Сартарошхонада китоб ўқиганларга 30 фоиз чегирма бор


Сақлаш
17:27 / 12.10.2021 1346 0

 

Ҳиндистондаги Тутикорин шаҳрида сифатли таълимдан узилиб қолган ёшларнинг ўқишга қизиқишини ошириш учун сартарош Понмариаппан ажойиб ғоя ўйлаб топди.

У сартарошхонасида навбат кутаётган мижозлар учун мўъжазгина кутубхона ташкил қилди ва “Китоб ўқиганга 30 фоиз чегирма”, деб ёзиб қўйди. Ҳозирда 40 ёшли сартарош бир вақтлар молиявий етишмовчилик туфайли 8-синфдаёқ мактабни ташлашга мажбур бўлган. Аммо бадиий мутолаани канда қилмади. Кейинчалик китоб йиғиш ва сартарошхонасида намойиш қилиш ғояси туғилди. Билимга чанқоқлиги боис ўз ишини таълим билан боғлади. Понмариаппаннинг кутубхонасида аудиокитоблар ҳам мавжуд, мижозлар таниқли шахсларнинг нутқларини эшитишлари мумкин.

– Мен олий маълумотли бўла олмадим, сизда эса ҳали имкон бор. Катта идораларда ишлаш болаликдан орзуйим эди. Аммо етишмовчилик сабабли мақсадларимдан воз кечишга мажбур бўлдим. Сартарошхонани очган куним эса қандай қилиб бўлса ҳам тирикчилигимни таълим билан боғлашга ният қилдим, – дейди сартарош Понмариаппан.

Кун бўйи мактабда китоб ўқиб, сартарошхонада ҳам дарс қиламизми, дея ташаббусга қарши чиққан ёшлар ҳам топилди. 30 фоизли чегирма эса уларни бу фикрдан қайтишига сабаб бўлди. Кутубхонадан фойдаланишнинг яна бир шарти – ҳар бир мижоз ўқиган асари ҳақида махсус қайдномага таассуротини ёзиб қўйиши керак. “Бу дафтардаги фикрлар асарни ўқишга бошқаларни ҳам қизиқтиради”, дейди у.

Понмариаппаннинг халқ кутубхонаси саккиз йил илгари 250 та китоб билан фаолиятини бошлаган, ҳозирда асарлар сони мингтадан ошди. Эзгу ташаббусни қўллаб-қувватлаш мақсадида беғараз китоб совға қиладиганлар ҳам кўпайди. Ҳозирда китобхонларга қулайлик яратиш учун китобларни уйда ўқишга бериб туриш ҳам йўлга қўйилган, деб хабар беради “The times of Indiaнашри.

Зулхумор ОРИФЖОНОВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//