Кеш уммонидаги тўрт жавоҳир


Сақлаш
16:27 / 28.09.2021 1258 0

Кеш    ўзбекнинг жуда катта зиё уммони. Насаф олимлари билан бирга кўплаб кешлик ижодкорлар, олимлар ҳар икки уммонни дуру жавоҳирларга тўлдирганлари бор ҳақиқатдир. Бу дуру жавоҳирларни таниганинггиз сари илмингиз, қарашларингиз ва ҳайратингиз ҳам ошиб боради.

 Шахсан ўзим кўплаб кешлик алломаларнинг илм-фан йўлидаги заҳматлари, меҳнатларини кўздан кечириб, ғоят таъсирландим ва уларнинг бетакрор, ўзига хос жозибали оламларидан жуда катта сабоқлар олдим.

 Бу ўринда шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки,  қайси заминда илм-фан ривожланиб, файзу барака атрофни нурафшон этган бўлса, ўша заминдан миллатнинг улуғ шахслари етишиб чиққан ва улар халқни зулмдан озод этиб, фаровонликка бошлаган ёки ўз илмлари билан миллатни шарафлаган, номини дунёга достон этган.

  Ана шундай шахслардан бири Темурбекнинг оддий бек фарзандидан буюк Соҳибқирон Амир Темур даражасига етишишида Кеш асосий замин бўлган. Зеро, агар унинг юрти тинч ва осойишта бўлганида, бу зот ё авлиё, ё улуғ шоир, ё буюк олим даражасида дунёга бўй кўрсатар эди. Лекин улуғвор Кешнинг илм-фани, буюк фазилати уни зулмга қарши отлантирди ва у ўсмирлигиданоқ мамлакатини чингизийлар асоратидан озод этишни ўзининг бош мақсади, деб билди. Шуниси диққатга сазоворки, буюк ҳукмдор ғоят катта қийинчиликлар эвазига буюк Туронни қайта тиклаган бўлса, Кешни дунёнинг энг гўзал шаҳарларидан бирига айлантириш билан бирга бу ерда илм-фаннинг ривожланишига ҳам алоҳида аҳамият берди.

  Бу борадаги фикримизни мухтасар этиб, айтиш лозимки, Кеш алломалари ҳаёти ва фаолиятини тўрт қисмга бўлиб ўрганиш мақсадга мувофиқдир:

Биринчиси, Кеш алломалари меросининг тарихий аҳамияти;

Иккинчиси, Кеш адабиёти вакиллари;

Учинчиси, Амир Темурнинг кешлик элчилари;

Тўртинчиси, кешлик хаттотлар.

   Демак, биз биринчи қисмга эътибор берадиган бўлсак, кўрамизки, чиндан ҳам кешлик алломаларнинг мероси жуда катта тарихий аҳамиятга эга ва бу бизнинг ноёб хазинамиз, бойлигимиз, дейишимиз мумкин.

   Мирзо Абдулқодир Бедил, Шамсиддин Кулол, Мавлоно Хожагий Имканагий каби улуғ алломаларнинг номи жаҳонга машҳур. Абу Муҳаммад ал-Кешийнинг  Кешда фиқҳшунослик мактабига асос солганининг ўзи унинг нақадар нуфузли шахс бўлганидан далолат беради. (Н.Муҳаммад. Насаф ва Кеш алломалари. Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, Т., 2001, 7-б,64 б.). Бундан ташқари, манбаларда унинг йирик тилшунос, ҳадисшунос бўлгани ҳам қайд этилган. Вафоти милодий 863 йил деб кўрсатилган. Демак, бу алломанинг бугун 1256 йиллик  ёшида биз номини  мамнунлик билан тилга оляпмиз. Кимки, инсоният тараққиёти, миллати шарафи учун меҳнат қилса, ундай инсон номи сира унутилмаслигини оқсоч тарих қайта тасдиқлаб турибди.

 Кешлик аллома, ижодкорлар орасида Хожа Абулбарака ижоди ўзининг теранлиги билан ярқ этиб кўзга ташланади. Ҳазратимиз Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асарларида шоир ҳақида анчагина маълумотлар берилган. Унинг султон Ҳусайн Бойқаро давлатининг маъмурий хизматчиси, олим ва шоир бўлгани ҳақида ҳам манбаларда аниқ қайд этилган.

 Заҳириддин Муҳаммад Бобур  “Бобурнома”да қизиқ бир воқеани келтириб ўтган. Хожа Абулбарака бир даврада ҳатто истеъмол учун ғалласи, кийиш учун уст-боши йўқлиги ҳақидаги арз-ҳоли баён этилган рубоийсини ўқиганда, Бобур Мирзо унга хўп ўхшатиб жавоб ёзган:

 

 Ишлар бори кўнглудағидек бўлғусидир,

 Инъому вазифа бори буйрулғусидир.

 Ул ғаллаву муҳмалки деб эрдинг, бердим,

 Муҳмалға бўю ғалладин уй тўлғусидир.

 

   Бобур Мирзонинг тагдор қочиримлари, зукколик билан танбеҳ беришлари, албатта, таҳсинга сазовор. Аммо бу ерда яна бир масала мавжуд. Гап шундаки, ўша даврнинг кўзга кўринган шоирларидан бири Биноий  Бобур Мирзодан ўзининг кам эмаслигини кўрсатиш мақсадида, мушоирада иштирок этиб, жавоб тариқасида бир рубоий битган. У қуйидагичадир:

 

   Мирзомки шоҳи баҳру бар бўлғусидир,

   Оламда ҳунар бирла сар бўлғусидир,

   Бир муҳмал учун мунча иноят бўлди,

   Мустаъмал агар десам, нелар бўлғусидир.

 

 Даврада иштирок этаётган Хожа Абулбарака  мушоира қоидаси бузилганини сезиб, шоир Биноийга эътироз тарзида бир  рубоий битади:

 

 Бу жаврки қилди давр сўрғулсидир,

 Султони карам бу узрни қўлғусидир.

 Тўкулгон агарчи тўлмас, эй соқий,

 Тўкулгонимиз бу даврда тўлғусидир.

 

  Бу мушоира  ХV аср ўзбек адабий муҳитининг энг ёрқин намуналаридан бири сифатида эътироф этилган ва ҳар асрда, ҳар даврада ушбу рубоийлар ҳамон эслаб турилади. Бугун биз ҳам эслаяпмиз, зеро, олтин ҳеч қачон қадрини йўқотмайди.

 Шаҳрисазб адабий муҳитининг таниқли вакилларидан бири Хожа Абубараканинг фарзанди Айюб Шаҳрисабзий бин Абулбарака бўлиб, у таниқли шоир сифатида тилга олинади. “Музаккири аҳбоб” асарида унинг ижоди ҳақида анчагина маълумотлар қайд этилган. Хусусан, унинг ХV аср охири ХVI аср ўрталарида яшагани, дастлаб Шаҳрисабз, сўнгра Самарқандда таълим олгани, бир муддат Ҳирот ва Ироқда истиқомат қилгани, Озарбойжонда Ширвон шоҳнинг надими бўлгани  ҳамда Ҳиндистон  подшоҳи Ҳумоюн хизматида бўлгани ҳақидаги маълумотларни ўқишимиз мумкин.

   Унинг шеърияти жуда нафис, жуда ширали ва жозибалилиги билан ажралиб туради. Бир шеърида: “Ёр қонимни тўкди-ю, дил дардидан халос бўлдим, агар табиб ҳозиқ бўлса, касал албатта шифо топади”, дейди. Ва бу хулосанинг ўзи ҳам унинг  ниҳоятда катта илм эгаси бўлганини эътироф этади.

 ХVI асрда яшаган яна бир шоир Лозимий Кеший  бўлиб, Мутрибий уни истеъдодли шоир сифатида тилга олиб ўтган. Ҳаким Шаҳрисабзий, унинг шогирди Мир Табиблар ижодини кенгроқ ўрганиш зарур. Муштоқ Шаҳрисабзийнинг Санкт-Петербургдаги “Мажмуаи ашъор” баёзини татбиқ этиш учун ёш олимларни жалб этиш лозим, деб ўйлайман. Фараҳ Шаҳрисабзийнинг асл номини тиклаш учун илмий изланиш олиб бориш ҳам мақсадга мувофиқдир.

  1878 йилда Шаҳрисабзда туғилган Мирзо Умрбоқий Шаҳрисабзий ҳаёти ва ижоди ватанпарварлик туйғулари билан тўла. Уни коммунистик партия сафига таклиф этганларида, бош тортган ва шу туфайли Шаҳрисабздан чиқиб кетиб, яширинча умр кечирган.

 Абдулла Раҳмон гулшаний ҳақида Саъдулла Сиёевнинг  “Гулистон” журналида “Ҳукуматнинг авлиёси” мақоласи эълон қилинган эди, 1998 йилда эса шоирнинг “Алвидо” шеърий тўплами нашр этилганини ҳам биламиз. Унинг “Гулистони Гулшаний” девони, 3 жилддан иборат шеърлар тўплами, муаммо ва достонларини ўз ичига олган мажмуаларини халқимизга етказадиган пайт келди.

 

  Оразинг – масжид, қошинг – меҳроб, кўзинг муқтадо,

  Айлади ул муқтадога иқтидо мужгонларинг,

 

деб ёзгади у бир шеърида.

   1892 йилда Шаҳрисабзда туғилган Файзуллохожа Равнақий етук шоир бўлиш билан бирга ҳуснихатда ҳам ягона бўлган. Жумладан, биргина “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим” оятини 25 хил шаклда санъаткорона ёзган. Бу оят ҳар қандай музейнинг энг ноёб экспонати бўлиши мумкин. Зеро, бугунги кунда Бойсунғур Мирзонинг хаттотлик ишлари Эрондаги Имом Ризо кутубхонасини юлдуздай безаб турибди. Улуғ аждодларимизнинг бундай ноёб ишларини қадрлаш, авайлаш, элимизга етказиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

  Албатта, юқорида таъкидлаганимиздек, кешлик элчиларнинг фаолиятини чуқурроқ ўрганишни давр тақозо этмоқда. Зеро,   ўзбек дипломатиясининг илдизлари жуда қадимга бориб тақалади ва у ҳар томонлама ўрганишга, татбиқ этишга лойиқдир. Хусусан, Соҳибқирон Амир Темур даврида бу соҳанинг энг юқори даражага кўтарилганини ва мазкур дипломатиянинг эзгулик ва адолатли жиҳатлари ҳамон кўпчиликни қизиқтираётгани аниқдир. ХV аср жаҳон дипломатиясининг ёрқин вакили  Муҳаммад ал-Кешийнинг фаолияти ҳар жиҳатдан эътиборли. У Кастилия қироли Ҳенрих учинчи ҳамда Франция ва Англия қироллари ҳузурида  бўлиб, элчилик  ишларини жуда самарали олиб борган. Айниқса, мусулмон дипломатлари орасида Европага бориб, дипломатик ишларни ўринлатган ягона шахслардан бири сифатида эътироф этилади.

  Амир Темурнинг  нуфузли элчиларидан яна бири Мавлоно Жалолиддин Кеший бўлиб, бу шахс мамлакатлар, шоҳлар орасидаги низоларни бартараф этишда ўзига хос элчилик вазифаларини бажарган. Айниқса, унинг Хоразм волийси Ҳусайн Сўфи билан олиб борган музокаралари диққатга савзоворлиги билан ажралиб туради.

   Юксак салоҳият соҳиби бўлган элчи Мавлоно Абдуллоҳ Кешийнинг Миср Султони Фараж билан олиб борган музокаралари ўз пайтида муҳим аҳамият касб этган эди. Чунки Амир Темур неча марта элчи жўнатган бўлса, Миср султони уларни кетма-кет қатл этишдан қайтмаган. Ўлимни бўйнига олган элчини қандай тасаввур этишимиз мумкин?! Миср тарихчиси Дўқмоқнинг гувоҳлик беришича,  кешлик элчи Миср султони билан жуда юксак даражада музокара олиб борган ва уни сулҳни имзолашга кўндирган, натижада, икки ўртадаги қонли урушга чек қўйилиб, Миср султони ўзини Амир Темурнинг вассали деб эътироф этган.

   Ўтмишимизга назар ташласак, ёрқин чизгиларга гувоҳ бўламиз ва бу ёрқин чизги нурлари совет даври бўҳтонларини тамоман ювиб кетиб, бизга бой тарихимизнинг янада улуғвор жиҳатларини намойиш этади. Жумладан, Қашқадарё воҳасининг икки маданий маркази – қадимий Насаф ва Кешда бошқа соҳалар сингари Хаттотлик ҳам жадал ривожланди, тараққий этди. Буни кешлик хаттотлар фаолияти мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

 Бундан аввал айтиш керакки, ҳар икки марказда хаттотлик ишларининг тараққий этишида ўша замоннинг ҳокимлари, раҳбарлари, қозилари, халқ бошида турган улуғлари алоҳида эътибор бердиларки, она тарих бизга энг биринчи галда замона пешволарининг юксак салоҳиятли кишилар бўлишлари лозимлигини уқтиради. Масалан, амир Умархон ҳамда унинг сарой аъёнлари  машҳур ва нозик хаттот Саримсоқ Жиззахийга ҳар бир хаттотлик ишлари учун 14 тилла тангадан берганликлари тарихдан маълум  ёки Бухоро қозикалони Мирзо Муҳаммад Шариф Садр (Зиё)нинг “Калила ва Димна”ни 15 минг тангага, 7 жилдли бир қомусий асарни 30 минг тангага харид қилганини ҳам биламиз. Демак, тарих кўрсатадики, халққа ота бўлган, енг бўлган раҳбарларнинг юксак маънавиятли бўлишлари мамлакатнинг ҳар томонлама ривожланишига етарлича омил бўла олади.

  Мавзуимизга қайтадиган бўлсак, кешлик хаттотлар – Мирзо Юнус Шаҳрисабзий, Иброҳим Девона, Домла Бобобек, Мирзо Абдуваҳҳоб, Имомуддин Шаҳрисабзий, Ёрмуҳаммад қори, Эргаш девонаи Кеший, Зиёвуддин ал-Кеший, Муҳаммад Латиф Кеший, Абдумалик Шаҳрисабзий, Раҳматулла Ғизолийи Кеший, Мирзо Абдулқодир Кеший,  Муҳаммад Шералибек, Муҳаммад Обид, Абдулғафур Шаҳрисабзий, Муҳаммад Юсуф, Муҳаммад Латиф,  Абдулғафур валади Мулло Ҳотам Шаҳрисабзий, Муҳаммад Раҳим ал-Кеший ва биз билмаган бошқа  кўплаб улуғларимиз меҳнатлари, юксак хаттотлик ишлари кўзимизга суртиб ўқийдиган, ўрганадиган ноёб манбалар, дунёга кўз-кўз қилишга арзийдиган санъат асарларидир.

  Улар фақат хаттотлар эмас, балки турли соҳаларда маҳоратларини намойиш этган шахслар, шараф қозонган зотлар. Масалан, ХIХ асрда яшаган Имомуддин Шаҳрисабзий машҳур хаттот бўлиш билан бирга эътиборли шоир ҳам эди. Хуллас, насаф ва кешлик алломаларнинг бизга қолдирган жуда катта бой меросини, дуру жавоҳирларини  бор бўйича ўрганиш, татбиқ этиш ва улкан хазинани кетма-кетликда халқимизга етказиш бугунги вазифаларимиздан бирига айланиши керак.

Тўлқин ҲАЙИТ,

  Темруийлар тарихи давлат музейи илмий ходими,

  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//