Дарвоқе, одамзод! Илоҳий қонунларни бузишга фақат у мойил. Балки, бу эркаликдандир? Тангри ҳам кечириб юбораверади ёки сўнгги кунга олиб қўяди жазони. Назаримда, ўзгармас қонунларни ўзгартиришга ҳаракат – шаккоклик эмас, янгиланиш эҳтиёжидан келиб чиқади. Одам ва Ҳавво бошлаб берган буни бизга. Тақиқ мевасини еб кўриш, китобларда қайта-қайта таъкидланганидек, фақатгина нафсга боғлиқ бўлмай, эҳтимол, муваққат темир қоида, эски чегараларни кенгайтиришга уриниш истаги билан ҳам боғлиқдир. Зардўштийликни олайлик. Моҳиятида янги – комил одам ғояси ётади. Файласуф Нитшенинг “Зардўшт таваллоси” асари ҳам айнан шу ғояга қурилган. Яъни ер ва ердаги одам ўзидан, ўзига ўхшаган одамлар ва бир хил кечаётган ҳаёт тарзидан зерикади. Ерга янги одам келишини – янгиланишни истайди! Ҳатто бу янгиланиш даҳшатли фожиа эвазига бўлса ҳам!

 

Эсхил “Прометей” асарида ҳам шу фикрни ўртага ташлайди. Прометей айтадики: Зевс одамларни зулматда қириб ташлаб, янги одам яратмоқчи эди, мен эса (Худолар Худосига бўйсунмай!) фонийларга (одамлар) олов ҳадя этдим... Нега Эсхил зулматдаги одамларни “қириб юбориш”ни истамади?! Шу ерда “Шайтоннинг Тангрига исёни” драмаси эсга тушади. Фитратнинг “шайтон”и Эсхилнинг “Прометей”и каби Тангрисига исён кўтаради. Гётенинг “Фауст”ини ҳам қўшиш мумкин шу сирага. Бу ўхшашликлар алоҳида илмий изланишни талаб қилади... Нуҳ ва Лут пайғамбарлар ҳам Яратгандан қавмларини қириб ташлашни ёлвориб сўрайди. Мақсад ўша – янги одам! Исонинг ерга қайтиши ҳам шу ғояга боғлиқдек гўё. Негаки, у осмондан ерга тушган иккинчи Одам бўлади ўшанда! Демак, одам мавжуд тузумдан эмас, ўзидан зерикади. Ҳар доим шундай бўлган. Мумкинми, мумкин эмасми – аҳамияти йўқ, янгиланса бўлди – ҳар қандай тўсиқни бузиб ўтишга тиришади у! Чунки унда қўрқувдан кўра, янгиланишга бўлган эҳтиёж, ташналик устувор. Ҳар қандай исён замирида кечагидан ўзгачалик истаги яширин. Масалан, санъатда айнан шундай! Камю исён психологиясида ижодкор тўғридан-тўғри Тангри билан баҳсга киришади дейди. Мен эса “Қандай яратилган бўлса, шундай ўлим топишни истамайдиган мавжудот – ижодкор” дейман. Ахир, У билан баҳсга киришиш ғирт аҳмоқлик экани ақли бор киши учун кундек равшан-ку! Хайём ана шундай ЯНГИ ОДАМлардан бири эди. Уни Тангри инсоният тафаккурини янги босқичга кўтариш учун ерга юборган эди: “Худо рўйи заминда ўзи суҳбат қурадиган одамлар бўлсин учун истеъдодларни яратмиш”.

 

Китобни ўқиб чиққанимга уч йилдан ошди-ю, ҳамон унинг таъсиридаман. Олимни қадрламаган сарой, кимнинг замондоши эканини фаҳмламаган оломон, дунёвий илм, янгиликка тиш-тирноғи билан қарши “бошлари
енгилу кетлари зил-замбил”
мутаассиб дин пешволарининг қилмишлари
ичимни тирнайверади. Хайёмдан бошқа қай бирингиз яшаб қолдингиз, эй
нодонлар?!

 

Сўзимни эса китобдан олинган сўнгги парча билан якунламоқчиман: “...Оломон орасини шодон ёриб ўтиб борар экансан, ҳарҳолда эҳтиёт бўл: Ибн Синони туртиб юборишинг, Фирдавсийга қаттиқ тегиб кетишинг, Абу Райҳон Беруний пойини босиб олишинг мумкин”.

 

 

Аслида биттадир юракнинг шакли

 

Қайда яшамасин одамзод, асли,

Сангижумон, Румо ё Тошканд,

Аслида биттадир юракнинг шакли:

Юрак эркка ихтисослашган!

 

Эрк! Ҳамма инсон эмас, айнан туғма ижодкорга ёпишган орзу, етиб бўлмас меърож. Эрк! Боқилаётган қўчқор учун қассобнинг ханжари. Ижодкор учун ноҳақлик! Ноҳақликларсиз эрк ҳеч нима эмас. Эркпараст – оёқли вулқон! У портламоқ учун ўта кучли ноҳақликни излаб юради.

 

Умуман, рўй бермас воқеа,

Рўй бергучи менман, умуман.

Мени излаб юрар моҳият,

Қолип излаб юрар бегумон.

Қофиялар қилади таъқиб,

Бўғмоқ учун шайланар бўғин.

Пойлаб турар қайдадир тақиқ,

Кўтаргизар қайдадир туғин.

Мен улардан қочайин қайга?

Қай жанубга кетайин учиб?

Бирор кимса кутмаган жойда

Тўсатдан рўй бермоқлик учун!

 

“Тўсатдан рўй бермоқ учун” неча йил керак?!

 

(Фахриёр. Излам. Тошкент, “Аkademnashr”, 2017.)

 

Изма-из қувиб юрган қолиплардан қутулиш учун-чи?! Балки қолипга қолип кийгизиш керакдир?! Балки ЭРК ҳам қолипдир аслида! Эрк! Шароб! Вазнсизлик ҳолати жонга тегди! Ҳа, жонга! Қолипсизлик ҳолати керак менга!

 

Кимнинг жилмайишин олдим ўғирлаб?

Кимнинг табассумин тортдим юзимга?

Бегона табассум сиғмади, зўрлаб

Тортавердим уни лекин ўзимча.

Фалокат кўрсатди шунда бўй-энин:

Бир чети йиртилди табассумнинг “шарт”.

Сири фош этилган жосусдай мени

Бехос таниб қолди излаб юрган дард.

 

Хўш? Юзимдаги сохта жилмайиш кимники?! Кимники-и-и?!

 

Аммо у барибир изтиробимни бутунлай қоплаб ололмаяпти!

 

Излаганим ЭРК, аммо бехосдан таниб қолишларидан, йўқ, ўз-ўзимни, аслимни тан олишдан чўчийман! Жим!

 

“Бу ёғи баҳордир, баҳор бешафқат”...

“Энди яшаб бўлмас гулларни топтаб”...

Энди ЎЗИМни топтаб яшайман, бешафқат!

 

Юрак эркка эмас, эрк юракка... муҳтож!

 

Кўчаларда, автобус, маҳкама, дўкон, бозор, университет – ҳамма жойда топталиб ётибди ЭРК! Уни шахсийлаштириб, жонлантириб олмоққа ЮРАКЛАР керак! Туғма юрак бўлиб туғилган юраклар...

 

 

Бўш қолган қоғоз

 

Янги ижарахонам шаҳар чеккасидаги катта йўл ёқасида. Ойнани ёпсангиз – дим, очсангиз – шовқин. Тинчликка ўрганган қулоқ шўрига шўрва. Хоналар, айниқса, ошхона ҳаётимдан-да бетартиб. Тозалик бу уйдагилар учун тарих қатида қолиб кетган архаик сўз; камига мушук боқишади. Кўчада эса улардан озода киши йўқ. Мирзакалон Жўраевнинг Зиёси шу уйда яшай олармиди?

 

Ярим тунда соат ўн иккиикки оралиғида келаман. Ошхона адоғидаги кичик бўлмага ўтиб, тонггача қоғозга дардимни тўкиб соламан. “Мажнун” ҳақда ўйлайман. Муаллиф нега айнан “Мажнун” деб номлади романни? Рости, ном билан асар ўртасида боғлиқлик йўқ – худди менинг тушдаги ва ҳушдаги ҳаётим каби. Лекин ажиб роман бу... Платонов ифода йўлида ёзилган ушбу асар қаҳрамони Зиё айнан мен эмаслигимга ҳеч ким ишонтиролмайди! Каминадан фарқли томони, алоҳида ёлғиз яшашга ижара уйи бор, холос.

 

(Мирзакалон Жўраев. Мажнун. Тошкент, “Камолот”, 2000.)

 

“Мажнун” ҳақида илк бор ёзувчи жўрам Шербекдан эшитганман. Дамариқда яшардик у кезлар. Эшитган кунимоқ топиб келганман. Оғзимиздан сўлагимиз оқиб ўқиб чиққанмиз. Шоир аслида битта шеър битмоқ учун дунёга келганидек, ёзувчи ҳам биттагина асар ёзмоқ учун бир умр чиранса керак. Лекин Мирзакалон Жўраев ёзувчи эмасди-да! Унинг бирор ҳикоясида ҳам ёзувчилигини сезмайсиз. Ёзувчилик юкини кўтармай қалам тебратадиганларга ҳавас қиламан. Масалан, Анна Франк шу сирадан...

 

Ойнани очдим. Юкмашина кучаниб ўтяпти. Дайди ит ниманидир ғажияпти дарахт тагида. Одам йўқ. Қоғозларим ёнига қайтаман. “Ғородам” ҳақида шеър ёзмоқчиман. “Мажнун”даги Зиёни шундай номлаб олганман. Қоғозга туширсам бас. Аммо дангаса томирим тутяпти. Хаёлингизда пишиб етилаётган шеърни матн ҳолига келтириб берадиган қурилма яратилмаганми? Унданам яхшиси – тўлқинтутгич! Шоир тахайюлидаги шеърни тўлқин кўринишида тарқатади, ўқувчилар уни тутиб олади. Чалғидим. Қоғоз бўш қолди. Соат уч. Ҳаво салқин...

 

Яна юкмашина ўтди. Ойнани ёпишга эриняпман. Осмон оқарган сари шовқин зўрайиб бораркан. Эрта ётиб, субҳ пайти ёзгин, дерди бобом. Субҳ, субҳи содиқ. Ёқимли сўз. Лекин қоғоз бўш қолди.

 

У келди! Нафас олишим тобора қийинлашяпти. Мўмиёлаб ташлангандек қимирлолмайман. Гапирсанг-чи, нима керак ўзи? Янги жойга кўниколмаяпсанми? Ёлғизлигим бадингга урдими ё? Зиёни бошқариб юрган шарпа сенмидинг? Мажнунни олиб юрган руҳ-чи? Зиё ўлмагани учун муаллиф ўлди. Мирзакалон Жўраев “Мажнун” охирида қаҳрамонни ўлдириши керак эди! Бало ўзига урди. Биринчи ва охирги роман – “Мажнун”. Кет, кет! Булбулдан ҳам содиқ у шарпа. Болалигимдан бери мен билан бирга. Келса, бир амаллаб ўрмалаб бориб, бобом қўйнига кириб олардим. Энди бобом йўқ. Қўрқмай қўйганман. Ҳали ҳам устимда. Шовқин асабимга тегяпти. Ҳой, ёрил; ё кет! Ғородам. Оҳ, ниҳоят, бутунлай ичимга ботиб кетди...

 

Нур! Уйқу кўрмаган кўзга тушган нур – уюшиб қолган оёққа урилган калтакдек азоб беради. Оёқ остим ёрилиб, ер ютадигандек. Кўзимни юммасликка уринаман. Кўзгу. Унинг намланган юзига бармоғим билан ёздим:

 

“Ғородам”.

 

Қоғоз барибир бўш қолди.

 

ЖОНТЕМИР

 

Tafakkurжурнали, 2023 йил 2-сон.

“Сўз бизни кечирармикан?” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси