Адабиёт
Ушбу мақоланинг ёзилишига ижтимоий тармоқдаги бир пост туртки бўлди: эмишки, Швейцария давлатининг ҳукумати атиги 7 вазирдан иборат; ҳукуматнинг икки аъзоси бир йил давомида мамлакат президенти ва вице-президенти вазифасини адо этади.
Бу маълумот кўпчиликда ҳайрату ҳавас уйғотди: шу қадар ихчам, ўта камхарж ҳукумат билан ҳам давлатни бошқариб бўлар экан-да?!
Бизнингча, бу ўринда ҳавас қилиш керак бўлган муҳим омил – бурчга садоқатдир.
Ижтимоий тармоқда мавзумизга дахлдор бир суратга кўзим тушди: олти қаторли йўлнинг бир йўналишида авария содир бўлиб ҳаракат вақтинча тўхтаб қолган. Чапга буриладиган автомобиллар чап қаторда, тўғри кетадиган ва ўнгга буриладиганлари – ўнг қаторда тизилиб турибди, ўрта қатор эса тез ёрдам машиналари учун бўш қолдирилган. Ҳеч ким навбатнинг олдироғига суқилаётгани йўқ! Бирор киши “қачонгача кутамиз?” дея сигнал чалаётгани ҳам сезилмайди! Ажабланарлими? Асло! Кўчада интизомга риоя қилиб йўл бўшашини сабр-тоқат билан кутаётган ҳайдовчилар аслида ўзининг жўнгина бурчини адо этмоқдалар, холос.
Хўш, бундай ҳолатни ўзимизнинг йўлларда ҳеч кузатганмисиз?..
Аччиқ, аммо Архимед қонунидай кучга эга ҳақиқат шуки, ҳар бир халқнинг ҳукумати шу халқнинг ўзига муносиб бўлади. Швейцария кўчаларида бирорта йўл нозирини кўрмайсиз – уларга ҳожат йўқ. Хўш, агар бизнинг кўчаларда йўл нозири умуман бўлмаса, қандай ҳол кузатилар эди? Ҳар бир чорраҳада қиёмат тўс-тўполон рўй берса керак!..
* * *
Бурч аслида номики тирик мавжудотга хос дейилса, хато бўлмайди. Ойнаижаҳон орқали кўп бора кўрсатиладиган лавҳани эслайлик: қуш ўз полапонларини ҳимоя қилишига тўғри келганда, бир неча баробар катта ва кучли йиртқич билан яккама-якка жанг қилади. Биологлар буни “инстинкт” деб атайди. Ҳолбуки, инстинкт қушни ўз жонини сақлашга ундаши керак: онаси ўлса, полапонлари барибир омон қолмайди, ўз жонини асраб қолган қуш эса яна жўжалайверади. Сираси, она қушнинг хатти-ҳаракатида инстинкт тушунчаси билан тушунтириб бўлмайдиган нуқта мавжуд.
Ёки осмонўпар бинонинг бетон деворидаги ёриқдан униб чиққан лолақизғалдоқни олайлик. Унинг гуллаб, уруғ тугиши, қуёшга талпинишига нима дейсиз? Ўсимликда инстинкт йўқ-ку! Бу сафар энди фаннинг жавоби: лолақизғалдоқнинг генига ёзилган.
Қизиқ ҳолат: нега унда одамзоднинг ўз бурчига садоқати унинг генига ёзилмаган? Бугун дунёда кайфу сафони фарзанд кўришдан афзал кўраётган аёллар ёки фарзандини ҳимоя қилиш ўрнига унинг умрига зомин бўлаётган эркаклар озми?
Навоий юқоридаги каби ҳодисаларга ўз нуқтаи назарини бундай ифода этган:
Лоланинг тухмича ғайратинг йўқми?
Ипакнинг қуртича ҳимматинг йўқми?
Ғайрат, ҳиммат – одамзодга хос тушунчалар аслида. Бурч ҳам!
Табиийки, бурч хилма-хил бўлади: виждон олдидаги бурч, оиладаги бурч, шогирдлик бурчи, устозлик бурчи, “Гиппократ қасамёди” деб аталадиган бурч, давлат ходимининг ўз вазифасини адо этишдаги бурчи, йигитларнинг ватанни мудофаа қилиш бурчи, қизларнинг ибо билан кийиниш бурчи...
Бу ўринда ижтимоий бурчнинг муҳим бир тури бўлмиш кишининг касбий бурчи ҳақида мулоҳаза юритмоқчимиз. Сабаб шуки, буни яширишга ҳожат йўқ, жамиятимизда касбий бурчга муносабат мутлақо қониқарсиз даражада. Далил керак бўлса, у – ҳар қадамда.
Ҳолбуки, жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз касбий бурчини ҳалол бажармас экан, бундай жамият юксак тараққиётга эриша олмайди. Яна Швейцария мисолига қайтсак, ушбу мамлакат БМТ томонидан эълон қилиб келинаётган HDI кўрсаткичида (инглизча Human Development Index, сўзма-сўз таржимада: инсон ривожланиши индекси. Инсон умрининг ўртача узоқлиги, маълумотлилик даражаси ҳамда аҳоли жон бошига ялпи миллий маҳсулот каби кўрсаткичларни ўзида жамлайди) энг юқори уч ўриндан бирини эгаллаб келмоқда. Швейцарияда ҳам ўз бурчини менсимайдиган “ўйинбузуқилар” бордир, аммо жуда камлиги тайин. Қолаверса, уларни муҳит тезда қайта тарбиялайди. Ҳарқалай, Швейцарияда яшаётан ҳамюртларимиз автомобилда боя эсланган ҳолатга дуч келса, навбатни бузиш ё ўрта қатордан олдинга ўтишга уринмайди. Тақиқлангани учун эмас, бундай қилишга уялади.
Албатта, юртимизда ҳам касбий бурчга садоқат борасида намуна бўладиган замондошларимиз кўп. Айнан шу туфайли жамият биноси тик турибди, ахир. Ҳатто ўз бурчини муқаддас деб билувчилар ҳам борки, уларни қаҳрамон санамоқ керак. Телевидение экранини эстрада шамчалари билан ёритишни бас қилиб, журналистлар ана шундай замондошларимизга кўпроқ эътибор қаратиши лозим. Ана шунда ёш авлодни бурчга садоқат руҳида тарбиялаш мумкин бўлар.
* * *
Мавзуни теранроқ тушунтириш мақсадида бир мисол келтирмоқчимиз. Бу ҳаётий мисол арзимас кўринган эътиборсизлик даҳшатли фожиага олиб келиши, ўз касбига садоқатнинг олий намунаси эса қаҳрамонликка айланишини кўрсатади.
1912 йилнинг 10 апрели. Маҳобати билан фалакка мушт дўлайтирган “Титаник” лайнери 2208 кишини олиб Англиянинг Саутҳемптон портидан Нью-Йорк томон йўлга чиқади. Ўша давр матбуотининг ёзишича, кема – 10 балли довул бўладими, 20 метрли цунами бўладими, океанга метеорит келиб уриладими – писанд қилмайдиган даражада мустаҳкам ясалган. Аммо тақдирнинг ўйинини кўрингки, кема биринчи сузишдаёқ ғарқ бўлади.
Ўз даврида “Титаник”нинг ҳалокати Ғарб дунёсида шу қадар шов-шув кўтарганки, унинг олдида Чернобиль ва “Челленжер” фалокатлари ҳеч нарсадек. Орадан қарийб юз йил ўтгач, Жеймс Кэмерон “Титаник” номли фильм ишлади, қолаверса, фалокатнинг “юбилейи” муносабати билан кўплаб китобу мақолалар чоп этилди. Демак, журналхонлар ҳам фожиа тафсилотлари билан яхши таниш ва буни эслаб ўтиришга ҳожат йўқ. Аммо кема ҳалокати вақтида юз берган бир ибратли воқеа диққатга молик.
“Титаник” бутунбошли шаҳар бўлган. Жумладан, унинг пастки қаватлари – камбағаллар учун ажратилган каюталари жуда тор “маҳаллалар”дан иборат, юқори палубалари эса бой-бадавлат кибор йўловчиларга мўлжалланган эди. Юқори қаватда серҳашам саёҳат учун барча шарт-шароит муҳайё қилинган – чучук сувли бассейн, теннис корти ва тренажёр залларигача мавжуд, махсус зиёфат зали ва бир неча ресторан хизматда. Бизни қизиқтирадигани – ана шу заллардан бирида икки ансамбль куй ижро қилиб, хонимлар ва жанобларнинг кўнглини чоғ этмоқ билан машғул бўлган.
Мана энди тасаввур қилайлик: кема улкан айсбергга урилиб, биқинида ҳалокатли ёриқ пайдо бўлди; икки соатга бориб-бормай уммон тубига ғарқ бўлиши тўғрисида хабар тарқалди. Хўш, кемадагилар нима қилади? Албатта, нима қилиб бўлса ҳам жонини сақлаб қолиш пайига тушади. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлган – эркагу аёл, зодагону фаррош, бою фақир – ҳамма-ҳамма қий-чув кўтариб, қиёматни эслатувчи ҳолат вужудга келган.
Денгизчиларнинг муқаддас қоидасига амал қилган, кема дарғаси – капитан жонини қутқариб қолишга интилмаган. Тарихий ҳужжатларга кўра, капитандан бошқа кемакашлар, ҳатто унинг ўринбосарлари ҳам вос-восдан четда қолмаган – йўловчиларни қутқаришга бош-қош бўлиш баҳонасида қутқарув қайиқларига чиқиб олишга ҳаракат қилган.
Беш қўл баробар эмас – издиҳом орасида турли тоифадаги одам бўлади. Жумладан, ўз номусини жонидан юқори қўювчилар! Қарангки, “Титаник” чўка бошлагач, кийимига гард юқтирмаган жентльменлар юзтубан кетганида, саккиз нафар оддий машшоқ инсон иродасининг буюклигини намойиш эта билган (“Титаник” фильмидаги лавҳа – Жэкнинг ўз жонини қурбон қилиб бўлса ҳам, маъшуқаси Розани қутқариб қолиши – сценарий муаллифининг бадиий тўқимаси, биз ҳикоя қилаётган воқеа эса тарихий ҳужжатлар билан тасдиқланган).
Машшоқларнинг асосий гуруҳи – квинтет (5 кишилик ансамбль) энг ҳашаматли залда куй ижро этган. Бу гуруҳга 34 ёшли Уоллес Ҳенри Ҳартли исмли скрипкачи раҳбарлик қилган. Триодан иборат иккинчи гуруҳ эса кемадаги бир неча ресторанда навбат билан хизмат қилган. Барча машшоқларнинг исми маълум: У.Ҳартли, Ж.Ҳьюм ва Ж.Кринс – скрипка, Р.Бриквис ва Ж.Вудворт – виолончель, Т.Брейли ва П.Тейлор – фортепиано, Ж.Кларк эса альт чалган. Уларнинг исмларини санашдан мурод – ҳар бири орзу-ниятларга эга реал шахслар бўлганига урғу бериш. Мисол учун: Ҳартли унаштириб қўйилган бўлиб, “Титаник” Нью-Йоркка бориб қайтгач, тўйини ўтказиш режалаштирилган эди. Қаллиғи унга ҳам никоҳ, ҳам донгдор кема ансамблига раҳбар этиб тайинлангани муносабати билан қимматбаҳо скрипка ҳадя қилган (кема ҳалокатидан кейин қутқарувчилар томонидан топилган ушбу чолғу “Титаник” мусиқачиларининг Саутҳемптон шаҳридаги хотира музейида сақланади; унга “Уоллесга, никоҳимиз муносабати билан. Мария” деган сўзлар ўйиб ёзилган).
Кема муз қояга урилганда мусиқачилар ўз вазифаси билан машғул эди. Фалокат хабари тарқалгач, одамлар қайиқларга чиқарила бошлайди. Машшоқлар ҳам қайиқларнинг бирортасидан жой олишга интилиши табиий ва улар санъаткор сифатида бунга ҳақли ҳам эди. Аммо ўша паллада мисли кўрилмаган воқеа рўй беради – аввал квинтет, унинг ортидан трио энг юқори палубага ўрнашиб, баланд пардаларда куй ижро этишга киришади ва... созандалар то кема чўккунча жойларини ҳам, ижрони ҳам тарк этишмайди (бу воқеа ҳам фильмда акс этган, аммо томошабиннинг бутун диққат-эътибори қаҳрамонлар тақдирига қаратилиб, мусиқачиларнинг жасорати назардан четда қолади).
Машшоқлар баландда бўлгани учун то кема белидан синиб кетгунча жойларида тура олганлар. Қутулиб қолганларнинг гувоҳлик беришича, мусиқачиларни тўлқин бирин-кетин олиб кета бошлаган, навбат Ҳартлига келганда, у “Жаноблар, яхши боринглар, алвидо!” дея қичқирган.
Бир ҳафталик сафар давомида одамларнинг кўнглини ёзиш учун ёлланган машшоқлар қиёматни эслатувчи фалокат ёпирилганда, ўз жонини ўйламай, йўловчиларга мусиқа билан бўлса ҳам руҳий далда беришни лозим топгани чиндан ҳам буюк жасорат эди. Кема чўка бошлаганига қарамай, уларнинг куй ижро этишдан тўхтамагани ваҳиманинг бирмунча босилишига, қайиққа ўтириш жараёни батартиброқ давом этишига ва шу туфайли кўпроқ йўловчилар омон қолишига сабаб бўлади.
Машшоқлар қутқариш камзулини кийиб олгани учун уммон тубига чўкиб кетмаган, сувда сузиб юрган жасадлари кейин қутқарувчилар томонидан йиғиб олинган ва она тупроғида дафн этилган.
Савол туғилади: машшоқларни жасоратга ундаган куч манбаи қаерда? Кема чўккунча чолғуни қўлдан қўймай куй чалиш учун чидам ва иродани улар қаердан олган?
У куч, у қудратнинг манбаси БУРЧга САДОҚАТда! Хўш, у қай тариқа намоён бўлади? Болаликдан – оилада, кейин мактаб ва маҳалла-кўйдаги муомала-муносабатда, ошна-оғайни давраларию катта-кичик издиҳомларда. Қолаверса, китобларда, кино, театр, радио ва телевидение дастурларида. Масалан, бир-бири учун жонини беришга тайёр бўлган мушкетёрларнинг шиорида: “Бир киши – ҳамма учун, ҳамма – бир киши учун!”. Хуллас, жамиятнинг ҳар бир ҳужайрасида.
Таассуф ила қайд этишга мажбурмиз: бурчга садоқат ёнида унинг акси ҳам ҳамроҳлик қилади. Яна ўша “Титаник” мисолига қайтсак, кемани бошқарувчи жамоа аъзоларидан бир нечасининг ўз бурчига масъулиятсизлиги, бир қарашда арзимас туюладиган эътиборсизлиги улкан фожиага олиб келди.
Капитан ва ёрдамчиларининг жавобгарлиги-ку равшан. Кема юқорисидаги кўприкчадан чор-атрофни кузатиб туриши лозим масъулларни ҳам айтиб ўтиришга ҳожат йўқ – муз қояни беш дақиқа аввалроқ пайқашганда ҳам чап беришга улгуриб қолинар, кема айсбергга урилган тақдирда ҳам, ёриқ кичикроқ бўлиб, ёрдам етиб келишига қадар чўкмай турар эди. Қарангки, уларда дурбин бўлмаган экан – денгизчилар учун жуда муҳим бу асбоб солинган ғаладоннинг калити нимадир сабаб бўлиб кемадан Саутҳемптоннинг ўзида тушиб қолган хизматчининг чўнтагида кетган, калитни суриштириш бировнинг хаёлига ҳам келмаган.
Ҳалокатга яна бир сабаб. Арзимаган деталь туфайли асосий рация ишламай қолган, радистлар уни тузатиш билан овора бўлиб, айсберглар яқинлиги тўғрисидаги бошқа рацияларга келган хабар капитан ёрдамчисига етиб бормаган.
Ҳозир мутахассислар “Титаник” ҳалокатига ўнлаб омиллар сабаб бўлган, дейишяпти. Қай томондан қараманг, у сабаблар ичида одам омили – кимнингдир ўз бурчини сидқидилдан бажармагани барибир бирламчи саналади. Ахир, ўша машъум айсбергни бошқа кемалар соғ-саломат айланиб ўтган-да.
* * *
Ҳа, кичик бир ходимнинг масъулиятни ҳис этиши муқаррар фалокатнинг олдини олиши ва, аксинча, арзимас бўлиб туюладиган масъулиятсизлиги ҳалокатга етаклаши мумкин – буни кўплаб тарихий мисоллар тасдиқлайди. Етакчи ва дарғаларнинг масъулияти ҳақида эса ортиқча сўзлашга ҳожат йўқ!
Бу ўринда “кемага тушганнинг жони бир” деган халқ ҳикматига “Титаник” воқеаси жуда мос тушади: кема соғ-саломат сузиши учун ҳар ким ўз бурчини сидқидилдан адо этиши лозим!
Кема тимсолидан ўзимиз учун долзарб жамият мавзусига ўтайлик. Бугунги алғов-далғов замонда жамият тараққиёти, тўғрироғи, ана шу тараққиётнинг суръати ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Қайси халқ, қайси давлат бунинг уддасидан чиқаётган бўлса, унинг кемаси пойганинг олдинги сафида.
Албатта, тараққиётнинг омиллари кўп: табиий бойликлар, океанга чиқадиган портлар мавжудлиги, қулай иқлим шароити ва ҳоказо. Аммо, бизнингча, буларларнинг бари БУРЧ деган омил олдида ҳеч нарса эмас. Япония, Жанубий Кореянинг улкан табиий бойликлари йўқ; Швейцария, Австрия океан соҳилларидан анча олисда; Норвегиянинг табиий шароитини ҳавас қиларли деб бўлмайди. Шунга қарамай, бу давлатларда ҳаёт фаровон, илму маърифат ҳавас қиларли даражада нашъу намо топган. Қатъий ишонч билан айтамизки, бу айнан одамларнинг ўз бурчига масъулият билан қараши натижасидир. Айни чоқда бурчга масъуллик етишмаслиги сабабли бадастир табиий шароитга эга ўнлаб мамлакатларда иқтисодий қарамлик, сиёсий беқарорлик ҳукмрон, шаҳару қишлоқлар нотинч, аксар аҳоли турмуши ночор.
Кўпинча, мамлакатдаги муаммоларга давлат бошлиғи ва юқори мансабдорлар сабабчи қилиб кўрсатилади. Бу омил, айниқса, Шарқ мамлакатларида ниҳоятда муҳим, албатта. Аммо у ягона омил ҳам эмас-да. Мисол учун, шу йилнинг охиридан АҚШда президент сайлови кампанияси бошланади. Амалдаги президент ҳам, унинг жамоаси ҳам асосий эътибори ва вақтини сайловолди тарғиботига йўналтиришга мажбур бўлади. Бу вазиятда эса давлат гўё бошсиз қоладигандек. Аслида эса бу ҳол Америка жамиятининг барқарор равнақига таъсир этмайди, чунки ҳамма ўз бурчини сидқидилдан адо этаверади.
Хулоса равшан: ҳар ким ўз бурчини тўғри адо этсагина, жамият кемаси бехатар сузади. Тўғри адо этибгина қолмай, бурчга садоқат тамойили жамиятда устувор бўлса, яъни вазифадорлар “ўлсам ўламанки, бурчимга хиёнат қилмайман” деган ақидада яшаса, бундай жамият тараққиёт чўққисига албатта чиқади; иқтисодий даражасидан қатъий назар, уни буюк деб аташ мумкин. Бундай жамиятда бир фоиз одамларнинг итялоғи тилла-ю, 90 фоиз раият нон топиш илинжида ўзини ҳар кўчага урмайди – тараққиёт ҳосилидан ҳамма баравар баҳраманд бўлади. Акс ҳолда жамият кемаси тарих уммонида сиёсий фитна деган “айсберг”, коррупция деган “сувости қояси”га урилиб, иқтисодий қолоқлик деган ўпқонда қолади.
Оилада, таълим муассасаларида ўсиб камол топаётган авлодда виждон, элу юрт ва Яратган олдидаги бурчга масъуллик туйғуси шакллантирилсагина жамият юксалади. Бурч нималигини билмайдиган, билса ҳам уни адо этмайдиган, ҳатто “бурч-мурчингни йиғиштир, аввало ўз манфаатингни ўйла, имкон борича юлиб қол” қабилидаги қараш устувор оломон нафақат буюк бўла олмайди, балки буюкликка номуносибдир.
“Титаник” ҳалокати балки истиснодир? Йўқ. Айсбергга дуч келмаган бўлса ҳам, кимлардир ўз бурчига хиёнат қилгани, ҳатто шунчаки бефарқ бўлгани учун фалокатга учраган кемалар озми?!
Хўш, биз “кемага тушганнинг жони бир” деган, моҳиятан олганда муқаддас ақидага амал қилиб яшаяпмизми?
Яратганга шукрлар бўлсинки, Ўзбекистон деб аталган улкан кеманинг дарғаси ҳар бир чиқишида “Энди орқага қайтиш йўқ” дея ҳайқирмоқда, бой берилган имкониятларни ишга солиб, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотини яқин йиллар ичида икки баробар кўтариш мақсадида жон куйдирмоқда. Агар ҳар биримиз ўз бурчимизни адо этсак, бу ният яқин йилларда амалга ошар эди! Ҳолбуки...
Нима учун Шавкат Мирзиёев президентлик фаолиятининг дастлабки даврида махсус Давлат хизматлари агентлигини ташкил этди? Ахир, номики давлат ташкилоти бор, барининг вазифаси аҳолига хизмат кўрсатиш эмасми? Номики давлат идорасининг ходими бор, мурожаат этувчилар олдида бурчли эмасми? Назарияда шундай, амалиётда эса... амалиётда мурожаат этувчини сарсон қилиш, тамагирлик урф бўлган. Уч-тўрт ходимдан биттаси ўз бурчини бажармаса ҳам чидаш мумкин эди – мижознинг бири билан битмаган иши бошқаси билан битар эди. Ўз хизмат вазифасини бурч санамай иш тутиш шу қадар кенг ёйилдики, уларнинг ҳаммасини алмаштиришга ҳам, қайта тарбиялашга ҳам имкон йўқ эди.
Давлат хизматлари агентлигининг ташкил этилиши эса илдиз отиб кетган муаммони ҳал қилиш йўлида муҳим қадам бўлди.
Изланганга толе ёр. Бошқа соҳаларда ҳам ечимлар топилгай, иншооллоҳ. Бунинг учун эса ҳар бир юртдошимиз ўз бурчини ҳис этишга, уни аъло адо этишга одатланиши зарур.
Ҳар биримиз ўзимизни бир кемада ҳис этмоғимиз шарт. Ана шу нажот йўлидир!
Абдулла АЪЗАМ,
физика-математика фанлари доктори, профессор,
Ўзбекистон Фанлар Aкадемияси аъзоси
“Тафаккур” журнали, 2019 йил 2-сон
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ