Жаҳонда баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган Инсташеърият – адабиётнинг янги босқичими ё заволи?


Сақлаш
17:07 / 21.07.2023 442 0

Бугун интернет оламида информация шу қадар кўпайдики, улар орасида инсон реал ҳаётини йўқотиб қўймоқда, ҳатто. Шу боисдан жаҳонда турли ижтимоий тармоқларни блоклаш, улардан фойдаланишни камайтириш ҳақидаги тавсиялар кўпайиб боряпти. Хусусан, одатда ҳашаматли, енгил ҳаёт кўз-кўз қилинувчи видео, суратлар жойланиши сабабли инстаграм энг кўп танқид қилинувчи ижтимоий тармоқ ҳисобланади. Аммо бу унда фақатгина зарарли контентлар бор, дегани эмас. Бугун инстаграмда миллионлаб одамлар кузатадиган, адабиётшуносларнинг баҳс-мунозараларига сабаб бўлаётган ва шеъриятнинг янги кўриниши деб қаралаётган оқим пайдо бўлган. Уни инсташеърият, унда ижод қилувчиларни эса инсташоирлар деб аташади. Бу атамага, катта эҳтимол билан, илк бор дуч келишингиз. Сабаби ўзбекча интернет сегментида ҳали бу мавзуда бирор маълумот йўқ. Шундай экан, гапни аввало инсташеърият аслида нима эканидан бошласак.

 

Бундан ўн йилча илгари, дейлик Женниферхон деган ажнабий шоира ижод маҳсулимни кўпроқ одам ўқирмикан, шу баҳонада анча-мунча танилиб қолармиканман, деган яхши ният билан шеърларини Инстаграмга жойлаб кўради. Женниферхондан улги олган Майклжон, Чарлибек ва бошқа сафдош шоирлар ҳам ўз шеърларини ижтимоий тармоқ орқали оммага тақдим этишни бошлайди. Албатта булар шунчаки тўқима қаҳрамонлар, лекин чиндан ҳам кўпроқ мухлисга эга бўлиш, ижодини кенгроқ ёйишни мақсад қилган бир қанча шоирларнинг ҳаракати билан nstagram, Twitter ва Tumblr каби тармоқларда инсташеърлар кўпая бошлади. Натижада бирваракайига ҳам адабиёт, ҳам интернет оламида янги атама пайдо бўлди: “instapoetry”, ўзбекчасига эса инсташеърият.

 

 

Инсташеърият қисқаликка асослангани, ҳар қандай ўқувчи учун тушунарли тильда ёзилгани, матн мавзусини янада очиб берувчи фон ва эстетик расм билан уйғунлаштирилгани билан ажралиб туради. Улар асосан севги-муҳаббат, аёллар ҳуқуқлари, ижтимоий тенглик, психологик травмалар, жинсий ва бошқа турдаги зўравонликка қарши кураш, бирдамлик каби мавзуларда ёзилмоқда. Шеърларнинг дизайнлари ҳам ўзига хос: бири китоб саҳифасига битилган, бири парча қоғозга чиройли ҳуснихат билан туширилган, бошқаси қумли соҳилга ўйилган; бири оқ фонга қора билан ёзса, бири қора фонга оқ ҳарфларда битади, яна бири иккала усулдан ҳам тенг фойдаланиб саҳифасини шахмат доскасига ўхшатиб қўяди. Шеър остига чизиладиган ёки тайёрини олиб безатиладиган иллюстрацияларнику айтмасаям бўлаверади. Сирасини айтганда, инсташоирлар нафақат битиклари орқали, балки саҳифасидаги визуал кўркамлик билан ҳам минглаб-миллионлаб одамларни ўзига жалб қилиш ҳадисини олган.

 

Инсон зоти янги нарсани аввалгиси билан солиштиришни бирам хуш кўрадики, бунга инсташеърият ва анъанавий шеъриятни бир-бирига қиёслаб, ўхшаш ва фарқли томонию, зарар ва фойдаси ҳақида юритилаётган баҳслар ҳам мисол бўлади. Айтиш керакки, улар бир-бирига қўшилмайдиган икки денгизнинг суви эмас. Исталган шоир ҳажман кичикроқ шеърини ёки шеъридан парчани медиа кўринишида Инстаграмга юкласа бўлаверади, ҳеч ким бунга тиш-тирноғи билан қарши эмас. Ва бунинг акси, инсташоир сифатида танилганлар ҳам китобларини чоп эттириб, минглаб-миллионлаб нусхаларда сотишяпти, баракасини берсин. Фақат кенжатой йўналишни оқсоқол акахонидан фарқлаб турадиган бир-иккита жиҳатлар бор. Булардан энг биринчиси – қисқалик. Одамлар ижтимоий тармоқларга бош-адоғи йўқ, қоғозга чиқарса ёстиқдай китоб бўладиган матнларни ўқиб ўтириш учун кирмайди. Ҳамманинг вақти тиғиз, бугуннинг одами нари борса уч қатор, беш қатор, ҳа, боринг ана, ўн-ўн беш қатор нарсани ўқийди. Инсташоирлар эса айнан мана шу талабга тўлалигича жавоб берадиган қилиб қисқа ва лўнда ёзишади.

 

Ундан ташқари, юқорида айтилганидек, график безаклар ҳам шеърнинг моҳиятини янада очиб беришга хизмат қилади. Бордию шундаям даражаси бундайроқ инсташеърхон ўқиганларининг мағзини чақишга ожизлик қилса, қозоқнинг тўққиз пулидай соддагина қилиб, шеър мавзусини очиб берадиган ҳештеглар қўлланилади. Масалан, #муҳаббат, #табиат, #ҳокимият, #чигал_ҳиссиётлар, #менга_нима_фарқи_бор, #аёлларга_зулм_қилманг ва ҳоказо-ҳоказо. Қолаверса, сурат остига икки оғизгина қилиб шеър ҳақида, унда кўтарилган мавзунинг долзарблиги, дунёга келишига нима туртки бўлганию мазмун моҳияти ҳақида изоҳ ёзиш имкони ҳам ижод маҳсулининг ҳазм қилиниши ва кенг тарқалишига омил бўлади.

 

 

Аслини олганда, инсташеърият пайдо бўлишига айнан анъанавий шеърият, кучли шоирлар ўртасидаги рақобат туфайли ҳаваскор ижодкорларнинг ёзганлари китоб ҳолида чоп этилиши амри маҳол бўлиб қолгани сабаб эди. Шеърий китобларга талабгорлар кескин камайган айни замонда нашриётлар, адабий агентлар ва китобсотарлар учун сотуви чаққон, ўз номига эга шоирларнинг тўпламлари айни муддао бўларди.

 

Аввалбошда дунё жамоатчилигида инсташеърият китоб савдосини ўлдиради, одамлар китоб сотиб олмай қўяди, деган хавотирлар бор эди. Аммо ҳозирги кунда кўплаб мутахассислар мазкур оқимни шеърий китоблар сотувини рекорд даражада юқорига кўтарганини, одамларни шеърхонликка қайтарганини деб тан олишмоқда. Статистик маълумотларга бир қур назар солсак, 2017 йил ҳолатига кўра, бестселлерга айланган топ йигирмата шеърий китобларнинг ўн иккитаси айнан инсташоирлар қаламига мансуб. Маълумотнинг бироз эскилигини ҳисобга олганда, бугун бу рақамлар янада кўпайганини тахмин қилиш мумкин. Мисол сифатида, 2013 йилда инсташеъриятни бошлаб берганлардан бири, бугунга келиб унинг қироличаси ҳисобланмиш Рупи Каурнинг “Сут ва бол” (“Milk and honey”) шеърий тўпламини олайлик. 2014 йил чоп этилган ушбу китоб бугунга қадар Andrews McMeel нашриёти томонидан қайта-қайта нашр этилмоқда. Нашриётнинг расмий саҳифасидаги маълумотларга кўра, “Сут ва бол” ҳозиргача 11 миллион нусхадан ортиқ сотилган, дунёнинг 43 тилига таржима қилинган. Қолаверса, Каурнинг дебют китоби New-York Times бестселлерлари рўйхатида 77 ҳафтадан ортиқ пешқадамликни қўлдан бермаган. Энг қизиқарлиси, “Сут ва бол”нинг русча, инглизча нашрларини Ўзбекистондаги китоб дўконларидан ҳам топсангиз бўлади.

 

 

Каур хонимдан ташқари яна ўнлаб инсташоирларнинг қўлма-қўл бўлиб кетаётган китобларини бирма-бир санаса, рўйхатимиз узайиб кетади… Аммо бу авлоднинг энг таниқли ва энг фаоли Каурнинг ўзи. Ҳозир Рупи Каурни Инстаграмда қарийб тўрт ярим миллион одам кузатиб боради. Шоира асли панжоблик бўлиб, болалик чоғида оиласи билан Канадага кўчиб ўтган. “Брамптон (Канада)да яшовчи, тирик қолишга уринаётган, базўр кун кечираётган буғдойранг аёл учун” ёзувчи Каур шеъриятининг бош мавзуларини муҳожирлик, феминизм, ижтимоий тенглик, кучли инсон бўлиш, муҳаббат, психологик травмалар ташкил этади.

 

2009 йилдан ижод қила бошлаган шоиранинг “ Milk and honey”, “The sun and her flowers”, “Home body”, “Healing through words китоблари нашрдан чиққан. Шоиранинг Инстаграмини кузатсангиз, ҳар куни ҳали у давлатда, ҳали бу давлатда юриб, шеърхонлик кечаларини ўтказаётганини кўрасиз. Таққослаш бироз нотўғри бўлса-да, Рупи Каурнинг шеърхонлик кечаларига чиқариладиган чипталар қўшиқчи Катй Перрйнинг концертиникидан тез сотилиб кетади. Шоиранинг шуҳрати шу даражадаки, The New Republic нашри уни ҳеч иккиланмасдан “сўнгги ўн йилликнинг энг яхши ижодкори” дея кўкларга кўтарган. wealthygenius.com сайти маълумотларига кўра, ўттиз бир ёшли инсташоиранинг бойлиги айни вақтда 1.2 миллион долларга баҳоланган.

 

 

Рупи Каурдан ташқари инсташеърият оламида Аттиcус, Р.М. Драке, Никита Гилл, Аманда Ловелаcэ, Тйлер Кнотт Грегсон, Аманда Торрони, Летиcиа Сала, Айнур, Павана Реддй, Аурора Раине, Алех Аубрей, Зара Бас, Жоэй Кидней, Трйгве Скауг каби ижодкорлар дунё бўйлаб ўз ўқувчиларига эга.

 

Масалан, 2.9 миллион обуначиси бўлган Р.М. Драке Beautiful chaos” (Гўзал палапартишлик), “Black butterfly” (Қора капалак), “Empty bottles full of stories” (Ҳикояларга тўла бўш шишалар), “Moon theory” (Ой назарияси), “Broken flowers” (Синган гуллар) каби ўнлаб бестселлер китобларнинг муаллифи.

 

@yung_pueblo номида фаолият олиб борувчи асл исми Диего Перез эса “Inward” (Ичкари), “Lighter” (Ёриткич), “Clarity and connection” (Аниқлик ва боғлиқлик), “The way forward” (Олдинга йўл) китоблари билан машҳур. Эквадорлик шоирни бугун инстаграмда 2.6 миллион кузатувчи ўқиб боради.

 

1.6 миллион обуначига эга “Love her wild” (Уни телбаларча сев) “The dark between stars” (Юлдузлар орасидаги зулмат),  “The truth about magic” (Мўъжиза ҳақида ҳақиқат)  kitoblari muallifi @atticuspoetryning романтик руҳдаги шеърларидан олинган сатрлар ёзилган кийим-кечаклар кенг сотилади. Унинг ҳатто “Шоир” деган қаҳва ва вино бренди ҳам бор.

 

 

“These are the words” (Булар – сўзлар), “Fierce Fairytales” (Ваҳший эртаклар), “Where hope comes from” (Умид пайдо бўладиган манзил) каби китоблар муаллифи, 723 мингта обуначига эга @nikita_gill эса бир неча адабий мукофотлар соҳибига айланган.

 

Шунингдек, инстаграмда бошқаларнинг ижодини ёритиб, китобларини оммага таништириб, янги номларни кашф этиб борадиган шеърият блоглари ҳам бор. Улардан энг машҳури @poets бўлиб, шоирларнинг инста-ижод намуналарини жойлаб, изоҳлар қисмида муаллиф саҳифасига ҳавола бериб ўтади. Ушбу блог обуначилари ҳам Рупи Каур обуначилари сонига тенг – 4.4 миллион!

 

 

Ушбу рақамлардан кўринадики, бугун одамлар шеърдан, адабиётдан узоқлашмаган, фақат уларга ижодни, сўзни етказишнинг янги йўллари топилса бас. Албатта, инстаграмга жойланаётган ҳамма ижод намуналарини ҳам шеър деб атаб бўлмайди. Шунингдек, инсташеърият сўз санъатининг кенжатой оқими сифатида қаралаётган экан, ўз-ўзидан жаҳон адабиётшунослари, ўзини ижодга дахлдор деб билувчи ёзарман-у ўқирманлар бу мавзуни таҳлил ва танқид қилмай қўйишмайди. Тўғри-да, нима адабиёт бедарвозамидики, ҳар қандай ижод намунасини шеър деб атагани?

 

Айни шу мулоҳазалар сабаб бугун дунёдаги номдор университетлар талабаларига инсташеъриятни таҳлил қилишни ва ўз фикрларини баён қилган ҳолда эссе ёзишни вазифа сифатида беришмоқда. Ҳатто жорий йил бошида Германиянинг Сиеген университети тадқиқотчиси Неилс Пенкенинг “Instapoetry: Digital image texts ” номли китоби чоп этилди ва бу инсташеърият анализига бағишланган илк қўлланма ҳисобланади. Баъзи таҳлилчилар инсташеърият ва инста-ижодкорларни қаттиқ танқид қилса, баъзилари бу йўналишни ҳали эмаклаётган гўдакдай кўриб, силаб-сийпалаб, камолига кўз тикишмоқда. Масалан, Ребекка Уатс инсташоирларнинг юзига энг қаттиқ шапалоқни юзим-кўзим демай туширганлардан бири. Унинг 2018 йил Poetry Nation Review журналида чоп этилган “The cult of noble amateur” сарлавҳали мақоласида инсташеърият аёвсиз танқид қилинади. Шунингдек, Вину Каспер ҳам “Challenging the insta-poet community” мақоласида “Инсташоирлар сирасига Ж. Айрен Уорд, Р.М. Дрейк ва постларида исм-фамилиядан бошқа фарқли жиҳатлари кўзга ташланмайдиган ўнлаб ижодкорлар киради” дея танқид қилади. Каспер инсташеърият қироличасини ҳам аяб ўтирмайди: “Рупи Каур эса бестселлер китобини ёзиш учун худди Тумблрдаги статусларни кўчириб чиқиб, мана шуни шеър деб атаётганга ўхшайди”. Журналист ва ёзувчи Томас Ҳодгкинсон бўлса, “The Spectator” журналининг 2019 йил 23 ноябрь сонидаги мақоласида инсташоирлар ижоди ҳақида қуйидаги фикрларини билдирган: “Уларнинг постлари шоша-пиша ифодалаб, кейин шеърга ўхшатиб шакл берилган мияга бир келиб-кетадиган фикрларга ўхшайди”.

 

Яна бир гап, инсташеърият фақат бошқа давлатларда, жаҳонга машҳур тиллардагина бор экан-да, деб ўйламанг. Санасак бармоқларимиз ортиб қоладиган даражада бўлса ҳам, ҳар қалай ўзбек тилида ҳам янги оқимнинг намуналари мавжуд. Уларнинг сирасига Шуҳрат Ориф ижодини ёритиб борадиган “Куз шоири” (2 800га яқин обуначи) блогини, Нодира Назар ижодий саҳифасини (16 400 обуначи) киритиш мумкин. Сўнгги вақтда интернет оламида Меҳриноз Аббосова ҳам анча фаол, лекин шоиранинг видеошеърлари асосан You tube платформасига мослангани учун, инсташеърият талабларига жавоб бўлади, дея олмаймиз.

 

 

Шунингдек, номи зикр этилган ижодкорларимиз бизни инсташоир дея маломат қилишибди, деган хаёлга бормасликларини истардим. Аксинча, ҳар қайси яхши шоир ўз ижодини кенгроқ аудиторияга тақдим этса, ўзбек тилида ҳам юз минглаб, миллионлаб кузатувчиларга эга адабий саҳифалар дунёга келса, бундан фақатгина хурсанд бўламиз. Ҳарҳолда бу бугунги замон талаби, унга жавоб бериб, ижодини кенг ёйиш ёки бир ҳовуч хос мухлисларга овунишни маъқул кўриш эса ҳар бир ижодкорнинг ўзига ҳавола.  

 

Шоҳрух УСМОНОВ.

Oyina.uz

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси