
Бир куни таниш навоийшунос олим ҳасрат қилиб қолди.
– Кеча набираларимни роса уришдим. “Интернетдан бош кўтармай ҳар хил бўлмағур нарсаларни кўриб ётасизлар, нуқул “ур-ур”, “ўлдир-ўлдир” ўйинларни ўйнайсизлар. Бобонгиз навоийшунос бўлса, сизлар қачон бир одам бўлиб, Навоий ҳазратни ўқийсизлар? Ўзбек боласи бўлатуриб, Навоийни билмасангиз, уят эмасми?”, деб танбеҳ бердим.
Икки набирам – бири ўн тўрт, бири ўн ёш, индамай ерга қараб туришди, кейин каттаси: “Ўқиймиз-у, тушунмаймиз-да”, деди.
“Нимасини тушунмайсизлар? “Билмаганни сўраб ўрганган олим, Орланиб сўрамаган ўзига золим”, деган шеърий байт билан уларга насиҳат қилдим. Сўнгра “Фарҳод ва Ширин” достонини қўлимга олиб, дастлабки дуч келган парчани ўқиб бердим: – Мана, масалан, Ширин Фарҳодга “Недур аҳволинг, эй зори ғарибим, Висолим давлатидин бенасибим?”, деб мактуб ёзади. Кейин: “Ўқуб мазмунидин олсанг ҳисобин, Карам айлаб йиборгайсен жавобин”, дея ўз хатига жавоб кутишини айтади. Қани, бунинг нимаси тушунарсиз?”
Кичкина набирам бош ирғаб қўйди-да: “Тушунарли, лекин Ширин капустани нима қилади?”, деб сўради кўзларини пирпиратиб.
“Қанақа капуста?”, дедим ҳайрон қолиб.
“Ана, “карам юборгайсан”, деяпти-ку?”, деди набирам жовдираб.
Кулиб юбордим.
“Э, афанди болам, “карам” деган сўзнинг “раҳм қилиш” деган маъноси ҳам бор-да”, дедим. Кейин бу икки зумрашанинг барибир компьютер ишқида бетоқат бўлиб турганини кўриб, Навоийни бу йўл билан англатиб бўлмаслигини тушундим.
“Навоий бобонгиз ҳам компьютердан зўр фойдаланган, агар билсангиз”, дедим.
Набираларнинг миясида қандайдир лампочка ярқ этиб ёниб, кўзлари порлаб кетди.
“У замонда компьютер бўлмаган-у?”, деди каттаси ишонқирамай.
“Навоий ноутбук ишлатганми ё iPad?”, деб сўради кичкинаси.
“Мана шу китобда, – деб жавондан “Фарҳод ва Ширин”нинг насрий баёнини олиб, уларга узатдим, – ҳаммаси ёзилган, ўқиб чиқсаларингиз, дарров билиб оласизлар”.
Ака-ука китобни қўлтиқлаб, хоналарига югуриб кетишди. Беш минутдан кейин олдимга қайтиб келишди.
“Бобо, деди катта набирам, – биз “Google”дан сўрадик, Навоийнинг компьютерини билмас экан”.
Укаси ҳам унинг гапини маъқуллаб турибди.
“Ҳа, бу “Google” Худо эмас-ку, ҳамма нарсани билса”, дедим. – Китобни ўқимадингларми?”
Набиралар ер чизиб қолди.
“Эсиз, дедим афсусланиб. – Майли, ўзим айтиб берақолай. Достонда Фарҳод деган бир йигит ҳақида ёзилган, у Хитой подшосининг ўғли бўлади. Бир куни отасининг хазинасига киради. Қараса, жавонда тўрт бурчакли бир ойна турган экан. Қўлига олиб, ўнг кафти билан сийпалаган экан, ойнада узоқ бир мамлакатнинг тасвири кўринибди...”
“Сенсорли iPad экан”, деди кичкина набира акасини туртиб.
“Zoom программасиям бор экан”, деди акаси кўзи чақнаб.
“Ойнада баланд бир тоғнинг этагида кўп одам канал қазиётгани ғира-шира кўзга ташланибди”, деб ҳикоямни давом эттирдим.
“Интернети секин ишлар экан”, деб луқма ташлади кичкина. – Бобо, ўша Фарҳод VPN дан фойдаланмабдими?
“Жиннимисан, балки Wi-Fi йўқдир”, деди акаси эътироз билдириб. – Кейин нима бўпти?
“Кейин қараса, бир чиройли қиз оқ отда келиб қолибди. Унинг оти Ширин, ўзи малика экан”, дедим кулимсираб. – Фарҳод шу заҳоти у қизни яхши кўриб қолибди, унинг кимлигини сўраб-суриштира бошлабди.
“Online гаплашибдими ё offline?”, деди кичкина набирам ижикилаб.
Шу ерга келганда мен худди “Минг бир кеча”даги Шаҳризод сингари ҳикояни тўхтатиб: “Энди китобни ўқисанглар, буёғини билиб оласизлар”, деб уларнинг юрагини қиздириб қўйдим.
Ака-ука ночор бош қашиб, яна китобни кўтариб, хоналарига равона бўлишди.
Эртасига эрталаб, улар бир-бирига гал бермасдан “Фарҳод ва Ширин”даги IT-технологияларни менга тушунтира кетишди.
Кичкинаси: “Бобо, биласизми, Навоий эскалаторни ҳам билган экан, фақат отини “учар зина” деб атаган экан”, деса, каттаси: “Эскалатор нима бўпти, у ҳатто батискафни ҳам кўрган экан. Фарҳод ойнаванд уй ясаб, денгиз тагига тушганини ҳам ёзган экан”, деди.
– Ўша Фарҳодни-чи, деди кичкинам кўзларини катта-катта очиб, – лазер тешасиям бор экан, тоғ-тошларни “шесть секунд”да кесиб ташларкан.
– Лазер эмас, бекор айтибсан, деди акаси эътироз билдириб, – лазер тошни бунақа кесолмайди, графен кеса олади, билдингми?
Нонушта қилиб бўлганимиздан кейин ака-ука бараварига:
– Бобо, Навоий ёмон “крутой” ёзар экан, давай, бошқа китоблариям бўлса, беринг, деб илтимос қилишди.
Хайриддин СУЛТОН
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ