Сахий Билл Гейтс, жума табриклари, пандемиядаги инфодемия – виртуал фаросат сизни нималардан сақлаб қолади?


Сақлаш
20:46 / 28.11.2022 1524 0

Менимча, ҳамманинг шундай “меҳрибон” танишлари бор: улар қандайдир шовқинли, шов-шувли ёки саломатлик учун “фойдали” хабарлар, дейлик Бразилияда вакцина олган одамлар тил тортмай ўлаётгани ёки Билл Гейтс ўзбекистонликларга минг доллардан тарқатаётгани ҳақида ўқиб қолса, жон талвасасида (телеграмдаги) қариндошлари, синфдошларини огоҳлантиришга ошиқади.

 

Аслида, уларнинг зиғирча ёмон нияти йўқ, аксинча мақсадлари эзгу: яқинларим вакцина олиб, бекорга жувонмарг бўлмасин ёхуд Билл оғанинг сахийлигидан фойдаланиб қолсин, дейди. Хуллас, ҳўкиз туғибди деса, дарров суюнчи олишга шошилади. Аммо ҳеч қачон, тўхта, ҳўкиз дегани бичилган қорамол эркаги бўлса, ҳеч замонда туғиши мумкинми, деб ўйлаб кўрмайди.

 

Бугун ҳаётимизга (афсуски) шиддат билан кириб келган виртуал фаросатсизликнинг илмий номи ҳам бор: мизинформация!

 

Дезинформация нималигини биласиз. Кимга ёки кимларгадир моддий-маънавий зарар етказиш, обуначилар сонини ошириш, ижтимоий онгни чалғитиш – манипуляция қилиш, осон пул топиш ва бошқа мақсадларда (баъзан шунчаки ҳазиллашиб) қасддан тарқатилган ёлғон, ғирром, нохолис ахборот. Мизинформация эса мана шу ахборотга лаққа тушиб уни бошқаларга улашиш. Соддароқ айтганда, биринчиси алдаш, иккинчиси алданишдир.

 

Масалан, битта юлғич қўйнинг қумалоғини кўрсатиб, тармоқларда “Ўлик денгизда яшайдиган урғочи қисқичбақанинг чап буйрагидан тайёрланган табиий тоза маҳсулот, 10 кунда саратондан қутуласиз” деган эълон жойлаштирди – дезинформация. Сиз эса “зора кимдир шифо топса” деган олижаноб мақсадда хабарни телеграм гуруҳларга тарқатиб чиқдингиз – мизинформация.

 

Дейлик, фирибгарлар  “Омад-шоу” деган сохта сайт яратиб, “Ўйинда иштирок этинг ва совғаларни ютиб олинг” мазмунида хабар тайёрлайди (дезинформация). Сайтга кирсангиз, шубҳасиз “Iphone 14” ютган бўласиз. Фақат “ютуқ”ни олиш учун хабарни 20 та одамга улашинг, дейди. Дарров, тилла топган тентакдек уни телеграмдаги “Жигарлар”га “переслать” қиласиз (мизинформация). “Доставка” учун фалон сўм ўтказишингиз билан алданганингизни биласиз. Камига, сиз каби чув тушган жигарларингизнинг ҳам қарғишига қоласиз.

 

Албатта, сизга бу мисоллар гўё бўрттирилгандай туюлаётган бўлиши мумкин, аммо, бундан ҳам ақлга сиғмайдиганроқлари бор ва уларга сизу биз ёки танишларимиз ишоняпти.

 

Фаросатсизлик фожиаси

 

Сохта маълумотга ишониб, уни мамнуният билан улашаётган (репост қилаётган) одамнинг қилғилиғи нафақат бошқаларнинг вақти ёки чўнтагига зиён етказади, балки кишиларнинг ўлимига, жамиятда парокандалик, низо, қон тўкилишига олиб келади.

 

Пандемия чўққига чиққан давр эсингиздами? Бегона ўлатдан ваҳима ва хавотирга тушган оломон бир-бирини чин маънода даволашга, турли хатарлардан огоҳлантиришга киришганди. Арчилган пиёз, саримсоқ ёки аспирин ковидни таг-туги билан йўқ қилиши, вертолётдан вирусни ўлдирувчи кукун пуркалиши ҳақида сизга, сиз аъзо бўлган виртуал гуруҳларга ҳам хабар юборишган-ку, тўғрими? Ҳиндистонда айримлар ҳатто, сигирнинг тапписи коронавирусга қарши ягона чора эканига ишонган ва аслида фейк хабарни бир-бирига тарқатган.

 

“Одамлар пандемиядан кўра, инфодемия – вирус тўғрисидаги турли сохта янгиликлардан ўлаяпти”, – деган эди ўшанда Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Гебреисус. Яъни, ҳамма беморлар ҳам касалликдан ҳалок бўлмаган, баъзиларнинг бошини, юмшоқ қилиб айтганда, сиз билан менинг виртуал фаросатсизлигимиз еган.

 

Ҳиндистон билан боғлиқ яна бир кейс. 2018 йилда мамлакат жанубидаги Тамилнад штатидаги чекка қишлоқларнинг бирида оломон кўчада болаларга ширинлик тарқатаётган жувонни тош ва бамбукбўрон қилиб ўлдиради. Шунга ўхшаш воқеа Бангалорда ҳам юз беради. Шаҳарга иш излаб борган 26 ёшли Калу Рамни маҳаллий аҳоли арқонга боғлаб, жонини олади.

 

Нега дейсизми? Чунки, ўша йили “WatsApp”да мотоцикл минган икки эркак йўл ёқасида крикет ўйнаётган болажонлардан бирини “ўғирлаб” кетгани акс этган 1 дақиқалик видео вирусдек тарқалади. Авом бир-бирини огоҳлантиришга тушади. Айрим шок контент эгалари ролик фонида “Даҳшат! Тарқатинг! Бангалорда 200 га яқин бола ўғрилари юрибди. Хушёр бўлинг” қабилидаги сохта чақириқлар жойлаштиради. Оқибатда 2018 йилда мамлакатнинг турли штатларида 20 дан зиёд одам “бола ўғриси” сифатида “самосуд” қурбони бўлади.

 

Энг ачинарлиси нима, биласизми? Бироз виртуал фаросати бор одам ўша қуриб кетгур ролик аслида ижтимоий эксперимент экани, ҳалиги мотоциклдагилар болани яна қайтариб олиб келгани ҳамда “Карачи кўчаларида болангизни бир лаҳзада йўқотиб қўйишингиз мумкин” ёзувли плакат кўтаришганини дарров пайқайди.

 

Хўш, нега алданамиз?

 

Нима учун ижтимоий тармоқларда ўзимиз билмаган ҳолда дезинформация занжирининг ҳалқасига айланиб қоламиз? Нега ёлғоннинг тарвақайлашига хисса қўшамиз? Бизни нима жин уради?

 

1. Ўта примитив/содда контент. Ўрта асрларда Европада китоб босиш ускунаси ихтиро қилингач, кўпчилик интеллектуал қатлам “О-о, ана энди илмий революция бўлади,  Бруно ва Коперник асарлари қўлма-қўл бўлиб кетади” – деб ўйлайди. Қаерда! Ғирт уйдирмадан иборат “Жодугарлар болғаси” китоби даврнинг бестселлерига айланади.

 

Дезинформаторлар, фирибгарлар бугун ҳам ушбу технологиядан фаол фойдаланади. Қалбаки ахборот муаллифлари яхши биладики, аксар одамлар ижтимоий тармоқларга “каллани ишлатиш” эмас, балки янги маълумотларни кўздан кечириш, вақт ўтказиш ёки кўнгилхушлик мақсадида киради.

 

Шунинг учун улар сохта контентни мияда қайта ишлашга эҳтиёж қолдирмайдиган даражада соддалаштиришга ҳаракат қилади. Бундан мия фақат яйрайди, ёлғон янада жозибадор ва ҳаққоний кўринади, маълумотни дўстлар ва/ёки яқинларга улашиш эҳтимоли ошади. Нима учун виртуал юлғичлар Ллойд Бланкфейн ёки Дэвид Теппер эмас, балки ҳамма танийдиган Алишер Усмонов, Илон Маск ёки Билл Гейтс “хайрия қилаётгани” ҳақида бонг уришини энди тушуняпсизми?

 

2. Ҳиссий-эмоционал контент. Виртуал фаросатсизлик – фақат оқ-қорани ажратолмайдиган ғўр-шўр ёшлар, турли кибернайранглардан хабарсиз, танқидий фикрлаш кўникмасига эга бўлмаган авомга тааллуқли феномен эмас. Баъзан олий маълумотли, кўпни кўрган зиёлилар ҳам алданади. Қуйичирчиқлик блогернинг “қўллари ўта ваҳшийларча чопиб ташлангани” ҳақидаги фейк хабар ёдингиздами? Алданганлар (улашганлар) орасида кўпни кўрган блогерлар, депутатлар ҳам бор эди.

 

Шундай ҳақиқат бор, ҳиссиёт жунбушга келса, мантиқ бир чеккада юм-юм йиғлайди.Тадқиқотларнинг кўрсатишича, қалбаки маълумот яратувчилар сизни ишонтириш учун айни формулани усталик билан қўллайди. Яъни, маҳсулотни тақдим этишда албатта ҳисларингизни ҳисобга олади, сизда нафрат, ачиниш, ҳадик, ҳаяжон, айбдорлик туйғуларини уйғотишга ҳаракат қилади.

 

Истироҳат боғида бир маромда айланадиган оддий арғимчоққа кўпчилик қайрилиб ҳам қарамайди, аксинча, оёқни осмондан қиладиган, қўрқитадиган, юракни шувиллатадиган аттракционларга талпинади ҳамма. Ахборот майдони ҳам худди шундай ва буни ғаламислар яхши билади.

 

3. Эътиқод манипуляцияси. Кейинги пайтларда медиа маконда жуда хунук тенденция кўзга ташланяпти. Яъни, дезинформаторлар одамларнинг ишончига кириш учун уларнинг эътиқодидан фойдаланаётир.

 

Масалан, Телеграмда “GoldenCash” ёки шунга ўхшаган, қайсидир маҳсулотга инвестиция киритиб, пулингизни олти баравар қилиб қайтаришни таклиф этаётган фирибгарларнинг канал ёки гуруҳларида ҳар жумада “гиф” форматида табрик, эзгу тилак жойлаётган “виртуал аҳмадбойлар”нинг мақсади аслида иймонлашиш эмас – бор-будингизни шилиб олиш.

 

Ёки, дейлик “Германияда иш бор” деган гуруҳдан жума ё рамазон табриги келса, ора-сирада ибратли ҳадислар жойлаб турса, дарров “ҳа-а, демак ишончли экан” деб бир халта пешана терингизни қўш-қўллаб топширманг. Улар шунчаки “пистонча хусусий бандлик агентлиги” номидаги ашаддий жиноятчи ҳам бўлиши мумкин.

 

Нима қилиш керак?

 

Овқатга ўтиришдан олдин қўлни совунлаб ювиш, одамга қараб аксирмаслик, катталарга улардан аввал салом бериш каби элементар фаросат қоидалари болаликдан сингдирилади-ку, худди шундай, ахборотдан фойдаланиш маданияти ҳам гўдак ақлини таниши билан ўргатилиши, ўқитилиши, уқтирилиши керак.

 

Энг муҳими, уларда танқидий фикрлаш кўникмаси шакллантирилиши, рағбатлантирилиши, виртуал маконда қалбаки ахборотларни аниқлаш, фарқлаш бўйича мобил дастурлар, ўйинли иловалар ишлаб чиқилиши, ўқув-машғулотларига татбиқ этилиши, мактаб давридан бошлаш лозим манипуляцион найранглардан огоҳ этишни.

 

Кейин, замонавий инфомуҳит кўрсатмоқдаки, жамиятда умумий саводсизликнинг ижтимоий нормал ҳодиса сифатида намоён бўлиши ҳам виртуал фаросатсизлик синдромини пайдо қилаяпти. Яъни, одамлар ҳеч иккиланмай битта гапда иккита хато билан ёзилган “расмий” ахборотларга ишониб қолаяпти.

 

Айниқса, жамиятнинг элит-интеллектуал вакиллари, фикр лидерлари, жамоатчилик фаоллари ахборотга, ахборот тарқатишга вазминлик билан ёндашиши жуда муҳим бугун. Оломон олди-қочди ресурслар эмас, фикр лидерларига кўпроқ эргашишини инобатга олсак, масъулиятни аввало улар ҳис қилиши шарт. Қалбаки-виждонсиз ахборот муҳитидан – мўътадил инфомаконга ўтиш ёки ўтмасликни айнан мана шу қатлам белгилаб беради.

 

Умуман, танқид объекти дезинформация эмас, ўзимиз, инсонлар бўлиши керак. Чунки, ёлғоннинг ўзи алоҳида олганда ҳеч қандай ижтимоий хавф туғдирмайди. Унга сиз билан биз жон-руҳ киритамиз. Тўғри, ботлар ҳам бор. Аммо улар ўз номи билан робот, ҳиссиз. Ҳиссиёт билан чиқарилган хулосалар қандай оқибатларга олиб келишини эса билдингиз.

 

Фирдавс НУРУЛЛОҲ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//