Матрица: эҳтиёт бўлинг, сунъий интеллект


Сақлаш
18:18 / 05.06.2023 943 0

1999 йили дунё киносида револьюция сифатида талқин қилинувчи фильм – ака-ука Вачовскиларнинг “Матрица”си оммага тақдим қилинди. У фалсафа ва экшен (жангари) жанрининг аралашуви билан одамлар ичига кириб борди, тушунмаганлар уни машиналар билан жанг қилувчи қаҳрамон ҳақидаги жангари-фантастик кино деб ҳисобладилар, унинг секинлашган ҳаракатларини, қаҳрамоннинг отилган ўқларни ҳавода тўхтатиб қўйишини кўриб ҳайратга тушдилар, вақт ўтиб уни қайта кўрган кишилар эса унинг асосий ғояси бутунлай бошқа – антиутопия эканини тушуниб қолдилар. Киберпанк (компютер даврида инсоният маданияти таназзулининг  технологиялар тараққиёти фонида акс эттирувчи илмий-фантастик услуб) услуби асосчиларидан бўлмиш фантаст ёзувчи Уилям Гибсон фильм томошасидан сўнг ўз ҳайратини яширолмайди: “Анчадан буён бунақа ҳаяжонга тушмагандим... Нео энди менинг фантастикадаги энг севимли қаҳрамоним”. Дарҳақиқат, “Матрица”дан алоҳида субкултура ўсиб чиқди, трилогиядан сўнг Неонинг янги саргузаштлари акс этувчи компютер ўйинлари, аниме ишланди, мода уйлари фильм қаҳрамонлари услубидаги либосларни тақдим этди, қоронғида ҳам қора кўзойнак тақиш урфга кирди.

 

 

Нео ким?

 

Трилогиянинг биринчи қисмида Нео Танланган, Қаҳрамон, Қутқарувчи сифатида кўрсатилади. Бунда кўпроқ илоҳий номалардаги ривоятлар, мифлар, башоратларга – Инжил ва Исо пайғамбарга ишора бор. Умуман, дунё устидаги ҳар бир халқнинг қутқарувчи ҳақидаги башоратлари мавжуд. Бора-бора бу башоратдан мифларга, эртакларга, эпосларга ва бошқа халқ оғзаки ижодига кўчиб кўринишини ўзгартиради. Матрица эса янги замон – машиналар даври олдидан одамзодни огоҳлантириш учун яратилган замонавий Инжилга ўхшайди. Нео (юнон тилидан таржима қилганда янги деган маънони англатади, яна инглиз тилидаги “One– “танланган” сўзининг анограммаси ҳам) эса бу китобнинг қутқарувчиси, янги Исоси эди.

 

Томас Андерсон исмли дастурчи йигит кундузлари эл қатори номдор компанияга ишга қатнаб, кечалари дастурларни бузиш билан шуғулланувчи хакер сифатида гавдаланади. Унинг кундалик ҳаёти Морфеус билан учрашувдан сўнг ўзгаради, унга Ҳақиқат одамлар цивилизацияси бутунлай йўқ қилингани, эндидан одамлар машиналарни қувват билан таъминлаш учун кичик капсулаларда, худди катакларда бирон нарса учун боқилаётган жониворлардек асралиши ва реалликдан узиб қўйилгани ҳақида айтилади. Неонинг вазифаси одамзодни машиналар қўлидан қутқариш ва фильм охирида у ўз жони эвазига (Инжилда Исо ўз жонини инсоният гуноҳлари учун қурбон қилгани каби) уларни матрицадан реал ҳаётга олиб ўтади.

 

Аммо яна бир томони бор: Нео Бош Муҳандис – матрицанинг яратувчиси билан учрашувида бошқа ҳақиқатни эшитади, унга кўра Неонинг ўзи тизимнинг бир қисми, унинг нозик ва ноқис қисмларини топиш учун яратилган алоҳида дастур, унга қадар сайёра матрицанинг ва Неонинг олтита вариантини кўрган. Муҳандис аввалига худди жаннатни эслатувчи дунёни яратади, аммо одамзоднинг бундан кўнгли тўлмайди, унга яхшилик ва ёвузлик бўлган, оқ ва қорадан иборат, танлаш имконияти бор бошқа дунё керак эди ва шунга кўра исён қилади. Шунинг учун Нео яратилади, у Муҳандиснинг – матрица худосининг буюк яратиғи нуқсонларини, юмшоқ жойларини билдирадиган ва қайта ишга туширадиган, яъни одамзодни бир матрицадан бошқасига ўтказувчи махсус дастур эди.

 

 

Қизил ва кўк дорилар, Морфеус ва стоицизм

 

Матрица нафақат Инжилга доир воқеаларни юритади, у дунё фалсафасининг ватани бўлмиш юнон асотирларини, фалсафасини ҳам ўзида жамлайди. Шулардан биттаси –  Морфеус.

 

Морфеус юнон худоларидан уйқу ва туш илоҳи Морфейнинг фильмдаги кўриниши. Морфей башоратли ва ёлғон тушлар худоси сифатида келтирилади. Яна у одамлардаги умид ва орзуларни ҳам уйғотади. Шу маънода Морфеуснинг Неонинг олдига келиши, қизил ва кўк дори тутиши, одамлар тушларда (симульяцияда) яшайдиган матрицадан чиқишга кўмаклашиб Зионга – реалликдаги одамлар ватанига олиб бориши ва охир-оқибат ушбу дунё ҳам матрицанинг бир қисми бўлиб чиқишида узвийлик бор – аслида Нео кинонинг бошидан-охиригача ёлғон тушларини кўришда давом этади.

 

Юнон фалсафасининг муҳим мактабларидан бири стоицизмда инсон ҳаёти танловлар билан ўзгариб бориши таъкидланади. Унга кўра, одам ўз танловлари натижасидир, унинг ҳаёти ўзгармас ва ўзгартириш мумкин бўлган жабҳалардан иборат. Масалан, киши ўз ота-онасини, туғилган ватанини, фарзандларининг ким бўлиб етишишини, келиб чиққан миллатини танлай олмайди, аммо унинг ҳаёти давомида қилган танловлари унинг ўзи ким бўлиб етишиши, ҳаётини қайси йўлда ўзгартириши мумкинлигини, унинг ўй-хаёллари қайга бошлаши ва реалликда қандай кўринишга етиб боришини уқтиради. Стоицизмга кўра, одам ўз эркига (танловлари натижасига) ўзи жавобгар. Худди шундай, Неонинг Морфеус қўлидан дорилардан бирини танлаши ва матрицадан чиқиб машиналарга қарши одамзод томонида жанг қилиши танловининг бирламчи кўриниши ва охирида ўлмаслиги ҳам ўз тақдирини ўзгартириши, яъни танловлари натижасидир. Охир-оқибат буларнинг барчаси ёлғон бўлиб чиқиши эса тафаккурнинг бошқа шакли – нигилизм билан боғлиқ бўлиб, фильм ижодкорлари ўз фикрларидан тўр тўқиганга ўхшайди, тушган одам бу тўрдан қутулиши даргумон.  

 

 

Матрица нима?

 

Матрица – сунъий онг томонидан яратилган дастур. У машиналарга қувват ишлаб чиқараётган одамларни уйқуда ушлаб туриш учун, уларнинг ҳақиқатда инсоният машиналар билан жангда ютқазгани ва қулликка дучор қилинганини англаб исён қилмаслиги учун реал ҳаёт симульяциясини берувчи дастур. Фильмда инсоният ва сунъий онг ўртасидаги жанг қандай келиб чиққани ва натижа нима билан якунлангани ҳақида бирон гап йўқ. Аммо шунга изоҳ берувчи алоҳида йўлланмалар мавжуд бўлиб, инсоният ўзининг мағлубияти олдидан машиналарни қувват тизимидан бутунлай узиб қўйганини тушуниш мумкин. Йўқ қилинган қувват тизими бу қуёш ва шамол энергияси, бошқа қазилма қувват энергиялари бўлса эҳтимол. Аммо сунъий интеллект одамзоднинг ўзидан қувват олишга ва тирик қолишга эришади. Бу инсониятнинг енгилганидан дарак, бир тарафи у машиналар учун қувват ишлаб чиқарувчи жонивор-батарейкага айлантирилади, бошқа тарафдан у ўзининг яратиғи бўлмиш машиналар қўлида қуллик қилишни бошлайди. Аслида бундай тақдирга кишиларнинг ўзи айбдор – улар жамиятда “шахс” бўлиш ўрнига “фойдаланувчи”га, ўз тақдирини ўзи белгиловчи онгли биологик тур ўрнига гаджетлар тараққиётига хизмат қилувчи фикрий хомашёга айланди.

 

Трилогия нима демоқчи?

 

“Матрица” одамзоднинг буюк орзу-истаклари устидан мағзава ағдаради. Ёрқин келажак – йўқ. Унинг ўрнига қоронғи ва тушунарсиз матрица бор, шу билан яшаш керак. Фақат эндидан бош қотирилиши керак бўлган бошқа масала мавжуд – инсоният бошқалар яратиб берган қўштирноқ ичидаги комфортда яшашни давом эттириши ва қуллик қилиши керакми, ё шафқатсиз реалликка ўтиши ва қўлига қурол олиб машиналар билан жанг қилиши, ўлимни бўйнига олиши керакми – бу унинг характерини белгилайди. Бу билан фильм одамзодни келажакка эмас, орқага бошлайди – у ҳали сунъий интеллект яратилмаган, инон-ихтиёри ўз қўлида бўлган даврга бориб хатосини тузатиши керак (“Терминатор”ни эсланг, унда қаҳрамонлар ёрқин шар ичида вақтдан-вақтга сакрайдилар: роботлар уларнинг ҳалокати сабабчиси бўлган болани ўлдиришга уринсалар, бошқа гуруҳ қутқарувчининг туғилиши учун келажакдан ҳимоячи ва ота юборади), шунда унинг олдидан бошқа йўл чиқади ва у билан бошқа келажакка йўл олиш мумкин.

 

Замонамизнинг сунъий интеллекти отаси Жеффри Хинтон яқинда иқлим ўзгариши сунъий интеллект хавфи олдида унчалик муҳиммаслиги ҳақида гапирди. Тахминан шундай деганди: “Мен иқлим ўзгариши эътиборга арзимайди, демоқчимасман. Аммо уни тўхтатиш унчалик қийинчилик туғдирмайди, сайёра углерод ёқишни тўхтатса бас. Аммо сунъий интеллектнинг нима экани, у келтирадиган зарар ва унга қарши нима қила олишимиз мумкинлигини билмайман ва шундан қўрқаман”. Хинтон сунъий интеллект фикрлаш борасида аллақачон инсонни орқада қолдирганини, унинг ёвуз ниятли кишилар қўлида нималар қилиши мумкинлигини тахмин қилаётганини таъкидлаганди. Хинтондан ташқари Илон Маскнинг Билл Гейтсга очиқ мактуби ҳам бор. У сунъий интеллектни бироз ортга суриб туриш кераклигини сўраганди ChatGPT асосчисидан. Ака-ука Вачовскиларнинг фильми эса келажакдан нома – ҳозир сунъий интеллект йўқ қилинмаса ёки бошқариладиган қилинмаса, одамзод ёрқин келажакда ўзини катак ичидаги жонивор сифатида кўриши мумкин.

 

 

Якун: нигилизмми ё шафқатсиз реализм

 

Трилогиянинг якунида Нео ва агент Смит ўртасида даҳшатли жанг тасвирланади. Агент Смит – матрица ичидаги дастур. Унинг ҳам вазифаси бор, у худди антивирус каби тизимга ёт, қарши бўлган дастурларни ва одамларни йўқ қилиши керак. Бора-бора у матрица қоидаларига бўйсунмай қўяди, исён қилади ва тизимга тегишли дастурларни ҳам ютиб, матрицанинг ҳалокатини яқинлаштиради. У ҳам худди Нео каби чек-чегарасиз кучга айланиб боради – башоратга кўра матрицани одамзод йўқ қилиши керак, баъзи тахминларга кўра ўша қутқарувчи аслида Смит, аммо у бостирилади. Нео унга қарши Бош Компютер билан бирлашади. Бош Компютер эса худди одамзод ўз яратиғи сунъий интеллект издан чиққанида бирон нарса қила олмагани каби, агент Смитни йўқ қилолмасди. Иккисининг ҳамкорлиги оқибатида эса тизим – матрица қайта юкланади, ишга туширилади, “перезагрузка” бўлади. Нео эса ўз вазифасини бажарди, демакки, унинг тирик қолишининг ҳожати йўқ. Унинг мурдасини одамлар эмас, роботлар кўтарадилар – қаҳрамоннинг охирида бахтли-саодатли ҳаёт кечириши, тўй қилиб бир этак бола кўриши ҳақидаги оптимистик якун ҳақида гап бўлиши мумкинмас.

 

Трилогиядан анча ўтиб, аниқроғи 2021 йили Вачовскилар “Матрица”нинг яна бир қисми “Тирилиш”ни чиқардилар ва матрицачиларнинг дуоибадига қолдилар. Гап шундаки, трилогияда Нео ўз вазифасини бажаради – у одамларни ҳақ ўлимдан асраб қолади, Зионни бутунлай вайрон қилиши мумкин бўлган роботлар қўшини тўхтатилади, матрица ичидаги кишилар эса энди матрицадан узилиши ва одамзоднинг янги ватанида реалликда яшаш имконига эга бўлганди. Тўртинчи фильмда эса Неонинг ўша қаҳрамонлиги ҳеч нарсани ўзгартирмаган бўлиб чиқади – унинг ва Тринитининг мияси машиналар томонидан ювилиб, қайта матрицага уланади. Бунда Тринити ва Нео алоҳида-алоҳида ҳаётларда яшайдилар, Нео матрицани қабул қилиш учун тинимсиз кўк дори ичади ва психологга қатнайди, у вақти-вақти билан кўз олдида пайдо бўладиган хотиралардан азият чекади. Тринити эса бир неча боланинг ёши ўтинқираб қолган онаси, унинг аввалги жангарилиги ва иштиёқи ҳам салқиллаган юз териси орқасида қолиб кетган. Охирги фильм трилогия уқтирмоқчи бўлган хабарни бутунлай йўққа чиқаради, ўша машҳурлик эйфориясида расво қилинган севги ҳақидаги алоҳида фильм ҳиссини беради.

 

Алишер ФАЙЗУЛЛАЕВ,
Oyina.uz

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17368
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//