Қайчи ва қилич, маймун ва бўри, олма ва тарвуз... – адабиётга ким нима билан кириб келган?


Сақлаш
03:45 / 28.06.2023 1027 1

Абдулла Қаҳҳор адабиётга қайчиси билан кириб келган, деган қанотли ибора юради. Бундай ўйлаб қаралса, ҳар бир ёзувчи-шоир ҳақида шунга ўхшаш пайров қилиш мумкин экан. Пайровки, андак ҳазил, андоқ ҳақиқат…

 

Oyina.uz миллий матбуот байрами муносабати билан адибларимизнинг қитиқ патига тегишга ҳадди сиғди. Ким адабиётга нима билан кириб келган, деган савол қўйган эдик, дўст-у биродарлардан қизиқ-қизиқ гап-сўзлар чиқди. Айтилдики…

 

Адабий маконга Мурод Муҳаммад Дўст ўркач-ўркач дашт-у далалар ошиб, Хуршид Даврон Самарқанднинг минора-ю гумбазларини орқалаб, Хуршид Дўстмуҳаммад “Жажман” билан эски шаҳар бозорини оралаб, Луқмон Бўрихон жазирамада чўл-у биёбон кезиб, Исажон Султон битик тошларни, Анвар Суюн эса Ғўбдинтоғни ортмоқлаб кириб келган.

 

Эркин Аъзам пакана ошиқ, Йўлдош Эшбек йиғлаётган қиз, Нурилла Чори бир гуруҳ қариялар билан адабиётни забт этган.

 

Адабиётга бирор ҳайвон билан кириб келганлар талайгина экан: Саид Аҳмад қоплон (ит) билан, Ҳусниддин Шарипов оддий балиқ, Абдулла Орипов эса тилла балиқ билан (митти юлдуз варианти ҳам бор), Тоғай Мурод тарлон (от), Усмон Азим карвон (туя), Азим Суюн бургут, Сирожиддин Саййид қалдирғоч, Назар Эшонқул маймун билан, Зулфия Мўминова ва Адиба Умирова оқ илон, Холёр Сафар жийрон (от), Нажмиддин Эрмат кўк бўри билан.

 

Табиат шайдолари: адабиёт боғига Ойбек наъматак, Миртемир мажнунтол, Асқад Мухтор чинор, Муҳаммад Юсуф терак, Уйғун Рўзи атиргул эккан бўлса, Ғафур Шермуҳаммад эса қудуқ қазган. Бунга Шавкат Раҳмоннинг гуллаган тоши ҳам қўшилиб, бамисоли ландшафт дизайни ҳосил бўлган.

 

Қурол кўтариб келганлар: Шукур Холмирзаев яшил “Нива”да ов милтиғи, Чори Аваз тортилган камон, Фахриёр ойболта, Қўчқор Норқобил танка билан. Шавкат Раҳмон сермаган қилични бугун Шаҳриёр Шавкат ҳам ўқталиб юрибди.

 

Соз чалиб келганлар: Эшқобил Шукур сибизға, Рустам Мусурмон дўмбира, Азиз Саид чилтор, Шодмонқул Салом чанқовуз билан.

 

Ҳашаротлар билан: Тўхтамурод Рустам капалак, Жасур Кенгбой эса чигиртка билан учиб кирган адабиёт деразасидан.

 

Аввал таом, бадъаз калом, дейдиганлар: Эркин Аъзам бир сават жайдари олма, Собир Ўнар катта тарвуз, Жонтемир эса май билан кирган.

 

Замонавийроқ нарса-буюм кўтарганлар ҳам бор: Хайриддин Султон пластинка, Набижон Боқий “дело”, Абдуқаюм Йўлдош мих, Салим Ашур телефон, Фозил Фарҳод жетон олиб кирган адабиётга. Шоир Элёр Мурод эса “Матиз” билан кириб, “Малибу” билан чиқиб кетган.

 

Яна, Ўткир Ҳошимов адабиётга тушда кирган. Шуҳрат шинели билан, Шуҳрат Ориф Шуҳрат Дарё билан, Алишер Ибодинов олов билан…

 

Элшунос шоир Рустам Мусурмон ҳақида устоз Маҳмуд Саъдий айтган ҳазилни эслаганлар ҳам кўп бўлди. Аммо рўйхатга киритишга маънавиятимиз йўл бермади.

 

Саноқни истаганча давом эттириш мумкин эди, аммо буни мусаввир нигоҳи орқали планшетга кўчган шаржларда кўрган маъқул билдик. Рассом Умид Сулаймонов эл суйган ижодкорларни ўхшатолганми? Карикатураларда кимларни танидингиз? Адабиётга нимадир олиб кирган яна қайси адибларни биласиз? Изоҳларда ёзиб қолдиринг.

 

 

 

 

 


 

 

 


 


 

 

 


 


 


 


1 Изоҳ

Азимжон

01:11 / 24.11.2023

Ҳаммаси ажойиб. Фантазиянгизга балли

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 53
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10440
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//