“Ҳаракатда баракат, елкадошлик, сўз эркинлиги...” – ўзбек халқи учун қадриятлар рўйхати тузиш таклиф қилинмоқда


Сақлаш
23:28 / 11.05.2023 1268 0

Нима учун бу қадриятлар муҳим? Миллий қадриятларнинг аниқ шакллантирилган рўйхати борми ёки бўлиши керакми?

 

Келинг, бу масалага кенгроқ ёндашайлик. Шу чоққа қадар олиму мутахассислар “қадрият” тушунчасига турлича таъриф берган. Улардан айримларини келтириб ўтамиз: “Қадрият дейилганда инсон ва инсоният учун аҳамиятли бўлган миллат, элат ва ижтимоий гуруҳларнинг манфаатлари ва мақсадларига хизмат қиладиган ва улар томонидан баҳоланиб, қадрланадиган табиат ва жамият неъматлари, ҳодисалари мажмуини тушунмоғимиз лозим”[1]. “Қадриятлар – жамиятда кишилар ўртасида обрўга, эътиборга, ҳурматга, нуфузга эга кишилар, муносабатлар, ҳолатлар, моддий нарсалар ва маънавий бойликлар мажмуаси”[2]. “Қадрият инсон ва жамият маънавиятининг таркибий қисми, оламдаги воқеалар, ҳодисалар, жараёнлар, ҳолатлар, сифатлар, талаб ва тартибларнинг қадрини ифодалаш учун ишлатиладиган тушунча”[3]. “Қадрият – воқеликдаги муайян ҳодисаларнинг умуминсоний, ижтимоий-ахлоқий, маданий-маънавий аҳамиятини кўрсатиш учун қўлланадиган тушунча”[4].

 

Демак, бу таърифлардан қадрият – биз учун қадрли бўлган урф-одат ва анъаналаримиз, ҳаётий принципларимиз деб хулоса қилиш мумкин. Ўз навбатида қадриятлар миллий ва умуминсоний қадриятларга бўлинади, яъни миллат, халқ учун хос бўлган қадриятлар миллий қадриятлар, бутун башарият учун хос бўлган қадриятлар эса умуминсоний қадриятлар ҳисобланади.

 

Миллий қадриятларни ҳам моҳиятига кўра, табиий, моддий, маънавий, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ахлоқий қадриятларга ажратиш мумкин. Масалан, минглаб йиллар давомида шаклланган бой маънавий хазинамиз биз учун маънавий қадрият, ҳалоллик, поклик, ишончлилик эса иқтисодий қадриятдир. Шундай бўлса-да, кўпчилик мутахассислар инсоннинг ўзи, ҳаёти, ҳуқуқи ва эрки, соғлом ва фаровон турмушини қадриятларнинг энг олийси, деб ҳисоблайди.

 

Хўш, бугунги кунда дунё мамлакатларида қадрият масаласига қандай қарашади? Айрим мисолларни келтириб ўтсак.

 

АҚШ. Маълумки, Америка Қўшма Штатлари аҳолисини турли хил миллат ва элат вакиллари ташкил этади, аниқроғи битта миллатнинг яққол устунлиги кўринмайди, бошқача айтганда қурама халқ. Бир қарашда уларнинг ҳар бири учун ўзига хос қадрият бордек. Бу фикр ҳам тўғри, аммо миллати ва тилидан қатъи назар, бутун мамлакат халқи учун бирдек тааллуқли қадриятлар ҳам бор. Ҳатто уларнинг аниқ рўйхати ҳам шакллантирилган. АҚШ Давлат департаментининг сайтида берилган маълумотга кўра, қўйидагилар америкаликлар учун қадрият ҳисобланади:

 

1. Independence (Мустақиллик);

2. Equality (Тенглик);

3. Individualism (Индивидуаллик);

4. Democracy (Демократия);

5. Nationalism (Миллатпарварлик);

6. Meritocracy (Меритократия);

7. Directness (Тўғрилик);

8. Innovation (Инновация);

9. Consumerism (Истеъмолчилик);

10. Informality (Норасмийлик);

11. Efficient use of time (Вақтдан унумли фойдаланиш).

 

Эътиборлиси, сайтдаги манзилига қаралса, бу маълумотқийин саволларга жавоб бериш” (answering difficult questions) қисмида берилган. Чунки бу ростдан ҳам жуда қийин савол. Яқинларингиздан бирибизнинг қадриятларимиз нима?” деб савол берганда жавоб қайтаришга уриниб кўрингчи.

 

Дания. Энди Америкадан Европага ўтамиз. Дания – Европадаги миттигина мамлакат, аммо у ҳам ўзининг шонли тарихи, бугунги тараққиёти ва фаровонлиги билан ғурурлана олади. Данияликлар бахтиёрлик индекси бўйича дунёда энг олдинги ўринларда туради. Ана шу кичкина мамлакат ҳам ўз қадриятлари рўйхатини аниқлаб олган. Бунда аҳоли орасида сўров ўтказиш усулидан фойдаланилди. Сўровда 325 минг киши иштирок этди ва улардан 2500 та таклиф келиб тушди. 2016 йилнинг 12 декабрида Denmark Canon данияликлар учун қадриятлар рўйхатини шакллантирган. Рўйхат қуйидагича:

 

1. Welfare society (Жамият фаровонлиги);

2. Freedom (Озодлик);

3. Trust (Ишонч);

4. Equality for the law (Қонун олдида тенглик);

5. Gender equality (Гендер тенглиги);

6. The Danish language (Данияликлар тили);

7. Associations and voluntary work (Уюшмалар ва кўнгиллилар иши);

8. Liberality/tolerance (Эркинлик/толерантлик);

9. Hygge. Hygge is seen as a special way of being together in a relaxing, nice atmosphere (Хюгг бу хотиржам қилувчи ёқимли бир муҳитда суҳбат қуришнинг ўзига хос воситаси);

10. The Christian heritage (Насронийлар мероси).

 

Эътибор қилган бўлсангиз, данияликлар умуминсоний аҳамиятга эга қадриятлар билан бир қаторда ўзларигагина хос бўлган қадриятларни ҳам илгари сурмоқда. Буни она тилига, урф-одатлар ва диний эътиқодга бўлган ҳурмат мисолида ҳам кўриш мумкин.

 

Буюк Британия. Энди Европанинг йирик мамлакатларидан бири Буюк Британиядаги ҳолатга назар ташлаймиз. Британияликлар ҳам “Prevent” (“Олдини олиш”) стратегияси доирасида 2011 йилда ўз қадриятларини аниқлаб олган. Мана улар:

 

• Democracy (Демократия);

• Rule of Law (Қонун устуворлиги);

• Respect (Ҳурмат);

• Tolerance (Толерантлик, бағрикенглик);

• Individual Liberty (Шахсий эркинлик).

 

Бу қадриятларни Британия мактабларида тарғиб қилиш бўйича қўлланма ҳам расман тасдиқланган. Унда шундай дейилган: “Биз ҳар бир мактаб Британиядаги асосий қадриятлар бўлган демократия, қонун устуворлиги, шахс эркинлиги ва турли хил дин вакилларига нисбатан ҳурмат ва бағрикенгликни тарғиб қилишини истаймиз”.

 

Россия. Россия ҳам ўз қадриятларини аниқлаб олган. Россия Федерациясида 2025 йилгача бўлган даврда тарбияни ривожлантириш стратегиясида инсонпарварлик, адолатлилик, ор-номус, ирода, шахсий қадр-қиммат, эътиқод ва эзгулик, ўзи, оиласи ҳамда Ватани олдидаги маънавий бурчини бажаришга интилиш россияликларнинг қадриятлари сифатида белгиланган.

 

Қадриятлар нима учун керак? Айтиб ўтганимиздек, дунёда ҳар бир миллат ва халқнинг ўзлигини англаши ва асраши, шаънини улуғлашида қадриятларнинг ўрни беқиёс. У ўтмишни бугун билан боғлаб, келажакка дадил қадам қўйишнинг муҳим омили. Қадрият миллатидан қатъи назар мамлакат халқини жипслаштириш ва ягона куч сифатида эртанги кунга теран нигоҳ ташлаш воситаси. Теран ва аниқ фикрлаш эса режалаштириш уфқини кенгайтиради, эртанги кун ўзи билан нима олиб келишига ойдинлик киритади. Бу эса ҳамма вақт ҳаловат беради. Демак жамиятдаги тинчлик, барқарорлик, тараққиёт ва фаровонлик бевосита қадриятлар билан боғлиқ. Қадриятларни белгилаш ва тарғиб қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни ҳам шу билан изоҳлаш мумкин.

 

Бизда ҳам қадриятлар рўйхатига эҳтиёж борми? Умуман олганда, дунёда ўзига хос қадриятлари бўлмаган миллатнинг ўзи йўқ. Биз ҳам истисно эмасмиз. Биз ҳам тарихимиз, яшаш тарзимиз, маънавиятимиз, маданиятимиз билан узвий боғлиқ бўлган қадриятларга эгамиз. Аммо уларнинг энг муҳимларини белгилаб олиш ва тарғиб этиш заруратини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак. Бизда ҳам бунга эҳтиёж бор, бироқ ҳозирча бу борада аниқ бир тўхтамга келингани йўқ.

 

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳам қадриятларимиз ўз аксини топган. Буни хусусан, бунёдкорлик ғояларига содиқлик, юксак масъулият, ижтимоий адолатпарварлик, инсонпарварлик, миллий тотувлик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналари, мафкуралар хилма-хиллиги ва эркинлиги, ижтимоий адолат, фуқароларнинг қонун олдидаги тенглиги, виждон эркинлиги, адолатли меҳнат каби тамойиллар мисолида кўриш мумкин. Конституция ҳужжат. Конституцияда белгиланган моддаларнинг ҳаётдаги ижросини таъминлаш учун унда акс эттирилган ғояларни қўллаб-қувватлаш керак. Бунинг учун қадриятлар бир-бирига мос тушиши керак. Бу ерда қадриятларимизни аниқлаб олиш ва тагига чизиб қўйиш фурсати етгандир.

 

Агар биз Андижон, Сурхондарё ва Хоразмдаги ёшлардан қадриятларимиз нима, деб сўрасак, улар бир-бирига 90% яқин қадриятларни айтса, демак бизда ҳаммаси яхши. Аммо қадриятларимиз деб 100 марта эшитган 14 ёшли бола, уларнинг тўлиқ рўйхатини қаердан кўриб ўрганиши мумкин? Ҳаммага таништирилган қадриятлар рўйхати борми, деган савол юзага келади. Ҳозирча йўқ. Бизда ҳам бу борада бир тўхтамга келиб, аниқ ва тиниқ қилиб белгиласак, у ёки бу ҳодиса, қонун ва хатти-ҳаракатни баҳолашда қўл келадиган призма ёки мезонни яратиб олган бўлардик.

 

Чунки қонун ва қарорлардан ташқари қадриятлар майдони ҳам бир ёқадан бош чиқариш, у ёки бу масалада консенсусга келишда муҳим қўллаб-қувватловчи омил бўлиб хизмат қилади. Энг муҳими, ёшларнинг мактабни замонавий ва Янги Ўзбекистон жамиятига тайёр ва мос бўлиб битиришида ёрдам беради. Яъни уйғунлаштириш масаласини ҳал этади.

 

Масаланинг яна бир жиҳати шундаки, агар қадриятларимиз рўйхатини ўзимиз аниқлаб олмасак, кимдир четдан туриб уни биз учун аниқлаб беришга уринади. Бундай ҳолатда тақдиримизни биз эмас, бошқалар белгилаган кун тартибига кўра яратишимизга тўғри келади.

 

Яна бир бошқа вариант – қадриятлар аниқ белгилаб бўлмайдиган мураккаб мавҳум тушунча ва бу аниқлаштириб олиш борасидаги уринишлар иш бермайди, бу сунъий, ясама бўлиб қолаверади деган хулосага келиш. Лекин нима учун бошқа мамлакатларда ўз қадриятларини аниқлаб олиш ва ёзиб қўйишга эҳтиёж туғилди? Нима учун Буюк Британияда улар аниқлаб олинди ва мактабларда Британия қадриятларини тарғиб қилиш буйича алоҳида қўлланма чоп этилди? Чунки бу ҳар бир мамлакат учун бир қатор муҳим вазифаларни ҳал этади: мажозий маънодаги ДНКни сақлаб қолиш, дунё аҳлига биз ким эканлигимизни ва ким бўлиб қолишимизни билдириш, уйғунликни яратиш, ўтмишдан келажакка фойдали дарс, омонат, тиргак ва мезонларни етказиш.

 

Ҳар томонидан муҳокама қилинган ва тасдиқланган қадриятлар сув ва ҳаводек зарур бўлади. Буни қанчалик тез аниқлаб олсак, шунча яхши. Кейинги босқич бу қадриятларни ёшлар билан баҳам кўриш ва уларга шу қадриятларга суяниш ва унга содиқ қолишни тавсия этиш, бу қадриятлар уларга юк эмас, бўрон пайтида бошпана, оёқдаги тош эмас, куч берадиган тиргак бўлишини тушунтириш.

 

Агар ёшлар бу ҳақда фикр юритишни лозим топиб, шу аниқлаб олинадиган қадриятларни онгли равишда қабул қилса ва уларнинг замирида катта ҳикмат борлигига ишонса, демак бу қадриятлар яшаб қолади.

 

Бизнинг миллий қадриятларимиз

 

Дунёда ҳар бир миллат ва халқнинг ўзлигини англаши ва асраши, шаънини улуғлашида қадриятларнинг ўрни беқиёс. Халқимизнинг минглаб йиллик бой тарихи, маънавий мероси, турмуш тарзи, ҳаётий қарашлари ва эътиқодидан келиб чиққан ҳолда муҳим миллий қадриятларимиз рўйхати сифатида қуйидагиларни таклиф қилмоқчимиз:

 

1. Ота-онага эҳтиром;

2. Тозалик;

3. Ҳаракатда барака;

4. Ўзбек тили;

5. Диний бағрикенглик;

6. Сўз эркинлиги;

7. Лафз (қонун, бурч ва келишувга садоқат);

8. Елкадошлик;

9. Меҳмондўстлик;

10. Рози-ризолик.

 

Албатта, ушбу қадриятлар рўйхатини тугал дейиш ноўрин. Уни такомиллаштириш учун кенг жамоатчилик, омманинг ҳам таклифлари инобатга олиниши зарур. Рўйхат юрт зиёлилари, муҳокамалар ва таҳлиллар, миллий маслаҳат орқали қанча тез аниқланса, шунча яхши. Муҳими, дастлабки қадамни қўйиш.

 

1. Ота-онага эҳтиром

 

Бироқ қадриятлар рўйхатининг шу тахлит тузилиши бежиз эмас. Маълумки, мурғакнинг улғайиб камол топишида ота-онанинг роли ниҳоятда катта. Ўз навбатида фарзанд тарбияси ҳам ота-онадан жуда катта масъулиятни талаб қилади. Ана шундай масъулиятли вазифани уддалай олган ота-оналар юрт корига ярайдиган, билимли ва тарбияли фарзандларни вояга етказади. Фарзанд ота-она учун улуғ бир неъмат бўлгани каби, ўз навбатида фарзандлар ҳам ота-онасини ҳурмат қилиши, эъзозлаши халқимизга хос миллий қадриятлардандир. Ота-она билан мулойим гаплашиш, эҳтиром кўрсатиш, маслаҳатлашиш, озиқ-овқати ва кийим-кечагидан хабар олиш фарзандларнинг ота-она ризолигини олишидаги муҳим амаллардир. Фарзандларнинг ота-онага ғамхўрлик қилиши Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам белгилаб қўйилган.

 

Ота-онага ҳурмат ва инсон капиталининг ривожланиши орасида эмпирик боғлиқлик мавжуд. Кексаларга эҳтиром инсонни жисмонан ва руҳан соғлом, кучли ва ишончли қилади. У бошқаларни ҳурмат қиладиган яхши ҳамкор бўла оладиган (Маслоу ва Перлс). Ғамхўрлик қилиш қобилияти шахсий ўсиш, ўзликни англаш учун зарур шартдир (Эриксон ва Маслоу).

 

2017 йилда АҚШда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, ота-онасини ҳурмат қиладиган инсонларда мартаба ва шахсий ҳаётда муваффақият қозониш эҳтимоли кўпроқлиги аниқланган[5]. Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, ота-онасини ҳурмат қиладиган одамларнинг олий маълумот олиши, юқори маошли ишга жойлашиши, барқарор муносабатларга киришиши, бахтли ва барқарор турмуш қуриши билан боғлиқ ҳолатлар кўпроқ кузатилган. Бу шунингдек, ота-онасини ҳурмат қиладиган болаларнинг жамиятда соғлом турмуш тарзи ва масъулиятли хатти-ҳаракатларга (когнитив ва нокогнитив кўникмаларга) мойиллиги билан боғлиқ. Бундан ташқари, тадқиқот шуни кўрсатдики, ота-онага ҳурмат юқори даражадаги ўз-ўзини тарбиялаш ва мажбурият билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бу эса ўз навбатида иш ва шахсий ҳаётда муваффақият қозониш шартларидан бири ҳисобланади.

 

2. Тозалик

 

Халқимизнинг азалий қадриятларидан яна бири – бу тозаликка риоя қилиш. Тозалик, поклик, саранжом-саришталик бор жойда қут-барака бўлади. Энг муҳими тозалик саломатлигимизни асрашнинг ҳам муҳим шартидир. Бундан ташқари тозалик, озодаликнинг эстетик аҳамиятини ҳам унутмаслик керак. Тозалик қалбларга кўтаринки кайфият, қувонч бахш этиб, кишини руҳлантиради.

 

Санитария ҳолати (тозалик) ва хасталиклар ўртасида кучли боғлиқлик мавжуд. ЖССТнинг Макроиқтисодиёт ва саломатлик бўйича комиссияси (2001) соғлиқни сақлаш ва узоқ муддатли иқтисодий ўсиш ўртасидаги боғлиқлик одатдаги тасаввурдагига нисбатан анча кучли деб таъкидлайди. Санитария арзон соғлиқни сақлаш сиёсати деб ҳам юритилади. Чунки бу сиёсатнинг фойда кўлами катта, харажати касалликларни даволаш учун кетадиган харажатларга нисбатан анча кам.

 

Соғлиқ эса инсон капитали тушунчасининг 3 та асосий таркибий қисмидан бири. Инсон соғ-саломат бўлмас экан, ишлаш ва ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан фаол бўлиш имкониятидан фойдалана олмайди. Инсон саломатлиги ва унинг таълим олишида тоза сув ва яхши санитария шароити қандай аҳамиятга эга эканлигини аниқлашга қаратилган тизимли тадқиқотларнинг 47 тасидан 20 тасида санитария талабига жавоб бермаслик турли юқумли касалликларга олиб келиши аниқланган бўлса, 8 тасида мактабда давоматнинг пасайишига сабаб бўлиши, 7 тасида ошқозон-ичак касалликларини келтириб чиқариши, 7 тасида нейро-когнитив танқисликка олиб келиши илмий жиҳатдан аниқланган (Жаспер ва б., 2012).

 

3. Ҳаракатда барака

 

Ҳар бир инсоннинг ҳаётда қандай ютуқларга эришиши, қандай марраларни забт этиши, жамиятдаги ўрни ва обрўси кўп жиҳатдан унинг ҳаракатларига, тер тўкиши ва интилишига боғлиқ. Агар болакай ёки қизалоқ яхши ўқиб, нуфузли олий таълим масканида таҳсил олса ва ёки ўз устида тинимсиз ишлаб яхши ҳунарманд бўлиб етишса, аввало ўз оиласи фаровонлиги, қолаверса Ватани тараққиётига ҳам муносиб ҳисса қўшади. Ахир халқимиз орасида “ҳаракатда барака бор” деган нақл бежиз пайдо бўлмаган. У минглаб йиллик ҳаётий тажриба асосида пайдо бўлган.

 

Меҳнатсеварлик меҳнат қилишга, савдо билан шуғулланишга, тежамкор бўлишга ундайди (Вебер, 1958)[6], бу эса иқтисодий ўсишга ижобий таъсир қилади. Хитойдаги жадал иқтисодий ривожланишни тушунтиришда ёрдам берадиган омиллардан бири бу маданий қадриятлардир (Мао ва Су, 201[7]). Тарихий жиҳатдан Конфуцийнинг меҳнатсеварлик, тежамкорлик, таълимнинг қадр-қиммати, оилага ҳурмат маданияти иқтисодий самарадорликни оширади. Бу нафақат одамларни меҳнат қилишга ундайди, балки таълим ва малака ошириш орқали самарадорликни оширади[8]

 

4. Ўзбек тили

 

Миллатнинг биринчи кўриниши бу тил. Шу боис ҳам дунёда ўзини ҳурмат қиладиган, улуғлайдиган ҳар бир миллат аввало ўз она тилини улуғлайди. Ўзга бир тил она тилидан устун бўлган юртда миллатнинг ўтмиши ҳам, бугуни ҳам, келажаги ҳам бўлмайди. Чунки ўтмиш, бугун ва келажак тил билан бирга яшайди, сақланиб қолади ва ривож топади. Биз ўз олдимизга дунёдаги ривожланган мамлакатлар қаторидан жой олишдек мақсадни қўйган эканмиз, аввало она тили ва унга бўлган ҳурматни қадрият деб билишимиз даркор. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Миллий юксалиш ҳақида сўз кетганда унинг аввало ўзбек тили билан боғлиқ эканлигини унутмаслик даркор.

 

Ўз она тилини яхши ўқитиш инклюзив ва сифатли таълимнинг асосий омили бўлиб, таълим натижалари ва академик ютуқларни яхшилайди (ЮНЕСКО, 2022[9]). Ўз она тилини мукаммал билиш бошқа тилларни ўзлаштиришни осонлаштиради ҳамда жамиятда кўп тилда гаплаша оладиганлар сонини ошириш орқали иқтисодий ўсишга ижобий таъсир қилади. Кўп тиллилик урф бўлган мамлакатларнинг ходимлари кўпроқ миллат вакиллари билан эркин музокаралар олиб бориш орқали муваффақиятлироқ экспорт қилиш ва янги технологияларни тезроқ ўзлаштира олиш каби бир қатор имтиёзларга эга.  Масалан, Швейцария[10] ЯИМининг 10% ини кўп тиллилик мероси билан боғлайди.

 

5. Диний бағрикенглик

 

Бугун Ўзбекистон 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари учун ватан.  Гарчи турли миллат ва элатларга мансуб бўлса-да, уларнинг барчаси Ўзбекистоннинг бир бутун халқини ташкил қилади. Юртдаги тинчлик, фаровонлик ва аҳиллик миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик билан чамбарчас боғлиқ. Тинчлик-тотувликнинг бардавом бўлиши эса кўп жиҳатдан диний бағрикенглик тамойили шу юртда камол топаётган ҳар бир ёшнинг онгу шууридан чуқур жой олишига боғлиқ. 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида ҳам Жамиятда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш масаласи алоҳида мақсад сифатида баён этилгани бежиз эмас.

 

Диний бағрикенглик тамойилига амал қилувчи ҳудудларнинг турли хил жабҳалардан келиб чиққан муҳожирларни ўзига жалб қилиши саноат секторида ишчи кучининг ўсишига олиб келади (Cиннирелла ва Стреб, 2017). Бошқача айтганда, корхоналар турли динларни ҳурмат қилиш орқали кўпроқ харидорлар, ишчилар ва ҳамкорларни ўзига жалб қилиши мумкин. Бунинг натижасида, диний бағрикенглик ишчи кучи бозорида инновациялар, креативлик ва хилма-хилликка йўл очиб беради.

 

Диний бағрикенглик ижтимоий бирлашишни кучайтиради, келишмовчиликларни камайтиради ва инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлайди. Масалан, Сомитра Жха (2008)[11]нинг фикрига кўра, Ҳиндистоннинг бошқа динга мансуб миллатлар билан савдо қиладиган порт шаҳарларида диний бағрикенглик бошқа шаҳарлардагидан кучлироқ бўлган. Шунинг учун 18501950 йиллар давомида ушбу порт шаҳарларда диний тартибсизликлар бошқа ҳудудлардагига қараганда 25 фоиз камроқ бўлган. Келтириб ўтилган ушбу хусусиятлар ривожланаётган давлатларда диний бағрикенгликнинг мавжудлиги диний туризмни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга (Билим ва Севде, 2015[12]). Шунингдек, ҳар қандай давлатда ижтимоий ва маданий соҳаларда бағрикенглик тушунчасини тўғри англаш диний туризмни янада ривожлантиради (Шинде, 2015[13]).

 

6. Сўз эркинлиги

 

Маълумки, бугун дунёдаги ҳар қандай демократик жамиятнинг асосий устунларидан бири бу сўз эркинлигидир. Сўз эркинлиги бўлмаган жамият тараққиётда ортда қолиши, коррупция гирдобига тушиши, ижтимоий адолатсизликнинг авж олишини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Шунинг учун ҳам бугун ва келажакда сўз эркинлигини таъминлаш биз учун ҳам энг муҳим қадриятлар сирасига кирмоғи даркор.

 

Сўз эркинлиги билимларни тарқатиш, маҳсулот ва хизматлар сифатини яхшилаш орқали рақобатни кучайтиришга ҳисса қўшади, бозор иқтисодиётининг ривожланишига ижобий таъсир қилади (Адам Смит, 1779). Шунингдек, сўз эркинлиги инновацияларнинг ривожланишига олиб келади (Милл, 1859), инновациялар эса, ўз навбатида, иқтисодий ўсишнинг асосий омилидир.

 

2016 йилда Пенсильвания университети иқтисодчилари томонидан олиб борилган тадқиқотда сўз эркинлиги ва ахборотнинг мавжудлиги иқтисодий ўсишга таъсир қилиши аниқланди. Тадқиқот 100 дан ортиқ мамлакатга оид маълумотлар таҳлилига асосланди. Натижалар сўз эркинлиги даражаси юқори мамлакатларда инновацияларнинг ривожланиши учун имкониятлар кўп бўлгани ва бу пировардида иқтисодий фаровонликка олиб келганини кўрсатди.

 

McKinsey & Company халқаро консалтинг компанияси томонидан олиб борилган яна бир тадқиқот сўз эркинлиги ва маълумотларнинг мавжудлиги сармоя ва бизнесни кучайтириши мумкинлигини кўрсатди[14]. Тадқиқот дунёнинг 25 та мамлакатидан олинган маълумотлар таҳлилига асосланган бўлиб, натижалар сўз эркинлиги юқори бўлган мамлакатларда фаолият юритаётган корхоналар ўсиш ва ривожланиш учун кўпроқ имкониятларга эга эканлигини кўрсатди.

 

7. Лафз (қонун, бурч ва келишувга садоқат)

 

Адолатли бошқарув, ижтимоий адолат, лафз, рози-ризолик шу заминда яшаётган халқ тарихининг узвий бир қисмидир. Бу борада кўплаб асарлар битилган. Хусусан, улуғ мутафаккир Алишер Навоийнинг ҳажман энг йирик эпик асари бўлган “Садди Искандарий”да марказлашган кучли давлат ва адолат тантанаси учун кураш, инсонийлик, лафзи ҳалоллик, шартнома ва келишувларни ўз вақтида ва оғишмай бажариш каби қарашлар талқин этилади. Ҳар бир ишда адолат бош мезон қилиб олинса, мамлакат обод бўлади, халқ фаровон яшайди. Шу билан бирга, инсон ва унинг ҳаётига бўлган ҳурмат тараннум этилади.

 

Ригобон ва Родрик (2004) қонун устуворлиги иқтисодий кўрсаткичлар, айниқса, даромадларга сезиларли ижобий таъсир этишини аниқлаган. Ражкумар ва Свароп (2002) коррупция даражаси паст ва бюрократик сифат даражаси юқори бўлган мамлакатлардагина соғлиқни сақлаш ва таълим учун харажатларнинг ортиши болалар ўлими ва бошланғич мактабга бориш даражасининг яхшиланишига олиб келишини аниқлади. Барқарор, ҳалол ва самарали иш олиб борувчи ҳукумат узоқ муддатда, яъни барқарор ўсишни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга (Жаҳон банки, 2008).

 

Aдолатли жамиятлар ўз фуқароларига жамоат товарлари, ижтимоий ёрдам ва ижтимоий капитални кўпроқ таклиф қилади. Бу эса ривожланиш харажатлари ва фойдасини бўлишиш ва ўз навбатида, ўзаро келишиб ҳаёт кечириш ва қарорлар қабул қилишни таъминлайди (Деатон, 2003).

 

8. Елкадошлик

 

Жамоада ишлаш маданиятини ривожлантирадиган мамлакатлар бизнес, тадқиқот институтлари ва давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантириш орқали иқтисодий ўсишни ҳам рағбатлантиради. АҚШда иш берувчилар ўртасида ўтказилган сўров натижасида доимий равишда ҳамкорлик, мулоқот ва жамоада ишлаш қобилияти янги ишга ёллашдаги энг муҳим талаблар эканлиги аниқланган (NACE 2019). 2017 йилда АҚШда бандликнинг 78 фоизи жамоада ишлаш “жуда муҳим” ёки “ўта муҳим” сифатида баҳоланган касблар улушига тўғри келган (ONET, 2020).

 

Deloitte (2014) тадқиқоти натижаларига кўра, Австралиянинг ҳамкорлик иқтисодиёти улуши 46 млрд долларга тенг ва ҳамкорлик стратегияларини такомиллаштириш орқали ЯИМни йилига қўшимча 9 млрд долларга ошириш мумкин. 66 фоиз ҳолатда жамоалар индивидуал шахсларга қараганда яхшироқ қарор қабул қилади ва 87 фоиз ҳолатда турли вакиллардан иборат жамоалар яхшироқ қарор қабул қилади (Cloverpop). Ходимлар ҳамкорликда ишлаганда иш суръати ўртача 15 фоизга ошади, инновацион ғояларнинг 60 фоизи шаклланади ва ходимларнинг 56 фоизи ўз ишидан кўпроқ мамнун бўлади (Deloitte).

 

9. Меҳмондўстлик

 

Меҳмондўстлик “Маслоу пирамидаси” бўйича муҳимлиги жиҳатидан инсоннинг 3-даражадаги (физиологик ва хавфсизликдан сўнг) ижтимоийлашув эҳтиёжини қондириш имкониятларини оширади, яъни инсоннинг дўстлар орттириши, оила қуриши, ўзи учун қизиқарли одамлар билан танишишини енгиллаштиради.

 

Шахснинг ижтимоийлашув жараёни осонлиги унинг ишга жойлашиш учун кўпроқ ахборот олиши, яхши кайфият учун соғлом бўлиши, оиласи учун кераклик ҳисси кабилар орқали унинг фаровонлиги ошишига, жамиятда эса камбағаллик даражасининг пасайишига олиб келади. Инсоннинг асаб тизими меҳмондўстликка хос руҳий хусусиятлардан кучли таъсирланишини нейрофанк ҳам тасдиқлади[15].

 

10. Рози-ризолик

 

Рози-ризолик бу иқтисодий фаровонликни доимий равишда тарбиялайдиган ва жонлантирадиган ижтимоий омиллардан бири.

 

Қийналган инсонларга ёрдам бериш (altruism) ва яхшиликка яхшилик қайтариш (positive reciprocity) ўртасидаги боғлиқлик кучли эканлиги ва одамлар ўзаро ижобий муносабатда бўлган жамиятларда ишонч даражаси ҳам юқорилиги аниқланган (Франк ва б., 2018). Бундан ташқари, бу кўрсаткич, маданиятдан қатъи назар, юқори когнитив қобилият билан ўзаро боғлиқ. Ишонч даражаси юқори давлатлар ва когнитив қобилияти кучли инсонлар истиқомат қиладиган муҳит иқтисодий жиҳатдан фаровон бўлиши кўп илмий ишларда исботланган.

 

Жон Нэш ўзининг илмий ишларида ўзаро рақобатга асосланган “ўйинлар” ҳар доим ҳам иқтисодий жиҳатдан оптимал натижага олиб келмаслиги ва аксинча, ўзаро келишув ҳамма учун энг мақбул ечимга ундашини таъкидлаб ўтган.

 

Хулоса қилиб айтганда, бугун биз асосий қадриятларимизни белгилашда минглаб йиллик тарихимиз, ҳаёт тарзимиз, урф-одат ва анъаналаримизга таянмоғимиз даркор. Жорий йилнинг 11 апрелида Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш борасидаги долзарб вазифалар муҳокама этилди. Унда қайд этилганидек, ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, бандлигини таъминлаш, уларни IT, хорижий тил, замонавий касбларга ўқитиш, спортга жалб қилиш, хориждаги ёшлар билан ишлаш, миллий ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг муҳим шартидир.

 

Демак, қадриятлар масаласини яна бир карра пухта ўйлаб кўрадиган фурсат етди.

 

Умид ОБИДХЎЖАЕВ,

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти директори,

иқтисодиёт фанлари доктори

 


[1] Қадриятлар ва ижтимоий тараққиёт (илмий ишлар тўплами). – Т: “Ўзбекистон”, 1997. – Б.198.

 

[2] Мустақиллик изоҳли илмий-оммабоп луғати. (А.Жалолов ва Қ.Хонназаров умумий таҳрири остида). – Т: Шарқ, 1998. – Б. 279.

 

[3] Маънавият: асосий тушунчалар изоҳли луғати. “Ғ.Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи”. – Т: 2010. – Б. 707.

 

[4] Тарбия энциклопедияси. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”. 2010. – Б. 509.

 

[5] https://research.rug.nl/en/publications/the-role-of-the-relationship-with-parents-with-respect-to-work-or.

 

[6] Weber, M. (1958), The Protestant Ethic and the Spirit of Capitalism, Charles Scribner’s Sons, New York, NY.

 

[7] Mao, Y. and Su, D. (2012), “The hard-working culture is the root-cause of China’s Miracle”, The Financial Times, August 23.

 

[8] Shaomin Li, Seung Ho Park, David Duden Selover, (2017) The cultural dividend: a hidden source of economic growth in emerging countries, Cross Cultural & Strategic Management, https://doi.org/10.1108/CCSM-08-2016-0149.

 

[9] https://www.unesco.org/en/articles/why-mother-language-based-education-essential.

 

[10] https://www.weforum.org/agenda/2018/02/speaking-more-languages-boost-economic-growth/.

 

[11] https://dx.doi.org/10.2139/ssrn.948734.

 

[12] https://doi.org/10.1079/9781780645230.009.

 

[13] https://doi.org/10.1108/tr-10-2013-0056.

 

[14] https://muse.jhu.edu/article/623602.

 

[15]https://charterforcompassion.org/promoting-hospitality-as-a-way-of-life#:~:text=INTRODUCTION%3A%20THE%20VALUE%20OF%20HOSPITALITY,everyone%2C%20stranger%20and%20guest%20alike.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 25
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//