Дунё тамаддунини ёритган халқмиз


Сақлаш
18:08 / 17.09.2021 849 0

Бугун маърифий дунё бир ҳақиқат олдида, кимдир бош эгиб, кимдир хатоларини тан олиб ва яна кимдир не ҳаракат қилишни билмай турибди. Бу ҳақиқат шуки, дунёни на бойлик, на қурол ва на қуруқ гап қутқара олади.

 Ягона ҳалоскор куч – маънавият, маърифат, одоб-ахлоқ. Бу уч тушунча мангу машъала янглиғ Инсон зотини бало-қазолардан асрайди, Ер юзида тириклик, тинч-тотувлик, аҳил-иноқлик ҳамда бағрикенгликни таъминлайди. Ҳар бир авлод учун шукрона келтиришга арзирли турмуш тарзини яратиб беради.

Бу ёруғ оламда ҳаёт пайдо бўлибдики, инсон ўз уйида тинч-тотув, аҳил-иноқ яшашга, фарзандлари иқболини кўришга, ўзидан эзгу амаллар, яхши хотира қолдиришга интилади, бир умр шу ният йўлида ҳаракат қилади, шу орзу билан яшайди.

Дунёда шундай қудратли давлатлар борки, беҳисоб табиий бойликлари ҳисобига кундалик ҳаётда, туриш-турмушда қийинчилик, етишмовчилик, муҳтожлик нималигини билишмайди. Қўлларини қаерга узатса етади. Аммо чинакам роҳат-фароғатга биргина бойлик билан эришиб бўлмайди. Ҳаётда инсон қалби, маънавий-руҳий олами, имон-эътиқод, инсоф-диёнат, меҳр-мурувват деган тушунчалар ҳам борки, улар олдида беҳисоб куч-қудрат, бойлик ҳам кези келганда ожиз қолади. Инсоннинг жамики муаммоларини беминнат ҳал қиладиган ягона куч унинг тарбияси, одоб-ахлоқи, виждони, ор-номуси, тарихий хотираси, ўтмиш аждодлар меросидан баҳрамандлиги, ақл-заковати, фаҳм-фаросати ва яна бошқа кўп фазилатлари жамламаси бўлмиш маънавиятдир. Маънавият инсон қалбига нур бахш этади, иродасини бақувват, имон-эътиқодини бутун, руҳини тетик қилади, комиллик сари интилаётган киши учун ҳидоят йўлларини ёритиб туради, ўсиб-улғаяётган фарзандларимизни турли ғаразли оқимлар, бузғунчи ғоялар таъсиридан омон сақлашда улуғ нажоткор кучга айланади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида айтилганидек, “Инсоният дунёсининг буюк бир ёритқичи – маънавият чироғи бор. Бу чироқнинг бошқалардан фарқи шуки, у инсоннинг онгги ва тафаккурини ёритади, қалби ва виждонини уйғотади, одамийлик ҳиссини кучайтиради”.

Ҳа, шундай. Бу чироқ, то Қуёш ер юзига нур сочар экан, ўз вазифасини бажаришдан толмайди. Негаки, “жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир”.

Китобда маънавиятнинг бош функциялари ғоят кенг очиб берилган. Чунончи, маънавиятсизлик ва ғоясизлик ҳар қандай давлатни таназзул сари етаклайди, давлат сиёсати ва бошқарувни кучсизлантиради, коррупция, жиноятчилик ва ахлоқсизлик иллатларининг илдиз отишига сабаб бўлади. Шундай экан, бугун ҳаммамизнинг кўз ўнгимизда қад ростлаётган янги Ўзбекистонда маънавий тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқиш ғоятда зарур. Чунки янги Ўзбекистоннинг юксалиши жамиятнинг маънавий-маърифий даражасига боғлиқдир. Бу стратегияни яратиш борасида ҳозирнинг ўзидаёқ жуда муҳим ишлар амалга оширилмоқда, десак муболаға бўлмайди. Буни кейинги тўрт-беш йил ичида илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт ва, умуман, ижодиёт соҳаларига берилаётган жиддий эътибордан ҳам билса бўлади.

Ҳар бир мамлакатнинг маънавий-ахлоқий даражасини, шубҳасиз, илмий-ижодий зиёлиларга эътибор белгилайди. Дунёнинг етакчи давлатлари молиявий инқирозга юз тутиб, иқтисодий муаммолар гирдобида қолаётган бир пайтда Ўзбекистонда Ёзувчилар уюшмасининг янги биноси қад ростлагани, адабиёт оламига кириб келаётган ёш ижодкорлар ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланаётгани, ижод намуналари китоб ҳолида чоп этилаётгани бежиз эмас, албатта. Чунки қадим-қадимдан илм-маърифатга, зиёга интилган ва бу борада дунёни ҳайратга солган халқмиз. Дунё тамаддуни ривожига беадоқ ҳисса қўшган улуғ аждодларимиз эришган оламшумул ютуқларнинг бирламчи сабаби ҳам китобларга жо бўлган бебаҳо илмий хазина билан боғлиқ. Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мирзо Улуғбек, ал-Беруний, ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Али ибн Сино каби алломалар ёшликдан китоб мутолаа қилишган. Шундай экан, хонадонларимизни, фарзандларимиз онг-шуурини китоблар ва улар саҳифаларидаги бебаҳо ҳикматлар билан безаш янада фаровон ҳаётимиз, улуғ келажагимиз сари дадил одимламоқ, десак муболаға бўлмайди.

Китоб инсониятнинг буюк ихтироси ҳисобланади. Унинг қудратини фақат қуёшнинг қудратигагина қиёслаш мумкин. Шунда ҳам, инсон қалбини ёритиш фақат китобнинг қўлидан келади, холос. Шундай китоблар борки, улар сени оҳанрабодай ўзига тортади, умринг йўлларида беминнат ҳамроҳингга айланади, қайта-қайта ўқийсан, ўқиганинг сари ақл-шууринг тўлишиб боради, ўзинг учун муҳим нарсаларни кашф этаверасан ва бу жараён ҳеч қачон ниҳоясига етмайди.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу китоби маънавият стратегиясини ишлаб чиқиш ва уни амалиётга тадбиқ этишда ҳаммамизга дастуриламал бўлиши шубҳасиз.

 Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,

“Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//