Кўча санъати – сиёсий, экологик, ижтимоий муаммоларга қарши курашишда таъсирли усул


Сақлаш
02:49 / 05.07.2023 780 0

ХХ асрда юз берган кескин тараққиёт санъат ва маданиятга ҳам катта таъсир кўрсатди, кўплаб янги оқимлар вужудга келди. Гарчи уларнинг барчаси ривожланиб кетмасада, айримлари кенг ёйилиб, таъсирчан кўринишга эга бўлиб бормоқда. Улар орасида кўча санъати (street art) энг кўп муҳокамаларга сабаб бўладигани ва энг оммабопидир. Катта шаҳарлар биноларига туширилган суратлар киши эътиборини тортмай қолмайди. Бўм-бўш ва оддий деворда қандайдир тасвирий ифоданинг пайдо бўлиши, боз устига унинг сатирик, юмористик ёки оппозиционистик (норозилик) кўринишдалиги унинг қийматини янада оширади. Бугунги кунда айниқса турли ижтимоий масалаларга нисбатан норозилик мазмунида чизилган кўча суратлари ижтимоий тармоқларда тезда оммалашиб, муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Уларнинг айримлари аукционларда жуда юқори нархларга сотилмоқда. Масалан, кўпчиликка маълум ва машҳур Бенкиснинг «Зараркунандалар билан кураш» асари 1,9 миллион долларга сотилган. Умуман олганда кўча санъати ҳақида гап кетганда бир қатор зиддиятли ва эътиборли жиҳатлари мавжуд, шунингдек айрим саволлар ҳам туғилади. Oyina.uz колумнисти мазкур мавзуни ўрганди ва қизиқ таҳлиллар билан бўлишди.

 

Кўча санъатининг вужудга келган вақтини аниқ айтиш имконсиз. Палеолит давридаёқ инсонлар қоятошларга сурат чизишни бошлаган. Қадимги Юнонистон ва Римда деворларга турли ёзувлар ва суратлар чизилгани ҳақида манбалар бор. Буюк француз инқилоби даврида Францияда, кейинроқ АҚШда, айниқса «буюк депрессия» пайтида граффитилар урчиб кетган. Бироқ таҳлилчилар асосий ишлар Иккинчи жаҳон уруши вақтида ва ундан кейинги дастлабки ўн йилликларда қилинган деб ҳисоблашади. Уруш вақтида тўғри келган жойга чизиб кетилаверган «бу ерда Килрой бўлган» деб номланувчи тасвир орқали граффитини оммалашиб кетиши кўча санъатининг ривожланишида муҳим нуқталардан бири бўлиши мумкин.

 

АҚШдаги Иккинчи жаҳон уруши миллий ёдгорлигига ўйиб чизилган «бу ерда Килрой бўлган» номли сурат 

 

Девор, биноларга чизилган граффити ва бошқа суратларнинг кўча санъатига ўтиши босқичи эса ўрганишларга кўра ўтган асрнинг 60 йилларига, шаҳарларда одатий ҳолга айланиши эса 80 йилларга тўғри келади. Кўча санъатини мақсади ва услубидан келиб чиқиб «постграффити», «неограффити», «метро санъати», «партизан санъати» ва шу каби бошқа номлар билан аташади. Кўча санъати оммавийлашиб, ривожланиб кетгач ҳам граффитилар йўқолиб қолмади. Айтиш жоизки, бу иккиси бир нарса эмас. Иккаласи алоҳида йўналиш ва моҳиятга эга ҳаракат, уларни фарқлаш муҳим ва керак. Бироқ бу осон эмас, «мана бу сув, мана бу қуруқлик» дегандай ажратиб бўлмайди.

 

Граффити ХХ асрнинг 20-30 йилларидан бошлаб АҚШда ривожлана бошлаган, асосан пуркагичли ва бошқа ашёлар ёрдамида чизиладиган, тушириладиган ёки ўйиладиган сўзлар, тасвирлар, шакллар ва чизмалардир. Метро вагонлари ва деворларидаги граффитилар даставвал норозилик, шаҳар маъмуриятига исён, ноқонунийлик билан характерланган. Шунингдек, улар АҚШдаги жиноий тўдаларнинг иши, ўз ҳудудини белгилаш воситаси ҳисобланган. Бугунги кунгача шаклланган кўринишига қараб хулосаласак граффити чизиш ноқонуний ҳаракатдир. Унинг муаллифи ҳам аксариятда ноаниқ бўлиб қолади, ҳатто ишоралар ҳам бўлмайди (агар имзоси бўлмаса). Граффити муаллифига жамоатчиликнинг унинг чизмасига бўлган муносабати қизиқ эмас, у чизган тасвир бутунлай субъектив истак, мақсад, фикр ва майлга тақалади. Ёш болалар, ўсмирлар ёки катталар ҳам шунчаки вақтичоғлик, зерикиш ва турли истаклар билан биноларга бундай нарсаларни чизиб кетавериши мумкин. Уларга бунинг оқибати ва бошқаларга моддий ёки маънавий таъсири қизиқ эмас. Шунинг учун хусусий ва жамоат биноларига ўзбошимчалик билан чизиб кетилган бундай тасвирларга аввал бошидан ва ҳозир ҳам вандализм сифатида қаровчилар топилади. Масалан, Рим империяси давридаги деворий сурат ва ёзувларни (уларда асосан қарғишлар, лаънатлар ёзилган) ўша давр тарихчиси Плутарх ёқтирмаган ва қоралаган.

 

Кўча санъати аниқ мақсад ҳамда ижтимоий ёки эстетик аҳамиятга эга тасвирлардир. Техник жиҳатдан чизма ва тасвирларда тасвирий санъатнинг айрим қоидаларига риоя қилинади, тасвирлар шунчаки кўнгил ёзиш ёки шўхлик учун чизилмайди. Тасвир ҳам мураккаброқ ва яхшигина рассомлик маҳоратини талаб этади. Мазмун жиҳатдан ҳам кўча санъати суратлари оддий гарффитилардан анча баланд туради. У бир қанча тармоқ ва йўналишларни ўз ичига олган кенг тушунча. У нафақат чизиш, балки ёпиштириш, бўртма, ҳайкаллар ёки ёғочлар ёрдамида ҳам яратилиши мумкин Мазмун-моҳиятини сақлаган ҳолда қоғозга ва бошқа материалли юзаларга ҳам чизилиши мумкин. Граффити ва кўча санъатидаги аниқроқ фарқлар 70-80 йиллардан бошлаб кўзга ташланади. Ушбу санъатнинг дастлабки йирик вакиллари сифатида Кейт Ҳаринг, Рене Монкада, Буюк Франко кабиларни қайд этиш жоиз. Муваффаққиятли кўча рассомлари мамлакат ва дунё бўйлаб анчагина машҳурликка эришган, айримларининг шахси номаълум бўлиб қолаётган бўлсада, тахаллус билан суратлар чизишмоқда. Улар суратларида сиёсий ва ижтимоий муҳим воқеаларга нисбатан қарашларини ифода этади. Кўча санъатини варварлик, вандализм, безорилик деб баҳолайдиганлар ҳозир ҳам бор. Қисқа қилиб айтганда, кўча санъати граффитига нисбатан теранроқ, мураккаброқ, мазмунлироқ ва гўзалроқ йўналишдир.

 

Кўча санъатидан асосан эстетик завқ ёки маълум бир ижтимоий, сиёсий ишора тарқатиш учун фойдаланилади. Ҳозирги замонда инсонлар рўзномалар, телевизорга вақт ажратмай қўйган, тезлашган ва моддийлашган замонда шошилиб яшаётган одам телефони орқали ҳам барча воқеалардан хабардор бўлмаслиги ёки эътибор бермаслиги мумкин. Бироқ бинолар ва деворларга чизиб кетилган антиқа, ўзига хос услуб ва ишораларга эга суратлар одамларни бош қотиришга мажбурлай олиши бор гап. Шунингдек, кўча суратларига қайта ва қайта дуч келавериш сизга юз берган салбий воқеаларни унутмасликка, ичингизда бу воқеага нисбатан норозилик, қаршилик ҳаракатларини давом эттиришга чақиради. Ижтимоий муносабатнинг санъат билан бирикуви таъсирли қуролга айланади. Суратларнинг ноқонунийлиги, бой компаниялар ва давлатга тегишли биноларга чизилиши, ахлоқий ва тасвирий қоидалардан узоқлик, очиқ ва қаттиқ ифода улардан олинадиган таъсирни янада кучайтиради. Шунинг учун, кўча санъати сиёсий, экологик, ижтимоий муаммоларга қарши курашишда энг таъсирли усуллардан бири ҳисобланади.

 

Айрим мисоллар келтирсак. Машҳур аноним кўча рассоми Бенкси кўча санъатини капитализмнинг катта тезлик ва ҳадсизлик билан ривожланиш ортидан қўлга киритилган санъат деб атаган. Унинг асарларида оламда тобора устунликка эришаётган моддий қийматлар, куч ва пулга таянувчи зўравонликлар ортидан бой берилаётган болалик ҳамда энг асосийси инсонийлик тасвирланади. Унинг энг оламшумул ишларидан бири бу «Пуфакли қизалоқ» траффаретидир. Унда кичкина қизнинг учиб кетаётган пуфакка қўл узатиб ачиниш билан қўл узатиб тургани ифодаланган. Фон оқ рангда, қизнинг сояси эса қора рангда. Тасвирий санъатда бундай оқ-қора тасвирлар рангсизлик ҳисобланади яъни қизалоқ тасвирланган сурат «бўшлиқ»дир, фақатгина пуфак қизил рангда ва юрак шаклида. Қизча рангсиз ва мазмунсиз ҳаётидаги ягона нарса – муҳаббати, умиди ва меҳр қўйган бору йўғидан ажралмоқда. 2018 йилги Sothebys аукционида ушбу сурат сотилганда яъни «сотилди» болғаси урилганда, полотно ичига муаллиф томонидан жойлаштирилган мослама ёрдамида бўлаклаб ташланади. Ва шу пайтдан бошлаб, Бенксининг шахсий талабига биноан қайта номланди – «Ахлат қутисидаги муҳаббат».

 

“Pufakli qizaloq” yoki “Axlat qutisidagi muhabbat”, Benksi 

 

Кўча санъати ёрдамидан қаршилик кўрсатиладиган яна бир нарса бу маркетинг ва рекламалардир, жуда катта тижорий компания ва ишлаб чиқарувчиларга нисбатан норозилик граффити энди ривожланаётган вақтдан бери мавжуд. Кўча санъатида эса бу янада таъсирлироқ, кучлироқ кўринишга кирди. Зевс тахаллуси остидаги француз кўча рассоми Агире Швартс «Оқаётган логотиплар» номли серияли ишларини амалга оширди. У Shanel, Armani, Makdonalds каби компанияларнинг логотипларини бузиб тасвирлади. У Франциянинг ўша пайтдаги маданият оламида энг бузғунчи кўча рассоми сифатида танилган.

 

 

 

Уруш кўча санъатида доимий мавзулардан бири бўлиб келган. Замонавий дунёда ҳарбий қудрат ўз чегарасидан чиқиб, ҳатто тинч аҳоли вакилларининг қурбон бўлишига олиб келмоқда. Қуйидаги сурат Бенксининг Фаластинда яратган, Фаластин ва Исроил ўртасидаги қуролли можарога бағишланган ишларидан биридир (2008), номи «Зирҳли тинчлик кабутари». Тасвирдан кўринадики, ҳатто тинчлик ва осойишталик рамзи бўлган оқ кабутар махсус зирҳли нимча кийган, шунингдек уни ўқ отувчи ҳарбий қурол нишонга олиб турибди.

 

 

Кўча санъати фақат қандайдир ҳодисаларга ижтимоий муносабат сифатида тушунилмаслиги лозим. Унинг ёрдамида шаҳарга кўркамлик ва антиқаликни бериш мумкин. Асарлардаги ноодатий услублар, тасвирлар шаҳар аҳолисининг кайфиятига ижобий таъсир қилиши мумкин. Бугунги кунда айни шу каби эстетик мақсадларга хизмат қилувчи кўча санъати намуналари учун турли фестиваль, кўргазмалар ташкил этилади.

 

Кўча санъатининг вужудга келиши тарихи ҳақида гап кетганда Биринчи жаҳон уруши даври муҳим аҳамият касб этади. Уруш дунё аҳолисининг катта қисмига қаттиқ таъсир қилганди, бу санъатга ҳам таъсирини ўтказмай қолмади. Янги йўналишлар пайдо бўлди, аввалдан бор бўлган модернистик оқимлар мавзуларида ўзгаришлар кузатилди. Авангардчилар, футуристлар, дадаистлар уруш ва унинг оқибатлари, инсониятнинг айни аҳволи тўғрисида чиза бошлашди. Улар яратган асарлар қайсидир маънода одамларни огоҳ қилиши, янги жаҳон урушларини олдини олиши керак эди. Афсуски, дастлабки жаҳон урушидан йигирма йил ўтиб янгиси бошланди, янада даҳшатлироқ, қонлироқ, каттароқ уруш эди. Бу давр ва ундан кейин норозилик янада кучайди. Энди оддий одамларнинг норозилиги ҳам бошқача кўринишга кира бошлаганди. Деворларга сурат чизиш ёки нимадир ёзиб кетиш деярли доим ва ҳамма жойда таъқиқланган ( ҳозир ҳам агар атайлаб махсус жой қилинмаган бўлса бу иш ноқонуний ҳисобланади). Норози, аламзада, тизимга қарши одам қандайдир тақиқланган ишни қилишга уринади. ХХ аср бошларидаги АҚШда жиноий тўдаларнинг граффитини ўзларининг машғулотига айлантириб олгани ҳам балки шундандир. Хуллас, Биринчи жаҳон урушидан сўнг санъатда урушга турли қаршиликлар кўрсатилди. Бироқ уринишлар фойдасиз бўлиб чиқди Янги фикрга кўра, музей ва галереялардаги санъат ижтимоий муаммолар ечимида ожиздир. Уруш ва қолган бошқа барча ноҳақликлар, адолатсизликларга қарши санъат барча жойда ва омма учун очиқ бўлиши керак. Шунингдек санъатдан баҳра олиш, уни яратишга барчанинг ҳаққи бор. Тасвирий санъат фақат бойлар ёки ўртаҳоллар учун эмас. Шундай қарашлар ортидан кўча санъати яралди ва оммалашди. У ғарбда норозиликнинг энг оммавий кўринишига айланди. Ўз сўзи, фикрини билдириш эҳтиёжи каби яна бир қанча субъектив сабаблар ҳам бор эди. Оддий инсоннинг уруш, солиқлар, ирқчилик, капитализм ҳақидаги фикрлари ҳеч кимга керак эмас, жиддий қабул қилинмайди ҳам. Тунда ташқарига чиқасиз, шаҳрингиздаги бирор гавжум ердаги бинога қандайдир муаммо ҳақидаги ноодатий сурат чизасиз ва ўз белгингизни қўясиз. Қарабсизки минглаб одамлар сизни таниб қолади ва фикрингизга эътибор қаратилади. Омадингиз келиб, сизни ҳеч ким кўриб қолмаса бу учун жазоланмайсиз ҳам.

 

Ўзбекистон ҳудудида аввалданоқ граффитилар мавжуд бўлган. Нафақат пойтахтда балки бошқа шаҳарлардаги уй, биноларнинг деворларида пуркалувчи ва қурилиш бўёқлари билан ёзиб, чизиб кетилган исмлар, сўкинишлар, турли изҳорларни кўп учратамиз. Кўча санъати эса ҳали ривожланиб кетмади. Ҳозирда бизга фақат Инкузарт тахаллуси остида суратлар ишлайдиган аноним кўча рассомигина маълум. Инкузартни биринчи ўзбек кўча рассоми дейиш ҳам мумкин, чунки шу пайтгача аноним кўринишда бўлсада бизга бирорта кўча рассоми маълум эмасди. Уни аҳоли орасида «Тунги рассом», «Чилонзорлик Бенкси» ҳам деб аташмоқда. Инкузарт дастлабки ишини Cовид-19 сабабли жорий этилган карантинга бағишлади, унда ҳимоя ниқоби таққан Мона Лиза тасвирланганди. Ундан кейин бир қанча эстетик қийматга эга, шахсий ижтимоий-сиёсий муносабати тасвирланган ишлар ҳам яратди ва ижтимоий тармоқларда жуда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. У томонидан яратилган асарлар турли кишилар томонидан ўчириб ташланди. Бу, албатта, кутилган иш, чунки дунёда кўча санъати асарларининг йўқ қилиниши одатий ҳолга айланиб қолган қолган.

 

Инкузартнинг ёқилғи қуйиш шаҳобчаларининг бирининг яқинида чизган сурати 

 

Кўча санъати ўзининг ривожи давомида сезиларли даражада ижтимоий ўзгаришларга сабабчи бўлди ва бу давом этмоқда. Бироқ ортиқча ҳаё-ҳуйтлар, унинг моҳиятига мос бўлмаган ҳаракатлар оқибатида ўз қиёфасини йўқотиб бормоқда. Кўча санъати капитализмнинг шафқатсиз оғир оқибатларига қарши кураш учун яралгани бўлсада бугунга келиб ўзи ҳам унга хизмат қилувчига айланиб қолмоқда. Унга бойиб кетиш учунгина қадам қўйган ва ўз атрофида шов-шув кўтарган кўча рассомлари ҳам учраши табиий ҳол. Кўча санъатига тасвирий санъатнинг олдинги йўналишларидан яхшироқ деб қарашни ва унинг табиатига хос бўлмаган ҳолатларни вужудга келтиришни бас қилиш керак. Бизнинг замонимизда эътибор ҳаддан ошган ҳар нарса пул билан сотиб олинишга йўлиқади, бу эса бора-бора унинг кучини ўтмаслаштиради.

 

Жавоҳир ЭРГАШEВ.

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17368
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//