
Конституциямизнинг янги лойиҳасини қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Мактаб давридаёқ қомусимиздаги 128 моддани сўзма-сўз ёд олганим учун янги лойиҳадаги ҳар бир янгиланиш, қўшимчани дарров пайқадим.
Эътиборимни тортган илк жиҳат «Инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари» номли бўлимидаги ўзгаришлар бўлди. Бўлимга қўшилган «Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши;
Ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги бандлар давлатимизнинг бугунги инсонпарвар сиёсатини ўзида акс эттирган, назаримда. Шунингдек, шу бўлимнинг «Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар» бобидаги 8 та модда маъно ва мазмун билан бойиган, яна 3 та муҳим модда қўшилган. Масалан,
шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги;
шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тильда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги;
ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги;
агар шахснинг ўз айбини тан олгани унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги каби янги қўшилган модда ва бандлар мамлакатимизнинг ҳуқуқий давлат қуриш маслаги борасида ортга қайтмас йўлда эканидан далолат беради.
«Фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари» бобида эса Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эгалиги, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлар бобидаги меҳнатга ҳақ тўлашда муносиб турмуш тарзининг энг кам миқдоридан кам бўлмаслиги, ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилмаслик, уни бўшатиш, иш ҳақини камайтириш каби ҳолатлар тақиқланиши каби ижтимоий ҳуқуқлар мустаҳкамланган. Аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш тартиби қонун билан белгиланиши ҳам қайд этилган.
Тан олиш лозим, амалдаги Конституциямизда экология масаласига етарлича эътибор қаратилмаган эди. Фақатгина бир жойда экология сўзи ишлатилган – фуқароларнинг бурчлари тўғрисидаги бобда, «Экологик муҳитга зарар етказмаслик» нормаси мавжуд эди, холос. Бутун бошли Қомусда энг долзарб муаммолардан бири шу тарзда муҳофазага олингани жиддий етишмовчилик эди. Янги таклиф этилаётган лойиҳада эса Ўзбекистондаги экологик шароит ҳисобга олиниб, экологик ҳуқуқ инсоннинг иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳуқуқлари қаторига киритилган. Ниҳоят, нафақат бизни, балки бутун Марказий Осиёни ташвишлантираётган Оролбўйи экологик муаммосини бартараф қилиш масалалари Конституциямизнинг янги лойиҳасидан жой олди.
Кўпчилик ёд биладиган энг кичик моддалардан бири – 18 та сўздан иборат бўлган таълим олиш ҳақидаги 41-модда Қомусимизнинг янги лойиҳасида батафсил 3 та модда асосида баён қилинмоқда. Бунда биринчи марта мактабгача таълимнинг ҳам давлат назоратида экани белгилаб қўйилган. Нақадар аччиқ бўлмасин мустақиллигимизнинг чорак асрида боғчаларимизни хароба аҳволга олиб келиб қўйганимизни тан олишимиз керак. Инсоннинг умри давомида оладиган барча маълумотнинг 70 фоизини эса айнан боғча ёшида қабул қилади. Шу маънода киритилаётган ушбу ўзгариш фарзандларимизнинг сифатли таълим олишида муҳим аҳамият касб этади.
Янги лойиҳада олий таълим ташкилотлари учун қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш каби дунёвий, ривожланган давлатларга хос эркинликларнинг мустаҳкамлаб қўйилаётгани ҳар бир зиёлини хурсанд қилиши табиий. Фуқароларнинг бурчлари қаторига илмий меросни авайлаб асраш, давлат томонидан илмий мерос муҳофаза қилинишининг белгиланиши ҳам айни илм-фанга, таълимга бўлган эътиборнинг кучаяётганидан дарак беради.
Қувонарлиси, амалдаги конституциямиздаги «Оила» боби “Оила, болалар ва ёшлар» боби сифатида янгидан таҳрирланиб, ёшларга ғамхўрлик, уларнинг ижодий, интеллектуал, жисмоний ривожланишлари учун шарт-шароитлар яратилиши ҳақидаги янги моддалар билан бойитилган. Шу билан бирга халқ ҳокимиятини кучайтириш, халқ вакиллик органи бўлмиш парламентнинг ролини ва ўрнини, масъулиятини ошириш, унинг ваколатларини янада кенгайтиришга қаратилган бир қатор нормалар Конституциямизнинг янги лойиҳасига киритилган.
Мустақилликка эришганимизнинг ўн иккинчи йили. Биз пахта даласини ёввойи ўтлардан тозалаш, “чканка” номли пахтага ишлов бериш каби «мажбурий-ихтиёрий» юмушларимиз эвазига «5» баҳо олаётган, йўл бўйларидаги янтоқларни чопиб, фермага топшираётган, устозларимиз гуруҳ-гуруҳ бўлиб қишлоқдаги молхоналардан гўнг йиғиб колхоз, ширкат хўжалиги даласига ташиётган вақтлар бугунги таълим соҳасидаги, умуман бутун жамиятимиздаги бу каби ислоҳотлар ҳақида ҳатто тасаввур қилиш ҳам мушкул эди. Эсимни таниганимдан буён яқин йилларгача аввал ўқувчи бўлиб, кейин ўқитувчи номи остида талабалар билан йилнинг чорак қисмини пахта даласида ўтказдим. Ўша вақтлар наҳотки, умримнинг энг гўзал дамлари шу ғўзалар қаторида қолиб кетади, деган ваҳима қалбимни эгаллар эди. Шукрки, ўқитувчининг даладаги бундай ҳаёти қўрқинчли тушь каби ортда қолди. Ва бу каби эврилиш, бу ижобий ўзгариш юртимиздаги деярли барча касбларда юз берди, дея оламан.
Хулоса қилиб айтганда, Конституциямизнинг 128 моддаси замон, жамият ривожини ҳисобга олган тарзда, керакли маъно ва мазмун билан бойитилган. Шу маънода янги 27 та модданинг киритилишини Ўзбекистон халқининг ёрқин келажаги кафолати, деб ҳисоблаш мумкин. Ишонаманки, ҳар бир юртдошимиз Конституциямизга киритилаётган нормалар билан танишиб чиқаркан, уларнинг халқимиз фаровонлиги, давлатимиз келажагининг муҳим кафолати эканини англаб етади.
Бекзод АБДИРИМОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Хоразм вилояти бўлими раҳбари
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ