Пулицер мукофотига лойиқ кўрилган, Америка мактабларида мажбурий ўқитиладиган асар – «Мазахчини ўлдириш»ни нега ўқишимиз керак?


Сақлаш
16:05 / 31.05.2023 714 0

«Мазахчини ўлдириш» асари Америка адабиёти учун том маънодаги воқеаликка айланганди. BBC талқинига кўра, ХХ асрда яратилган энг яхши асарлар рўйхатига киритилган китоб нашр этилган йилиёқ «Энг яхши бадиий асар» йўналишида Пулицер мукофотига лойиқ кўрилади. Хўш, романнинг бу қадар муваффақиятига сабаб нима бўлганди, нега китобни америкаликлар бу қадар катта ҳайрат, қизиқиш билан кутиб олишди ва бугунги китобхон нима учун уни ўқиши керак?..

 

***

Асар воқеалари олти ёшли қизалоқ Скаут тилидан ҳикоя қилинади. Қизчанинг онаси вафот этган, эллик ёшлар атрофидаги отаси Аттикус шаҳарчада адвокатлик қилар, уй ишлари, пишир-куйдирлар учун эса қора танли хизматчи аёл ёлланганди. Беғамгина Скаут ва унинг акаси Жеремини ён қўшнилари бўлган Редлилар оиласи жуда қизиқтирарди. Бунга сабаб, айтишларича, у ерда 17 ёшида мактабда шўхлик қилгани учун отаси уйга қамаб қўйган алвасти Артур яшайди. Ўшандан бери Артурни ҳеч ким кўрмаган, бирор кимса унинг на тирик, на ўлик эканини билмасди. Болалар эса барибир уйни пойлашар, деразасига тош отишар, дарахт ковагида хатлар қолдиришади. Аммо жавоб бўлмасди. Бунга сари қизалоқнинг қизиқиши ортар, саволлари кўпаярди: Ким ўзи бу алвасти Артур? У ростдан ҳам мушукларни тириклайин ейдими? Чиндан ҳам ўз онасини ўлдирганми? Нега умуман кўчага чиқмайди? Ахир уни уйга қамаган отаси аллақачон ўлиб кетган…

 

Фарзандларининг қўшни уй атрофида доимий ўралашишини билган Аттикус жаноб Редлини ўз ҳолига қўйиш кераклигини айтади. «Кишиларнинг кўчага чиқмасликни ихтиёр қилиш ҳуқуқи бор ва биз буни ҳурмат қилишимиз керак», дея тушунтиради у болаларига. Аммо ака-сингил тез орада оиланинг бошига тушган савдолар сабаб «алвасти Артур» билан яқиндан танишиб олишади…

 

***

Ёзувчи асарда ўқувчига ўз фикрини етказиш учун иккита асосий линияни танлайди. Бири ўсмир пайтида ноҳақ айблов туфайли уйга қамалган ва бутун жамиятдан юз ўгирган одам – Артур Редли ҳаёти эди. Муаллиф у орқали ҳар кун ўтган-кетганни ғийбат қилиб ўтирадиган, жанжалдан бўшамайдиган, оқимга қарши сузолмайдиган одамлар жамият ҳаётига бефарқми ёки узлатга чекинган, бироқ керак вақтда инсонларга ёрдам қўлини узата оладиган, икки боланинг ҳаётини қутқариш учун қотиллик қилишгача борувчи шахс беэътибор саналадими деган саволни ўртага ташлайди.

 

Иккинчиси ногирон, оқ танли деҳқоннинг уйида хизмат қилувчи қора танли хизматкор Том линияси. У бир қизга тажовуз қилинишда айбланган ва ўша давр қонунларига кўра сўроқ ҳам қилинмасдан қамоққа тиқилган эди. Судья Томни ҳимоя қилиш учун давлат томонидан берилувчи адвокат сифатида Аттикусни тайинлайди. Аттикус ишни олиши биланоқ шаҳардошларининг босими остида қолади. Камига фарзандларига ҳам аҳмоқнинг, хоиннинг боласи сифатида қараб, уларни мазахлаб, камситишади. Сабаби ўша даврдаги Америка қоидаларига кўра, исталган қора танли потенциал жиноятчи саналарди. Исталган оқ танли киши уларни жиноятда айблаши ва қора танли одам ўзини оқлолмай, ўлимга маҳкум қилиниши оддий ҳол эди. Судьялар қора танлилар бегуноҳ бўлсада оқлолмас, оқлашган тақдирда жамоатчилик босими остида қоларди. Чунки бирорта қора танлининг айбсиз деб топилиши оқ танлини ёлғончиликда айблаш, камситиш дея қабул қилинар, шунинг учун ишнинг оғир-енгиллигига қарамай «қоралар» ҳеч қачон жазодан қутилишолмасди.

 

Умуман, АҚШ каби қонун устувор деб билинадиган жамиятларда бор-йўғи бир аср, 70 йил олдинги бундай қабоҳатлар одамни сергак торттиради. Аммо уларда виждонли одамларнинг жасорати, ҳақиқат, тўғрилик ва ҳалоллик учун ирқ, жинс танламасдан курашиши бутун бир жамият фикрини, ҳаётини ўзгартириб юбора олади. Ҳа, айнан ҳатто ютқазиш аниқ бўлганда ҳам, чекинмаслик ва кураша олиш муҳим. Чунки вақти келиб, бу саъй-ҳаракатлар натижа беради. Жамиятни бир кунда бутунлай иллатлардан тозалаб бўлмайди. Аммо яшаётган муҳитингнинг янглиш фикрларини ўз ҳаракатларинг мисолида ўзгартириб бориш вақти келиб бутун жамият уйғонишига хизмат қилади. Аттикус буни билар, фарзандларига бу ишда ғолиб бўлолмаслигини, аммо мағлубияти ҳам жасорат эканини, болаларнинг устидан кулаётган ўртоқлари ва шаҳарча аҳли ҳам вақти келиб буни тушуниб етишини уқтиради. Адвокат судда Томни шу қадар ҳимоя қилдики, ҳеч кимда «гумондор айбдор» деган фикр қолмайди. Бироқ оқ танли оломон буни сиртига чиқармас, ҳамон Аттикус қора танлига ён босяпти, дея ундан нафратланишарди. Суд ҳам Томни оқлаб беролмайди – судья маслаҳатчилари уни жиноятчи деб топишади. Шундан сўнг қора танли маҳбус қочишга уринади ва соқчилар томонидан отиб ўлдирилади. Аттикус унинг барибир ўлишини билсада афсусланади, аммо чекинмайди. Чунки унинг мақсади фақат Томнинг ўзинигина қутқариш эмасди, қамоқхонада яна икки юзга яқин ноҳақ айбланган, ўлимга ҳукм қилинган қора танли бор эди.

 

Асардаги адвокатнинг ҳаракати битта одамни қутқариш эмас, жамиятдаги ноҳақликка, қонунсизликка, нотенгликка бўлган фикрни ўзгартиришни ўзига сингдирганди. Бу каби чиройли сўзлар озодлик, тенглик, ҳуррият каби баландпарвоз шиорлар сифатида давраларда янграйди. Аммо уларни ҳаётда чиндан ҳам жорий қилиш гапирилганидек осон эмас, бунга баъзан бир одамнинг умри етмайди, миллионлаб одамларнинг ҳаёти қурбон берилади…

 

Романни ўзбек тилига таржима қилиш ва нашр этишга бош-қош бўлган «Академнашр» нашриёти раҳбари Санжар Назар «Айнан шу китобни нашр қилишни жуда қаттиқ истадим. Бунинг учун ҳатто баъзи принципларимни четлаб ҳам ўтдим. Сабаби, айнан шу китоб бизнинг жамиятимизда бирламчи аҳамият касб этадигандек туйилаверган. Бу китоб баланд ғоялар, фикрлардан ҳам кўра уларни яшаб ўтиш, яшаб кўриш муҳимроқ эканлигини ўргатади, назаримда». Ҳақиқатан ҳам, ғоялар қанчалик қийин бўлмасин, инсонлар ҳаётида яшаб ўтилсагина, жамият тарзига айланади, акс ҳолда ўлик гаплигича қолади.

 

Харпер Ли асар ҳаётидан олинмаганини иддао қилса ҳам, отасининг адвокатлиги, дўсти Дилл машҳур ёзувчи Капотенинг прототипи экани кўп нарсани ойдинлаштиради. Асар нашр қилинган вақтда унда ҳикоя қилинган воқелик 30 йил илгари юз берган бўлсада, мавзу Америка аҳли учун ҳамон долзарб эди. Ҳамон қора танлилар ҳуқуқсизлиги кун тартибида турарди. Асарнинг нашр қилиниши ва машҳур бўлиши баробарида жамият бу ҳақда қайта ўйлаб кўрди ва қора танлилар ҳуқуқи учун кураш энди фақат адвокат аттикусларни эмас, кўпчиликнинг жонини, виждонини қийнай бошлади. Тез орада қоралар оқларники каби ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўла бошлайди. Роман эса мактабларда ўқитилиши мажбурий китоблар рўйхатига киритилади. Бу қоидага ҳозиргача амал қилиб келинади. Ахир жамиятга, оломон эмас, чинакам инсонлар керак. Асар эса танқидчилар тўғри таъкидлаганидек, инсонга инсон бўлишни ўргатади.

 

Тилланисо ЭШБОЕВА

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси