Адабиёт
Ўзбекистон Республикаси тараққиётининг янги босқичида давлат ва жамиятнинг ҳар бир соҳасида тубдан янгиланишлар, юксалишлар билан бир қаторда миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаётини барқарор изга тушириш ва ривожлантириш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, тарих фанида ҳам аждодларимиз тарихини ўрганиш, уларга тўғри ва холис баҳо бериш, шу асосда миллий қадриятларимизни тиклаш учун кенг йўл очилди. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев таъкидлаганидек: “Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган улуғ тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор” (Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувдаги маърузасидан // Халқ сўзи 2017 йил 4 август).
Ўтган давр мобайнида объектив тарихимизни яратиш йўлида кўплаб илмий тадқиқотлар амалга оширилди. Қатор муҳим манбалар нашр этилди. Натижада тарихчилар учун йирик тадқиқотлар яратиш имконияти вужудга келди. Хусусан, аждодларимиз тарихининг номаълум бўлган қирралари ҳамда инсоният ўтмишида ўзига хос ўрин эгаллаган тарихий шахслар фаолиятини ўрганиш учун ҳам манбавий асослар яратилди. Бинобарин, ўз даврида буюк салтанат барпо этган, ўзбек давлатчилиги тарихида ҳамда ҳарбий маҳорат соҳасида жаҳон тарихидан муносиб ўрин эгаллаган Амир Темур ва темурийлар даври тарихи нафақат ўлкамиз, балки жаҳон цивилизацияси тараққиётида умумэътироф этилган давр сифатида кўплаб тадқиқотларни тақозо этади. Зеро, Соҳибқирон Амир Темур элу улуснинг тараққиёти, тинчлиги ва хавфсизлигини ўз орзу-умидларида мужассам этган халқимиз фарзанди, “Темурийлар ренессанси” асосчисидир.
Амир Темурнинг ибратли ҳаёти ва давлатдорлик фаолияти, салтанати тарихи, ундаги илм-фан, маданиятни ўрганиш тарихшуносликнинг йирик илмий йўналишларидан бири сифатида доимо олимлар диққат-эътиборида бўлиб келган. Шунингдек, темурийлар тарихига тегишли манбалар жаҳон миқёсида турли тилларга таржима қилинган ҳамда илмий тадқиқотлар амалга оширилган.
Дунё тарихшунослигида Амир Темур даври тадқиқига оид нашрлар, “Темуршунослик” илмий йўналишининг шаклланиши, бадиий адабиётда Амир Темур образининг яратилиши анча илгари бошланган.
Маълумки, совет тарихшунослигида ўз даврининг хос мафкуравий ёндашувига қарамай, маълум ишлар амалга оширилган. Шу ўринда темуршунослик ривожига тамал тошини қўйган Г.А.Пугаченкова, И.Мўминов, Р.Мукминова, Б.В.Лунин, Э.В.Ртвеладзе, П.Зоҳидов, Л.И.Ремпель, А.Ўринбоев, Б.Аҳмедов, Д. Юсупова, Ў.Алимов, Т.Файзиев, О.Бўриев каби қатор фидоий олимларнинг тадқиқотлари Амир Темур салтанати тарихини ёритишга хизмат қилди. Зеро, айнан уларнинг мустақиллик йилларида чоп этилган йирик нашрларда Амир Темур ҳаёти ва фаолияти тарихини мукаммал ёритишдаги хизматларини эътироф этиш зарур. Бирламчи ёзма манбалар, яъни қўлёзма китоблар махсус каталогларда ёритилган (Собрание восточных рукопией Академии наук Узбекистана. Т. I–XI. – Ташкент, 1952–1987.; Собрание восточных рукопией Академии наук Узбекистана. История. Составители: Д.Ю.Юсупова, Р.П.Жалилова. – Ташкент, Фан, 1998. – 536).
Таъкидлаш жоиз, дастлабки библиографик кўрсаткич мустақилликкача бўлган даврда тарихшунос олим Б.В.Лунин томонидан тузилиб адабиётлар соҳалар бўйича ўн икки қисмга ажратиб таснифланган эди (Лунин Б.В. История, культура и искусство времени тимуридов в советской литературе (библиографический указатель) // Общественные науки в Узбекистане. – Ташкент, 1969. № 8-9. – С. 100–145). Шу билан бирга, ушбу библиографик кўрсаткичда мустабид совет давридаги мафкуравий тазйиқ таъсирида Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига оид адабиётлар “Умумий тарих” қисмига киритилган. Аммо бу ҳолат тадқиқотнинг илмий аҳамиятини пасайтирмайди, аксинча, олимнинг фалсафий мушоҳадасининг нечоғлик теран эканлигидан далолат беради. Ушбу библиографик кўрсаткич таснифи мустақиллик йилларида Б.В.Лунин томонидан анча ривожлантирилиб бир неча фундаментал нашрларда нафақат келтирилди, балки олим томонидан (Темур ва Улуғбек даври тарихи. – Тошкент: Қомуслар Бош таҳририяти, 1996. – Б. 28–42) Амир Темур даври асосий манбалари ҳамда илмий адабиётларининг тарихшунослик нуқтаи назаридан таҳлили ҳам амалга оширилди. Шунингдек, хориж тарихшунослари, рус шарқшунос олимлари ҳамда совет даврида тадқиқот олиб борган тарихчиларнинг илмий ишлари тадрижий равишда ўрганилиб, илк бор мавзуга оид тарихий адабиётлар тарихшуносликнинг янгича талқинида ўз баҳосини олди. Ушбу тайёрланган библиография тўплами ҳозирга қадар тадқиқотларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этиб келмоқда.
Ҳозирга қадар республикада мазкур мавзуга оид бир неча библиографик нашрлар амалга оширилган. Чунончи, 1996 йилда Ўзбекистон Республикасининг Мисрдаги элчихонаси ходимлари томонидан (Амир Темур ва темурийлар ҳақида Миср кутубхоналарида сақланаётган манба ва қўлланмалар Фиҳристи. Муқаддима муаллифи: Бобохонов Ш. Тайёрловчи: Насрулло Мубашшир ат-Тарозий. – Ўзбекистон элчихонаси Қоҳира шаҳри, 1996. Ўзбек тилида – Б. 1–37, араб тилида – Б. 1–422) Амир Темур ва темурийлар ҳақида Миср кутубхоналарида сақланаётган манба ва қўлланмалар фиҳристи яратилди. 1999 йилда эса академик Э.В.Ртвеладзе ва академик А.Х.Саидовлар томонидан тайёрланган “Амир Темур дунё фани кўзгусида” (Ртвеладзе Э.В., Саидов А.Х. Амир Темур в зеркале мировой науки. – Ташкент: Издательский дом Мирэкономики и права, 1999. – 112 с.; Ўша муаллифлар. Амир Темур в зеркале мировой истории. Библиография / Отв. за выпуск Д.Нурматова. – Париж, 1996. – 28) номли библиографик нашрда хорижий тилларда чоп этилган адабиётлар тизимга солинди. Муаллифлар жаҳон тарихшунослигида мустақил “темуршунослик” илмий йўналиши шаклланганини эътироф этишди. Шунингдек, “Амир Темур жаҳон тарихида” номли нашрининг “Амир Темур даври тарихнавислиги” бобидаги “Илмий изланишлар” қисмида Ўзбекистон ва хориж тадқиқотчиларининг ишлари таҳлил қилинди. Нашрда “Амир Темур шахсини бирёқлама, тор ва бир хил тарзда талқин этишдан иборат дастлабки кўникмалардан уни чуқур, кенг ва ҳар ёқлама идрок этишга аста-секин ўтиш тадрижи содир бўлди” (Амир Темур жаҳон тарихида. – Тошкент: Шарқ, 2001. – Б. 214–216), деган хулосага келиниши тарихшуносликдаги илмий бурилишдир.
2003 йилда академик Б.Аҳмедов, Б.Қосимов, И.Ниязов, Б.Баннопов, М.Зикруллаев, Я.Муҳаммедов томонидан ҳам темуршунослик соҳасида бир мунча тадқиқотлар олиб борилиб, “Амир Темур библиографияси” (Амир Темур библиографияси. Б.Аҳмедов, Б.Қосимов, И.Ниязов, Б.Баннопов, М.Зикруллаев, Я.Муҳаммедов. Марказий Осиёни тадқиқ қилиш Француз Институти. Тошкент, 2003. – 114 б.) нашрдан чиқди.
2010 йилда О.Раҳматуллаева томонидан тайёрланган “Амир Темур салтанати тарихнавислиги” номли библиографик кўрсаткичда фақат Ўзбекистонда мустақиллик йилларида амалга оширилган адабиётлар жамланиб соҳалар бўйича таснифланди (Раҳматуллаева А. Амир Темур салтанати тарихнавислиги (Библиографик кўрсаткич). – Т.: Фан ва технология, 2010. – 95 б.).
Амир Темур ва темурийлар даври тарихшунослиги бўйича Ўзбекистонда бир мунча салмоқли ишлар амалга оширилган. Аксарият тадқиқотчиларнинг якдиллик билан таъкидлашича, бошқа тарихий даврни ўрганишда адабиётлар тақчиллиги қийнаса, бу давр тадқиқотчисига эса адабиётларнинг кўплиги ва турли муносабат қийинчилик туғдиради. Айнан шу жиҳат ҳам библиографик тадқиқотларга бўлган эҳтиёжни кучайтиради.
Кейинги йилларда Амир Темур шахси ва даврига оид бирмунча манбалар таржимаси, илмий, илмий-оммабоп, бадиий адабиётлар яратилдики, уларни аниқлаш, тизимлаштириш заруриятини келтириб чиқарди. ЎзР ФА Темурийлар тарихи давлат музейида бажарилган “Амир Темур. Библиография. Биринчи китоб” (Ўлжаева Ш. ХХ асрнинг 50 − 60 йилларида Амир Темур ва темурийлар даври тарихшунослиги (шўро адабиётлари мисолида).: Тарих фан. ном. … дисс. Тошкент: ЎзР ФА Тарих институти, 1999; Абиджанова Д. Мавераннахр эпохи правления Амира Темура в англоязычной историографии 60 – 90-х годов ХХ в.: Дисс. ... канд. ист. наук. Ташкент: Институт истории АН РУз, 2000. 160 с.; Усмонов Б. Амир Темур ҳаёти ва давлатчилик фаолиятининг Россия тарихшунослигида ёритилиши (XVII − XX асрлар).: Тарих фан. ном. ... дисс. Тошкент: ЎзР ФА ШИ, 2004. 165 б.; Раҳматуллаева А.Р. Ўзбекистонда Амир Темур ҳаёти ва фаолияти тарихшунослиги (1991–2009).: Тарих фан. ном. ... дисс. Тошкент: ЎзР ФА Тарих институти, 2010. – 175 б.) мавзуидаги мақсадли амалий грант доирасида бажарилган лойиҳада Ўзбекистон ва жаҳон миқёсида Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб нашр қилинган турли адабиётлар жамланиб изоҳлар билан таъминланди.
Библиографик кўрсаткичда юртимизда Амир Темур хотирасини абадийлаштиришга бағишланган расмий (Қонун, Фармон, Қарор ва бошқа меъёрий ҳужжатлар) маълумотларни йиғишда Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлар миллий базасининг Давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий регламентларнинг электрон тўплами (LexUz-online платформаси)дан фойдаланилди.
Мазкур лойиҳада мавзуни ёритувчи ёзма манбалар, монографиялар, рисолалар, диссертация ва авторефератлар рўйхати, юбилейларга бағишланган альбомлар, тарихий маълумотнома ва солномалар, республика ва халқаро конференция материаллари, ўқув қўлланмалар, республика ва хорижий нашрларда чоп этилган мақолалар жамланди. Шунингдек, унда хорижий давлатлардаги кутубхоналар, музейлар ва фондлардан ўрин олган адабиётлардан ҳам имкон қадар фойдаланилди. Жумладан, рус, инглиз, француз, турк, араб, форс тилларида нашр этилган 6 мингга яқин турли китоб ва мақолалар нашрлари имкон қадар жамланиб, маълум бир тартибга солинди.
Китобда ёзма манбалар ва илмий тадқиқотлар, монография ва муҳим китоб ҳамда рисолаларига тавсиф – изоҳ ёзилди. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, библиографияда шартли равишда, кўлами жиҳатидан ниҳоятда кўплиги боис, даврий матбуот (хусусан газета) нашрлари олинмади. Зеро, даврий матбуот материаллари, истиқболда, ушбу библиографиянинг давомли нашрларида ўз аксини топади деган умиддамиз.
Библиографик кўрсаткичда барча адабиётлар, аввало, нашр тили бўйича, муаллифларнинг фамилия ва исми-шарифлари кесимида алифбо тартибида жойлаштирилди. Ушбу библиографияда адабиёт атамаси деганда монография, рисола, диссертация, автореферат, илмий-оммабоп нашрлар, бадиий адабиёт ва бошқалар ҳам назарда тутилади.
Бир исмнинг турли хил ёзилиши, жумладан, Тимур, Тамерлан, Timur, Temour, Tamerlan ва ҳ.к. аталишлар манба ва илмий адабиёт номланишида қандай бўлса, шу ҳолатда имкон қадар сақлаб қолинган. Аммо изоҳларда “Темур” деб ёзилиши тўғри деб топилди. Матбаа шаклидаги нашрларда (бу ҳол кўпроқ жамоавий монографияларда учрайди) муаллиф исми шарифи кўрсатилмаган мақолалар бевосита сарлавҳаси ҳам алифбо тартибида берилган.
Темурийлар тарихи давлат музейида амалга оширилаётган мазкур тадқиқот давомлидир, зеро йилдан-йилга янгидан янги адабиётлар, тадқиқотлар қўшилиб бораверади. Бу ҳол ўз-ўзидан келгусида бу библиографиянинг давомли нашрлари яратилишига замин бўлиб қолади ва лойиҳа келажакда илмий гуруҳимиз томонидан амалга ошириш режалаштирилган “Амир Темур Библиографияси. Иккинчи китоб” ишида яна давом эттирилади. Зеро, асарнинг иккинчи нашрида Шарқ ва Европа халқлари тилларида ёзилган илмий адабиётларни библиографик кўрсатгичда жамлаш мақсад қилинган.
Умид киламизки, ушбу библиографик кўрсаткич замонавий тарих фани учун долзарб ҳисобланиб, Амир Темурнинг ибратли ҳаёти ва давлатдорлик фаолиятини ўрганишда қулайлик ва имконият яратиб, келгуси тадқиқотларни йўналтиришда амалий аҳамият касб этади. Шунингдек, илмий изланиш олиб борувчиларга адабиётлар топишда йўлланма вазифасини бажаради ҳамда мазкур муаммо бўйича келажакда амалга ошириладиган илмий изланишлар учун истиқболли йўналишларни белгилаб беради.
Азизжон ШАРИПОВ,
ЎзР ФА Темурийлар тарихи давлат музейи
“Маданият ва маърифат бўлими” бошлиғи
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ