Ўзбекистонда Рамазон ҳайити муносабати билан кетма-кет 4 кунлик дам олиш куни эълон қилинди. Дам олиш кунлари ҳақидаги маълумот эълон қилинган куннинг ўзидаёқ ўзбекистонликлар байрамни нишонлашга киришиб кетди. Буни ўша куни тушга бориб, бошланган «мегапробка»лардан ҳам билиш мумкин эди. Oyina.uz қуйида Ўзбекистонда ҳайит байрами қандай ўтгани ҳақида ҳикоя қилади.
Бутун Ўзбекистон бўйлаб ўқилган ҳайит намози
21 апрель – ҳайит ва дам олиш кунларининг илк куни масжидларда Рамазон ҳайити намози ўқилиши билан бошланди. Алоҳида қайд этиш керак бўлган жиҳат, сўнгги йилларда Рамазон ойи илк марта 29 кунда якунланди ва шаввол ойи бошланди. Жума куни мамлакат бўйлаб мингдан ортиқ масжидларда миллионлаб намозхонлар ҳайит намозини адо этди.
Аксарият юртдошларимиз ибодатни адо этиб бўлгач, байрам муносабати билан ўз яқинлари ҳолидан хабар олди ва уларга совғалар улашди.
Афв этилган маҳкумлар
Шавкат Мирзиёев Рамазон ҳайити муносабати билан Ўзбекистон халқига табрик йўллади. Президент, шунингдек, Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармонни ҳам имзолади.
Фармонга мувофиқ, Конституциянинг 93-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 541 нафар шахс афв этилди.
Афв этилган шахсларнинг 374 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 110 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 18 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 39 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Афв этилганларнинг 36 нафарини чет эл фуқаролари, 136 нафарини аёл, 75 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар ҳамда 6 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Ҳайитлик олган Тошкент
Хитойдан олиб келинган 400 та янги автобусларнинг йўналишларга чиқарилиши Тошкент аҳолиси учун чинакам ҳайитлик совғаси бўлди. 20 апрель тонгида илк марта йўналишларга чиққан 400 та янги автобуснинг 114 таси 18 метрли «гармошка»лар экани кўпчиликнинг эътиборини тортди. «King Long» компанияси ишлаб чиқарган бундай энг катта сиғимли автобуслар сони Тошкентда тез орада 200 тага етади.
«Кун» нашрига кўра, супер-узун шаҳар автобуслари Тошкентда ҳаракатланмай қўйганига 10 йил бўлганди. Бундай «гармошка»-автобуслар пойтахт учун охирги марта 1995 йилда харид қилинган, энг сўнггилари 2013 йилгача ҳаракатланган эди. Уларнинг қайтиши муносабати билан қатор бекатларнинг геометрик параметрларига ўзгартириш киритишга тўғри келяпти, чунки 18 метрли транспортлар ҳамма бекатларга ҳам сиғмаяпти.
Шу ҳафта пойтахт кўчаларида ҳаракатлана бошлаган янги автобусларнинг 286 таси – «Yutong» русумли, узунлиги 12 метр. Улардан 117 таси табиий газда юради, 169 таси эса электробус.
Хитойдан буюртма қилинган 1000 та катта автобуснинг қолган 600 таси ҳам яқин ҳафталарда етиб келиши кутиляпти. Бу билан шаҳар автобуслари сони, эскилари таркибдан чиқарилиши ҳисобига, 1800 тага етиши айтилган. Шу тариқа, Тошкентда узоқ давом этган жамоат транспорти деградациясидан кейин автобуслар сони 1991 йилдаги даражага яқинлашади. Маълумот учун, 90 йиллар бошида пойтахтда 2200 тадан кўпроқ автобус, 500 тадан кўпроқ таркибга эга трамвай ва 400 тадан кўп таркибга эга троллейбус ҳаракатланган.
Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев янги автобусларнинг олиб келиниши билан тошкентликларни табриклаб, Тошкент янада «шаҳарлаш»гани ҳақида ёзган.
«Эрталаб уйдан чиқишимиз билан янги автобуслар – кеча «Исузу»да қатнаётган йўналишларда бугун катта электробуслар юрибди. Бодомзорда гармошкали 115 нинг кетидан икки дақиқа ўтмай яна бир шунақа 115 келяпти. Олой бозорида аншлаг – энди пенсияга чиқиши аниқ бўлган «Мерседес», ўсмир «МАН»нинг орасида иккита гармошка, иккита қора электробус йўловчи тушириб-чиқаряпти. Бу сафар ҳайитликнинг энг каттасини Тошкент олди. Тошкент янада шаҳарлашди. Муборак бўлсин, ҳамшаҳарлар!»
Бу сафар ҳайитликнинг энг каттасини Тошкент олди. Тошкент янада шаҳарлашди. Муборак бўлсин, ҳамшаҳарлар!»
40 та эҳтиёжманд оилага уй ҳадя қилган сирли тадбиркор
Сурхондарё вилояти, Шеробод туманида Рамазон ҳайити байрамига туҳфа сифатида маҳаллий тадбиркор томонидан туманнинг «Тароқли» маҳалласида 2 та кўп қаватли, 40 та хонадонли турар-жойлар қуриб битказилди ва тўлиқ жиҳозланган ҳолда боқувчисини йўқотган, уй-жойсиз хотин-қизларга топширилди.
Тадбиркор ўз исми-шарифини очиқламасликни сўраган. Ушбу тадбиркор ўтган йили ҳам тумандаги 27 та кам таъминланган оилага коттеж уй қуриб, ҳадя қилгани таъкидланмоқда.
Нархи ошган таксилар, «мегапробкалар» ва ҳувиллаб қолган Тошкент
Байрам кунлари эълон қилиниши билан пойтахтда яшовчи аксарият вилоятликлар уйи томон ошиқди. Бундан эса вилоятларга қатнайдиган таксичилар фойдаланиб қолишга уринди. Тармоқларда йўлкира нархлари одатий кунлардагидан икки-уч бараварига кўтарилгани айтилди. Кўпчилик норозилигини очиқчасига билдириб, ҳар байрамда шу ҳол такрорланаверишидан чарчаганини ёзган. Яна бир тоифа, ҳеч бўлмаса, шундай кунларда шаҳарлараро автобуслар қатновини кўпайтириш мумкин эмасми, бундай вазиятларни ҳеч ким назорат қила олмайдими, деган саволларни ўртага ташлади.
Ҳайит арафасида Тошкентнинг ўзида, шаҳардан чиқишда ва ҳатто вилоятларни боғловчи катта трассаларда даҳшатли даражадаги тирбандликлар кузатилди.
Кўпчилик ўз манзилига етиш учун одатдагидан кўра икки баравар кўпроқ вақт кетганини айтмоқда. Бунга ҳайдовчиларнинг маданиятсизликлари сабаб бўлганини билдириб, фаросат, тарбия, гўзал хулқ улуғ неъмат эканини ҳар қадамда тушуниб боравериш мумкинлиги ҳақида ёзган айримлар.
«Бизнинг бу йўлларни кўрганлар савиясизлик ва фаросатсизликнинг энг қуйи нуқтаси қандай бўлишини тушунар, балки. Биз маданият, тартиб, савия ва фаросатдан анча узилиб қолган эканмиз. Аччиқ бўлсада тан олишга мажбурман», – деб ёзади ёзувчи ва олим Бахтиёр Абдуғафур.
Бундан ташқари, байрам кунлари пойтахтликларнинг ўзлари ҳам ҳордиқ чиқариш мақсадида шаҳардан ташқарига чиқди. Ўз навбатида, бу ҳам тирбандликларни келтириб чиқарди. Хусусан, Сўқоқ қишлоғига кириш ва чиқишда юқори балли «пробка»лар кузатилгани ҳақидаги видео ва фотолар ижтимоий тармоқларнинг асосий мавзуларидан бирига айланди. Буларнинг натижасида Тошкентда автомобилда ҳаракатланиш анча эркинлашди, жамоат транспортидаги тиқилинчлар камайди, шаҳар ҳувиллаб қолди.
24 апрель, душанба кунидан эса кўпчилик ортга, яъни пойтахт томон ошиқади. Бу ўз навбатида йўлларда яна тирбандлик ва тартибсизликлар келтириб чиқаришини тахмин қилиш қийин эмас. Шундай экан, юртдошларимизни сабрли бўлишга ва бир-бирларини ҳурмат қилишга чақириб қоламиз.
Элбек ЖУМАНОВ
Ислом Рисқулов (фото)
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ