Ниқоб таққан эркак ёхуд телеканалларда ўзбекчилик қолмаган(ми?)


Сақлаш
15:05 / 08.10.2021 1219 0

Сўнгги пайтларда телевизордаги хусусий каналлар сони ортди. Бу эса улар ўртасида рақобат юзага келишига замин яратди. Натижада ўзаро соғлом рақобат туфайли ана шу каналларда намойиш этилаётган кўрсатувлар савияси яхшиланади, деган умидимиз бор эди. Лекин...

Куни кеча «Sevimli» телеканали орқали эфирга узатилган бир кўрсатув ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Аёли билан бўладиган интим муносабатлар ҳақида телевизорга чиқиб олиб гапираётган бу «эркак» ва ана шунақа кўрсатувларни уялмай эфирга бераётган телеканал масъуллари бошқа томондан маломат қилинмоқда. Дарҳақиқат пиар, «просмотр» учун деб ётоқдаги гапларни ҳам камера қаршисида гапириб ўтириш қачондан бери нормал ҳолатга айланди? Бунақа кўрсатув тайёрлаш фикри кимдан чиқди экан? Катта эҳтимол билан бу Россия телеканалларидан «бирга-бир» кўчирадиган муаллифларнинг ташаббуси бўлса керак. Чунки каналларимиздаги аксарият кўрсатувлар рус каналаридан кўчирилишини рад этиб бўлмайди. Кўчирганда ҳам миллиятчилик, менталитет каби омилларни ҳисобга олмасдан тўғридан-тўғри кўчирилади. Майли, ғояни олсин, сценарийни кўчирсин, лекин ўзбекчиликни ҳам унутмаслик керак-ку, ахир!

Одатда, телевизорни оила даврасида кўрилади. Тасаввур қилинг, бутун бошли оила ўзининг «севимли» каналини томоша қилиб ўтирса-ю, бир эркак чиқиб, «мен аёлим билан бирга бўлганда қониқмайман, маслаҳат беринг, нима қилай?» деб бегона бир аёлга савол бериб турса! Энг камида қизариш ва оила даврасини тарк этиш мумкин. Лекин кейинги сафар яна телевизор қаршисида тўпланганда хижолат чекадиган аёл-қизларнинг ҳолати қандай бўлади, деб ўйлайсиз?

Юқоридаги эркакнинг саволини эшитган психолог аёл эса мийиғида кулиб қўйди. Аслида бунга кулиш керакми ёки йиғлаш? Юзига ниқоб тақиб олса, ҳамма нарсани гапириш мумкин дегани эмас-ку. Гапираётган одамда ниқоб бўлса, уни эшитаётганларнинг юзи очиқ турибди. Шу гапни ўзини хотинига айта олмай неча миллионлаб одам кўрадиган телевидениеда айтиш учун кишининг онги, савияси ёки ахлоқи қанчалик даражада паст бўлиши керак? Энг ачинарлиси эса ўша эркак хотини билан ўзаро муносабатлардан қониқмаётгани учун «ўзини кўчага чиқиб қондираётгани», яъни зино қилаётганини баралла айтаётганидир. Аслида одамлар кичик бир гуноҳ қилса ҳам уни бошқалардан яшириб, Аллоҳга тавба қилади. Лекин бу каби энг оғир гуноҳлардан бирини қилаётганини миллионлаб одамларга баён қилаётган киши гўёки бу нормал ҳолатдек хотиржам гапиряпти. Аслида шундай ахлоқсизликларнинг авж олишига ҳам ҳеч тап тортмай гуноҳ ишга қўл уриш сабаб бўлади. Ўша киши Аллоҳдан қўрққанида кўчага чиқиб зино қилаётганини бамайлихотир гапириб бермасди, назаримда. 

Бу мана шу каби кўрсатувларнинг биттаси. Лекин бундайлар сони кундан-кун ортиб бораётгани ачинарли ҳолат. Бу телеканаллар кимгадир эр, кимгадир хотин топиб бериб ўтирадиганларнинг кўрсатуви ва яна шундай мантиқсиз лавҳалар билан эфир вақтини тўлдиришдан бошқасига ярамаяпти. Халқнинг маънавияти, онги ва миллиятини бузадиган бундай кўрсатувларга катта маблағлар сарфланиши ҳам бор гап.

Тўғри, сўнгги йилларда одамлар ахборот олишда телевизордан кўра кўпроқ смартфонлардан фойдаланмоқда. Бироқ телеканалларнинг таъсир доираси йўқолгани йўқ. Хусусий телеканал дегани хоҳлаганини кўрсатишга ҳуқуқ бермайди. Нормал жамиятда эса мана шундай кўрсатувлар намойиш этиладиган каналнинг рейтинги тушиб кетиши керак. Томошабинлар мана шундай каналлардан воз кечиши керак. Хорижда шу каби ҳолат (яъни томошабинларни ноқулай ҳолатга солувчи ёки ахлоқ доирасидан ташқаридаги кўрсатувлар намойиши) кузатиладиган бўлса, ўша каналга бойкот эълон қилинади. Ўз ўрнини йўқотган ТВ раҳбарлари эса ўша кўрсатув муаллифи ва бошқа масъулларига чора кўради, томошабинлардан узр сўрайди. Бизда эса томошабинлар талаб қилаверади, телеканал ҳам ўз билганидан қолмайди.

Ҳолат қанчалик эканлигини англаш учун ўзингизни ўша “қониқмаётган” эркак ўрнига қўйиб кўринг. Сиз миллионлаб одамларга қарата шунақа гап айта олармидингиз? Ёки продюссер бўлсангиз, шунақа кўрсатув суратга олармидингиз? Ишонаманки, жавобларнинг барчаси «йўқ» бўлади. Чунки бу миллат уят нималиги, жамоат олдида нималарни гапирса бўлади-ю, нималарни сир сақлаш кераклигини яхши билади. Халқимиз «оғзига келганини демоқ нодоннинг иши», дейди. Ҳушига келган ишни қилиб, оғзига келганини гапираётган ўша телевидениядагилар дўппини бир четга қўйиб, нималар қилаётганини яхшироқ ўйлаб кўришса бўларди...

Ҳамидуллоҳ Али

Azon.uz

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 11497
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//