Аёллар улғайтирган авлод, оқ ёқалиларга қарши исён ва бош қоида – Чак Паланик “Жанг клуби”нинг қандай дунёга келиши ҳақида


Сақлаш
04:03 / 11.07.2023 591 0

1996 йилда нашр этилган “Жанг клуби” романи Чак Паланикнинг энг машҳур асари ҳисобланади. Роман жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилинган, шу жумладан яқинда ўзбек тилига ҳам ўгирилди ва тез орада “Академнашр” нашриёти томонидан ўқувчиларга тақдим этилиши кутилмоқда. Шу муносабат билан муаллифнинг асар ҳақидаги мулоҳазалари жамланган мақоласини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 

У ҳали қорни қаппаймаган, футболкаси оқ, товони баланд жигарранг тўқали этик кийган йигитча. Оч сариқ сочлари устидан ковбойча похол шляпа бостириб олган. Кўк жинсисини катта темир тўқали қайиш тутиб туради. Қилтириқ, оппоқ қўллари этигининг учи каби қора, силлиқ.

 

Ковбой қоронғиликка навбатдаги қадамини қўяркан, менга шундай деди: “Арвоҳ туннелда кезишнинг биринчи қоидаси – Арвоҳ туннелда кезиш ҳақида гапирмаслик”.

 

Мен тўхтайман. Арқон табассумга ўхшаб ҳалиям орамизда осилиб турибди.

 

Толадан тўқилган сип-силлиқ арқонни чангалим билан қаттиқ сиқаман. Сўнг уни орқага тортиб, турган жойимда сўз бошлайман: “Ҳой...”

 

Қоронғида ковбойнинг овози янграйди: “Нима?”

Ўша китобни мен ёзганман, дейман.

Орамиздаги арқон тортила-тортила охири таранг бўлади.

Ковбой тўхтайди. Қоронғида туриб шундай дейди: “Қайси китобни?”

“Жанг клуби”ни, дейман.

 

Кейин у бир қадам юқорига кўтарилади. Зинага урилган тўқа овози яқинроқдан эшитилади. У яхшироқ кўриш учун шляпасини тепароққа кўтаради ва кўзларини пирпиратиб менга тикилади. Нафаси “Бойлермейкер”дай ўткир, алкотестердай кучли. У шундай дейди:

 

“Китоби ҳам борми?”

Ҳа. Чиққан.

Унда ҳали кино ҳақида гап ҳам йўқ эди...

 

 

Ҳали Виржиниядаги “4-H” клубларидагилар ноқонуний жанглар ташкил қилгани учун қўлга олинмагандилар...

 

Ҳали Донателла Версаче эркаклар кийимига устара тиғи тикиб, уни “Жанг клуби услуби” деб атамаган, “Гуччи” моделлари модалар намойишида кўйлаксиз, кўзлари кўкарган, юзи шишган, қонга беланган ҳолда боғичлар билан чиқмаган, “Долче ва Габбана” каби мода уйлари Миланнинг ифлос бетон ертўлаларида янги эркакча қиёфаларини – 70-йиллардаги фотосуратли силлиқ кўйлаклар, камуфляжли шимлар, тор ва белининг пасти чарм шимларни намойиш қилмаганди...

 

Ҳали йигитлар ишқор ёки супер елим билан қўлига ўпич чандиғи туширишга ақли етмасди...

 

Дунё бўйлаб исмини Тайлер Дёрденга ўзгартиришнинг қонуний чораларини излаган йигитлар битта ҳам йўқ эди...

 

Ҳали “Офис Депот”га оддий, жилосиз оқ ёрлиқ харид қилгани кириб, Эйвери Деннисон елимхалтасида (маҳсулот рақами: 8293) “Тайлер Дёрден 420 Пэйпер Ст. Уилмингтон, ДЕ 19886” дея ёзилган ёрлиқ нусхасини кўришингизга анча бор эди...

Ҳали The Weekly Standard “Эркаклик инқирози”ни эълон қилишига анча бор эди...

 

Сюзан Флауди “Муаллақ: америкалик одам хиёнати” номли китобига ҳали қўл урмаганди...

 

Ҳали The Onion газетаси “Қавувчилар жамияти”ни фош қилувчи мақола эълон қилиб, унда кекса аёлларнинг “Яланг қўл билан чок тикиш” иштиёқида черков ертўласига йиғилиши ҳамда “Қавувчилар жамиятининг биринчи қоидаси – қавувчилар жамияти ҳақида лом-мим демаслик” экани ҳақида ёзмаганди...

 

Ҳали биронта журнал ва газета муҳаррири менга қўнғироқ қилмаган, ўзлари турадиган ҳудудларда жанг клублари бор-йўқлигини суриштирмаган, у ерга яширинча мухбир юбориб, мақола ёздирмоқчи экани, аммо клуб бўлимларига оид махфий маълумотлар ошкор қилинмаслигини бот-бот таъкидлаб айтмаганди...

 

Ҳали америкача сиёсий мультфильмларда “Конгресс жанг клуби” намойиш этилмаганди...

 

Пенсилвания университети конференцияларида академиклар “Жанг клуби”ни Фрейддан то юмшоқ ҳайкаллар ва интерпретатив рақс мисолида таҳлил қилмаганди...

 

Аэропорт кутиш залларида “Тайлер Дёрден... Тайлер Дёрден, илтимос, таксофонга жавоб беринг” каби сохта эълонлар қулоққа чалинишидан аввал...

 

Лос Анжелес уйлари деворидаги граффитиларда бўёқ билан “Тайлер Дёрден тирик” дея ёзилган даъволарга кўзингиз тушишидан аввал...

 

Техасда одамлар “Марла Сингерни қутқар” ёзуви урилган футболкалар кия бошламаганди...

 

Китоб “Club de Combate”, “De Vechtclub”, “Borilacki Klub”, “Klub Golih Pesti”, “Kovos Klubas” ва бошқа номлар билан турли тилларга таржима қилинишидан анча олдинроқ...

 

Ҳаммасидан аввал...

 

 

У бор-йўғи бир ҳикоя эди. Ишхонада тушдан кейинги бекорчи вақтни ўлдириш баҳонасида қилинган тажриба эди холос. Ҳикояда қаҳрамонни саҳнадан саҳнага судраб юриш ўрнига, шунчаки кесиб-кесиб ташлаш режаси бор эди. Сакраб юриш. Саҳнадан саҳнага. Ўқувчини гангитмаган ҳолда. Ҳикоядаги ҳар бир жиҳатни, унинг туб моҳиятини кўрсатиш. Бир оловли нуқтани. Кейин бошқасини. Кейин яна.

 

Қандайдир нақарот ўйлаб топиш лозим эди. Китобхон диққатини тортмайдиган, бироқ ҳикоядаги янги ракурс ёки жиҳатга ўтишда ишора вазифасини ўтайдиган оддийгина нарса. Ўқувчи чалкашиб кетмаслиги учун тамал тоши ёки йўналиш вазифасини ўтайдиган бир таянч. Мазали тушлик вақти таомлар орасида тортилувчи мевали музқаймоққа ўхшайдиган. Радиоэшиттиришларда кейинги мавзуга, кейинги қисмга ўтилаётганини англатувчи қисқа мусиқасифат алланима. Турфа хил вазиятлар ва тафсилотлар мозаикасини бир бирига боғлаб турувчи елим ёки лой. Ҳикоядаги узлуксизликни таъминлаш ва бир воқеани бошқасига қарама-қарши қўймаган ҳолда намойиш қилиш. “Фуқаро Кейн” фильмини эсланг. Қиёфасиз, исмсиз кинохроника мухбирлари қандай қилиб турли манбалардан ҳикоя учун қобирға тиклайди?

 

Мен ўша куни ишхонада зерикиб, олдимга шундай мақсад қўйгандим. Хуллас, ўша нақарот, ўша “олиб ўтувчи қурилма” учун саккиз қоида яратдим. Жанг клуби ғоясининг ўзи муҳим эмасди. У ихтиёрий танлов. Фақат саккиз қоидани жорий қилишга бир дастак зарур эди. Хўш, у бировни жангга таклиф этишга имкон берадиган клуб бўлса-чи? Дискотекада рақсга таклиф қилганинг каби. Бировни билярд ёки дарт ўйнашга чорлаганингга ўхшаш. Муштлашув ҳикоянинг муҳим қисми эмасди. Менга фақат қоидалар қизиқ бўлган. Ўша оддий қоидалар клубни ўтмишдан ё айни лаҳзадан, яқиндан ё узоқдан, бошланиш ва ривожланиш нуқтасидан тасвирлаб, барча тафсилот ва ҳолатларни етти саҳифага жамлаш имконини берарди. Ўқувчини гангитмаган ҳолда.

 

Ўша вақтлари кўкарган кўзим – ёзги таътилдаги муштлашувдан қолган эсдалик тузалмаганди. Ҳамкасбларим ичида ҳеч ким бу ҳақида сўрамагани учун миямга бир фикр келди: қилмишларинг оқибати шу тақлид ҳеч кимни қизиқтирмаса, унда истаганингни қилишинг мумкин.

 

Айни вақтда китоб дўконлари “Бахт ва қувонч клуби”, “Я-Я опа-сингилларнинг илоҳий сирлари” ва “Кўрпани қандай қавиш керак?” каби китоблар билан тўла эди. Бу романларнинг барчаси аёлларга бирлашиш бўйича ижтимоий йўриқномалар тақдим қилган. Бир ерга йиғилиб, фикр алмашиш учун. Ҳамнафас яшаш учун. Бироқ эркакларга ҳамнафас яшаш учун ижтимоий йўриқнома вазифасини ўтайдиган китоб йўқ эди.

 

У эркакларга ўйин ёки топшириқнинг тузилиши, аҳамияти ва қоидаларини англатиши, бироқ ўта таъсирли бўлиб қолмаслиги зарур эди. У эркакларга бир ёқадан бош чиқариш бўйича йўл-йўриқ кўрсатиши лозим эди. У “Омбор қуриш клуби” ёки “Гольф клуби” бўлиши ҳам мумкин эди ва китоб ҳам ўшанда, эҳтимол, бозоргирроқ бўларди. Одамларни чўчитмасди. Лекин мен ўша куни зериккандан етти саҳифали “Жанг клуби” ҳикоясини ёздим. Бу мен сотишга муваффақ бўлган илк ҳикоя эди. “Блю ҳерон пресс” номли нашриёт уни “Бахт илинжи” номли антологияси учун эллик баксга сотиб олди. Дастлабки нашрда ноширлар Деннис ва Линни Стовалл ҳар бир нусхани китоб умуртқасида нотўғри сарлавҳа билан чоп этишди. Чоп этиш харажатлари эса уларнинг мўжазгина босмахонасини касодга учратди. Бугун эса улар барчасини сотиб бўлди. Хато билан нашр қилинган барча китобларни. Китобни асосан “Жанг клуби”нинг олтинчи боби саналувчи ўша илк ҳикояни излаётганлар олди.

 

У етти саҳифа эди, бир сафар менга ёзишни ўргатган устозим Том Спэнбауэр ҳикоя учун етти саҳифа жуда тобида бўлади, деб ҳазиллашганди.

 

Ҳикояни романга айлантириш учун дўстларимдан эшитган барча воқеаларни унга қўшиб чиқдим. Ўзим қатнашган ҳар битта кечадан китоб учун нимадир олардим. Бир сафар дўстим бу ҳикоялар одамларни айнитиши мумкин деб хавотирланди, аммо биз Орегонда яшаб, давлат мактабида ўқиган майда ишчи синф вакиллари эканимизни унга эслатдим. Миллионлаб одамлар ичида биз хаёллаган ҳар қандай ишни аллақачон қилиб кўрган кишилар топилади. Бир йилдан сўнг, Лондонда китоб тақдимоти бошланаётган маҳали бир йигит мени четга тортди. У беш юлдузли ресторанда официант бўлиб ишларкан – шаҳардаги иккита беш юлдузли рестораннинг бирида. Хуллас, официантлар овқатни булғаши ҳақидаги воқеалар унга ёқибди. У ва бошқа официантлар китобимни ўқишдан анча аввал машҳурларга бериладиган таомларни булғаб юраркан.

 

Мен асарни ёза бошлаган устахонада муаллифдан ўз ишини бошқаларга ўқиб бериш талаб этиларди. Мутолаа кўпинча бар ёки қаҳвахонада бўлгани туфайли қаҳва машинасидан чиқаётган шовқин сенга жўр бўларди. Ё телевизорда берилаётган футбол ўйини. Мусиқа, яна маст кишилар ғўнғири. Шу каби ғала-ғовур ва чалғитувчи нарсалар орасида энг ҳайратомуз, энг жўшқин, қайғули ва кулгили ҳикоялар тингланарди. “Омбор қуриш клуби” билан тингловчини бир жойга михлаб қўёлмаган бўлардим. Аслида менинг ёзганим “Буюк Гетсбини”нинг бироз янгиланган нусхаси эди. У “ҳаворийча” асар бўлиб, тирик қолган ҳаворий ўз қаҳрамони ҳақида сўзлаб беради. Унда икки эркак ва бир аёл бор. Ва эркаклардан бири, қаҳрамон, отиб ўлдирилади.

 

У эспрессо машинаси ва ESPN каналига бас кела оладиган даражада янгиланган қадимий классик романс эди.

 

Биринчи қораламани ёзишга уч ой кетди ва китоб уч кунда W. W. Norton нашрига сотилди. Аванс ўта кам тўлангани учун қанчалигини ҳеч кимга айтмадим. Индамадим. Чунки атиги олти минг доллар тўлашганди. Ҳозир бошқа ёзувчилар бу пулни “чой-чақа” деб билади. Шу қадар камки, ёзувчи бу хақоратни кўтаролмай, қўл силтаб кетади. Ношир эса китобга эга чиқмоқчи бўлган ходимларини хафа қилмаган ҳолда сувдан қуруқ чиқади. Нима бўлганда ҳам бу олти минг доллар эди. Бир йиллик ижарамни қопларди. Шунинг учун ҳам олдим. 1996 йил, август ойида эса қаттиқ муқовада нашрдан чиқди. Кейин эса Сиэтл, Портленд ва Сан Франсиско шаҳарларига саёҳат қилдим ва ҳеч бирида асаримни тинглаш учун учтадан ортиқ одам йиғилмади. Китобдан тушган пул ҳатто меҳмонхона минибарларидаги ичкиликларимга ҳам етмасди. Китобни бир тақризчи илмий фантастика деб атади. Бошқаси “Темиртан эркаклар ҳаракати” ҳақидаги сатира деди. Бошқаси оқ ёқалилар корпоратив маданияти ҳақидаги сатира деб таъриф берди. Кимдир ҳоррор деб номлади. Лекин ҳеч ким романс демади. Берклида радиобошловчи менга шундай савол берди: “Шу китоб муаллифи сифатида бугун америкалик аёлларнинг дунёдаги мавқейи ҳақида бизга нима дея оласиз?”

 

Лос Анжелес миллий оммавий радиосида коллеж профессори асар муваффақиятсиз чиққани, чунки унда ирқчилик масаласи кўтарилмагани ҳақида гапирди. Самолётда Портлендга қайтиб келаётсам, авиакомпания ходими менга эгилиб, бор ҳақиқатни айтишимни сўради. Айтишича, китоб асли умуман муштлашиш ҳақида эмас. Асли ҳалигинақалар жамоат ҳаммомларида фаҳш ишлар билан банд бўлиши ҳақида эмиш. Ҳа, шундай, дедим унга. Кейин у бутун парвоз давомида мени текин ичимлик билан меҳмон қилди. Бошқа тақризчиларга у ёқмабди. Кимдир “ўта қайғули”, бошқаси “ўта аёвсиз”, яна бири “ўта кескин, сершовқин ва догматик” деб атади. “Омбор қуриш клуби” уларга ёққан бўларди.

 

Шунга қарамай, асар 1997 йилнинг ўзида Тинч океани шимоли-ғарбий китоб сотувчилари мукофотига ҳамда энг яхши роман учун берилувчи Орегон китоб мукофотига лойиқ кўрилди. Бир йилдан сўнг Қуйи Манҳеттендаги “КГБ” адабий барида бир аёл ўзини менга таништирди. У Орегон мукофотини беришда бош ҳакам бўлган экан ва қолган ҳакамларни кўндириш учун тиш-тирноғи билан ҳаракат қилибди. Худо ёрлақасин. Яна бир йил ўтиб, ўша барда бошқа бир аёл ўзини менга таништирди ва “Жанг клуби” фильми учун компьютер анимацияси ёрдамида пингвин образини лойиҳалаштираётганини айтди. Кейин Брэд Питт, Эдвард Нортон ва Ҳелена Бонем Картерлар билан танишдим.

 

Ўшандан бери минглаб одамлардан мактуб келади ва уларнинг кўпи раҳмат мазмунида эди. Ўғлини, ёки эрини, ё талабаларини яна китоб ўқишга мажбур қила оладиган асар ёзганим учун. Бошқалари бир нави аламзадалик билан ёзади, аслида бутун “Жанг клуби” ғоясини у ўйлаб топганини таъкидлайди. Ҳарбий тайёргарлик ёки депрессия давридаги меҳнат лагерларида. Улар ичиб олиб, бир-биридан илтимос қиларкан: “Юзимга боплаб бир мушт туширмайсанми?”

 

Жанг клублари доимо бўлган, дейди улар. Бундан кейин ҳам жанг клублари бўлади. Официантлар доим таомни булғайди. Одамлар доим севиб қолади. Ҳозир, еттинчи нашрдан кейин ҳам, эркаклар ўзи яшаётган ҳудудда жанг клуби бор-йўқлигини суриштиради. Аёллар ҳам муштлашгани клуб борми, деб сўрашдан чарчашмайди. Демак, жанг клубининг биринчи қоидаси шу: миллионлаб-миллиардлаб одамлар ичида Орегонда яшаб, давлат мактабида ўқиган майда ишчи синф вакили хаёллаган ҳар қандай ишни аллақачон қилиб кўрган кишилар албатта топилади...

 

Инглиз тилидан Рафиқ ЎЗТУРК таржимаси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//