ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН: кучли иқтисодиёт — кучли маънавият


Сақлаш
15:13 / 06.10.2021 1397 0

Жорий йилнинг 19 январь куни ўтказилган маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши маънавий ҳаётимизда тарихий воқеа бўлиб қолади. Унда соҳа ривожи учун улкан аҳамият касб этувчи фикрлар, ғоялар, ташаббуслар ўртага ташланди.

Мазкур йиғилишда “Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси — бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси — аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият”, дея алоҳида таъкидланди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари, педагогика фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон ҚУРОНОВ билан суҳбатимиз мамлакатимизда олиб борилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар, уларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида бўлди.

— Аввало, иқтисодиёт ва маънавият уйғунлиги ҳақида гап­лашсак. Миллий иқтисодиётимизнинг маънавий асослари нимада?

— Иқтисодиёт — кенг қамровли тушунча. У инсон учун зарур неъматлар, яшаш шароитлари ва воситаларини яратиш, тирикчиликни таъминлаш, эҳтиёжларни қондиришда фойдаланиладиган хўжалик воситалари, объектлар, жараёнлар мажмуидир.

Маълумки, аҳоли турмуш даражаси даромадлари ошиши, сифатли истеъмол товарлари билан етарли таъминланиши ва бошқа ҳуқуқларнинг кўплиги билан ўлчаниб қолмайди. Балки умумиқтисодиёт даражаси маънавият ва маърифат ривожи, турли шакл­ларда сифатли хизмат кўрсатиш, ­маънавий баркамоллик каби кўпгина сифат кўрсаткичларини ҳам ўз ичига олади. Уларсиз фаровон турмуш даражасига ­эришиб бўлмайди. Шуларнинг ўзи ҳам иқтисодиёт ва маънавиятнинг қанчалик чамбарчас боғлиқлигини кўрсатиб турибди.

Ҳар бир касб эгаси хоҳ у шифокор, хоҳ у ҳарбий бўлсин ўз либосини кийганда ички бир туйғу уларни жасур, кучли, ҳеч нарсадан қўрқмайдиган, Ватан учун жонини ­беришга тайёр инсон қилади. Ватанимиз мадҳияси жаҳон ареналарида янграганда спортчиларимиз кўз ёшларида ғурур ва ­фахрни кўриш мумкин.

Дарҳақиқат, кучли иқтисодиёт бўлиши учун кучли маънавият лозим. Сабаби, маънавиятсиз жамият инсонларни ҳалокатга етаклайди. Тарихдан маълумки, маънавий инқирозга юз тутган империяларнинг охири вой бўлган. Масалан, Мўғуллар империяси, Буюк Миср фиръавни ва ҳоказолар. Демак, иқтисодиётни инсонсиз, инсонни маънавиятсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Инсон омилисиз иқтисодиёт йўқ. Инсон бор экан, интеллектуал ишчи кучи сифатида унга иқтисодиёт, ишлаб чиқаришнинг талаблари бор.

— Бугунги кунда кучли иқтисодиёт ва кучли маънавият уйғунлигига эришиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу мамлакатимизда янги Ренессанс пойдеворини қуришда нечоғли аҳамият касб этади?

— Тан баҳайбат бўлиши мумкин, лекин жон бўлмаса, у жасад. Қимирлай олмайди, ўзини ҳимоя қила олмайди. Жон-чи? Жон, руҳ агар кучли, қудратли танга жо бўлмаса, ожиз нур нуқтаси бўлиб қолади. Тан билан жон бир бўлмаса, уларнинг ҳеч бири яшай олмайди. Йўқликка юз тутади.

Кучли иқтисодиёт ва кучли маънавият бирлиги тамойили мустаҳкам илмий ва тарихий асосга эга. Биз икки Ренессансни кўрган, қурган миллатмиз. Ўша пайтларда ҳам иқтисодиёт режали эмас, бозор иқтисодиёти эди. Маънавиятимиз кучли эди. Демак, биз кучли иқтисодиёт билан кучли маънавиятни бирлаштириб, икки марта юксалиб кўрганмиз. “Янги Ўзбекистон = Кучли иқтисодиёт + Кучли маънавият” формуласи икки қудратли кучни бирлаштиради. Мана шу икки куч, қудрат бизни учинчи Ренессансга олиб чиқади.

Узоқ йиллар биз иқтисодиёт билан маънавиятни айро, алоҳида ҳолида тушуниб келдик. Ҳатто бир-бирига қарши қўйишгача бордик. Гўё иқтисодиёт бошқа жойдан, маънавият бошқа жойдан чиқиб келиб, рақобат қилар эди. “Мия тўймаса, қорин тўймайди”, деган мақол ҳам бор. Бу иқтисодиёт билан маънавиятни — жисм билан жонни бир-биридан сунъий, механик равишда ажратиб ташлаган эди. Эндиликда бир-бирларидан ажратилган жисм билан жон бирлашди. Бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт ҳамда аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларига асосланган кучли маънавият жипслашмоқда.

— Маънавиятни белгиловчи тушунчалар ҳақида айтиб ўтдингиз. Одам маънавиятли бўлиш учун бирор рисолага ёки қоидага амал қилиши керакми? Ёки ҳар бир шахснинг ўз “Маънавий рисоласи” бўладими?

— Қадимда новвойлик, қассоблик, кулолчиликни олиб қарайдиган бўлсак, ҳар бир касб эгаси устахона эшигининг тепасига оқ сурп матога ўралган китобча осиб қўйган. Ичида исириқ ҳам бўлган. Бу китобча шу касбнинг рисоласи эди. Бу, айниқса, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган касб­ни қадрлаган сулолавий ҳунармандларда бўлган. Асрий анъанани давом эттирган ҳунар эгасининг маҳсулоти ҳам рисоладагидек бўлади. Масалан, нонни еб, мазасига баҳо беришда, “Бай, бай, рисоладагидек бўлибди-да”, деган ибора ишлатамиз. Кулолнинг маҳорати, дурадгорнинг қўлигуллигига ясаган маҳсулоти сифатига, иш тутумига қараб, баҳо берилган. Мана шу эътироф ҳунар эгаси, яъни иқтисодий жараён субъекти фаолиятининг маънавий асосини белгилаган. Унинг ҳалоллиги, тозалиги, тарозининг тўғрилиги — асосий мезон бўлган. Бугунги иборалар билан айтсак, иқтисодиётнинг жони, руҳини белгилаб берган.

Энди устахона эшигининг тепасига илинган рисолада нималар ёзилган дейишингиз мумкин. Масалан, новвойни оладиган бўлсак, тонг ғира-ширасида покиза бўлиб иш бошлаш, ўз касбига доир қоидалар, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, касбига оид ҳадислар, ривоятлар, жумладан, ноннинг неча грамм бўлиши, уни халққа сотишда қандай йўл тутса, савоб бўлишлиги каби нозик жиҳатлар қайд этиб ­келинган.

— Иқтисодиётни ўйлаб, маънавиятни четга суриб қўйган бўлса-чи? Яъни иқтисодиёт кучли бўлиб, маънавият кучсиз бўлса, қандай оқибатларга олиб келади?

— Агар иқтисодиёт кучли бўлиб, маънавият кучсиз бўлса, нима бўлади? Бурчга хиёнат, масъулиятсизлик урчийди, коррупция кучаяди, ижро интизоми йўққа чиқади. Маънавият кучли бўлса, коррупцияни еб битиради. Бурчга хиёнат, масъулиятсизликка қирон келтиради. Виждонни, бурчни, коррупцияга қарши нафратни, ижро интизомини кучайтиради. Иқтисодиётни соғлом, кучли қилади. Маънавият кучли бўлса, у ухлаётган, мудраётган одамларни уйғотади. Иккиланаётганларга тўғри қарор беради, ишонтиради, бирлаштиради. Мақсадли ва ҳалол меҳнатга сафарбар қилади.

Тарихга разм ташлайлик, буюк иқтисодиётни яратувчилар — жўшқин қалбли ва эзгу ғояга ишонган одамлар бўлишган. Миллий ғоя, маънавият иқтисодиётни қандай кўтаришига Иккинчи жаҳон урушидан кейин вайронага айланган Япония, Германиянинг 30 йилдан кейин қайта бунёд бўлгани мисол. Тикланиш даврида оч, силласи қуриган японлар станок олдида оёқда туролмай қолишади. Ўшанда ўзларини қўлтиқларидан арқон билан шифтга осиб қўйиб, тик оёқда туриб, ишни давом эттиришади. Немислар 10 соатлик меҳнат учун бериладиган бир парча қора нонга 14 соат ишлашди. Ўз ҳисобларидан. Айтингчи, уларни нима ҳаракатлантирди? Албатта, маънавият, ички бир туйғу, миллий ғояга, эртанги кунга ишонч. Халқимизни жипслаштирувчи миллий ғоямизни, ҳар бир ўзбекистонлик “Менинг ғоям!” деб қабул қилсагина, эртанги кунга ишонч метин қояга айланади. Иқтисодиёт гуллаб-яшнайди.

Юқорида қайд этилган йиғилишда таъкидланганидек, афсуски, ҳали орамизда миллий ғоя ва маънавиятнинг моҳиятини тўлиқ англаб етмаган, “маънавият ўзи керакми-йўқми?” деб юрганлар ҳам бор. Миллий ғоя деганда, эски совет мафкурасини хаёлига келтириб, “лабига учуқ тошадиганлар” ҳам йўқ эмас. Агар мафкура эзгулик ва инсонпарварлик ғояларига, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари, тинч-осойишта ­ҳаётини таъминлашга, одамнинг қадр-­қийматини улуғлашга хизмат қилса, нима учун ундан қўрқишимиз керак?

Бугун илгари сурилаётган “Янги Ўзбекистон” ғояси замирида миллий тарихимизда биринчи ва иккинчи Уйғониш даврларига асос солган аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари ва армонлари мужассам. “Янги Ўзбекистон” ва “Учинчи Ренессанс” сўзлари бизни бирлаштирувчи тимсоллар бўлиб янграмоқда. Бу ғоя ёш авлодга маънавий қанот ва мафкуравий куч бериши тайин.

— Ёшларнинг ватанпарварлик ва миллий ғурур, миллий ғояни тўлақонли англашлари учун, ён-атрофда юз бераётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини кўтариш учун нималарга эътибор беришимиз зарур?

— Бу саволга марказимизнинг бир тадқиқотчиси томонидан ўтказилган тажриба-тадқиқотни мисол қилиб ўтмоқчиман. Бир коллеж мисолида олдик. Ўқувчилар дарсга кириб келишяпти. Дарвоза олдига “шлангда” сув оқизиб қўйилди. Бинога кираверишда катта лампочка ёқиб қўйилди. Ичкарида эса эълонлар тахтасида ўзбек халқ мақолларидан бири имло хатолари билан ёзилди. Мақсад — лоқайдлик, эътиборсизлик ёшларимизда қай даражада эканлигини билиш эди.

Кузатувимиз асносида билдикки, аксарият ўқувчиларимиз беҳуда оқиб ётган ичимлик сувига эътиборсиз бўлишди. Икки-уч ўқувчи дахлдорлик йўлини тутди. Сувни ёпиб қўйди. Кейинги қадам: ичкарида кундуз куни чарақлаб ёниб турган чироқ ҳеч кимнинг парвойига ҳам келмади. Эълонлар тахтасидаги хатолар эса буткул бефарқликда ўқилди ё ўқилмади. Бу тажрибани биз видеотасвирга олган эдик. Эртаси куни ўқувчиларни катта мажлислар залига йиғиб, кечаги синов видеони уларга қўйиб бердик. Бошида болалар кулишди. Видео якунида эса барча жиддийлашиб борди. Негаки, биз уларга беҳуда ёниб турган чироқни, шариллаб оқиб ётган сувни, ­хатоси тўла мақолни қайта-қайта кўрсатдик-да. Бир оз ўтгач, улар бойликларимиз ҳавога совурилаётганини ниҳоят ­англаб етишди.

Эртаси куни худди шу тажриба атайин такрорланди. Ишонасизми, мўъжиза рўй берди. Шариллаб асфальтга оқаётган сувни кўрган ўқувчилар югуриб келиб жўмрагини ёпишди. Электр чироқни кўрган заҳоти дарҳол ўчиришди. Илгари қарамайдиган эълон тахтасини бориб ўқишди. Ҳатто хатоларини тузатиб, мамнун бўлиб кетишди. Бу ҳолатни ҳам намуна қилиб ўқувчиларга катта экранда кўрсатдик. Устозлар бор неъматни қадрлаш — қадрият эканлиги борасида ҳикматли гаплар, тушунтиришлар беришди. Демак, лоқайдлик, бепарволик иллатлари иқтисодий тараққиётимизга салбий таъсирини ўтказади.

Бугун миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари қадам ташлаётган эканмиз, энди ақлимизни, интеллектуал салоҳиятимизни, билим ва тажрибамизни оширишимиз, уларни иқтисодий ривожланишнинг маънавий ресурсларига айлантиришимиз зарур бўлади.

Бу биз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Обиддин МАҲМУДОВ суҳбатлашди.

"Халқ сўзи"

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 46
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10434
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//