
Дунё шиддат билан ўзгараётган ҳозирги мураккаб вазиятда давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик янада прагматик ва динамик тусга кириб бормоқда. Универсал тусга эга халқаро ташкилотлар ўрнини тобора кўпроқ минтақавий ташкилотлар эгалламоқда. Сўнгги йилларда кўплаб мамлакатлар минтақавий ташкилотлар доирасида ҳамкорликни афзал кўрмоқда. Аксарият минтақавий ташкилотлар миллий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг энг самарали платформасини яратмоқда. Ана шундай минтақавий ташкилотлардан бири Туркий давлатлар ташкилотидир.
Мазкур ташкилот фаолияти тарихида учта катта ўзгариш содир бўлди. 1992 йили Туркий тилли мамлакатлар саммити чақирилди, бу Туркий тилли мамлакатлар ўртасидаги интеграция учун биринчи қадам эди. 1992 йилдан 2009 йилгача тўққизта саммит ўтказилган бўлиб, сўнгги саммит натижасида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини (Туркий кенгаш) тузиш тўғрисида Нахичеван битими имзоланди. 2021 йили эса Кенгаш Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) деб ўзгартирилди. Самарқанд шаҳрида ўтадиган бу йилги саммит ТДТнинг биринчи саммити бўлиб, ушбу тадбирга қизиқиш ҳар доимгидан кўра юқоридир.
Бугун ТДТ бешта мамлакатни – Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистонни бирлаштиради. Яна икки мамлакат – Туркманистон ва Венгрия кузатувчи мақомига эга. Ушбу мамлакатларда тахминан 160 миллионга яқин аҳоли яшайди, бу дунё аҳолисининг 2 фоиздан кўпроғини ташкил қилади. Ушбу мамлакатлар ҳиссасига сотиб олиш қобилияти паритети билан ҳисобланган дунё ЯИМнинг 3 фоиздан ортиғи тўғри келади.
ТДТнинг ўзига хослиги ушбу ташкилотнинг ҳамкорлик учун кўп қиррали йўналишлари мавжудлигида ифодаланади. Хусусан, Нахичеван битимининг 2-моддасига биноан, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш масалалари, шунингдек, сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маданий, илмий-техник, ҳарбий-техник, таълим, энергетика, транспорт, кредит соҳаларида самарали минтақавий ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ташкилотнинг муҳим мақсад ва вазифалари орасидан ўрин олган. ТДТ доирасидаги ҳамкорлик савдо ва инвестиция учун қулай шарт-шароитлар яратиш, божхона ва транзит тартибини янада соддалаштириш, шунингдек, фан ва техника, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ёшлар, спорт ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, туркий халқларнинг буюк маданий ва тарихий меросини оммалаштиришга қаратилган.
Ушбу мақсадларга эришиш учун ТДТ қошида 6 та тузилма – Халқаро туркий маданият ташкилоти, Туркий давлатлар парламент ассамблеяси, Халқаро туркий академия, Туркий маданият ва мерос фонди, Туркий савдо-саноат палатаси, ТДТнинг Венгриядаги ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда. Бундай ташкилий тузилма ТДТ олдига қўйилган вазифаларни самарали амалга оширишга қаратилган.
ТДТ доирасидаги ҳамкорликнинг иқтисодий самарасини Ўзбекистон мисолида кўриш мумкин. 2021 йили Ўзбекистон ТДТ давлатлари билан 9,3 миллиард АҚШ доллари миқдорида савдо операцияларини амалга оширди. Уларнинг Ўзбекистон ташқи савдосидаги улуши 22 фоиздан зиёдни ташкил этди. Умуман олганда, 2016 йилга нисбатан 2021 йили Ўзбекистон ва ТДТ мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми қарийб 3 баробар ошди.
Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида қўйидагиларни белгилаш мақсадга мувофиқ.
Биринчи йўналиш – иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва ўзаро савдо ҳажмини ошириш. Иқтисодиётни мустаҳкамлаш қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, инфратузилмани такомиллаштириш ва бошқа муҳим чораларни ўз ичига олиши керак. Бу мақсад ўтган йили 8-саммитда қабул қилинган “Турк дунёси нигоҳи – 2040” стратегик ҳужжатига ҳам мос келади. Ушбу ҳужжат ТДТ давлатларида иқтисодий интеграцияни ҳисобга олган ҳолда фаровон жамиятларни яратиш муҳимлигини кўрсатади. Мазкур йўналиш доирасида Ташкилот ҳузурида Инвестиция фонди ва Тараққиёт банкини яратиш ғоялари ҳам истиқболли саналади. Бундай лойиҳалар мамлакатларга ўз саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш ва инвестицияларни янада самарали бошқариш имконини беради.
Савдо ҳамкорлиги нуқтаи назаридан Каспий денгизи орқали Шарқ-Ғарб йўлаклари бўйлаб савдо қилишдаги иқтисодий тўсиқларни олиб ташлашга эътибор қаратиш лозим. Бизнингча, “Туркистон йўлаги”нинг босқичма-босқич амалга оширилиши муҳим бўлиб, божхона тартиблари соддалаштирилиши ва уйғунлаштирилиши мақсадга мувофиқ. Бу йўналишда ишлар бошланган. 2021 йил ноябрь ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида “Рақамли ТИР” пилот лойиҳаси ишга туширилди ва март ойида ушбу лойиҳа Қирғизистонни ҳам қамраб олди.
Ташкилот дунёда биринчи марта Ўзбекистон ва Туркия ўртасида “ePermit” лойиҳасини тест режимида ишга туширишга муваффақ бўлди, кейинги босқичда эса Қозоғистон билан ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича келишув мавжуд. Бундан ташқари, ТДТ мамлакатларида БМТнинг Европа бўйича иқтисодий комиссияси билан биргаликда eCMR воситасини жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур йўналишда инвестиция лойиҳаларини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, ўзаро манфаатли инвестиция фаолиятини амалга ошириш Ташкилотга аъзо мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистоннинг манфаатлари учун ҳам мос келади. ТДТга аъзо мамлакатлар 2017–2021 йилларда Ўзбекистон иқтисодиётига 2,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритди (бу тегишли даврдаги хорижий инвестициялар умумий ҳажмининг 10 фоизини ташкил этади). Шундан бир миллиард АҚШ доллардан ортиғи ёки 41 фоизи 2021 йили инвестиция қилинган. 2017 йилдан бошлаб ТДТ мамлакатларидан Ўзбекистонга инвестицияларнинг ўсиши 30 фоизга тенг.
Иккинчи йўналиш – рақамли трансформация. Бугунги кунда рақамлаштириш ҳар қандай давлат учун ривожланишнинг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. Шунинг учун бу масала ТДТ учун энг долзарбдир. Мазкур йўналишдаги мақсадлар 2021 йили “Турк дунёси нигоҳи – 2040” стратегик ҳужжатида кўрсатилган эди. Жумладан, ҳужжатда телекоммуникация инфратузилмасини яхшилашга имкон берадиган минтақалараро рақамли алоқани ўрнатиш назарда тутилган.
Сунъий интеллект борасида ҳам ҳамкорликни кучайтириш керак. Хусусан, бундай технологиялардан иқтисодиёт ва саноатни ривожлантириш учун ҳам, шаҳар инфратузилмасини яхшилаш учун ҳам фойдаланиш мумкин. Кўпгина мутахассисларнинг фикрича, сунъий интеллект технологиялари трафикни бошқариш, логистика ва жамоат тартиби масаласини ҳал қилиши мумкин.
Учинчи йўналиш – маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш. Туркий давлатлар аҳолиси тарихан муштарак илдизларга эга. Шу боис маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш ТДТ мамлакатлари учун алоҳида аҳамият касб этади. Хусусан, таълим ва илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорлик, академик алмашинув, қўшма маданий тадбирлар. Шу муносабат билан Туркий маданият ва санъатни биргаликда ривожлантириш ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик нуқталарини кенгайтириш мақсадга мувофиқ.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, ТДТ туркий тилли мамлакатларни бирлаштирган, кўплаб соҳаларда ривожланиш истиқболларига эга минтақавий ташкилотдир. Барча аъзо давлатлар, шу жумладан, Ўзбекистон учун ТДТ доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳар томонлама ривожланиш ва барқарорликни таъминлашга, иқтисодий ўсишни оширишга ва мамлакатлар тараққиётини рағбатлантиришга хизмат қилиши мумкин.
Абдулазиз РАСУЛЕВ,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат
тадқиқот институти директори ўринбосари,
юридик фанлар доктори, профессор
Шоҳжаҳон ХЎЖАЕВ,
Тошкент давлат юридик университетининг
Интеллектуал мулк ҳуқуқи кафедраси мудири,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ