Навоий, Қодирий талқинидаги муҳаббатдан советча севгигача – Бизга ишқ-муҳаббат байрами керакми?


Сақлаш
20:52 / 14.02.2023 851 0

Ҳар йили 14 февралда пойтахтимизнинг ресторан ва кўнгилочар клубларида Валентин куни норасмий равишда байрам қилинади. Айни пайтда бу сана Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд куни сифатида давлат даражасида кенг нишонланади. Иккала байрам ўзаро рақобатлашгандек таассурот қолдиради. Кўпчилик севги-муҳаббат айёми менталитетимизга зид деб билади, бироқ тарафдорлар ҳам кам эмас.

 

Нега бизда ишқ-муҳаббат масаласи мафкуралашган ва бу жамиятда турлича майда-чуйда низоларга сабаб бўляпти? Назаримда 14 февраль куни севгининг Шарқ ва Ғарб модели курашаётгандек туюлади. Лекин ҳис-туйғу географияга боғлиқ эмас-ку?! Бизнинг онгимизда муҳаббатнинг “ўзбекча модели” мавжудми? Балки, қарашларимиз кўпроқ биология ва анатомияга асослангандир? Нима учун аксарият зиёлиларимизда севгининг тарихий, сиёсий ва фалсафий асослари ҳақида ҳатто элементар тушунча ҳам йўқ?..

 

Қисқаси, саволлар кўп. Агар уларга жавоб топилмаса, жамиятда ўзаро зиддият кучайиб бораверади. Бугун тарихимиз, маданиятимиз ва жамиятимизда муҳаббатга муносабат қай аҳволда, деган масала атрофида суҳбатлашамиз.

 

Севгига тарихий ракурс

 

Севги тарихи одамлар орасидаги коммуникацияга бориб тақалади, дастлаб буни дин асослаб берган ва кафолатлаган. Шунинг боис қадимда муҳаббат илоҳий ҳисобланган, унга низо ва урушларга қарши қурол деб қаралган. Платоннинг фикрича, муҳаббат одамлар ва худолар орасидаги восита. Бу қараш жамият ҳаётини нормаллаштирган.

 

Қизиқ томони, ошиқ-маъшуқлик бевосита ва билвосита сўз, матн билан боғлиқ. Чунки ёзилган ҳар бир нарса-ҳодиса талқин қилинади, ўқилади ва авлодларга дастуриамал бўлади, кейинчалик тарихийлаштирилади ва мафкуралаштирилади. Шунинг учун ҳам ишқнинг келиб чиқиши ҳақидаги воқеалар барча муқаддас китобларда ўз аксини топган.

 

Илк тасаввурлар, тарихий воқеалар тафсилотлари Таврот, Яқин Шарқ, Марказий Осиё ва юнон асотирлари ва фалсафасида мавжуд. Тавротда муҳаббатнинг келиб чиқиши Ибтидо китобида чуқур ёритилган. Момо Ҳаво Одам Атонинг қовурғасидан яратилгани, аёл-эркак диний жиҳатдан бир тану жон экани таъкидланади.

 

Севги ҳақидаги энг гўзал асарлардан бири уч минг йил аввал ёзилган Қўшиқлар қўшиғи китобидир. Унда шоҳнинг оддий чўпон қизига муҳаббати акс этган. Қадимги дунёда муҳаббат дин билан чамбарчас боғлиқ бўлган, диндорлар томонидан севги ҳис-туйғулари қонунлар орқали тартибга солинган. Ҳатто севги-муҳаббат илоҳалари бўлган, масалан, Месопатамияда Иштар маъбудаси, Финикияда Астарта, Эрон ва Марказий Осиёда Анахита, Юнонистонда Афродита ва Римда Венера, арабларда Зуҳра. Улар жамият ҳаётида катта роль ўйнаган, уларга сиғинишган ва шарафига турли байрамлар ўтказилган.

 

Ишқ-муҳаббатнинг тарихий-фалсафий асоси юнон файласуфи Платон китобларида акс эттирилган. Айниқса, Зиёфат асарида севги ибтидоси ва илоҳийлиги чуқур таҳлил қилинган. Платонга кўра, муҳаббат бутун космоснинг асоси ва ишқ илоҳи энг қадимги маъбудлардан. Файласуф асарларининг башарият фалсафаси, этика ва санъатига, айниқса, христиан дини ва Уйғониш даврига таъсири улкан.

 

Муҳаббатнинг тарихий ва фалсафий илдизлари шеъриятга ҳам сезиларли таъсир кўрсатган. Марказий Осиёда сўфийлик таълимоти туфайли ўзига хос ишқ-муҳаббат маданияти шаклланган. Масалан, Алишер Навоий нақшбандия тариқати фалсафасида ижод қилган. Биламизки, тасаввуф шеъриятида инсоннинг баркамолликка эришиши йўлида муҳаббатнинг муҳимлиги уқтирилади.

 

Эркин танлаш ҳуқуқи

 

Муҳаббатнинг тарихий жараёнларга таъсири жуда катта. Негадир биз тарихий шахсларнинг фаолиятида севгининг ролини қандай бўлганини тадқиқ қилмаймиз. Севгининг сиёсат, иқтисод ва фанга таъсирини ўрганмаймиз. Афсуски, тарихшунослигимизда ҳис-туйғу тарихи юзасидан изланишлар мавжуд эмас. Тўғри, Марказий Осиё достонларида ишқий романтик сюжетлар бисёр, лекин нимагадир асосий ҳисобланмайди. Тасаввуф таълимоти ҳам филология ва фалсафа нуқтаи назаридан ўрганилган. Бироқ тарихий жиҳатлари очиб берилмаган.

 

Умуман олганда, бизда муҳаббат мавзуси тадқиқ қилинганда тарих, филология ва фалсафа аралашиб кетади ва кўпинча филологиянинг қўли баланд келади. Масалан, Алишер Навоийнинг “Хамса”сида илоҳий ишқ ва мажозий ишқ масалалари чуқур очиб берилган. Қизиғи, бош қаҳрамонлар Фарҳод ва Мажнун Марказий Осиёдан эмас, иккаласи ҳам чет эллик: бири Чиндан (ҳозирги Хитой ҳудуди), иккинчиси эса араб бадавийси. Шоир негадир ерли туб аҳоли севги муносабатларидан намуна олмаган. Эҳтимол, ўша даврдаги адабий муҳити анъаналари шундай бўлгандир.

 

XX аср ўзбек адабиётида Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи ишқ-муҳаббатни англашда муҳим роль ўйнайди. Ёзувчи чин севги қандай бўлиши кераклиги ҳақида кўп ўйлаган. Отабек образи орқали муҳаббатга замонавий таъриф, янги мазмун киритишни кўзлаган. Йигит Кумуш ва Зайнаб орасида қолиб, иккисидан ҳам маҳрум бўлади. Романда асрлар бўйи давом этиб келаётган кўпхотинлиликка қарши кайфият яққол сезилади.

 

Отабек Кумушни танлаши бизни шундай фикрга ундайдики, ёзувчи учун севги бу – эркин танлаш ҳуқуқидир. Абдулла Қодирий таклиф қилган ушбу тарихий ҳақиқатни биз бугун негадир унутиб қўйяпмиз. Афсуски, охирги 150 йилдаги ижтимоий тарихни ҳам яхши билмаймиз. Биз ҳали ҳам яқин ўтмишимизда муҳаббатнинг маданиятимизга таъсирини англамаяпмиз.

 

Жаҳон фанида ишқ-муҳаббат мавзуси анча яхши ўрганилган. Охирги илмий ишлардан Ева Иллузнинг севги тарихига оид қарашлари катта қизиқиш уйғотади. Муаллиф бугунги кунда техника ва сиёсатнинг инсон ҳисларига таъсири натижасида севги нейтрал туйғуга айланиб қолди, дея таъкидлайди. Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда муҳаббатнинг ўрни ҳамон актуал, бироқ бу гўзал ҳис-туйғу оила тушунчасига боғлаб қўйилган.

 

Янги образлар зарур

 

Ижтимоий ҳаётимизда ҳамон сталинча ғоялар устунлиги мени қаттиқ ўйга солади. Советча оммавий маданият варианти турмуш тарзимиздан мустаҳкам ўрин олган. Биз барча ҳис-туйғуларни ўта сиёсийлаштирамиз ва тушунмаган нарсаларимизда хавф кўрамиз. Собиқ Иттифоқда севги масалалари фақат оила қуриш нуқтаи назаридан ва сиёсат устунлиги билан талқин қилинганини биламиз. Зигмунд Фрейд, Франкфурт мактаби намояндалари (Маркузе, Фромм, Адорно) асарлари, Мишель Фуко, Юлия Кристева ғоялари тақиқда бўлгани бежиз эмас. Шу сабаб зиёли ва сиёсатчиларимиз охирги 30 йилда ҳам бу муҳим гуманитар соҳага аҳамият беришмагандир. Билмадим. Балки, биз “миллий менталитет” мафкурасига таяниб, дунё фанидан узоқлашдик ҳамда жамиятимизда ёпиқлик ғояси кучайди. Лекин ҳозир очиқ жамиятда яшаяпмиз, ахборот алмашинуви тезлашгани онгимизга ҳам таъсир қиляпти. Яъни, замонавий дунёда жамиятимиз исталган мавзу бўйича ўз фикрига эга бўлиши зарур.

 

Биз ҳалиям муҳаббатни тўй, оила фонида, давлат сиёсати орқали тушуняпмиз. Севги миллий кино, сериаллар, бадиий асарлар ва шеъриятимизда жуда эскирган, советча маданият қолиплари билан тақдим этиляпти. Бунда ҳис-туйғуни бошқариш сиёсати устун. Муҳаббатни тушунишда ва талқин қилишда психоанализ илмий усулларидан фойдаланаётганимиз ёки чуқур тарихий, социологик, психологик ва фалсафий асарлар ёзаётганимиз йўқ. Ҳатто телевидениеда муҳаббат ҳақида мунозара ёки университетларда севги  мавзулари тадқиқ қилинмаётганини кўрамиз. Ривожланган мамлакатлардан анча орқадамиз, ижтимоий ривожланиш секин, бу эса иқтисодий барқарорликка тўсқинлик бўляпти. Севгини жуда тор тушуняпмиз. Муҳаббат фақатгина жинсий алоқа эмас, балки бу ижтимоий, сиёсий ва мафкуравий тушунчадир. Ва у ҳар бир инсоннинг ҳаётида муҳим роль ўйнайди. Шундай экан, бу масала тадқиққа муҳтож.

 

Муҳаббат биринчи навбатда ижтимоий тушунча бўлиб, аввало, инсонлар орасидаги коммуникация ва диалогдир. Монолог эмас. Бу коммуникациянинг ўз қоидалари бор, лекин қоидалар доим ўзгариб туради. Инсон маълумоти, характерига қараб диди ва истаклари доимо тусланади. Ижодкор ва олимлар муҳаббат тушунчасига жамият ривожланиши учун доимо янги мазмун бериб туришлари лозим. Эҳтимол, биз жаҳон дурдона асарларини ўзбек тилига таржима қилиб, зиёлилар орасида тарқатиб эркин мунозара қилишимиз зарурдир. Масалан, машҳур инглиз математиги Бертран Рассел “Оила ва ахлоқ” асари учун ҳатто Нобель мукофотини олган эди. Эрих Фроммнинг “Севиш санъати” асари жаҳон фани ва кинематографиясига катта таъсир ўтказди.

 

Хўш, муҳаббат асоси коммуникация ва диалог экан, албатта, бизга байрамлар зарур. Зиёли ва ижодкорлар яратаётган севги ҳақидаги асарлар, ғоялар кенг оммага фестиваллар орқали етказилади. Ишқ-муҳаббатга бағишланган байрамлар бир йилда бир марта бўлмасин. Турлича тадбирлар, анжуман ва телевизорда чиқишлар, томошалар жамиятимизга сув ва ҳаводек керак. Фарҳод ва Ширин, Лайли ва Мажнун, Ҳамид Олимжон ва Зулфия”дан ташқари замонавий севги образлари яратиш лозим. Акс ҳолда, ишқ-муҳаббатнинг Ғарб модели устунлик қилаверади. Қисқача айтганда, биз ўзимизнинг аниқ, замонавий ва илмий асосланган севги-муҳаббат моделимизни яратишимиз зарур. Эҳтимол, бир нечта модел бўлар, чунки эркин замонда, эркин Ўзбекистон фуқароси эркин танловга эга бўлсин.

 

Бахтиёр АЛИМЖОНОВ,

 тарих фанлари номзоди

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17368
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//