
Катта ақл эгаларини ташвишга соладиган бир фалсафий савол бор – одамзоднинг якуни қандай бўлади? Унинг ўлимига нима сабаб бўлади? Тасаввур қилинг, худди Нуҳ пайғамбар давридаги каби улкан фалокат инсоният тақдирида бўлса (бу албатта сув ёки табиат ҳодисалари бўлишининг ҳожати йўқ), тирик қолиш учун у нималарни бошидан ўтказади?
Бу борада олимдан кўра ижодкорлар, масалан, ёзувчилар, режиссёрлар кўпроқ бош қотирадигандек туюлади. Аслини олганда ҳар қандай ижодкорни булутга ўхшаб осмонда сузиб юрган хаёлларгина эмас, олимларнинг бу борадаги гипотезалари ҳам илҳомлантиради. Қуйида сиз учун постапокалиптик бадиий ва мультфильмлар рўйхатини келтирамиз.
1. Валл-и
Инсоният яшашга яроқсиз сайёрадан учиб кетади ва ўз ўрнига Валл-и каби миллионлаб роботларни сайёрадаги ифлосланишни бартараф этиш учун қолдиради. Мультфильм ўша роботларнинг охирги вакилининг бошидан кечирганлари ҳақида.
Валл-и жонажон сайёрамизда қолган ягона қимирлаган жонзот. Ҳа, у робот – у одамзоднинг турли-туман чиқиндиларидан ифлос аҳволга келиб қолган сайёрани тозалаши керак, аммо у ҳис қилади. Худди одам каби ёлғизликни ҳис қилади. Шунинг ҳисобига уни жонзот, яъни жони бор деб ҳисоблашимиз у қадар хато бўлмайди.
2. Тўққиз
Одамнинг қўлидан кўп нарса келади, дейлик у бутун сайёрани уруш ва даҳшат ўчоғига отиши, сўнг ўзини ва уни ўраб турган барча нарсани қутқариш учун қўғирчоқлар яратиши мумкин.
Тўлиқ метражли ушбу мультфильмда аллақандай тушуниксиз йўл билан жонланган митти тўққиз қўғирчоқ тирик қолиш ва уруш кунпаякун қилган сайёрани тирилтириш учун кураш олиб борадилар.
3. Терминатор: қутқарувчи келади
Терминатор – одамзоднинг ўлимига бошқаларга қараганда асослироқ сабаб келтирган фильм саналади. Фильм ижодкорлари технология ривожланиши охир-оқибат инсоннинг бошига бало бўлади, роботлар у билан ер юзида ҳукмронлик қилиш учун жанг бошлайди деган идеяни илгари сурадилар.
Терминаторнинг бошқа фильмларида воқеалар яқин ўтмишда содир бўлса, ушбу фильмда одамзод жангни аллақачон бой берган пайт ҳикоя қилинади.
4. Матрица
Матрица – бу программа. Фильмда реалликдан алоҳида, худди катакда бўрдоқига боқилаётган жўжалар каби одамлар асралиши ва бундан қутулиш учун исён қилиниши ҳақида гап боради.
Матрица ўзига хос фалсафий фильмлардан бири саналади. Масалан, Морфиус, Нео, қизил ва кўк дори, реаллик ва матрица ичидаги ҳаёт, программаларнинг ўзини такомиллаштириши – буларнинг бари ҳозиргача мавжуд бўлган фалсафанинг рамзларга ўтиб эврилиб боришидир.
5. Мен афсонаман
Сайёрага тарқаган аллақандай касалликдан сўнг биттагина ҳарбий шифокор тирик қолади. У кундуз кунлари ити билан кимсасиз шаҳарни кезиб тирик жон излайди, тунда эса касалланган одамлар – зомбилар билан жанг қилади.
6. Обливион
Ўзга сайёраликлар ҳужумидан сўнг ер яшашга яроқсиз ҳолга келиб қолади. Бироқ одамлар ундаги ҳар бир ўзгаришни кузатиб борадилар ва ҳолатнинг яхшиланишидан умид қиладилар. Кузатувчи механиклардан бири ҳалокатга учраган кемани кўриб қолганидан сўнг бу ҳақдаги фикри ўзгаради, чунки ер ўзга сайёраликлар томонидан қўлга олинган эди.
7. Вақт машинаси
Бир олимнинг ўз муҳаббатини қутқариш учун вақт машинаси яратгани ва кўп бор қизни қутқаришга интилгани ҳақида. Бу ерда урғу бериш мумкин бўлган бир нарса бор – фильм тақдирдан қочиб қутулишнинг иложи йўқ деган идеяни олдингизга қўяди.
Олим эса ўтмишга қайтаверишни бас қилиб узоқ келажакка ўтиб кетади ва у ерда одамзоднинг икки турга бўлиниб кетгани гувоҳи бўлади.
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ