Вазирлар кўп, Маҳмуд Саъдий битта! – Журналистиканинг заргари ҳақидаги ҳақиқатлар


Сақлаш
09:01 / 06.07.2023 894 0

Бу воқеаларни бирон ўн йиллар ўтгач ёзсам керак, деб ўйлагандим. Ёдга тушганда гоҳ кўнгил ёришиб, гоҳ тундлашиб, баъзан кулиб, баъзан маҳзун бўлиб эсланадиган ўша кунлар чорак асрлик ҳаётимда алоҳида бир давр бўлиб қолди.

 

Маҳмуд Саъдий, “Маърифат” ва камина… Бу боғланишда, албатта, “Маърифат” ўртада бўлади. Чунки бу газета бўлмаганда, ўзбек таҳрир санъатининг мумтоз вакили Саъдий домланинг суҳбатида бўлолмасдим. Балки бир куни бу гигант инсоннинг қаршисидан чиқардим, лекин бунинг устоз учун ҳеч аҳамияти бўлмасди. Абдулла Ориф айтганидек, “зарра буюкликка урилар, аммо буюклик заррага урилмас экан”.

 

 

“Курьер” фильмини кўрганмисиз?”

 

У кунлар халқаро журналистика факультетининг бирор тилни билмайдиган, қўлидан қоғоз қоралашдан бошқа ҳеч нарса келмайдиган, ҳатто шугинани ҳам эплаб бажара олмайдиган талабасининг шаҳри Тошканда кун кўриб қолиш хаёли замонавий Дон Кихот ҳақидаги бирон ривоятга яхши бошланма бўларди. Албатта, уни тарбия қилса, бирон нима чиқариш мумкин. Лекин қани бир ҳиммати баланд тарбиячи? Бир куни қайсидир ўқитувчи билиб ё билмай, ҳақиқатни англатиб қўйди. “Университет сенга таълим беришга мажбур эмас, сени йўналтиради, холос”. Шундан кейингина изиллаб йўл излаш бошланди.

 

Матбуотчилар кўчасидаги 32-бинонинг кираверишида рўйхатхонасидан ўтиб, лифтда 4-қаватга кўтарилганимда бу ўша – изиллаб изланган йўл эканини билгандим, десам лоф бўлади.

 

“Нега “Маърифат”га ишга кирмоқчисиз?”

 

“Матбуотга қизиқаман”.

 

“Талабалар одатда телевизорда чиқишга ишқивоз бўларди…”

 

 

Бош муҳаррир суҳбатидан чиққан каминага газета масъул котиби илк сўзини: “Курьер” деган фильмни кўрганмисиз?” – деб бошлаганди. – Кўриш керак!”

 

Дарсга боришдан олдин ярим тунда нашрдан чиққан газетанинг бир неча нусхасини муассис бўлмиш вазирликка элтаман. Кейин хатлар, ташкилотларга мурожаатлар дегандек… Хуллас, ишим унча қийин эмас. Бўш вақтларда газета тахламларини варақлайман, китоб ўқийман, ҳушимга келган нарсани ёзаман. Хуллас, бир талаба учун бу шароит – комфорт!

 

Ўшанда “Маърифат”нинг журналистлар орасида обрўси анча юқори, бу ерда ишлаш дарсларда ҳам бироз енгиллик берарди. “Маърифат” ҳақида гапирилганда “мактаби бор” деган таъриф кўп ишлатилади. Айнан шу мактаб мени ўзига тортгани, олий таълимдан излаган нарсаларимни ўша мактабдан топганим унга ихлосимни оширганини ҳис қиламан. Бу мактаб тўғри келган талабани қабул қилавермас, у ерга тайёр журналист бўлиб бориб, яна ҳам юксалиш мумкин эди. Шу сабаб “югурдаклик”ка ҳам журналистик қизиқиши бор бўлган, “газета қоғозини ҳидлаб маза қиладиган” ходимни ишга олиб, “қозонида пишириб”, ижодкор мутахассис сифатида ўзида олиб қоларди. Хуллас, бу даргоҳга каминанинг кириб келиши матбуотнинг кучга тўлган, лекин чегаралари аниқ белгиланган даврига, кетиши эса унинг нуфузи пасайиб, аммо сўз эркинлиги кенгроқ берилган даврга тўғри келди.

 

 

“Сен “жонтоқ” ҳам нимадир ёзсанг керак…”

 

У пайтда Маҳмуд Саъдий деган номнигина билардик, холос. Бир куни қўлимга домланинг 70 йиллик юбилейи арафасида тайёрланган “Қадр” номли китоб тушиб қолди. Унда Маҳмуд Саъдийга берилган қатор эътирофлар орасидан “таҳрир санъатининг сўнгги могикани” дегани шууримда қолиб кетди.

 

 

Омадсизликни қаранг, устоз халқаро журналистика факультетидан кетгандан сўнг ўқишга кирдик. Омадни қарангки, устоз “Маърифат”га ишга келганларида шу ерда эдик.

 

Ниятим – газетанинг адабиёт бўлимига ишга ўтиш. Шу сабаб ҳам бошқа бўлимга ўтишни пайсалга солиб, “курьерлик” хуржунини бўйинга илиб узоқ қолиб кетдим. Аслида бунга айрим саркашликларим ҳам сабаб бўлган. Ўша кунларда Саъдий домла адабиёт бўлимига муҳаррир бўлиб келди. Шундай қилиб, “Саъдийли” кунлар бошланди.

 

Устоз мени бир курьер деб билар, лекин ёзганларимни кўрсатишга ботинмасдим, деёлмайман. Саъдий домланинг ёнидан одам аримас, ўзи ҳам қайсидир нималарнингдир таҳрири билан банд бўларди. Кейин билсам, уларнинг аксари иши тушганда бир келиб-кетувчи “шогирдлар” экан.

 

Бир куни менга “сен “жонтоқ” ҳам нимадир ёзсанг керак” деганидан қувонгандим. Балки, биров айтгандир, лекин ўшанда устоз наздида “нимадир ёзадиган одам” деб аталиш каминага хуш ёққани рост.

 

Кейин бир воқеа бўлди-ю, Маҳмуд Саъдийга отнинг қашқасидек танилиб олдим…

 

 

“Сендан яхши олим чиқади, “кавлаш”га уста экансан…”

 

Баъзан газета чиқадиган кунлари мусаҳҳиҳларга ёрдам бериш чекимга тушарди. “Адабиётга бағишланган саҳифада устознинг “Гурунг” деган рукни бўлиб, унда кишини бир ўқишда ўзига тортиб оладиган кичик-кичик ҳикоялар, ибратли воқеалар, адабий маълумотлар ўрин олган. Қўлимга шу саҳифа тушди. Бошидан ўқий кетдим. Саҳифа охирроғидаги бир мумтоз асардан берилган парчани ўқиб, иккиланиб қолдим. Мисралар таниш – асар номи бошқа. Абитуриентликда тест деган маросимга тайёрланиш учун ёдлаган маълумотларимга таяниб, уни ўзгартириб қўйдим ва тузатишга бериб юбордим.

 

Бироздан сўнг мусаҳҳиҳлар хонасига устознинг яқин шогирди жиддий қиёфада кириб келди: “Бу саҳифани ким ўзгартирди?”. Улар мени кўрсатишгач, устознинг ёнига бирга кирдик.

 

“Буни сен ўзгартирдингми?”

 

“Ҳа, лекин…”

 

“Сен ўзгартирдингми?”

 

“Мен”.

 

“Нега ўзгартирасан?”

 

“Шундай ўқиганман”.

 

“Қайда ўқигансан?”

 

“Дарсликда”.

 

“Уни ёзганларнинг ҳам аҳволини биламан”.

 

“Лекин... устоз, шундай ёзилган…”

 

Одамзод ўзи ишонган бир бурда ҳақиқатдан бошқасини тан олмайдиган мавжудот эмасми, айбгинамни тан олавермадим. Домла тортмадан эски бир китобни олди. Муаллифи – “Ҳайитметов”.

 

“Шу одамдан билимдонмисан?”

 

“Лекин…”

 

“Хўп, кўп ўқиган экансан, мен билмас эканман, шу китобнинг муаллифига ишонарсан…”

 

“Узр, устоз, адашибман…”

 

Бу ерда устознинг қайсарлиги билан каминанинг қайсарлиги тўқнашган эди. Таслим бўлганим билан ичимда ўзимнинг ҳақлигимга ишончим комил, буни устоз юзимдан сезиб турарди.

 

Ҳаммаси шу билан тугаса, қанийди. Эртасига бир пара дарсга хайр-маъзурни насия қилиб, миллий кутубхонага йўл олдим. “Ўзбек адабиёти тарихи” деган 3 томлик китобдан кечаги баҳсга сабаб бўлган муаллиф ва асарлардан парчалардан нусха олдим. Муаллифлар рўйхати, тақризчилар ҳам қолмади. Ҳақлигимга исбот топганимдан хурсанд бўлиб, таҳририятга йўрғаладим.

 

Саъдий домланинг хонасига одоб билан кириб, қўлимдаги қоғозларни столга қўйдим. Кечаги ўзгаришларни атай қилмаганимни, ишонганим учун қилганимни тушунтирмоқчи бўлдим. Устознинг авзойи бузилди, лекин гапларимни диққат билан эшитиб бўлиб, секин сўз бошлади:

 

“Сенга маслаҳатим, илм йўлидан кет …”

 

Бу мақтовми, бирор нарсага шаъмами, билолмай қолдим. Устоз сўзини яна такрорлади:

 

“Сендан яхши олим чиқади, “кавлаш”га жуда уста экансан…”

 

Адабиёт бўлимидан сувга тушган мушукдай чиқиб, кечга қадар бошқа машғулотлар билан банд бўлдим. Эртаси куни ишхонага келсам, ҳамма менга бошқача қараш қиляпти. Бош муҳаррир ўринбосари кулиб қарши олди:

 

“Табриклаймиз, буюк Маҳмуд Саъдий билан жангдан омон чиқибсиз”.

 

Устоз мен билан бўлган воқеадан кейин масъул котиб, бош муҳаррир ўринбосари ва бош муҳаррирнинг ёнига кирган. “Нега газета анъанасини, ходимларнинг вазифасини билмайдиган болани бу ерга олиб келгансизлар”, деб норози бўлган.

 

Бунга асос шуки, мусаҳҳиҳ бўлим муҳарриридан чиққан саҳифани таҳрирлашга ҳаққи йўқ, у фақат техник хатолар учун масъул. Аксига олиб, камина ўзгартирган ўша машъум саҳифани муҳаррир ўринбосари ҳам, бош муҳаррир ҳам ўқиган. Маҳмуд Саъдий масъул бўлган саҳифага ҳеч ким қалам теккизишга ҳадди сиғмас экан (албатта, каминадан бўлак).

 

Шундай қилиб, адабиёт бўлимида Саъдий домла билан ишлаш орзуси бир муддат ортга сурилди.

 

Бу воқеалар менга дарсликларда ва бошқа китобларда фақат ҳақиқат ёзилмаслиги, дарс ва маърузалардан ташқарида бериладиган муҳим билимлар ҳам борлигини, ижодкор ўз ҳақиқатини топиш учун уларнинг барчасини мустақил таҳлил қилиши шарт эканини ўргатди.

 

 

Вазирлар кўп, Маҳмуд Саъдий битта!

 

Ўша кунлари “мажбурий обунага қарши кураш” баҳонасида бошланган ҳаракатлар сабаб ўзбек матбуотида бир силкиниш бўлганди, чамамда.

 

Аслида “Маърифат” каби нашрларнинг обунаси ортидан пул ишлашга ўрганиб қолган раҳбарчалар нашр нархи устига ўз нархини ҳам қўйиб олиши, бутун матбуотни эл кўзига, ҳатто матбуотдан ташқаридаги журналистлар кўзига ҳам олабўжи кўрсатиб қўйган.

 

Хуллас, ўша пайтда янги келган раҳбар таълим тизимидан мажбурий обунани йўқ қилишга бел боғлади. Бунинг чораси сифатида эса таълим нашрларининг ягона бошқарув остида бирлашишини кўрди. Бу бир қарашда соҳа нашрларини қўллашга ўхшар, лекин унинг тагида, эҳтимол, раҳбарга ҳам аён бўлмаган манфаатлар бор эди. Унга айрим таҳририятлар қарши бўлди, чунки бу шундоқ ҳам ҳаминқадар бўлган эркинликни тўла-тўкис бўғиб қўя қоларди.

 

Асли “интернет кишиси” бўлган янги раҳбар бу ўзбошимчаликка қарши “Маърифат” ўз кунини ўзи кўрсин унда, деган қарашда бўлди. Ҳатто “Маърифат”га обуна уюштирган мактаб директорларини ишдан олишгача борди.

 

Таҳририятга эса ўқитувчилардан “нега бизнинг мактабимизга “Маърифат” келмай қўйди” деган саволлар, ҳатто айбномалар келарди. Бунинг сабаби эса уларнинг шунчаки газетага обуна бўлмагани, уларга ҳеч ким “обуна бўлмасанг газета келмайди” деб айтмагани. Хуллас, бу ёғи – яшаб қолиш учун кураш. Мамлакатнинг энг нуфузли 3 та нашридан бири бўлган газета тиражи шу тахлит камайиб кетди.

 

Шундай пайтда устоз Маҳмуд Саъдий имзоси билан “ХХI аср” газетасида бир мақола чоп этилди. Унда чет элда таҳсил олган раҳбарнинг газета ўқимаслиги, ҳолбуки, бирорта ривожланган мамлакатда газета эскилик белгиси деб қаралмаслиги, аксинча, маданий ҳаётнинг ажралмас қисми сифатида давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ҳақида сўз борарди.

 

Демократлиги эътироф этилган янги раҳбар “Маҳмуд Саъдий деганлари менинг ишчанлик обрўйимга путур етказди” дея судга мурожаат қилди. Бу ёқда эса вазир командасидагилар матбуотчиларга қарши кампанияни бошлаб юборди. Ҳатто муҳокамалар чоғида “матбуотда обуна орқали оила боқаётганлар боласига ҳаром луқма олиб боряпти” деб ёзган ҳамкасбларимиз ҳам бўлди...

 

Facebook” тармоғининг ажойиб функцияси бор. Йиллар аввал ёзилган фикрларингизни бот-бот эслатиб туради. Унинг эслатишича, камина воқеалар бошланишига сабаб бўлган таҳририятни давлат унитар корхонаси(ДУК)га айлантириш таклифига киноя қилиб “Дук! Дук! Дук! Матбуотга яна бир ҳужум!” деган алламбало чиқишлар қилган эканман.

 

Бўлаётган ҳужумларга қарши интернетда “жангга” киришиб кетдик. Ўша пайтлари устознинг менга муносабати бироз илигандек туюлди. Устознинг яқин шогирди: “Бу бола фалон нарсани ёзиб чиқибди кеча, ижтимоий тармоқда сизга тош отаётганлар билан баҳслашиб юрибди”, деб ёнимни олиб кўрганда, Саъдий домла: “Менга қара, полвон, бу аввал сенинг жойингни, кейин менинг ўрнимни эгалламоқчи”, деганини кулиб айтиб берганди. Ўшанда каминанинг сурбетлиги устознинг қалбига қанчалик оғир ботганини ҳис қилганман…

 

Суд жараёни арафасида Саъдий домла шифохонада даволанишига тўғри келди. Ўшандай ҳолатда ҳам: “Вазир судда ютиб чиқса, журналист билан судлашган вазир деган ном олади, мен нари борса 2-3 млн жарима тўлайман. Агар енгилса, журналистдан енгилган амалдор бўлиб шарманда бўлади”, деганди.

 

Аслида вазир Маҳмуд Саъдийни оддий бир журналист деб ўйлаган. Агар у суддан даъвосини қайтиб олмаса эди, ўзбек журналистикасининг юзлаб забардаст вакилларининг устози билан ўчакишиб қолганини яхшилаб тушунтириб қўйишган бўларди…

 

 

“Яхшилик жазосиз қолмайди”

 

Бу – донишманд халқнинг донишманд вакили бизга қолдирган мақол! Бу иқрорга устознинг “яхшилик қил, сувга от…” қабилидаги феъли билан бирга севимли ҳунари бўлмиш муҳаррирликка садоқати ҳам сабаб бўлган, деб ўйлайман.

 

Ўзи ёқтирмаган, ҳатто ўзига ёмонлик қилган инсонларнинг ҳам яхши мақоласи, асари бўлса, уни таҳрир қилиб, чоп эттираверарди. Бу ҳолат мен билан ҳам содир бўлган...

 

 

Устознинг “қора рўйхати”га тушган кезларим.

 

Ёшлар орасида тилга тушган, устозларнинг меҳрини қозонган соф қалбли шоира опам Бахтинисо Маҳмудова Туркияда операциядан сўнг вафот этгани ҳақидаги шум хабар келди. Бутун тенгошлари, уни билган ҳар бир инсон шоиранинг даволаниши учун ҳисса қўшишга уринганди. Университетларда акциялар ўтказилиб, ҳатто ҳофиз Шуҳрат Дарё хайрия концерт тадбирлари ташкиллаштириб, операция учун зарур маблағ тўпланган эди. Лекин сўнгида бу қора хабар… Шоиранинг, унинг соғайиши учун курашганларнинг ҳурмати бир хотира очерки бошладим. “Хотира” рукни билан сарлавҳасига опанинг ўз шеъридан бир мисрани олиб “Мен бахт эмас, Бахтинисоман” деб ёзиб, Адабиёт бўлимига кириб бордим. Устоз столга ўмганини тираб, ниманидир таҳрирларди. Ниятимни айтиб, материални кўрсатдим. Менга бироз қараб турди-да, ёнига ўтқизди ва “бирга ўқиймиз” деди.

 

Бир томондан орадаги муз кўчганига, бошқа томондан кимсан Маҳмуд Саъдийнинг таҳриридан баҳраманд бўлишимни ўйлаб хурсанд эдим.

 

“Рукн: “Хотира”. Буни “Марсия” деймиз…”

 

Бирдан бу мақола марсия эмас, хотира-ку, деган ўй келди. Тилгинамни тийдим.

 

Устоз ўйлаганимни сезгандек изоҳ берди:

 

“Марсия” деган рукн йўқолиб кетди. Бу мақола билан газетада битта рукнни қайта тиклаган бўласан…”

 

Шу тарзда мақолани сабр билан ва қалам билан чизганча ўқиб чиқди. Баъзи жойларда фикрларини билдирди. Умуман, айтмоқчи бўлган ҳеч бир фикримга жиддий эътироз бўлмади. Очерк ўша сонда газетада чоп этилди.

 

Ҳойнаҳой, устоз бу яхшилигининг ҳам жазосиз қолмаслигига ишончи комил эди…

 

 

***

Саъдий домла билан ишлаш ниятимни охири бош муҳаррир Ҳусан Карвонлига билдирдим. Мени етаклаб устознинг ёнига олиб кирди:

 

“Устоз, қўл остингизга ёш ходимимизни топширмоқчимиз”.

 

“Яхши, лекин мен бу болани ишга олмайман, бунинг бир одати бор “кавлашга мойил…”

 

“Сиз бир синаб кўринг, эплай олмаса…”

 

“Бўпти, синаб кўрамиз, эплай олмаса… жавобини берамиз”.

 

Шундай қилиб устознинг қўл остида иш бошладим.

 

Бошда менга берилган топшириқларни қайтадан текширтириб олар эди. Кейинчалик ишонч пайдо бўлди, шекилли, эркин мавзуларда нималар ёзмоқчилигимни сўрайдиган бўлди.

 

“Бу йўлда кетмоқчи бўлсанг, жиддий ишлар бошла. Исмингни матбуотда муҳрлайдиган туркум мақолалар қил”, деб тавсиялар берди… Аммо камина танбал жаноблари бу тавсиялар бўйича бирор нима қоралашга ҳафсала қилмадим, журъат қилмадим…

 

Бора-бора “Гурунг” саҳифаси учун материаллар териб бериш ҳам каминага ишониб топширила бошланди. Бу – “буюк музлик даври”нинг якуни эди.

 

 

***

“Устоз, фалончи шоир қандай?”, деб сўрайман. “У шоир эмас, собиқ шоир! Ўзини тутиб қолганида ўзбекнинг зўр шоири бўлиши мумкин эди”, деб шеърларини ўқиб эсимни таниган улуғ шоирни “ширин сўзлар” билан сийлай кетади.

 

“Устоз, бу шоирга нима дейсиз?”, дейман. “Ҳа-а, у тузук. Лекин охирги ёзганларида чалғиб кетган”, деб баҳо беради камина эътиқоди бутун шоир деб ихлос қўйган зотга.

 

“Устоз, мана бу шоирнинг нимаси яхши?”, “У эркак шоир! Ҳозир бунақалар кам” дейди.

 

Саъдий домла ижодкорнинг ёзганига эмас, шахсига қараб баҳо берарди. Шахсида кемтиклик кўрган ёзгувчини адиб қаторига қўшмаган. Ижодкор шахсиятига у олган мукофотлар, эгаллаган лавозимлар, ҳатто чиқарган китобларию ёзган асарлари билан ҳам баҳо бериб бўлмаслигини, ижодкорнинг, устоз айтмоқчи “граждан”лиги, эътиқодидан оғишмай яшаши ва ижод қилиши билангина баҳо бериш мумкинлигини Маҳмуд Саъдий домланинг тутумидан англадим.

 

“Эсингдан чиқарма, энг пасткаш ижодкорнинг ҳам ҳеч бўлмаса битта соф асари бўлади. Чунки одам доим ҳам ёмон бўлиб яшолмайди. Қалбига бир лаҳзага ёруғлик кириб келганда, гўзал асар ёзиб қўйиши мумкин. Бу асарларни инкор этиб бўлмайди...” Бу – Маҳмуд Саъдий берган яна бир сабоқ!

 

 

 

Дуоси ҳам таҳрир

 

Бу энди устознинг яқин шогирди “полвон”нинг латифаси. Бу ҳангомани у айтиб берганди:

 

Саъдий домланинг ёнига шогирди, маҳоратли муҳаррир Ҳалим Сайид келади. Турли мавзуларда суҳбатлардан кейин Ҳалим домла “устоз, бир дуо қилинг” деб кетишга изн сўрайди. Саъдий домла дуога қўл очиб, сўз бошлайди ва гап ўртасида бир нима эсига тушиб қолади: “Ҳа, айтганча, “Қрим” эмас “Қирим” деб ёзилар экан…”

 

“Устоз, сизнинг дуонгиз ҳам таҳрир-эй”, деб Ҳалим Сайид юзига фотиҳа тортади.

 

 

“Диплом қиз болами, ҳимоя қиласан?”

 

Бакалавр диплом ишини ёқлаш арафасида эдим. Илмий ишга ташқи тақризчи керак, мавзу – шоирлар публицистикаси.

 

“Устоз, диплом ҳимоя қилаётган эдим…”

 

“Диплом қиз болами, ҳимоя қиласан, “ёқлайман”, де…”

 

“Оппонент керак дейишяпти”.

 

“Бўламан”.

 

Ишни ёздим-у, ундан муҳимроқ ишларга эътибор қилмаган эканман. Яъниким, уни қандай чоп этиш, муқовасининг ранги қандай бўлиши, варақнинг чапию ўнги, тепаю пастидан неча сантиметр жой қолиши, ишнинг электрон тақдимот варианти… кабилар хотирдан фаромуш бўлмиш. Аммо пинак бузмасдан “бу даргоҳдан ҳеч ким норизо бўлиб кетмаслигига” қатъий ишониб юрган чоғим телефон жиринглайди: “Қаерга бориш керак?”

 

Маҳмуд Саъдий каминанинг диплом имтиҳонида иштирок этади. Ана обрў! Ўзи ишлаган барча ишхоналарга бутун умр пешиндан кейин боришига ҳаммани кўндирган, одатлантирган устоз соат 13:00 да Жаҳон тиллари университетига келди.

 

Электрон тақдимотларсиз, оғзаки суҳбат асосида мавзуни очиб беришга ҳаракат қилдим. Саволлар бўлди, жавоблар бўлди.

 

Тақдимот ниҳоясида тўрт йиллик олий таълимнинг охирги имтиҳонидан сўнг талабалар хайрлашув ва миннатдорлик сўзларини гоҳ ҳаяжон, гоҳ кўзда ёш билан изҳор қилиш одати бор. Каминага ҳам бу бахт насиб қилди. Паст овозда “одоб билан” бошлаган сўзим, ҳайъат аъзоларига ёқмаслиги тайин эди. Аммо начора, ҳар бир фикр айтилишга маҳкум:

 

“Ҳамма ўқишни тугатаётганидан афсусда эканини айтяпти. Мен бу тизимдан чиқиб кетаётганимдан хурсандман. Бизда тўрт йилда кўпроқ натижага эришиш, соҳани чуқурроқ эгаллаш имкони бор эди. Лекин бунга тизимнинг ўзи тўсқинлик қилди. Олий таълимни ёмон кўришимни ҳамма курсдошларим, ҳатто устозларим ҳам билади. Тўғри, бу ерда кўп яхши инсонлар бор, уларнинг бизга катта меҳнати сингди. Мен умримизни ўғирлаган тизимдан норозиман. Бу ерда кимдандир бор билимни ололмадик, кимдир бизга керак билимни бера олмади. Уларга раҳмат айтиш керак. Лекин қандай қилиб…”

 

Шу жойда йиғилганлардан бири ҳазил аралаш: “Бу йигит ҳеч кимга раҳмат айтмайдиганга ўхшайди”, деб юборди. Залда кулгу кўтарилди. “Биз унга кўникканмиз”, деди факультет декани…

 

Шу тарздаги саркашликдан сўнг тақризчим – устоз Маҳмуд Саъдийга сўз берилди:

 

“Мен бу болани ёмон кўрардим. Ҳатто ишга олинишига ҳам қаршилик қилганман. Бош муҳаррир “эплолмаса жавобини берамиз” дегач, рози бўлгандим. Одамни юз-кўзидан, гап-сўзидан таниб бўлмайди. Қачон у билан яқин бўлсанг, уни бир муддат кузатсанг, унинг фикру зикрини билсанг, “ўша одамни танийман” десанг бўлади. Бу бола учта шоирнинг публицистикасини ўрганибди. Уччовини ҳам яхши биламан. Ҳар бири ўрганишга арзийди. Бу ерда ўтирганларнинг ҳам ҳаммасини биламан. Шунинг учун бу талабага энг юқори балл қўйишларини талаб қиламан...”

 

Шундай қилиб диплом иши энг юқори балл билан ёқланди.

 

Энди бутун кунни устоз билан ишлаб ўтказишим мумкин эди. Лекин бу ҳам насиб қилмади, Саъдий домла оғирлашиб қолди… Устоз билан бирга матбуотнинг аҳволи ҳам оғирлашиб бораётган эди…

 

 

***

 

Энди бор гапни ким айтади?

 

2019 йил. 23 ноябрь

 

Саъдий домла ижодкор қандай яшашини, қандай курашишини исботлаган шахс эди. На мансаб, на шон-шуҳратга интилди. “Қуллик психологияси” ҳақида ёзишни тақиқлашгани учун диссертацияни ҳам ташлаб кетганини айтганди. Кўнглидаги ҳақиқатдан бошқасини тилга олмаган, у ҳақиқат бошига бало бўлса ҳам принсипидан оғишмайдиган “қизил китоб”даги ШАХСлардан бири эди.

 

Шундай, ҳаммаси шундай.

 

Вазир билан судлашганда ҳам матбуот учун шу кураш кераклигини билгани учун ўзини четга олмади. Бу журналистикамизнинг янги даври учун илк қадам эди. Бу, мана, мен бошладим, дегани эди.

 

Қанча-қанча “жонтоқ” ва “жонқовул”лар шу инсоннинг соясида ижод ва ҳаётдан дарс олди. Сўз хор бўлаётган, ифлос тилларда топталаётган, ялоқхўрлик учун адабиёт қурбон қилинаётган замонда яна битта устуннинг қулаши қандай оғирлигини англаяпмизми?

 

Бирор раҳбарнинг адабиёт, журналистика, умуман, зиёлилар давраси билан таниш-танишмаслиги Маҳмуд Саъдийни билиш-билмаслигига боғлиқ эди. Чунки у узоқдан кўринмайди. У адабий жараённинг ортида туради. Кимнинг қандай ёзгани, қандай хато қилгани, сўзи ва ўзи бирлиги, қачондан бошлаб йўлдан оға бошлаганини Саъдий домла биларди. Уларга ўхшаб қолмасликни уқтирарди.

 

Адабиётдан гап кетганда ўзига душманлик қилган одамнинг ҳам яхши асари бўлса, албатта, эътироф этарди: “бор гапни айтиш керак”. Ҳозирги адабиётнинг, журналистиканинг асл концепцияси шу: БОР ГАПНИ АЙТИШ КЕРАК. Ўз бошингга бало бўлса ҳам, ҳамма ёмон кўрса ҳам бор гапни айтиш керак... Энди бор гапни ким айтади? Ким Саъдий бўлади?

 

 

***

“Маърифат”да марҳум устознинг китобларини тахлаяпмиз. Таҳририятда қолган нарсаларини уйларига элтиб беришга…

 

Қўлимга бир китобча тушиб қолди. Муаллифи – “Ҳайитметов”. Менинг Саъдий домладан бир йилдан кўп айри юришимга сабаб бўлган китоб. Устознинг ўша илмоқли жумласи ёдимга тушиб, юзимга табассум ёйилди: “сен бола кавлашга уста экансан…”

 

Тақдир айланиб, ўзим ишлашни орзу қилган Адабиёт бўлимига бир неча ой бўлим муҳаррири бўлиш насиб қилди. Шунда устознинг ўша шогирди билан аввалги ҳангомаларни эсладик: “Полвон, бу аввал сенинг жойингни, кейин менинг ўрнимни мўлжаллаган…”

 

Йўқ, Устозжон, сизнинг ўрнингизни тўлдирадиган одам йўқ. Ким ўзининг номини бутун умр китоблар орасига яшириб, бошқаларни машҳур қилиб ўтади? Ким ёшларга ўзини топиб олиши учун, аччиқ бўлса ҳам рост сўзларни сўзлайди. Ким эътиқодидан қайтган, адабиётга хиёнат қилган, сўзни амал ва мансаб учун сотганларнинг юзига қараб, бор гапни айтади?

 

Адабиётда, матбуотда, таълимда, умуман бутун маънавий майдонда бундай одамни кўрмадим...

 

Суҳроб ЗИЁ

 

Marifat” газетаси, 2023 йил 5 июль 27-сон.

“Маҳмуд Саъдий, “Маърифат” ва камина” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 49
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10437
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//