Қишлоқнинг қовоқларига шом қўнган. Қуёш осмонни қизартириб-қизартириб ҳув узоқдаги тоғлар бағридан жой топяпти. Ҳовлилар гавжум, кимдир оғиз очар маҳал яқинлиги учун огоҳлантирувчи соат қўнғироғини яқинроқ қўйган, яна кимдир ўчоқбошида куймаланган, сигир етаклаган, сутни сузиб дарахт шохига илган.
Кўчани шовқин-суронга тўлдирувчи болалар эса Рамазон ойини ўзгача режалар билан кутиб олган: кун ёнбошлагач ўзларига жамоа ташкил қилиб, белгиланган вақтда айтилган жойга йиғилади. Муддаолари қора тунга қолмай “Ё, Рамазон”ни айтиш... Йил бўйи кутилган муродларига етиш.
Болаларнинг ичида олов. Улар бу қўшиқни тиллари чиқар-чиқмас ёд олишади, лекин асл мавсумда уй катталари маҳалла кезишга рухсат берсагина айтадилар:
Ё, Рамазон айтиб келдик эшигингизга,
Қўчқордек ўғил берсин бешикингизга...
Баъзи ота-оналар фарзандларининг дўстлари билан маҳалла кезиб, қўшиқ айтишига изн бермайди, “Бировнинг нонига қараб қолдингми?” дея ор қилади, тергайди.
Болага нон қизиб бўлибдими, унга тузилаётган жамоадан, ўзаро саралаш-у, табиий кучлар синалишидан четда қолмаслик, йўнилган таёқларини кўз-кўз қилиш, ўзини мустақил ҳис қилиб нимадирлар жамғариш ёқади-да...
…Маҳалла болалари гуруҳларга бўлинади. Бу ибтидоий давлат тузилмасига ўхшайди. Битта жамоада тахминан 6, 8, 10 киши бўлади. Ёши каттаси ва ишга устаси жамоага сардорлик қилади. Бу даврда ҳам куч, идрок баҳси давом этаверади. Шунчаки бўйсуниш бола шуурига зид. Асосан, ўғил болалар томонидан айтиладиган бу қўшиққа меҳрибон акалар йиғлоқи сингилларини жўр қилиши ҳам мумкин. Масалан, мен учратган “Ё, Рамазончи” болалар жамоасида бир нафар қиз бола ҳам бор эди. Замона зайлини қаранг, болалигимда “Ҳайитчи”да болалар бизга қўшилади, “Ё, Рамазон”да эса нега бизни қўшмайди, деб ҳайрон қолардим. Мана сизга гендер тенглиги, дейишгандир-да, кичкинтойлар, тўғрими?
Ҳар бир боланинг қўлида бўйларига тенг таёқ: ҳам ҳимоя, ҳам ғурур рамзи. Таёқ уларга эшик қоқиш, кучуклардан қочиш, қоронғида йўл топиш, от қилиб миниш ва, албатта, “Меники зўр” деб кўз-кўз қилишда асқатади.
Баъзи болалар чўнтакларига “қоронғида қолиб кетсак, ёритади” дея чўнтакчироқлар(“фонар”)ни ҳам солиб олишган. Тирноқ учидек келадиган янги ой эса уларга йўлдош:
Уйингизнинг устида ой кўрдик,
Ҳаммадан сизни бой кўрдик,
Ўчоқда кул, кармонда пул,
Чиқара қолинг, жон янга,
Минг сўм пул!
Қўшиқ жўрликда ижро этилади. Ноталар-у фалшларнинг қизиғи йўқ. Шижоат бўлса, олов бўлса бас. Болалар қўшиққа мос оёқлари-ю қўлидаги таёқларини ҳам ерга уриб кучли оҳанг ҳосил қилишадики, қўшни маҳалладаги бошқа жамоанинг овози билан уларники қўшилиб бутун қишлоққа Рамазон ойи кайфиятини ташийди... Огоҳликка чорлайди:
Момо-момо ухлама, қурра-қурра,
Супрангизни ит тортяпти, турра-турра!
Бу ойда ҳар бир хонадон “Рамазончи”ларни кутади, қопағон итлар боғланади, йирик пуллари дўконга чиқиб майдалаб келинади, токча ёнига қўйиб фарзандларига тайинлаб қўйилади: “Ё Рамазончи”ларга.
Хонадонларига келгач эса атай кўпроқ айтсин учун хонадон эгалари уйидан кечроқ чиқади, деразадан сездирмай мўралайди, ҳазил-ҳузул қилади.
Болалар эса бу ойда улар учун ҳамма эшиклар очиқлигини билишади. Чироғи ёниқ уй тагида туриб олади, уй эгалари чиқмагунига қадар жўшиб-жўшиб қўшиқ айтади.
Ичкарида “Ким беради, ким беради?” деган муҳокамалардан сўнг оиланинг кичик ўғил фарзандига бу масъулият топширилади. Бунинг мантиғи шуки, ўғилтой ҳам улғайиб акаларидек “Ё, Рамазон” айтиб юрсин, халқнинг олди бўлсин.
Ҳадялар пул, ширинлик, мева-чева ва болалар учун тотли бўлган турли бошқа нарсалар бўлиши мумкин.
Бўлчин-бўлчин, бўлчин бой,
Тоғда қўйинг яйрасин,
Қумурсқадай қийрасин,
Сарисудан сакраб ўтган сари така,
Умрингиз узун бўлсин Фалончи ака!
Омин!
Болалар ҳадяни олгач ўтириб, ҳовучини тўлдириб дуо қилишади. Одатда, уй эгаларининг исми билиб олиниб, сўнг дуо шеърига қўшилади. Замонига мослашиб, дуолар ҳам ўзгариб боради: “Ўқишга гранд киринг, Фалончи ака”, “Ўнта “Ласетти” олинг”, “Катта тўйхона очинг”, “Қишлоққа газ опкелинг” ва ҳоказо...
Қишлоқ кўчаларидан “Кадига мой, бешикка ўғилтой” тилаган болалар қўшиғининг садоси, кучукларнинг овози тинимсиз эшитилиб туради. Умидлари ва орзулари каби жўшқин қўшиққа ҳамнафас болалар ҳам илдам-илдам қадам ташлаб тунга қарши чиқишади. Йиғилган ҳадялар жамоа сардори томонидан ҳар бир болага тенг тақсимланади.
Сўнг ўзлари айтганидек:“Ҳамма уйига – Тепатўйига” равона бўлишади.
Қишлоқнинг қовоқларига тун қўнган.
Матн ва фото: Холида МУСУЛМОН
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ