Россия Федерацияси халқ артисти Григорий Лепс шу йилнинг 23 октябр куни Тошкентдаги “Халқлар дўстлиги” санъат саройида концерт беришни мўлжаллаган эди. Украинага босқинни фаол тарғиб қилаётган, аввалроқ Украина қуролли кучларининг яксон этилган ҳар бир “Леопард” танки учун 1 млн рубл мукофот пули ваъда қилган ва бу ваъдасини амалга оширган қўшиқчининг Тошкентда концерт бериши фаоллар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кескин қаршилигига учради.
Блогер Мирзо Зоминий бу ҳақида ёзар экан, Лепсни “Халқлар дўстлиги”ни тушунмайдиган, кўзига Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар фақат пул бўлиб кўринадиган Z-артист деб атади.
Хонанданинг Қозоғистонда 8 июль куни ўтиши режалаштирилган концерт дастури қозоғистонлик фаоллар қаршилиги сабаб бекор қилинди. Блогер Тошкентдаги концерт чипталар 150 000 сўмдан 4 миллион сўмгача белгилангани ҳақида ёзди. У #LepsKerakmas, #StopZPropaganda, #BoycottLeps ҳештегларини оммалаштириш ва бефарқ бўлмасликка чақирди.
Маданият ва туризм вазири ўринбосари Баҳодир Аҳмедовнинг Kun.uz мухбири Илёс Сафаровга берган изоҳи фаоллар норозилигини янада кучайтирди.
Вазир ўринбосари Россиянинг Украинага босқинини тарғиб этиш билангина чекланмай, урушга ҳомийлик қилаётган рус хонандаларининг Ўзбекистонда режалаштирилган концертига нисбатан норозиликлар ва уларни бекор қилиш ҳақида бўлаётган талаблар ҳақида гапираркан, Ўзбекистонда санъатга тўсиқ йўқлигини айтиб, “фисқу фасод гаплардан йироқ бўлиш”га чақирди.
“Ҳозир бизга театр, эстрада йўналиши бўйича хонандалар келяпти. Буни қайсидир давлатларнинг бир-бирига бўлган муносабатига ҳеч қандай боғлиқлиги йўқ. Бу – санъат. Бундан тушган маблағларнинг урушга йўналтирилиши бўйича, очиқ айтиш керак, кўп гаплар бўляпти. Менимча, бу гаплар ҳақиқатдан йироқ.
Концертлар масаласига келсак, биз қайси давлатдан келадиган санъаткор бўлса, у яхши мақсадда келса, санъатга хизмат қиламан, санъатнинг кучини кўрсатаман, дегани бўлса, Ўзбекистон ҳеч қайси санъаткорга эшигини ёпиб, тамбалаб ташлагани йўқ.
Мана, келяпти, санъатини намойиш қиляпти, олқишини оляпти, кетяпти. Ҳеч қанақа нарса йўқ. Ўзбекистонда санъатга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Худога минг қатла шукр, тинч юртда яшаяпмиз.
Мана, туркий давлатларнинг ТУРКСОЙ ташкилотидан қанча санъаткорлар ташриф буюрди. Ҳаммаси концертини қўйди ва халқ олқишига эга бўляпти. Мана, кўргазмаларини ўтказишяпти. Яхши мақсадда келган инсон бўлса, Ўзбекистон – тинч юрт.
Халқимиз санъатсевар халқ. Анави ғийбат, фисқу фасод, пулни қаергадир ишлатаётган экан, деган гаплардан йироқ бўлиш керак. Бу гапларни гапираётганлар шу гапларни қўзғашга интилаётган инсонлар”, деди Баҳодир Аҳмедов.
Вазирлик мулозими Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларини оқловчи санъаткорларнинг концертлари Қозоғистонда бекор қилинаётганига ҳам муносабат билдирди.
“Бу – ён қўшниларнинг ўз сиёсати, ўз дунёси. Улар ўзи учун жавоб берсин, биз ўзимиз учун жавоб берамиз. Бир нарсани очиқ айтиш керак, бунақа ғийбат, фисқу фасод гаплардан йироқ бўлишимиз керак. Биз, Худога шукр, тинч жойда яшаяпмиз. Мана, санъатга бўлган эътибор. Нима кераги бор, концертга тушаркан, уни пулини урушга ишлатаркан, деган гапларнинг? Урушнинг куни шу концертнинг кунига қолибдими? Қўйсин, тинчлик билан қўйсин, тинчлик билан юрсин. Қачонгача ғийбат, фисқу фасод гаплар? Ҳа деса, рухсат берадиган бўлса, урушга тақайди. Тақаш керак эмас. Фақат яхши, олий ниятлар билан ҳаракат қилиш керак. Ҳамма нарсанинг ёмон тарафини ўйлаш керак эмас. Яхши тарафини ўйлаш керак. Шу санъаткор шу ерга ўз санъатини намойиш қилиш учун келибди, деган кўз билан қараш керак.
Иккинчи, учинчи ўринда турадиган фисқ-у фасоддан йироқроқ, устунроқ бўлишимиз керак. Шунда мақсадимизга эришамиз. Биз бир нарса учун курашишимиз керак: ёшларимиз санъатга чанқоқ, шуни қўллаб-қувватлашимиз керак. Бизнинг сиёсатимиз шу. Давлат раҳбарининг сиёсати ҳаммаси. Қаранг, Озарбойжонда бўлган муғом фестивалида гран-прини ким олди? Ўзбекнинг қоракўзи олди. Шахматда ким оляпти? Ўзбек қоракўзлари, Ўзбекистон фарзандлари оляпти. Биз фақат шулар ҳақида ўйлашимиз керак”, деган Ўзбекистон маданият ва туризм вазири ўринбосари Баҳодир Аҳмедов.
Блогер Шаҳноза Соатова мазкур концертни потенциал ёвузлик дея атади:
– Лепс урушни очиқчасига қўллаб, уни тарғиб қилиб, ҳар бир портлатилган танк учун 1 млн рублдан мукофот бераётган бир пайтда, унинг концертлари қатор мамлакатларда, жумладан, қўшни Қозоғистонда ҳам бекор қилинганда, бизнинг ҳукуматимиз эса нейтраллик позициясини урғулаб келаётган пайтда, бировнинг шахсий уйидан Украина байроғининг ечиб олинишини ҳам нейтрал позициямиз билан изоҳлаб турилган дамда, кўплаб мамлакатларда уруш тарғиботчиси сифатида қора рўйхатга тушган шахснинг пойтахт саҳнасида овозини баралла қилиб куйлашига қўйиб берилиши қайси “нейтраллик” билан изоҳланиши қизиқ. Кеча маданият вазири ўринбосаримизнинг бир неча марта “фисқ-фасод” сўзини ишлатган 2 дақиқалик нутқидан англадимки, одамлар санъатга “узумини еб, боғини суриштирмайдиган” истеъмолчи сифатида қараши керак экан. Суриштирсак “фисқ-фасод” бўларкан.
Агар санъаткорлар, маданият аҳли ўзини фақат саҳнадаги ижрочи эмас, ҳамон бир замонлардек зиёли ҳисобласа, майли амалдорлар нима дейишса ҳам (балки мавқе-лавозим мажбурияти уруш мавзусидан қочишни тақозо қилар), зиёлилар ёвузликка йўқ дейишлари керак. Даромадини очиқчасига урушни қўллашга йўллаётган Лепс Тошкентдаги концертидан тушган маблағларини яна бир танкни портлатиб, одамларни ўлдирганларга мукофот қилиб бериб юбориши – ёвузликдир. Демак, бу концерт потенциал ёвузликдир. Бу менинг ўта ШАХСИЙ қарашларим!
Блогер Умид Ғафуров ҳам концертга қаршилиги ҳақида ёзди:
– Григорий Лепс Украинага қарши урушнинг ҳомийларидан бири. Ўз каналида Россия жангчиларига ҳар бир портлатилган танк учун 1 млн рубль беришини очиқ эълон қилган эди ва кеча қайсидир жангчига пул мукофотини беришга ҳам улгурибди. Яқинда Лепс концерт дастури билан Ўзбекистонга келмоқчи. Демак, унинг концертига ташриф буюриш, қайсидир маънода уруш ҳомийсига айланишга тенг.
Шунга қарамай, “Маданият ва туризм” вазири ўринбосари ва урушга ҳомийлик ҳақидаги гапларига эътибор бермасликка чақиряпти. Шахсан мен Лепс концертига қаршиман. Бунақа “санъат”ни қўллаб-қувватлаш керак эмас!
Блогер, ҳуқуқшунос Зафарбек Солижонов вазир ўринбосари гапларини мамлакатнинг нейтрал позициясига қай даражада мослигини савол остига олди:
– 23 октябрда Тошкентда концерт беришни режалаётган Григорий Лепс Ватанини босқинчидан ҳимоя қилаётган украин “Леопард” танкини ишдан чиқарган россиялик ҳарбийга 1 миллион рубль тўлаб берди. Ваъда фактга айланди. У эндиликда ҳукуматининг босқинчилик сиёсатини тўғридан-тўғри молиялаштираётган уруш тарғиботчиси. Эртага Халқаро жиноят судида жавобгарликка тортилиши аниқ. Вақт масаласи бор, холос.
Эсимизни танибмизки, Ўзбекистон ҳар қандай конфликтларда доим нейтрал позицияда бўлиб келган. Унинг ташқи сиёсати шу принцип устига қурилган. Шунингдек, Ташқи сиёсий концепциямиз Ўзбекистон Республикасининг халқаро имижи ва нуфузини янада мустаҳкамлашга мўлжалланган. Юқоридаги каби инсонларни юртимиздан маблағ тўплаб кетиши ушбу принципларимизга зид эмасми?
Platforma.uz канали ҳам Баҳодир Аҳмедовнинг фикрларига кескин қарши чиқди:
– Баҳодир ака айтгандек “урушнинг куни концертнинг пулига қолмаган” экан, унда нега бу рус қўшиқчилари бунчалик постсовет давлатларига гастрол қилишга жон-жаҳди билан тиришяпти?
Уйингда уруш бўлаётган бўлса, қўшиқ айтиб нима қиласан, дейиш мумкин-ку, масалан. Булар эса у ёқдан қувилса, бу ёққа чопаётир. Кейин, вазир ўринбосарининг “қўшни давлатларнинг бу борада ўз сиёсати бор” деган гапи бир томондан тўғри.
Ҳақиқатан ҳам, журналист назарда тутган “қўшни”лар бу концертлар Россия нафси (амбиция)сининг ҳарбий босимдан кейинги иккинчи томони – “юмшоқ куч” эканини англашган. Шунинг учун бундай қўшиқ кечаларини узил-кесил тақиқлаган.
Қўшниларимизнинг мафкура ва маданият билан шуғулланадиган аъёнлари жамиятнинг “гапи”га қулоқ тутган. Биздагиларга ўхшаб, одамларни фисқ-фасодчига чиқармаган.
Аслида Маданият ва туризм вазирлигидаги катталар рус эстрадаси “юлдуз”ларини бу ёққа олиб кираман, деб жамият билан оёқ тирашиб тортишгунча, ўзимизнинг санъаткорларнинг минтақа бўйлаб концертларини йўлга қўйишни ўйласа бўларди. Ўз ўрнида қўшни давлатлар санъаткорлари бизга ҳам келсин. Бу халқларимизни бир-бирига яқинлаштиришга хизмат қилади. Мен, масалан, ҳозир шундай концепция борлигига шубҳаланаман. Аслида бу ишни қилиш керак. Маданий яқинлашув кўп нарсани ҳал этиши мумкин. Жумладан, биз тинимсиз гапираётган интеграция жараёнларини ҳам.
Блогер Мирзо Зоминий вазир ўринбосари фикрлари Ўзбекистон имижи, туризм ривожига ҳам салбий таъсир кўрсатиши ҳақида ёзди.
– Вазирликнинг асосий вазифаларидан бирига туризмни ривожлантириш ҳам киради ва келажакда Z-пропагандачи артистлар нажот топадиган, пул ишлаб кетадиган Ўзбекистоннинг жаҳондаги имижига, қарабсизки, туризмига ҳам сезиларли путур етади. Санкциялар, санкциялар ва унинг ортидан яна санкциялар келади. Ўз юртида шаънини ҳимоя қилолмаган ўзбекистонликларга эса халқаро майдонда ҳам паст назар билан қарай бошлашади. Визага ойлаб навбатда туришда, камситилишда давом этамиз.
У фуқароларни концертни бойкот қилишга чақирди ва Ўзбекистонда уруш молиялаштирилиши учун пул йиғилмаслиги керак, дея ёзди.
Норозиликлардан сўнг Маданият ва туризм вазирлиги 23 октябр куни бўлиб ўтиши кутилаётган концерт қолдирилганини маълум қилди. Вазирлик билдиришига кўра, бунга айрим техник сабаблар монелик қилган. Мухлислар сотиб олинган чипталар пулини тегишли тартибда қайтариб олишлари мумкин.
Концерт бўлмаслиги ҳақидаги хабарни фаоллар илиқ қарши олди.
“Санъат ва сиёсатнинг чегарасини жамоатчилик жуда яхши фарқлайди. Мутасаддилар ҳам англаб бошласалар, аъло бўларди”, дея ёзди Шаҳноза Соатова.
Блогер ва журналист Муҳрим Аъзамхўжаевнинг фикрича, “Бўлмаган шу концертнинг бир фойдали томони – биз шу баҳона “Ўзбекистонда санъатга ҳеч қандай тўсиқ йўқ”лигини билиб олдик”.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришлари вазири маслаҳатчиси Расул Кушербоев ҳам телеграм каналида ҳолат ҳақида ёзар экан, билет сотиб олганларни билвосита қотил деб атади.
– Шахсан мен бу ишдан хурсандман. Лепснинг концертига билет сотиб олган ҳар бир ўзбекистонлик билвосита қотил, босқинчи рус армиясини молиявий қўллаб-қувватлаган бўларди. Айнан Лепс кабиларнинг кўмаги туфайли кеча тунда рус қўшини Львов шаҳрида ухлаб ётган тинч аҳолининг уйларига ҳужум қилиб, кўплаб болалар ва катталарни ўлдирди ва ўлдиришда давом этмоқда.
Афсуски, Лепс кабиларнинг концертига кириш яна кўплаб бегуноҳ одамларнинг ўлдирилишига йўл очиб беради. Шу боис ақли расо, гуманист ҳар бир инсон бу зулмга қарши чиқа олмаган тақдирда ҳам унга қўшилиш, шерик бўлишдан тийилмоғи лозим.
Зафарбек Солижонов фикрича, вазирлик ҳисобига Баҳодир Аҳмедовни деб битта “жёлтая карточка” ёзилди. “Лепсни унутамиз, бироқ вазир ўринбосари Баҳодир Аҳмедов “қалбимиз”да яшайди. Оғриқли бўлди”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, Украинага босқин бошланганидан бери Россиядан уруш тарғиботчиси бўлган бир қанча “санъаткор”лар мамлакатимизга келиб, ёш истеъдодларимизга маҳорат дарслари ўтиб кетишди. Тошкентда Z-артистлар иштирокида ўтказилиши мўлжалланган “Жара” фестивали эса ўзбекистонлик фаоллар норозилиги ортидан бекор қилинди. Шу йилнинг сентябр ойида ташкил этилажак Тошкент кинофестивалига ҳам Россиядан катта делегация келиши кутилмоқда. Умид қиламизки, уларнинг орасида уруш яловбардорлари бўлмайди.
Мафтуна АБДУШУКУРОВА тайёрлади.
Oyina.uz
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ