2022 йилни хасталик билан курашиб якунлаётган машҳурлар


Сақлаш
15:07 / 04.01.2023 1634 0

Янги 2023 йилнинг кириб келишига ҳам оз фурсат қолди. Йил якунида қувончли, унутилмас воқеаларни эслаш, хатолардан хулоса қилишнинг айни вақти. Афсуски, бу йил санъат вакиллари орасида кўпчилик вафот этди. Умрини санъат, маданият соҳасига бағишлаган инсонларнинг айримлари эса йилни оғир хасталиклар билан курашиб ўтказмоқда. Oyina.uz синовли кунларни бошдан кечираётган, турли касалликлар билан курашаётган санъаткорлар ҳақида маълумот беради.

Бу йил Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева учун анчайин оғир келди. Актриса оғир дард, жигар саратони билан курашмоқда. Актриса дард бошланишини у қуйидагича эслайди:

“Аллоҳ менга шундай бир синов берди. Ҳозир шу синовни чиройли енгиб ўтишга ҳаракат қилмоқдаман, Мен жуда оғир аҳволда эдим. Шифокорларнинг айтишича, икки-уч ойлик умрим қолган экан, касалликни вақтида пайқабман. Ҳаммаси худди кинодагидек бўлди. Москва шаҳрига Халқаро “Кар-соқовлар жамияти”нинг Конгрессига, Ўзбекистон номидан борган эдим. Қизил майдонни айландим, Instagram’да обуначиларим билан жонли мулоқот қилдим. Кремлда гала-концертларда қатнашиб, эртаси куни Ўзбекистонга учиб келишим керак эди”, — дейди у.

Буни қарангки, хаста бўлишига қарамай йил давомида унинг янги образлари теле экранлардан тушмади. Куни кеча бўлиб ўтган “Олтин Ҳумо” - 2022 миллий кинотақдимотида “Энг яхши аёл роли” номинациясида “Аёл қисмати” фильмидаги бош роли учун Раъно Шодиева тақдирланди. Тақдирлаш маросимида иштирок эта олмаган актрисага тадбир қатнашчилари саломатлик тилади.

Раметовлар – санъаткорлар оиласи экани сир эмас. Жорий йилда оила боши Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Жумадулла Раметовнинг альцгеймер хасталигига чалингани маълум бўлди. Унинг ўғли актёр Азиз Раметовнинг сўзларига кўра, отаси маълум вақт хотирасини ҳам йўқотган. Касаллик бошланганига эса икки йил бўлган. Шунингдек, ушбу касалликнинг келиб чиқиши асаб тизими билан боғлиқлиги ҳамда касалликнинг иккинчи босқичилиги ва у кун сайин оғирлашаётганини таъкидлаган.

Ўзбек санъатининг дарғаларидан бўлмиш Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова ҳам Туркияда “Жалолиддин Мангуберди” сериалида суратга тушиб, Тошкентга қайтгач, кўкрак бези саратонига чалинганини маълум қилганди. Актриса шу заҳотиёқ даволанишни бошлаган. Ўзбек миллий академик драма театри маъмуриятининг хабар беришича, айни вақтда ҳам Саида Раметова даволанишни давом эттирмоқда. Унинг саломатлиги яхши. Жорий йилнинг 21 сентябрь куни 63 ёшни қаршилаган санъаткор, хасталик билан курашиш давомида ҳам катта саҳнани тарк этгани йўқ. Ҳозирги кунгача катта-кичик ролларни ўйнаб келмоқда.

Куз ойи собиқ “Уммон” гуруҳи учун ҳам синовли кунларга тўла бўлди. Бир неча йиллардан буён саратон касаллиги билан курашиб келган гуруҳ аъзоси Жасур Рафиқов вафот этди. Гуруҳнинг яна бир собиқ аъзоси Зоҳид Рисқиев бошқарувидаги BMW русумли автомобиль Тошкентда ЙТҲга учради. Ҳодиса оқибатида бир киши вафот этди. Автомашина бошқарувчиси Зоҳид Рисқиевга “Бош мия очиқ жароҳати. Бош мия лат ейиши. Бош тепа соҳасининг эзилиб йиртилган жароҳати. Чап елка соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши. Кома 1−2 даража” ташхиси қўйилган. Бир нечта жарроҳлик амалиётларини бошидан ўтказган хонанда катта эҳтимол билан янги йилни касалхонада шифокор назоратида кутиб олади.

Ёш бўлишига қарамай Кинематография агентлиги “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” директори Фурқат Усмонов 2022 йилни оғир хасталик билан курашиб ниҳояламоқда. Гап шундаки 31 ёшли киноижодкор жигар саратони билан оғриган. Бироқ у ижод қилишдан бир дақиқа ҳам тўхтагани йўқ. Хусусан у “Халқ юраги” ҳужжатли фильмида, шу номдаги туркум фильмлардан “Алишер Навоий”, “Абдулла Орипов” ҳужжатли фильмларида муаллиф, “Инсон”, “Адолат манзили”, “Мустаҳкам” ва “Муқаддас бурч” фильмларида муаллиф ва режиссёр сифатида ишлади. Шунингдек жорий йилда бир қатор миллий ҳамда халқаро кинофестивалларда совриндор бўлди. 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Машраб Кимсанов 4 йилдан буён бемор. Ижодкор шу кунга қадар 4 маротаба инсультни бошдан кечирган ва айни дамда гапиролмайди ҳамда мустақил ҳаракатланолмайди. Турмуш ўртоғи берган интервьюларининг бирида уни ҳатто жойидан кўчириш ҳам мумкин эмаслигини таъкидлаган.

“Тўшакка михланиб, оёқ-қўллари ишламай қолди. Бундай беморларни жойидан кўчириб бўлмайди дейишгани учун бир муддат водийда даволатдик. Ундан кейин Тошкентга олиб келиб, бу ерда ҳам узоқ муолажаларни олди. Аммо ҳозирча ўзгариш йўқ”, дейди ижодкорнинг аёли.

Афсуски 2022 йилда халқимизнинг севимли актёри Мурод Ражабов янги ролларини намойиш эта олмади. Гап шундаки 73 ёшли ижодкор узоқ йиллардан буён қандли диабет касаллиги билан курашади. Бироқ бу ҳақда бирон маротаба актёр ёки унинг яқинлари интервью бермаган. Биздаги маълумотларга кўра Мурод Ражабов ҳам Машраб Кимсанов каби тўшакка михланган, эркин ҳаракатлана олмайди.

Oyina.uz жамоаси айни вақтда турли оғир касалликлар билан курашаётган санъат, маданият вакилларига саломатлик тилаган ҳолда тезроқ ижодга қайтишларига умид қилади. 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17368
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//