Адабиёт
Ўзбек халқининг улуғ фарзандларидан бири Муҳиддин қори Ёқубов ҳақида битилган мақолаларда асосан унинг тенгсиз иқтидори ва самарали фаолияти таърифланади. Шубҳасиз, у биринчи ўзбек баритон-хонандаси, Ўзбек филармониясининг ташкилотчиси ва бадиий раҳбари. Шунингдек, Ўзбек қўшиқ ва рақс ансамбллари ташкилотчиси ҳамда бадиий раҳбари, ўзбек мусиқали театрининг ташкилотчиси, режиссёри ва артисти, ўзбек опера студиясининг ташкилотчиси ва бадиий раҳбари, биринчи ўзбек опера ва балет театрининг ташкилотчиси ва артистидир. Қолаверса, сон-саноқсиз медалу орденлар соҳиби, Туркистон Республикасининг биринчи xалқ ҳофизи (1923), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1930), Ўзбекистон xалқ артисти (1936) унвонларини олгани ҳам рост. Лекин, унга доимий куч берган дард, изтироб ва кейинчалик шўро ҳукуматининг душмани деб топилишига сабаб бўлган омиллар ҳақида лом-мим дейилмаган. Қуйида Муҳиддин қори Ёқубов ҳаёт йўлининг шу жиҳатларига тўхталамиз.
Муҳиддин қори Ёқубов 1896 йил май ойида Фарғона шаҳрида дунёга келади. Унинг отаси Муҳаммад Ёқуб Салим ўғли ўзи яшаган Янгичек маҳалласидаги Орифжонбой масжидининг имоми бўлган. Айни вақтда масжид қошидаги мактабда дарс берган. 1898 йилда Дукчи эшон қўзғолонида иштирок этиб, қўзғолон Чор ҳукумати томонидан шафқатсизларча бостирилган. Юзлаб кишилар дорга осилган. Мингтепадан қочиб улгурган Муҳаммад Ёқуб Салим ўғли восвос хасталигига дучор бўлиб, кўп ўтмай вафот этади. Икки ёшида отасидан етим қолган Муҳиддинжон ўгай ота қўлида тарбиялана бошлайди.
Муҳиддин 1904-1905 йиллар Орифжонбой масжидидаги мактабда ўқийди. 1908 йилдан мактаб қошидаги қорихонага қатнаб, Қуръoни каримни ёд олишга киришади. 1910 йилдан Орифжонбой масжидида турли диний маросимларнинг ўтказилишида қори сифатида хизмат қилади. Ўткир зеҳни, ёқимли овози билан тез орада эл оғзига тушган Муҳиддин қори отасининг дўстлари, Фарғонанинг таниқли инсонлари Орифжонбой, Ражаббой, Қаландар девонабойлар даврасида камол топди. 1916 йил мардикорликка олиш воқеалари ва унга қарши халқ қўзғoлонининг шафқатсиз бостирилишининг гувоҳи бўлди. Бу воқеалар таъсирида Муҳиддин қори қалбида мустамлакачиларга қарши чексиз нафрат туйғуси шаклланди. 1917 йил апрель-май ойларида Фарғона водийси шаҳарларида бирин-кетин “Шўройи ислом” жамиятлари тузила бошланди. Жадидларнинг Туркистонга озодлик талаб қилувчи ғояларини эшитган Муҳиддин қори биринчилардан бўлиб “Шўройи ислом”га аъзо бўлади. Туркистон Мухториятининг эълон қилиниши билан Қўқон шаҳрига келиб, унинг етакчилари Обиджон Маҳмудов, Маҳмудхон Аҳмадхонов, андижонлик Нурали мингбоши, фарғоналик савдогарлар Миродилбой, Шотурсун, Шоҳайдар, Шобобо Иноғомовлар ва яқиндагина мардикорликдан қайтиб Мухторият ҳукумати учун курашга бел боғлаган Сағирбойваччалар билан танишади. Мухторият таклифи билан Ҳоди Файзи томонидан очилган жадид-драма тўгарагига қатнаб, халқни жанговарликка чорловчи туркча маршларни ўрганади.
Шундан сўнг Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий раҳбарлигида, санъаткорлардан иборат бир нечта тарғибот гуруҳларини тузадилар. Ҳамза ташвиқот гуруҳларини “Мусулмон ёшлар драматик труппаси” деб номлаб, улар учун қўшиқлар ва саҳна кўринишлари ёзарди. Муҳиддин қори Ёқубов ҳам бир елкаси оша “Яшасин Мухторият!”, иккинчи елкаси оша эса “Йўқолсин большевиклар!” деган яшил ленталарни осиб, Қўқон ва Қўқон атрофидаги қишлоқларга бориб, Мирза Давлат, туркча маршлар куйлаб аҳолини тўпларди. Шу вақт даврага ҳукумат вакиллари ёки таниқли уламолар чиқиб Мухториятни қўллаб-қувватлаш ҳақида маърузалар қиларди. Йиғинлар байрамона тус олар, “Яшасин Мухторият”, “Ҳамма ҳокимият Мухториятга!” шиорлари остида халқни большевикларга қарши қўлга қурол олишга даъват этиш билар тугарди. Афсуски, Туркистон мухторияти ҳали бешигидаёқ бўғизланди, истиқлол истагида ёнган юраклар тинди, орзулар саробга айланди. Ярим кун қизил аскарлар томонидан тўпга тутилгач Қўқон бозорлари ёндирилди, арман дошноқларининг қўли билан “ўликлар шаҳри”га айлантирилди. Кўп ўтмай большевикларнинг қонли исканжаси бутун Фарғона водийсини қонга ботирди.
Қисқа муддатда ўз атрофига иқтидорли йигитларни жамлаган Муҳиддин қори Ёқубов учун энди ортга йўл йўқ эди. У Қувадаги Фарғона қўрбошилари қурултойида иштирок этади. Бир муддат Сағирбойвачча йигитлари сафида Муҳаммад Аминбек йигитлари орасида бўлди. Қон кечиб, юрт истиқлоли деб жонини тиккан мард ўғлонлар учун Қуръон тиловат қилиб Аллоҳдан зафар тилар, уларнинг кайфиятини кўтариш мақсадида куйлар эди. Авваллари у хушовоз ҳофиз бўлса, энди унинг овозига чексиз дард, халқнинг бошига тушган мислсиз хўрликлар ифодаси бўлган мунгли нола муҳрланди. Қайси мавзуда, қайси жанрда куйламасин халқ юракдан чиқаётган бу дардни осонгина туяр эди.
Бир пайтлар Туркистон мухториятининг президиумида ўтирган Бўтабой Дадабоев советлардан мансаб олгач, 1919 йил бошида Туркфронтнинг Фарғона халқ пуфлама оркестри ходими сифатида Муҳиддин қори Ёқубовни ҳам йигитлари билан “тинч ҳаёт”га қайтишга кўндиради. Бир муддат ўтгач эса қаҳрамонимиз Ҳамзанинг 40–45 кишилик театр труппасида Тошкентга келади.
Муҳиддин қори Ёқубов жадидларнинг илк театри “Турон”да Фитрат, Ғулом Зафарийлар билан танишди. “Турон”да 1919 йилларда Ҳамза, Маннон Уйғур, Қудрат Махзумовлар билан Фитратнинг “Чин севиш”, “Абомуслим”, Ғулом Зафарийнинг “Эрк болалари”, “Азизим”, “Ҳалима” асарларини саҳнага олиб чиқди. 1919-1920 йиллар “Чиғатой гурунги”да Фитратнинг “Шарқ” шеърини ўқиб қалбларни ларзага солди. “Чиғатой гурунги”да Шокиржон Раҳимий, Боту, Олтой, Босит, Аброр Ҳидоятов каби ёшлар билан танишиб, ижодий ҳамкорликни йўлга қўйди.
1921 йил Бухорога борган Муҳиддин қори азалий орзуси – “Масжиди Калони”да тиловат қилади. Унинг сеҳрли овозига гувоҳ бўлган Файзулла Хўжаев 1000 сўм бериб, ўзбек миллий операсини яратиш учун Италияга бориб ўқиб келишини тавсия қилади. 1922 йил “Кўмак” жамияти томонидан Москвага йўлланган ёшлар орасида Муҳиддин қори Ёқубов ҳам бор эди. У Москвадаги Давлат театр санъат институтининг вокал бўлимида таҳсил ола бошлайди. Муҳиддин Италия элчихонасига бориб ўқиш истагини билдиради, бироқ шўро маъмурларидан рухсат тегмайди. 1922–1924 йиллар Москвада таниқли режиссёр Мейерхольд, Собинов, Нежданов, Обухов каби атоқли рус қўшиқчилари билан танишиб, ижодий ҳамкорлик қилади. Шарқ ва ғарб мусиқий қадриятларини қиёсий ўрганади. Айни пайтда Мейерхольднинг ёрдами билан Шарқ меҳнаткашлари коммунистик университетида адабий-бадиий тўгаракни ташкил этади. Бу ерда Муҳиддин нафақат Москванинг казо-казолари, балки хорижий элчиларнинг ҳам ҳурматини қозонади. Турк ва афғон элчилари томонидан ўз юртларига таклифномалар берилади. Унинг ноёб овози қаршисида Москванинг машҳур концерт заллари эшиклари очилиб кетади. Шу тариқа бир вақтлар масжид қориси бўлган Муҳиддин қори Ёқубов ўзбек санъати оламига кириб келди ва абадий ўрин топди.
1923 йил Туркистондаги ҳисобот гастроль концертлардан “Туркистоннинг биринчи халқ ҳофизи” фахрий унвони билан Москвага қайтиб, ўзбек миллий мусиқий меросини илмий тадқиқ этишга киришади. 1925 йил Париждаги Бутун жаҳон кўргазмасига СССРдан юборилган 19 нафарлик санъаткорлар гуруҳида озарбойжонлардан Шавкат хоним Мамедова, қозоқ оқини Амри Кашалбаев, бошқирд қурай чалувчиси Эсанбойлар билан Муҳиддин қори Ёқубов ва турмуш ўртоғи Тамарахонимлар ҳам бор эди.
Бир ой давом этган намойишларда Муҳиддин ва Тамарахоним ҳақиқий жаҳон юлдузларига айландилар. 1926 йил “Ер юзи” журналининг 6-сонида “Парижда ўзбек санъати” мақоласида бу ҳақида “Ўзбек халқ ашулачиси Муҳиддин қори Ёқуб ўғли Париж театрларида ўзбекнинг нажот истаган, юракларидан чиқарган қадимги, оҳангдор наволари билан бирга ҳозирги тирик куйларини ўзбекка хос хусусият билан ғарбликлар олдида ижро этди. Қори Ёқубнинг рафиқаси Тамарахонум ўзбек қизининг ўйноқилағон онларини (моментларини) бундан кўпрак ғамгин, ҳасратлик кунларини маънодор рақслар билан гавдалантирди. Муҳиддин Қори ва Тамарахонимларнинг қишлоқ йигитлари билан қизларининг лапар айтишиб, ўйнашиб юрганларини кўрсатишлари ҳар куни янги бир завқ истаган парижликларда бошқача шавқ уйғотди. Қишлоқларимиздаги ишқнинг қанчалик табиий ва чиройлик экани уларга ёқди. Ашулачиларимиз олқишлар орасида саҳнада қайта-қайта кўрилмакка мажбур бўлдилар.
Ашулачиларимиз қайтарда Германиянинг пойтахти Берлинга тўхтади, у ердаги маориф ваколатхонамиз ва ўқувчиларимиз тантаналик кеча ясадилар. Бунда бир қанча муваффақиятлик чиқишларда бўлганлар. Муҳиддин қори сўнгра Берлиннинг юқори ашула ва мусиқа мактабида (Филармониясида) яна каттароқ муваффақиятларга эришди. Филармониядаги чиқиш, албатта, аввалгиларига қараганда катта эди. Чунки аввалгисида, яъни Ўзбекистоннинг бир йиллик байрами кечасида юзлаб халқ олдида бўлса, буниси минглаб киши қаршисида эди. Кунчиқишнинг қўпол халқидан ҳам бир нарса чиқармикин... деб ўлтирган минглаб халқ ўзбек оҳангларини эшитгач ихтиёрсиз қиймат беришга, узоқ олқишламоққа мажбур бўлди.
Албатта, бу биринчи маротаба бўлса керак, ўзбек қўшиғи ва ўйинлари Ғарбий Оврўпа халқи олдида ижро этилди. Биринчи маротабаданоқ кутилган даражадан ортиқроқ муваффақият қозонди. Берлин ашулашунослари Муҳиддин қорини ҳузурларида имтиҳон қилиб кўрдилар. Муҳиддин Қори ўзининг Оврўпода ўқиш тилаги борлигини билдирганда улар бунга маслаҳат бермадилар.
Муҳиддин қори ҳозир Фарғонада ўзбекнинг йўқолиш олдида турган эски ашула ва куйларини тўпламоқдадир. Ашулаларнинг худди табиий куйини сақламоқлик учун яқинда Берлиндан келтирилган фонограф ускунаси билан иш кўрса керак. Муҳиддин қорида ўзбек йигитлари ва қизларидан иборат бир этнография труппасини тузиш фикри бор. Бу труппа тузилса, ташкилий суръатда иш кўрмак мумкин бўлғусидир” деб хабар беради.
Сафарнинг сўнгги кунларида, Эйфелга саёҳат вақтида шамоллаб қолган Тамарахоним юқори истима оқибатида ҳомиласидан айрилади. У оғир ҳолатда Париж яқинидаги Булон ўрмонида жойлашган Плеханов номидаги санаторияда ётишга мажбур бўлади. Касалхонага уларни кўргани Ўзбекистон вакиллари Мажид Қодирий, Холмуҳаммад Охундийлар, совет элчихона ҳуқуқшуноси Алексеев Петербургда бирга ўқиган дўсти Мустафо Чўқай билан келади. Мустафо Чўқай кейинги гал яна ўзи келиб Кашалбаев ва унинг санъати ҳақида илиқ фикрлар билдиради. Совет газеталарида билдирилаётган муносабатларнинг қанчалик ҳаётга мос келиши ҳақида суриштиради. Германияда ўқиётган бир гуруҳ Туркистон талабалари тадбир эълонидан хабар топиб Парижга етиб келган эди. Темурбек Қазбеков, Тўлаган Мўмин, Султон Матқуллар навбат билан у ерда тилмочлик қилади. Муҳиддин қори Ёқубов 1925 йил 1 ноябрь куни уларнинг таклифи асосида Берлинга келади. Уни Берлин вокзалида Олимжон Идрисий раҳбарлигида талабалар байрамона кутиб оладилар. Бу ерда Муҳиддин қори Ёқубов талабалар уйида икки ой Азиз Хўжаев билан ҳамхона бўлиб яшайди.
Унинг Германияда ўтказган барча тадбирларида Абдуваҳҳоб Муродий ҳамроҳлик қилади. Муҳиддин қори Ёқубов ўз санъати билан олмон халқининг ҳам эътиборини қозонди. Берлиндаги “Шуберт-холл”да, Берлин консерваториясида ўзбек талабалари иштирокида жами 4 та концерт берди. Германиянинг машҳур профессорлари билан учрашиб, фикр алмашди. Ўн кун давомида унинг қўшиқлари олмон радиосида жаранглади. Матбуотда олмон санъатшунос олимларининг “Ушоқ”, “Чоргоҳ”, “Ғайра-ғайра”лар орқали амин бўлган, ўзбек миллий мусиқа санъатининг нақадар бой ва жозибали эканлиги ҳақидаги мақолалари чоп этилди.
Декабрь охирида шифохонадан чиққан Тамарахоним бир ҳафта Берлинда бўлди. 1925 йил 10 июлда Москвадан чиқиб кетган жуфтлик 1926 йил 1 январь куни қайтиб кириб келдилар. Уларни “Метропол” меҳмонхонасида шахсан Акмал Икромов кутиб олди. Ўзбекистон раҳбари Германиядаги талабаларнинг аҳволи, санъаткорнинг кейинги режалари билан қизиқади. Москвада бир ойлик даволанишдан сўнг улар Самарқандга келиб Германияда ният қилган ўзбек этнографик труппасини тузишга киришади. Бу ишда уни мутафаккир Фитрат ва шоир Чўлпонлар қўллаб-қувватлайди. Оврўпода унга чексиз шуҳрат олиб келган нарса, аслида, ўзбек халқи яратган қадимий оҳанглар, ашула ва рақслар эканини чуқур англаган Муҳиддин қори Ёқубов бу санъат дурдоналарининг қанчадан-қанчаси унутилиб кетгани, қолганлари ҳам унутилиш хавфи остидалигини яхши биларди. У ўзбек этно-фольклор асарларини тўплаш, ўрганишга енг шимаради.
Муҳиддин қори 1926 йил 6 апрелда Ўзбек давлат кўчма концерт этнография труппаси бош режиссёри ва раҳбари этиб тайинланди. У ўз жамоаси билан халқ орасига кириб, қисқа муддатда 600 га яқин ўзбек мумтоз ва халқ қўшиқларини йиғади. Бу йўлдаги зарурий харажатлар учун хатто Фарғонадаги отасидан мерос қолган уйни ҳам сотишга мажбур бўлади. Жамоа йиғилган мумтоз ашула-рақсларини тезда қайта ишлаб, Самарқандда намойиш этишади. Концерт кутилганидан ҳам яхши қарши олинади. Бу этнографик труппа 1927 йил апрелдан 1 октябрига қадар бутун иттифоқ бўйлаб ижодий сафарга чиқди. Москва, Ленинград, Киев, Тибилиси каби кўплаб шаҳарларда 100 га яқин концерт уюштирилди. Айниқса, Қозон, Уфа, Боку шаҳарларида Муҳиддин қори Ёқубовнинг ноёб овози жаранглай бошлаши билан бутун зал оёққа турар, Тамарахоним “Катта ўйин”, “Усмония” рақсларини ижро этганидан кейин кўтарилган гулдирос олқишлар бу рақсларни яна, яна ижро этишга мажбур этарди. Ўзбек халқининг асрлар мобайнида сайқалланиб келган мусиқий санъати ҳаммани мафтун этди. Бу ўзбек санъатининг энди шўролар мамлакатидаги ҳақиқий тантанаси эди.
Муҳиддин қори 1927 йил октябрда Қўқон театрига ташкилотчи ва бадиий раҳбар этиб тайинланади. У театрнинг бадиий раҳбари, собиқ жадид М.Мироқилов билан ижодий жамоани қайта тузиб, Ғулом Зафарийнинг “Ҳалима”, Хуршиднинг “Фарҳод ва Ширин” мусиқали драмаларини саҳналаштирди. Ўзи бу спектакллардаги бош қаҳрамон Неъмат ва Фарҳод ролларини ижро этди. 1928 йилнинг январь ойида Андижон театрига раҳбар этиб тайинлангач, театрда Хуршиднинг “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, Узеир Хожибековнинг “Аршин мал-алан”, Камарлинскийнинг “Резаворчи” мусиқали драмаларини саҳналаштириб, Фарҳод, Навфал ва Султонбек ролларининг катта маҳорат билан ижро қилди.
Муҳиддин қори Ёқубов 1929 йилдан Ўзбек филармонияси директори бўлди. 1934 йил азалий орзуси – ўзбек миллий операсини яратиш мақсадида яна Москвага йўл олади. Москва консерваторияси қошида ўзбек опера студиясини ташкил этиб, икки йиллик бошқарувида Ўзбекистоннинг энг чекка нуқталаридан тўпланган ўнлаб ёш иқтидор соҳиблари театр ва мусиқа санъатининг энг маҳоратли усталаридан дарс олади. Муҳиддин қори пул керагида ўзининг сувсар ёқали пўстинини дўконга гаровга қўйиб бўлса ҳам ўқишни тўхтатмади. 1935 йил Москвага келган Файзулла Хўжаев уларнинг барча иқтисодий муаммоларини ҳал қилиб беради. 1937 йил май ойида Москвада биринчи марта ўзбек санъати декадаси “Гулсара” спектакли билан очилди. “Известия” газетаси шу тантанали кун ҳақида газетхонларига: “Қори Ёқубовнинг орзуси Ўзбекистонда опера санъатини яратиш ва шу операда бош роллардан бирини ижро этиш эди” деб ёзади.
1939 йил биринчи ўзбек операси – “Бўрон” саҳна юзини кўрди. Яшин либреттоси, Ашрафий ва Василенко мусиқаси асосида яратилган бу операда у Туркистон генерал-губернатори Кауфман партиясини ижро этди. 1939–1947 йилларда Муҳиддин қори Ёқубов Ўзбек театри ва опера балети яккахон хонандаси сифатида фаолият олиб борди. У Узеир Хожибековнинг “Аршин мал-алан” операсида Султонбек, Успенский ва Мушелларнинг “Фарҳод ва Ширин”ида Ҳусрав, Р.Глиэр ва Т.Содиқовларнинг “Лайли ва Мажнун”ида Науфаль, А.Козловскийнинг “Улуғбек”ида Улуғбек, О.Чишконинг “Маҳмуд Таробий”ида Маҳмуд Таробий, Е.Брусиловскийнинг “Эр Тарғин”ида Эр Тарғин ролларини маромига етказиб ижро этди.
1952 йил 3 июль куни Муҳиддин қори Ёқубовга 1918 йил “Шўройи ислом” аъзоси бўлган, Туркистон Мухториятини ташвиқ қилган, 1920-1921 йиллар Сағирбойвачча йигитлари орасида Қизил армияга қарши тарғибот олиб борган, “Миллий иттиҳод”, “Миллий истиқлол” аксилинқилобий ташкилотлар аъзоси каби айбловлар билан қарор чиқарилади. 1952 йил 4 июлда берилган ордер асосида ҳибсга олинади. Ортида хотини Иқбол Аловуддинова, фарзандлари Венера, Элла, Хурсанд ва Улуғбеклар қон йиғлаб қоладилар.
1952 йил июль–сентябрь ойларида олиб борилган муттасил сўроқларда Муҳиддин қори Ёқубов ўзининг Туркистон Мухториятининг оркестрида бўлганини ҳам, қорилик қилганини ҳам тан олади. 1926 йил Маъруф Расулийнинг боғида Давлат Ризаев, Анқабой, Отажон Ҳошимлар даврасида Тамарахоним билан бориб, Ботунинг “Қуш уяси бузилди”, Чўлпоннинг “Гўзал Фарғона” қўшиқларини куйлаганини айтади. Қўйилган айбловларни бўйнига олиши учун терговчилар уни истаганларича қийнашди, хумордан чиққунларича таҳқирлашди. Аввалги забардаст, алпомишсифат Муҳиддин қоридан соясигина қолган эди. Уни терговчининг қийноғидан кўра кўпроқ яқин дўстларининг, ишонган инсонларининг хиёнати изтиробга солган эди.
Муҳиддин қори Ёқубов 1952 йил 17 октябрь куни ЎзССР ЖКнинг 58-, 66-, 67-моддалари билан узоқ муддатли қамоққа ҳукм этилди. Сталин вафотидан сўнг икки йил ўтиб, 1955 йил озодликка эришди. 1956 йилнинг январидан яна филармония солисти бўлди. Кейинроқ, Эстрада театрига таклиф қилиниб, унда халқ қўшиқлари, опера ариялари ва романслар ижро этади. Муҳиддин қори Ёқубов 1957 йил 2 февралда унга хиёнат қилмаган ягона дўсти – Козловскийнинг уйига бориб, уни кўра олмай, муз босган кўчалардан уйи томон қайтаётганда қўққисдан йиқилиб, тос суяги синади. Орадан икки ҳафта ўтгач, 1957 йилнинг февраль ойида вафот этади. Уни Тошкентдаги “Чиғатой” қабристонига дафн этишади.
Муҳиддин қори Ёқубов бутун ҳаётини ўзбек санъатининг гуллаб-яшнашига бағишлади. Тинимсиз ижодий фаолиятда бўлди, изланди, ўзидан улкан мерос ва ўчмас хотира қолдирди. Ўзбек давлат филармониясига, Тошкент кўчаларидан бирига Муҳиддин қори Ёқубов номи берилди. Унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган фильм ишланди. Вафотидан сўнг, 2000 йил “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланди. Миллат тараққиёти йўлида хизмат қилган зотлар унутилмайдилар.
Баҳром ИРЗАЕВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ